Янги орзулар сари

Янги ўқув йилининг илк қўнғироғи — болаликнинг беғубор лаҳзалари, устоз меҳри ва катта орзулар билан боғлиқ унутилмас садолар ҳар йили минглаб қалбларда янги умидлар уйғотиб, билим ва камолот сари чорлайди. Пойтахтимиздаги 317-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам 2026-2027 ўқув йили ана шундай кўтаринки руҳ, катта шижоат ва эзгу ниятлар билан бошланди.

Янги ўқув йилининг илк кунида мактаб ҳовлисидаги ҳар бир нигоҳда ўзгача қувонч бор эди. Бир томонда қўлида гулдаста тутган, мактаб остонасидан илк бор ҳатлаётган жажжи ўғил-қизлар, иккинчи томонда эса фарзандининг қувончини баҳам кўраётган ота-оналар. Устозлар чеҳрасида эса яна бир янги авлодга билим бериш масъулияти ва шарафи акс этганди.

Тадбир “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, 1995 йилда ташкил этилган 317-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бугун 31 йиллик бой тажриба ва анъаналарга эга таълим даргоҳи сифатида фаолият юритмоқда.

Муассаса 1251 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, ҳозирги пайтда унда 2330 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич ушбу мактабга бўлган юксак ишонч ва эътиборнинг, яратилган муносиб шароитлар ҳамда фидойи педагоглар меҳнатининг ёрқин ифодасидир, дейиш мумкин.

2026-2027 ўқув йилида 317-мактабнинг 1-синфи учун 8 та синф ташкил этилиб, 280 нафар ўқувчи қабул қилинди. Кечагина боғча тарбияланувчиси бўлган жажжи ўғил-қизлар бугун мактаб формасида, қўлларида гуллар билан катта ҳаётнинг биринчи саҳифасини очдилар.

Айниқса, биринчи синфга қабул қилинган ўқувчиларнинг Президент совғаларини катта ҳаяжон ва қувонч билан қабул қилиб олгани байрамга янада файз бағишлади. Болажонларнинг беғубор табассуми, кўзларидаги қувонч ва келажакка ишонч янги ўқув йилининг энг гўзал манзараларидан бири бўлди.

Янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш учун мактаб жамоаси томонидан барча зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Таълим жараёнини самарали ташкил этиш, ўқувчилар учун муносиб шароит яратиш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Мактаб раҳбари Дилфуза Собировна Ширматова бошчилигидаги педагогик жамоа олдида эса янги ўқув йилида янада улкан вазифалар турибди. Зеро, ҳар бир дарс ортида бир боланинг тақдири, ҳар бир ўқитувчи меҳнати ортида эса юртнинг эртанги куни мужассам.

Бугун мактаб партасида ўтирган ҳар бир ўқувчи — эртанги куннинг бунёдкори. Уларнинг билими, дунёқараши ва Ватанга бўлган муҳаббати қанчалик юксак бўлса, мамлакатнинг келажаги ҳам шунчалик ёрқин бўлади.

Зуҳра ҲАСАНОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − five =