Қишлоқ эмас, анжирзор
Бувайда туманидаги Оққўрғон қишлоғига кириб келар экансиз, бу манзилнинг бошқа қишлоқлардан фарқини дарҳол сезасиз. Бу ерда анжир шунчаки мева эмас. У — қишлоқнинг нони, ризқи, иси, таъми ва ҳатто хотирасидир. Бундан қарийб бир аср аввал атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор “Ўтмишдан эртаклар” қиссасида ушбу қишлоқ ҳақида шундай ёзган эди: “Оққўрғон қишлоқ эмас, анжирзор экан. Боғлар, чорбоғларда бошқа мева кўринмайди, нуқул анжир”.
— Ҳосилни териб олишнинг ҳам ўзига хос сир-синоати, гашти бор, — деди боғбон Холдорали Тожиев. — Анжир бирданига пишмайди. Шунинг учун уни кун оралатиб, саралаб терамиз. Мавсум бир ойдан ортиқ давом этади. Унинг қуритилгани ҳам пул бўлади. Ҳар йили анжирзордан 30-40 миллион сўм атрофида даромад оламиз. Уй-жой қуриш, фарзандлар таълим-тарбияси, тўй-томошалар… Буларнинг барчасида шу боғнинг ҳиссаси бор.
Анжир етиштиришнинг ўзига хос заҳмати бор. Қишда дарахтлар тупроққа кўмилади. Совуқлар ортда қолгач, баҳорда яна кўмишдан чиқарилади. Шох-шаббаларига шакл берилади. Ёз келиши билан боғбонларнинг қўли қўлига тегмай қолади. Қўл етмайдиган шохлардаги мевалар махсус илгаклар ёрдамида териб олинади. Бозорга жўнатиладиган қутиларнинг усти анжир япроқлари билан ёпилади. Бу ҳам оққўрғонликларнинг йиллар давомида шаклланган тажрибасидир.
Дарҳақиқат, бу мевадан анжир қоқи, мураббо, повидло, пюре, шарбат каби турли маҳсулотлар тайёрлаш мумкин. Уларни қадоқланган ҳолда нафақат ички бозорга, балки ташқи бозорларга ҳам чиқариш имконияти мавжуд. Шу маънода, Оққўрғон анжири яқин йилларда миллий брендга айланиб кетса ажаб эмас.
Шерзод ҚОРАБОЕВ.
