Илдизим – учкўприкда
Бир яқиним: “Инсондаги илк таассурот бутун умр ўзгармай қолади”, деган эди. Йиллар давомида мен бу фикрнинг нақадар ҳақиқат эканлигини тушуниб етдим. Биласизми, ҳаётимда, айниқса, икки инсон жуда чуқур из қолдирган. Бири – устоз сифатида назм гулшани ичра сайр эттирган, бири эса мени устоз дея эътироф этган. Янада муҳими, улар Учкўприк фарзандларидир.
Фарғона тонглари бошқача бўлади. Бу ерда қуёш ҳам тоғлар ортидан аста бош кўтариб, аввал боғларга, кейин далаларга, сўнг инсонлар қалбига нур сочади. Учкўприкнинг серҳосил тупроғи, ариқлар бўйидаги толлар, баҳорда гулга бурканган боғлар ва меҳнаткаш одамлари инсон тақдирига ўз муҳрини босади. Ана шундай муборак заминда камол топган иқтидорли фарзандлардан иккиси – Фарида Афрўз ва Шуҳрат Орифдир.
Инсон қаерга бормасин, қанча юксакликларга кўтарилмасин, унинг қалбида болаликнинг бир манзили яшайди. Бу манзил унинг илдизи, унинг руҳий қуввати, унинг энг пок хотираларидир. Фарида Афрўз учун ҳам, Шуҳрат Ориф учун ҳам ана шу манзил – Учкўприк.
Кўҳна тупроқнинг ҳиди, она алласи, қишлоқ оқшомларидаги суҳбатлар, меҳнат билан ўтган кунлар, элнинг дарди ва қувончи улар қалбига сўз уруғини сочди. Кейин бу уруғлар шеърга, мақолага, қалбларни уйғотувчи сатрларга айланди.
Фарида Афрўз шеъриятини ўқиган инсон унинг сатрлари ортида бир аёл қалбининг нафосатини, бир она юрагининг меҳрини ва бир ватандошнинг юртга муҳаббатини кўради. Унинг мисралари гоҳ баҳор шамолидек майин, гоҳ тоғ сойидек шиддатли. Шоира сўзни безак сифатида эмас, қалбнинг овози сифатида қабул қилди. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир шеърида самимият нафас олади.
Гўёки у шеър ёзмайди, балки қалбида йиғилган нурларни қоғозга кўчиради. Бу нурларнинг илк манбаи эса болалиги кечган Учкўприк осмони, онаси айтган эртаклар, қишлоқнинг содда ва меҳрибон одамлари эди.
Шуҳрат Ориф ижодида эса ҳаётнинг ўзи бор бўй-басти ила гавдаланади. Унинг қалами инсон тақдирига бефарқ эмас. У эл дардини ўз дардидек ҳис этади. Шунинг учун унинг шеърлари ҳам, публицистик чиқишлари ҳам ҳаёт ҳақиқати билан суғорилган. У сўзнинг масъулиятини яхши англайдиган ижодкорлардан. Унинг учун қалам – нафақат ижод қуроли, балки халқ олдидаги виждон омонатидир.
Шуҳрат Орифнинг ҳар бир асарида Ватанга муҳаббат, халққа садоқат ва инсонга эҳтиром туйғуси сезилиб туради. Унинг сатрлари ўқувчини ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Зеро, ҳақиқий ижодкорнинг вазифаси нафақат ёзиш, балки инсон қалбида нур уйғотишдир.
Фарида Афрўз ва Шуҳрат Орифнинг ижод йўллари турлича бўлиши мумкин, аммо уларни бирлаштириб турган муқаддас пайвасталик бор. Бу – туғилган юртга муҳаббат риштасидир.
Учкўприк улар учун оддий географик ҳудуд эмас. У – хотиралар бешиги. Илҳом булоғи. Қалб қўрғони. Улар қайси шаҳарда яшамасин, қайси минбарда сўзламасин, қалбининг бир бўлаги ҳамон Учкўприк кўчаларида кезиб юради. Чунки инсоннинг илдизи қаерда бўлса, унинг руҳи ҳам ўша ердан озиқ олади, деган гап бежиз айтилмаган.
Бугун нафақат учкўприкликлар, балки бутун юртимиз аҳли бу икки ижодкор билан фахрланишади. Улар эса ўз навбатида туғилиб ўсган юрт номини юксалтириб келмоқда. Бирининг шеърларидан меҳр ва нафосат жилваланса, иккинчисининг сўзларида ҳаёт ҳақиқати ва фуқаролик жасорати намоён.
Вақт ўтади, авлодлар алмашади. Аммо ҳақиқий сўз соҳиблари қолдирган маънавий мерос яшайверади. Фарида Афрўз ва Шуҳрат Ориф ҳам ана шундай ижодкорлар сафидадир. Уларнинг асарларини мутолаа қилган ҳар бир китобхон сатрлар орасида Учкўприкнинг мусаффо ҳавосини, Фарғонанинг файзли тонгларини ва меҳнаткаш инсонларининг самимий табассумини ҳис этади.
Зеро, буюк дарахтнинг шохлари осмонга талпинса ҳам, унинг кучи илдизида бўлади. Шу боис уларнинг ижодида ҳам Ватан ҳиди, халқ меҳри ва туғилган заминнинг барҳаёт нафаси яшайди.
Ўктамхон АКБАРОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
