Оммавий спорт соғлом ҳаётга чорлайди
Баъзан шаҳарнинг кайфиятини унинг кўчаларидан англаш мумкин. Назаримда, шу йилнинг 6 сентябрь куни Тошкент кўчалари одатдагидан бошқача эди. Бу тонгда пойтахтни автомобиллар шовқини эмас, балки минглаб инсонларнинг қадам товушлари эгаллади. Кимдир марра сари дадил интилди, кимдир илк бор беш километрни босиб ўтди, яна кимдир учун эса бу югуриш соғлом ҳаёт сари ташланган навбатдаги қадам бўлди. Бир қарашда турли мақсадлар, турли ёш ва турли имкониятлар. Аммо уларнинг барчасини бирлаштирган битта жиҳат бор эди: ҳаракат.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Tashkent International Half Marathon – 2026” ана шундай кайфиятда ўтди. Профессионал спортчилар билан бир қаторда ҳаваскорлар, ёшлар, хорижий меҳмонлар ҳамда инклюзив старт иштирокчиларини жамлаган тадбир кўлами билан ҳам, мазмуни билан ҳам эътиборга молик бўлди. Беш йўналишдаги стартларда қарийб 24,5 минг киши қатнашгани югуриш тобора кенгроқ аудиториянинг қизиқишига айланаётганини кўрсатди. Иштирокчилар 5 километр масофадаги оммавий югуриш ва 21,097 километр узунликдаги ярим марафонда ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Аслида, бу икки масофа ўртасидаги фарқ фақат километрлар билан ўлчанмайди. Беш километр ким учундир спортдаги илк жиддий синов бўлса, 21 километр узоқ муддатли тайёргарлик, ирода ва чидамлиликни талаб қилади. Шу боис Тошкентдаги ярим марафон профессионал спорт билан оммавий спорт ўртасидаги масофани қисқартирган тадбирлардан бирига айланди.
Марафоннинг халқаро миқёси ҳам алоҳида эътиборга молик. Мусобақада 50 та мамлакатдан 2 мингдан зиёд хорижий иштирокчи қатнашди. Улар орасида дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам бор эди. Қарийб 600 нафар иштирокчининг махсус инклюзив стартларда қатнашгани эса спорт майдони тобора кенгроқ одамлар қатлами учун очилаётганидан далолат беради. Бироқ бу тадбирни фақат югуриш мусобақаси сифатида баҳолаш унинг моҳиятини торайтирган бўларди. Чунки бугун оммавий спорт тушунчаси профессионал стадионлар ва юқори натижалар билангина чекланиб қолмаяпти. Спорт аста-секин одамларнинг кундалик турмушига кириб, соғлом ҳаёт тарзининг бир қисмига айланмоқда. Югуриш эса бунинг энг содда ва оммабоп кўринишларидан биридир. Бунинг учун катта маблағ, мураккаб жиҳоз ёки махсус майдон шарт эмас. Инсон ўз маҳалласида, боғда ёки шаҳар кўчасида машғулотни бошлаши мумкин: бугун бир неча юз метр, эртага бир километр, вақт ўтиб эса беш километр. Муҳими, натижадан олдин одат шаклланади: ҳаракат қилиш одати.
Шу жиҳатдан 5 километрлик оммавий югуришнинг йирик халқаро марафон дастуридан жой олиши бежиз эмас. Чунки 21 километр ҳамма учун бирдек осон мақсад саналмайди. Беш километр эса спортга эндигина қадам қўяётган инсон учун ҳам эришиш мумкин бўлган маррадир. Натижада катта спорт тадбири шунчаки томоша майдони бўлиб қолмай, ҳар ким ўз имконияти даражасида иштирок эта оладиган очиқ майдонга айланади. Тошкентдаги ярим марафонда иштирокчиларнинг қарийб 53 фоизини аёллар ташкил этгани ҳам эътиборга молик кўрсаткич бўлди. Бу рақам спортга қизиқувчилар аудиторияси кенгаяётганини, жисмоний фаоллик эса жамиятнинг турли қатламлари учун тобора умумий қадриятга айланаётганини кўрсатади. Марафоннинг халқаро иштирокчилари эса тадбирнинг яна бир қиррасини намоён этди. Бугун йирик спорт мусобақаси фақат медаль ва рекордлар учун ўтказиладиган тадбир эмас. У мамлакатнинг шаҳарсозлик, инфратузилма, сайёҳлик ва маданий салоҳиятини намойиш этиш имконини берадиган майдонга ҳам айланмоқда. Тошкент кўчаларида югурган хорижий иштирокчилар учун бу нафақат мусобақа, балки пойтахтнинг замонавий қиёфаси билан танишиш имконияти ҳам бўлди.
Спортнинг рақамли майдондаги кўлами унинг бугунги қиёфасини янада тўлдирмоқда. Мусобақада натижаларни электрон қайд этиш, югуриш жараёнини онлайн кузатиш имкониятлари яратилди. Тадбирнинг ижтимоий тармоқлардаги қамрови 13 миллиондан ошгани марафон аудиторияси Тошкент кўчалари билан чекланмаганини англатади. Эндиликда спортчи марра чизиғини кесиб ўтиши билан унинг натижаси нафақат стадиондаги, балки рақамли макондаги минглаб томошабинларга ҳам етиб боради.
Мусобақа якунида ғолиблар аниқланди. 21,1 километр масофадаги эркаклар ва аёллар баҳсларида биринчи ўрин учун 15 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 12 миллион сўм, учинчи ўрин учун эса 10 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди. 5 километрлик йўналишда ҳам кучли учлик вакиллари муносиб рағбатлантирилди.
Аммо марафоннинг энг катта ютуғини фақат совринлар ёки марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтганлар билан ўлчаб бўлмайди. Чунки бундай тадбирларнинг ҳақиқий самараси бошқа жиҳатда — минглаб инсонларнинг бир вақтнинг ўзида спортни танлаганида намоён бўлади. Кимдир бу куни ўзининг илк беш километрини югурди, кимдир узоқ тайёргарликдан сўнг ярим марафонни якунлади, яна кимдир профессионал натижа учун эмас, шунчаки ўз кучини синаб кўриш мақсадида старт чизиғига келди. Уларнинг ҳар бири учун марра турлича эди, аммо йўналиш битта: олдинга! Эҳтимол, оммавий спортнинг энг катта кучи ҳам айнан шундадир. Қолаверса, бир инсоннинг югуриши — шахсий танлов, минглаб инсонларнинг бир вақтда югуриши эса жамиятдаги ўзгаришлар ифодасидир. Тошкентдаги қарийб 24,5 минг иштирокчи ана шу янгиланиш манзарасини яратди. Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган ярим марафон бир кунлик спорт байрами сифатида ниҳоясига етган бўлиши мумкин, аммо унинг моҳияти бир кун билан чекланиб қолмайди. Чунки бугун стартга чиққан инсон эртага яна югуриши, бугун томошабин бўлган киши эса кейинги марафонда иштирокчига айланиши мумкин.
Фарангиз АБРУЕВА,
“Hurriyat” мухбири.
