“Шифокорлик – жамият тақдиридаги энг масъулиятли соҳа”
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, тажрибали жарроҳ Мурод Шавкатович Ҳакимов билан суҳбат
– Ҳурматли Мурод Шавкатович, рухсат берсангиз, суҳбатимизни кутилмаган савол билан бошласак.
– Марҳамат.
– Сиз Тошкент тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети)ни битиргач, орадан 31 йил ўтибди ҳамки, шу олийгоҳ қошидаги кўп тармоқли клиникада шифокорлик қилиб келяпсиз, шу даргоҳда фан доктори, профессор даражасига етишдингиз. Саволимиз шундай: кўплаб ҳамкасбларингиз иш жойини тез-тез ўзгартиришларини назарда тутгандим. 40 йил давлат тизимидаги муассасада хизмат қилган бир жарроҳнинг нодавлат шифохонага ўтганини эшитиб, очиғи, ҳайрон бўлдим. Бунинг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз? Шифокор учун бир жойда қўним топиб ишлаш маъқулми ёки?..
– Тошкент тиббиёт институтини тугатганимга ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди ва менинг бутун профессионал ҳаётим битта муассаса билан боғлиқ бўлди. Мен бу ерда ёш жарроҳ сифатида иш бошладим, малака оширдим.
Тадқиқот олиб бордим, номзодлик ва докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим ва босқичма-босқич ассистент лавозимидан профессор ва кафедра мудири лавозимигача етиб келдим. Бу азиз даргоҳ камина учун эрта келиб, кечда кетадиган шунчаки иш жойи эмас – бу менинг профессионал ҳаётимнинг асосий қисми, иккинчи яшаш жойим-уйим. Шуни алоҳида таъкидлагим келади: фаолиятимнинг дастлабки дақиқаларидан то ҳозирги кунга қадар ўзимни бугунги миллий тиббиётимиз дарғаси, улкан мутахассис, академик Шавкат Иброҳимович Каримовнинг ўнлаб, юзлаб шогирдларининг бири деб ҳисоблайман. Домла мен учун нафақат таниқли олим, буюк жарроҳ ва йирик жарроҳлик мактабининг асосчиси, балки илмий изланишларимда йўл кўрсатган, жарроҳлик маҳоратини эгаллашимда устозлик қилган ва ҳаётда тўғри йўл танлашга ўргатган азиз инсон ҳисобланади. У кишининг талабчанлиги, меҳнатсеварлиги, қатъияти ва касбига бўлган чексиз садоқати биз шогирдлар учун ҳамиша ибрат бўлиб келган.
Саволингизга қайтсак, мен ҳар бир шифокор бутун умри давомида битта муассасада ишлаши керак деб ўйламайман. Ҳар кимнинг мақсад-маслаги, келажак режаси бор, ихтиёр ўзида.
Кўп йиллар давомида давлат секторида ишлаган айрим тажрибали шифокорлар турли сабаблар туфайли хусусий клиникаларга ўтаётганини тушуниш мумкин. Мисол учун, хусусий тиббиёт баъзан шифокорларга яхшироқ шарт-шароит яратади, кўпроқ ташкилий эркинлик беради, шунингдек, янги технологияларни тезроқ жорий этиш, ўз жамоасини тузиш, бюрократик чекловларни камайтириш, қолаверса, ўз меҳнатлари эвазига муносиб эътироф омилларидан келиб чиқилади. Фикримча, бунинг ҳеч қандай эътирозли жойи йўқ.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Давлат клиникаларида кўпинча оғир аҳволдаги беморлар, шошилинч жарроҳлик амалиётлари, мураккаб ва ноодатий ҳолатлар юзага келади. Турли даражадаги бу каби экстремал ҳолатлар пировардида тиббий ходимнинг ҳам, тиббиётнинг ҳам ривожланишига кенг имконият яратади. Бундан ташқари, давлат шифохоналари нафақат беморни даволаш, балки талабаларни ўқитиш, ёш жарроҳлар малакасини ошириш, илмий тадқиқот билан шуғулланиш ва жарроҳлик мактабларини яратишга кенг йўл очади.
– Жавобингиздан тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бошқа масала келиб чиқмоқда: давлат тизимига қарашли тиббиёт ва нодавлат тиббиёт тизими. Сир эмас, аввалги тузум даврида яшаган катта ёшдаги фуқароларнинг нодавлат тиббиёт тизимига кўникишлари қийин кечмоқда. Бу жараённи ортга қайтариб бўлмайди, албатта, шундай бўлса-да, ушбу ҳолатга Сизнинг қарашларингиз қандай? Нодавлат тиббиёт тизимининг пайдо бўлиши мамлакатимиз аҳолисининг умумсаломатлик даражасини оширишга ҳисса қўшмоқдами? Давлат ва нодавлат тиббиёт тизими ўртасида рақобат мавжудми? Бу икки йўналиш фаолияти қай тарзда мувофиқлаштирилмоғи даркор деб ўйлайсиз? Қисқа қилиб айтганда, бемор учун давлат тиббий тизимига қарашли муассаса маъқулми ёки нодавлат тиббий тизимми?
– Хусусий тиббиётнинг аниқ афзалликлари бор ва уларни инкор этолмаймиз. У ерда беморларнинг эҳтиёжлари тезроқ қондирилади, қулайроқ шароитлар таклиф этилади, навбат кутиш йўқ, дори-дармонлар ва зарур ашёлар топила қолади, янги ускуналар ва технологияларни жорий этишда мослашувчанлик кузатилади. Шулар сабаб беморлар хусусий шифохоналарга мурожаат қилишади.
Мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Асосийси, иқтисодий манфаатлар тиббий қарорларга таъсир кўрсата бошлаганда юзага келади. Хусусий тиббиёт пул топганда эмас, балки молиявий манфаатлар тиббий қарорларни белгилай бошлаганда муаммога айланади. Бу ортиқча текширувларга, кераксиз муолажаларга ёки қўшимча жарроҳлик амалиётларига олиб келиши мумкин, чунки аксарият хусусий сектор шифокорлари “фоиз”га ишлайди. Минг афсус, ҳозирги кунда хусусий тиббиёт “тиббиётдаги бизнес”га айланиб кетмоқда.
Бошқа муаммолар ҳам мавжуд, чунончи, даволаш харажатларининг қимматлиги, клиникалар орасида даволаш сифатининг турлича эканлиги, баъзи муассасаларнинг “қулайроқ” беморларни даволаш учун қабул қилиб олиб, оғир аҳволдаги беморларни давлат марказларига юбориш ҳоллари ҳам учрайди. Айтмоқчиманки, мақсад – хусусий тиббиётни чеклаш эмас. Аксинча, уни такомиллаштириш зарур, токи беморнинг манфаатлари ҳар доим клиниканинг молиявий манфаатларидан устун туришини таъминлайдиган тартиб-қоидалар яратилмоғи керак.
Бир неча асосий йўналишни санаб ўтиш мумкин:
– давлат ва хусусий муассасаларда хизматлар учун ягона клиник стандартлар, текширувлар ҳажми ва жарроҳлик амалиёти учун кўрсатмалар клиниканинг мулкчилик турига боғлиқ бўлмаслиги;
– давлат ва хусусий клиникалар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш учун давлат ва хусусий муассасаларда хизматлар учун тенг нархларни ва шифокорлар учун тенг маош белгилаш;
– кучли аккредитация тизими. Мураккаб жарроҳлик муолажаларини бажариш ҳуқуқи клиниканинг жиҳозларига, жамоанинг малакасига, интенсив терапия мавжудлигига ва асоратларни бошқариш қобилиятига боғлиқ бўлиши;
– шифокорлар учун мажбурий касбий ривожланиш. Токи хусусий клиника шифокорлар фақат хизмат кўрсатадиган жойга айланиб қолмасин. Шифокорларнинг узлуксиз малака ошириши, уларнинг илмий изланишлари йўлга қўйилмоғи (менимча, хусусий клиникалар ходимлари учун айрим талабларни белгилаш, чунончи, шифокорларнинг муайян фоизи илмий даражага эга бўлиши);
– давлат ва хусусий сектор яқин ҳамкорликда фаолият юритиши (улар рақобатчи эмас. Беморлар учун ягона йўл харитаси, ахборот алмашинуви, шошилинч тиббий ёрдам тизими ва мураккаб ҳолатлар бўйича ҳамкорлик умуммақсадимиз учун фақат наф келтиради);
– тиббиёт муассасалари рекламаси мониторинги тизимини яратиш.
– Шифокорлик касбининг аҳамиятини, халқ ва жамият ҳаётида тутган ўрнини таърифласак, газета саҳифаси торлик қилади. Келинг, унинг бош миссияси хусусида тўхталайлик. Жамият аъзоларининг соғлик-саломатлигига биринчи навбатда масъул ҳисобланган шифокорлар армияси вакили сифатида айтинг-чи, мамлакатимизда миллий тиббиёт қудрати (потенциали) ҳозирги замон талабларига нечоғлиқ жавоб беради? Илмий салоҳият, малака, тажриба алмашинуви, замонавий асбоб-ускуналар билан таъмин этилганлик, соҳа ичидаги тизим ва ҳоказо масалаларга умумлашма хулоса бериш мумкинми?
– Бу саволга жавоб беришдан олдин шуни айтиш лозимки, жамият аъзоларининг соғлик-саломатлигига биринчи навбатда шифокорлар эмас, ҳар бир одамнинг ўзи масъул.
Муҳтарам газетхонларимиз бу гапни тўғри талқин қилишларини сўраган бўлур эдим. Гап шундаки, шифокор инсонни даволайди, маслаҳат беради, касалликнинг олдини олишга ёрдам беради. Лекин одамнинг саломатлигига таъсир кўрсатадиган қарорларни ҳар куни-ҳар соатда унинг ўзи қабул қилади. Нима ейди, қанча ҳаракат қилади, қандай дам олади, зарарли одатлардан ўзини тиядими-йўқми, профилактик кўрикдан ўз вақтида ўтадими – буларнинг барчаси охир-оқибат унинг саломатлигида акс топади.
Амалиётда кўп учрайдиган муаммо шуки, одамлар баъзан саломатлик ҳақида касаллик пайдо бўлгандан кейингина қайғура бошлашади. Ваҳоланки, замонавий тиббиётнинг асосий йўналиши касалликни фақат даволаш эмас, унинг олдини олиш ва эрта аниқлаш. Бу эса аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш масаласига бориб тақалади. Назаримда, тиббий маданият тарғиботи борасида кўп иш қилишимиз керак.
Саволга қайтиб, тиббиётимиз ҳолатига баҳо берадиган бўлсак, бугун Ўзбекистон тиббиётининг салоҳияти кечаги кун билан солиштирганда мутлақо бошқа даражага кўтарилди. Илгари беморларимиз айрим мураккаб ташхис ёки операциялар учун хорижга боришга мажбур бўлган, бугун унинг катта қисми ўзимизда амалга оширилмоқда. Юқори технологияли жарроҳлик, трансплантология, кардиожарроҳлик, эндоваскуляр ва эндоскопик амалиётлар, замонавий онкология каби йўналишларда салмоқли тажриба тўпланди. Тиббий муассасаларни замонавий ускуналар билан таъминлаш ва рақамлаштириш ҳам изчил давом этмоқда.
Лекин замонавий тиббиёт мавқеини фақат янги бино ёки қимматбаҳо аппарат билан ўлчаб бўлмайди. Тиббиётнинг ҳақиқий кучи, аввало, унинг кадрларида. Юксак маҳоратли шифокор, яхши клиник мактаб, илмий тафаккур, тўғри қарор қабул қилиш маданияти ва натижа учун жавобгарлик бўлмаса, энг замонавий технология ҳам кутилган самарани бермайди.
– Малакали ва кўп йиллик қўли енгил жарроҳ сифатида айтинг-чи, аҳоли ўртасида турли сабаблардан келиб чиқиб жарроҳ тиғи остига ётиш кўпаймоқдами ёки камаймоқдами? Касаллик даражаси, яъни оғир-енгиллиги динамикаси ўзгармоқдами?
– Бу масалага фақат операциялар сони нуқтаи назаридан қараш у қадар тўғри бўлмайди. Бугун жарроҳлик амалиётлари айрим йўналишларда кўпайган, айрим касалликларда эса, аксинча, замонавий даволаш усуллари туфайли операцияларга эҳтиёж камайган.
Операциялар сонининг кўпайиши ҳар доим ҳам аҳоли кўпроқ касалланмоқда, дегани эмас. Бунинг ижобий сабаблари ҳам бор. Диагностика имкониятлари кенгайди, касалликни эрта аниқлаш яхшиланди, аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти ошди.
Лекин масаланинг хавотирли томони ҳам бор. Аҳоли орасида қандли диабет, ортиқча вазн, юрак-қон томир касалликлари, атеросклероз ва бошқа сурункали касалликларнинг кенг тарқалиши жарроҳ учун мураккаб беморлар сонини оширади. Аҳолининг умр кўриш давомийлиги узайиши билан биз ёши катта, бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳамроҳ касаллиги бўлган беморларни ҳам кўпроқ операция қилишимизга тўғри келмоқда.
Касалликларнинг оғирлик даражаси ҳақида ҳам қизиқ бир ҳолатни кўряпмиз. Бир томондан, замонавий диагностика туфайли касалликларни эрта босқичда аниқлаб, режали ва нисбатан енгил шароитда операция қилиш имконияти кўпаймоқда. Иккинчи томондан эса, кеч мурожаат қилган, бир нечта касаллиги бор, аввал бир неча марта операция ўтказган ёки асоратланган ҳолатда келган беморлар ҳалигача учраб туради. Шунинг учун бугунги жарроҳликда операциянинг ўзи баъзан техник жиҳатдан енгиллашган бўлса-да, беморнинг ўзи мураккаблашиб бормоқда, десак, хато бўлмайди.
Менимча, замонавий тиббиётнинг мақсади операциялар сонини кўпайтириш эмас. Аксинча, зарурати бўлмаган операцияни қилмаслик, зарурияти туғилган операцияни эса ўз вақтида, энг хавфсиз ва энг кам шикастларсиз мавқеда бажариш – яхши жарроҳликнинг асосий мезонидир.
– Халқимизнинг асосий қисми вилоятларда, олис қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Эшитишимча, Сиз хизмат юзасидан вилоятларга кўп борасиз. Демак, кузатасиз. Муайян хулосаларингиз бор, албатта.
– Ўрни келди, айта қолай. Ўзим Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилганман. Ўша ерда ўқидим, вояга етдим. Олис вилоят ё тумандан сўз очилса, Сариосиё, Узун томонларга қанот қоқиб учгим келади. Хизмат юзасидан вилоятларга бажонидил бораман. Табиатан қишлоқ ҳаётини севаман, демоқчиман.
Сўнгги йилларда вилоятларимизда жарроҳлик сезиларли даражада яхшиланди. Илгари, асосан, пойтахтда амалга оширилган кўплаб юқори технологияли муолажалар вилоят ва туманларда аллақачон жорий этилган. Юзлаб мураккаб технологиялар вилоят даражасига ўтказилди ва минимал инвазив жарроҳлик амалиётлари туман даражасида ҳам амалга оширила бошланди. Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда вилоят жарроҳлиги тез суръатлар билан янги босқичга кўтарилмоқда. Зарур ускуналар сезиларли даражада янгиланмоқда, замонавий технологиялар пайдо бўлмоқда. Таъкидлаш ҳам зарурки, вилоят ва туман даражасида мураккаб операцияларга қодир малакали жамоани шакллантиришга қаратилмоғи зарур мақсадларимиз.
– Халқ ва тиббиёт ўртасидаги муносабат ҳақида ўйлаганда ғалати формула келиб чиқаётгандек: шифокор қандай бўлса, халқ шундай бўлади. Ёки тескариси: халқ қандай бўлса, шифокори ҳам шундай. Башарти бу теоремани қабул қилсак, бизда бу борада аҳвол бундайроқ эмасми? Халқаро тажрибаларни, хусусан, ривожланган давлатлардаги ривожланган тиббиёт мақомларига чиқиб бориш биз учун қанчалик реал орзу?
– Шифокорлар ва беморлар битта жамиятда яшайди, бир хил умумий муҳит, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа шароитларга эга. Бу эса юқорида кўрсатилган фикрга олиб келади. Шу маънода, “Шифокор қандай бўлса, халқ шундай бўлади, ёки тескариси – халқ қандай бўлса, шифокори ҳам шундай”. Лекин, аслида, шифокорларнинг ички дунёси кўпчилик тасаввур қилганидан кўра мураккаброқ.
Тиббиётимиз учун ривожланган давлатлар даражасига эришиш орзу эмас, бу – ҳақиқат!
Ўзбекистонда жарроҳлик катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Сўнгги йилларда юқори технологияли амалиётлар, эндовидеохирургик аралашувлари, трансплантация, юрак жарроҳлиги ва бошқа мураккаб соҳалардаги имкониятлар сезиларли даражада кенгайди. Бироқ жаҳондаги етакчи тиббиёт тизимлари даражасига эришиш фақат индивидуал замонавий операциялар ёки қимматбаҳо ускуналар масаласи эмас. Бу биринчи навбатда юқори сифатли кадрлар тайёрлаш, илмий мактабларни ривожлантириш, ягона клиник стандартлар, кучли узлуксиз таълим тизими, даволаш натижаларини объектив мониторинг қилиш ва халқаро тиббиёт ҳамжамиятига чинакам интеграцияни ўз ичига олади. Бу мақсад биз учун қанчалик реал? Бунга фақат тизимли ёндашув орқали эришиш мумкин. Биз нафақат халқаро тажрибани ўзлаштиришимиз, балки юқори технологик амалиётларни ўз шароитимизга мослаштиришимиз, ўз илмий тадқиқотларимизни ривожлантиришимиз ва ёш жарроҳлар профессионал даражада ўсиши, тадқиқотлар билан шуғулланиши ва замонавий технологияларни ўзлаштириши учун муҳит яратмоғимиз керак.
– Мустақиллик йилларида, айниқса, ҳозирги пайтда фуқароларимиз орасида хорижий клиникаларга бориш, операция қилдириш оммалашиб бормоқда. Аввало, мутахассис сифатида бундай ҳолат юзасидан қарашларингиз қандай? Қолаверса, хорижда даволаниш, айниқса, операция столига ётиш натижалари, яъни самара ҳисоб-китоб қилинадими? Статистик маълумот борми?
– Бу масалага икки жиҳатдан қараса бўлади. Биринчидан, одамлар ўз соғлиғини кўпроқ қадрлай бошладилар ва шунинг учун даволаниш учун чет эл шифохоналарини танламоқдалар. Иккинчидан, маҳаллий соғлиқни сақлашга маълум даражада ишончсизлик мавжуд, аммо баъзи ҳолларда биз ўзимиз беморларга чет элда даволанишни тавсия қиламиз. Мавжуд расмий статистика бизнинг фойдамизга эмас. Сўнгги тўрт-беш йил ичида чет элга даволанишга бораётган беморлар сони ортиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда 32 мингдан ортиқ одам даволаниш учун чет элга борган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 65 мингдан ошди. Бироқ соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳақиқий вазият кўринганидан яхшироқ.
Яқин вақтгача оғир ва мураккаб жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларнинг катта қисми чет элда даволанишга борар эди. Бу нафақат хорижий клиникаларга бўлган ишонч, балки маҳаллий жарроҳликнинг объектив чекланган имкониятлари билан ҳам боғлиқ эди, юқори технологияли ускуналарнинг етишмаслиги, минимал инвазив усулларнинг чекланганлиги, мураккаб реконструктив жарроҳлик амалиётлари, трансплантациялар, эндоваскуляр аралашувлар ва замонавий операциядан кейинги интенсив терапиянинг чекланганлиги. Бугунги кунда вазият тубдан ўзгарди.
Ўзбекистонда жарроҳлик сўнгги йилларда сезиларли ютуқларга эришди. Илгари фақат етакчи халқаро клиникалар билан боғлиқ бўлган мураккаб муолажалар ҳозирги кунда мамлакатимизни кўплаб ихтисослашган марказларида бажарилмоқда. Замонавий, юқори даражадаги жарроҳлик учун зарур бўлган диагностика, анестезиологик ва реанимация имкониятлари ҳам сезиларли даражада яхшиланди. Муҳими, нафақат техник даража, балки мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги ҳам яхшиланди. Ўзбекистонлик жарроҳлар мунтазам равишда етакчи халқаро марказларда амалиёт ўташяпти, халқаро конгрессларда қатнашяпти, замонавий технологияларни ўзлаштириб, уларни маҳаллий амалиётга татбиқ этишяпти. Натижада кўплаб беморлар энди мамлакат ичида зарур бўлган юқори технологик жарроҳлик ёрдамини олиш имкониятига эга. Илгари чет элга даволанишга бориш кўпинча мураккаб давонинг ягона варианти сифатида қабул қилинган бўлса, бугунги кунда бу эҳтиёж камроқ учрайди.
Бундан ташқари, аста-секин қарама-қарши тенденция пайдо бўлмоқда. Ўзбекистонда даволаниш учун хориждан беморлар мурожаат қилишяпти. Расмий статистикага кўра, 2021 йилда тахминан 32 минг бемор чет элдан бизга мурожаат қилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 86 мингдан ошди.
Бироқ бу масала бизнинг мамлакатда аллақачон тўлиқ ўз ечимини топди дегани эмас, албатта. Баъзи ўта мураккаб технологиялар, ноёб операциялар ва юқори даражада ихтисослашган соҳалар ҳали анча ривожлантиришни талаб қилади.
– Маълумки, шифокорнинг миллат, жамият, тараққиёт тақдирида тутган ўрнини таърифлаб тугатиб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, умуман, миллий медицинага, суҳбатлашиб ўтирганимиз учун шахсан Сизга катта даъволаримизни изҳор этишга ҳақлимиз. Ҳатто айтгим келади, ўзбек халқи мутлақо бошқача мақомларда яшамоғи керак, бунинг масъулияти кўпроқ шифокорларимиз зиммасига тушади, десак, тўғри бўладими? Ўзбек тиббиёти жуда катта тажрибага эга, салоҳияти улкан. Ушбу тажриба, салоҳият амалий ҳаётимизда ўз ифодасини топишини истаймиз. Ушбу истак рўёбга чиқмоқда деб ўйлайсизми?
– Шифокорлик соҳаси жамият тақдиридаги энг аҳамиятли соҳалардан бири, бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Миллат саломатлиги шунчаки тиббий кўрсаткич эмас. Бу мамлакатнинг меҳнатга лаёқатлилик қобилияти, халқнинг умр кўриш давомийлиги ва сифати, оилаларнинг фаровонлиги ва охир-оқибат бутун миллатнинг салоҳиятидир.
Бироқ мен нимаики муаммо бўлса, уларнинг ҳаммасига шифокорлар айбдор деб айтмаган бўлардим. Тиббиёт – улкан тизим. Ҳатто фавқулодда истеъдодли шифокор ҳам профилактика, эрта ташхис қўйиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти, ходимларни ўқитиш ёки одамларнинг ўз соғлиғига бўлган маданий муносабати масалаларини бир ўзи ҳал қила олмайди. Шу билан бирга, бизга, яъни шифокорларга қўйиладиган талаблар ҳақиқатан ҳам юқори бўлмоғи керак.
Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам катта ва кучли тиббий салоҳиятга эга. Бизда бой анъаналар, кучли мутахассислар, илмий мактаблар, кенг клиник тажриба ва замонавий технологияларни тезда ўзлаштира оладиган ёш авлод шифокорлари бор. Менимча, жараён аллақачон бошланган, аммо биз якуний мақсадга эришдик деб айтишга ҳали эрта. Энг катта хато – эришган натижаларга қараб, тўхтаб қолиш. Биз юқори сифатли тиббиёт бир нечта етакчи марказларда эмас, балки бутун тизим учун стандарт бўлишини таъминлашимиз керак. Бунинг учун кучли тиббий таълим, илмий тараққиёт, шифокорларни доимий равишда тайёрлаш, даволаш натижаларини объектив баҳолаш, халқаро ҳамкорлик ва энг муҳими, истеъдодли шифокорларга профессионал ўсиши ва мамлакатимизда ўз ғояларини амалга ошириш имконини берадиган шароитлар яратиш талаб этилади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!
Дилмурод Қирғизбоев
суҳбатлашди.
