Ўзбекхон – элим фарзанди
Шарқшунос олим, моҳир дипломат ва давлат арбоби Ўзбекхон Рустамовни ёд этиб…
Дипломат ҳаётини қайсидир жиҳати билан арқон устида лангарчўпсиз ҳаракатланган дорбозга ўхшатаман. Дипломат Ўзбекхон Рустамовга кўплар ҳавас қиларди. У қаерда бўлмасин, ўз юрти обрўси, шаънини сақлашга ҳаракат қилди.
Аслида, табиат билан инсонни бир-биридан айро қилиб сира ажратиб бўлмайди. Яқинда “шажара” сўзининг луғавий маъноси ҳақидаги мақолага дуч келдим. “Шажара” арабчадан ўгирилганда “дарахт” деган маънони билдирар экан. Бундай қаралса, инсон умри ҳам дарахтга ўхшайди. Ерга экилган уруғ ва куртак униб чиқади, кўкаради, гуллайди. Одамлар унинг мевасидан, соясидан баҳраманд бўлади.
Яратганга шукурки, ҳаётда ўзининг эзгу амаллари, яхшилиги, ҳалол меҳнати билан “ҳазрати инсон” номини кўкка кўтариб, улуғлаб келаётган одамлар кўп. Ана шундай инсонлардан бири Ўзбекхон Рустамов эди. Ўзбекхон ака Абдураҳмон Жомийнинг:
Ҳалоллик, покликда чиқар яхши ном,
Хаёлингда бўлсин яхшилик мудом, —
деган сатрларини жуда яхши кўрардилар. Ўзлари ҳам ҳаётда яхшиликни шиор қилиб, одамларга фақат эзгулик улашиб яшаган инсон эди.
Ўзбекхон Рустамов агар ҳаёт бўлганларида юз ёшга тўлган бўларди. Ҳа, бу йил таниқли давлат ва жамоат арбоби Ў.Рустамов таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Аммо бир ҳақиқат бор: инсон умри кўпинча йиллар билан эмас, уни қандай ўтказгани ва мазмуни билан ўлчанади.
1926 йилнинг 11 сентябри… Ўша куни Тошкент шаҳридаги зиёлилар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Бу — Аъзамхон ака ва Вазирахон опаларнинг орзуси ушалган кун эди. Катта қизи Лазизахондан сўнг дунёга келган фарзандга кам учрайдиган исм қўйилди: Ўзбекхон деб!
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўрта Осиё тарихида Ўзбекхон исмли шахс ўтган. У Олтин Ўрда хонлари орасида энг машҳури бўлган. Ўзбекхоннинг ўттиз йиллик ҳукмронлиги даврида Олтин Ўрда қудратли давлатга айланган. У ҳақда машҳур араб сайёҳи Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асарида анчагина маълумотлар бор. Ҳатто ўша хоннинг буйруғига кўра, 1314 йили Эски Қримда ҳашаматли мақбара қурилган.
Қаҳрамонимиз Ўзбекхон Рустамовга Ўзбекхон деб исм берилишининг аслида бошқа сабаби бор. Бу исм билан боғлиқ масалада Ўрта Осиёнинг миллий чегараланиши даври кўз ўнгимиздан ўтади. Бу пайтда миллат зиёлиларининг мустақил Ўзбекистон ғояси йўлидаги уринишларини, катта жасоратини кўриш мумкин. Ўзбекхон аканинг отаси Аъзамхон домла саводхон ёшлар қаторида ташкилий ишларда фаол қатнашади. Айнан ўша кезлари оилада тўнғич фарзанд кутилаётган эди. Бундан хабардор бўлган ошна-оғайнилари: “Агар кутилаётган фарзанд ўғил бўлса, унга Ўзбекхон деб исм берсангиз, ажойиб иш бўларди”, — деган фикрни билдиришади. Бу ният Аъзамхон акага ҳам маъқул тушади. Бироқ тўнғич фарзанди қиз бўлгани сабабли унга Лазизахон деб исм қўйишади. Орадан уч йил ўтар-ўтмас ўғил фарзанд дунёга келади. “Кечикиброқ бўлса-да, орзуга етдик”, — деб ота-онаси унга Ўзбекхон деб исм қўйишади.
“Исмнинг ҳам юки бор”, дейишади. Ота-она, миллат ойдинлари нияти ила қўйилган Ўзбекхон исмининг юки оғир ва масъулиятли эканини англаган Ўзбекхон Рустамов қачон, қаерда бўлмасин, шу исм юкини оқлашга ҳаракат қилиб яшаган инсон эди.
1945 йилда ўрта мактабни тугатган Ўзбекхон олдида икки йўл пайдо бўлади. Бири — Москвадаги Халқаро муносабатлар институтида таҳсил олиш, иккинчиси — Тошкентдаги олий ўқув даргоҳида ўқиш. Ота рози, лекин она… Ўғил она кўнглига қараб, Ўрта Осиё университетининг шарқшунослик факультетида ўқий бошлади.
Талабалик йилларида фидойи устози, доцент Илья Альбертович Киссеннинг биттагина орфографик хато учун “икки” қўйиб: “Рустамов! Сиз ўзбексиз, исмингиз ҳам Ўзбекхон! Сизнинг ўз она тилингизда бирорта хато қилишга ҳаққингиз йўқ!” дея берган дақиқ сабоғи Ўзбекхон домла учун бир умрлик шиорга айланди.
У она тили билан бирга рус, инглиз, араб, турк ва форс тилларини ўрганди. Буларнинг бари чет элларга қилган сафарларида, халқаро анжуманларда, нуфузли минбарларда туриб сўзга чиққанда ҳамда илмий изланишларида мушкулини осон қилди.
* * *
Ўзбекхоннинг отаси Аъзамхон домла ҳақиқий маърифатпарвар киши эди. Бугун ёши олтмишдан ошганлар 1968-1972 йилларда академик Қори Ниёзий билан биргаликда Ўзбекистон телевидениеси орқали фарзанд тарбияси, ота-онанинг бурчи ва ўрнига бағишланган кўрсатувларни эслашлари мумкин. Миллионлар назарига тушган бу кўрсатув — “Ота-оналар университети”нинг ташкилотчиларидан бири республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи Аъзамхон Рустамов эди.
Дарвоқе, 1991 йили Тошкентнинг Ибн Сино мавзесида жойлашган ўрта мактабга Аъзамхон Рустамов номи берилади. Домланинг шогирдлари ҳақида гап кетганда, таниқли олимлар Аҳрор Тўлаганов, Содиқ Азимов, Ҳабиб Турсуновларнинг номлари тилга олинишининг ўзиёқ Аъзамхон домланинг қанчалик ҳурматли инсон бўлганидан далолат. Бу оилада ким нимага эришган бўлса, ҳаммасини ҳалол меҳнати натижасида қўлга киритган. Бунга Рустамовларнинг ҳаёт дафтарини кўздан кечирган киши амин бўлади.
* * *
Розахон опа. У Ўзбекхон аканинг олтмиш йилдан ортиқ аҳил-иноқ умргузаронлик қилган севимли рафиқаси, беш қизнинг онаси. Шу ўринда Ўзбекхон аканинг хотираларига мурожаат қилсак:
“Фикри ожизимча, ҳар бир инсоннинг ҳақиқий дўсти — бу унинг ота-онаси ва жуфти ҳалоли бўлса керак. Тақдир менга Розахондек ажойиб аёлни жуфти ҳалолликка насиб этган экан, Яратганга минг бора шукроналар айтаман”, — деб ёзгандилар.
Таниқли журналистлар Набижон Боқий ва Анварбек Халиловлар опанинг етмиш беш ёшга тўлиши муносабати билан ажойиб мақола ёзишган экан. Ана шу мақоладан бир парча:
“Дилбар адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Кумушбибининг холаси борлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган, лекин Розахонимни илк бор кўрган одам: “Ҳойнаҳой, бу аёл Офтобойимнинг синглиси бўлса керак”, — деб ўйлайди. Чунки Розахоним ҳам айнан рўзғорпарвар, энг муҳими, садоқатли, болам-чақам деб яшайдиган ўзбек аёлларининг муштарак тимсолидир”.
Ҳақиқатан ҳам бу аёл ана шундай рафиқа, ана шундай она бўлган. Беш қиз: Гўзалхон, Лолахон, Ҳилолахон, Нигорахон ва Ниҳолахон. Ҳар бири ҳақида алоҳида ёзса арзийдиган фарзандлар. Бу оила ҳақидаги шу сатрларни ёзаётганимда, хона эшиги секин очилди.
— Дадаси, мен ишга кетяпман. Бемалол ёзаверинг.
— Ҳозир кузатиб қўяман.
— Овора бўлманг…
— Бир гапим бор.
— Нима гап экан, айтинг…
Дарвоза олдида: “Манзура, ҳозир мен ёзаётган мақоладаги Ўзбекхон бобо билан Розахон опа салкам етмиш йил ниҳоятда аҳил яшашган экан”, — дегандим, у тўхтаб: “Дадаси, ҳавас қилинг, барчага ҳам шундай узоқ йиллар аҳил яшаш насиб этсин”, — деди-да, кайфияти кўтарилган ҳолда ишга жўнаб кетди.
Хонамга кириб ўйланиб қолдим. Аслида, мактабни узоқдан излаш керак эмас. Ҳаёт мактаби ёнгинамизда бўлади-ю, кўпчилигимиз бепарволик қилиб…
Энди беш қиз ҳақида… Уларнинг ҳаёти билан батафсил танишган киши бешта китоб ёзса бўлади. Ҳозирча қисқа сатрлар билан чекланамиз.
Бу оиланинг энг катта қизи — Гўзалхон. У илм йўлидан кетди. Бир неча йил Ўзбекистон Фанлар академиясида ишлади. Лолахон — оиланинг иккинчи фарзанди. У болалигидан шифокор бўлишни орзу қилганди, ниятига етди. Ҳилолахонга ҳам ёшлигидан ҳамма ҳавас қилган. У дизайнер-архитектор бўлди. 1958 йилнинг 27 февралида Рустамовлар оиласи сафи янада кенгайди. Хонадон хурсандчилигига сабабчи бўлган Нигорахон ота касбини танлади. Ниҳолахон ҳам илм йўлини танлаб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг профессори бўлди.
Ўзбекхон Рустамов фаолияти ҳақида гап кетганда, илм йўлидаги меҳнатлари жуда катта бўлганини тан олмоқ керак. Олим Ўзбекхон Рустамовнинг учта монография ва элликдан ортиқ илмий мақолалари билан танишган киши бунга чуқур ишонч ҳосил қилади.
У илк бор Соҳибқирон Амир Темурнинг тавсияси билан 1374 йилда Кашмирга бориб, ислом маърифатини ёйган Мир Сайид Али Ҳамадоний фаолиятини архив ҳужжатлари асосида ёритиб берган забардаст олим эди.
Кашмир… Бу жуда гўзал масканлардан бири. Машҳур давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” номли ажойиб бир достонини кўпчилик ўқиган. Шароф Рашидовни бу жой бекорга ўзига тортувчи кучга эга бўлмаган. Ўзбекхон Рустамов томонидан ёзилиб, “Фан” нашриётида чоп этилган “Замонавий Кашмир: тарихи, иқтисоди ва маданияти тўғрисида очерклар” деб номланган монография билан танишган ўқувчининг Кашмир ҳақидаги билимлари янада бойийди. Олимнинг 1973 йилда чоп этилган “Форс қўлтиғи мамлакатлари” номли китобчаси ўзи кўрган, кузатган ва шоҳиди бўлган воқеалар ҳақидадир. Ўзбекхон ака қаерда бўлмасин, Ўзбекистон вакили эканини асло унутмади.
Ўзбекхон Рустамовнинг 14 йиллик фаолияти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғлиқ. У ушбу нуфузли идорада вазир ўринбосари сифатида фаолият юритди. Бу жойда таниқли давлат ва жамоат арбоблари Ғани Султонов, Сарвар Азимовдек машҳур дипломатлар билан бирга ишлади.
1966 йилнинг 10 январи. Ўша куни тарихий ҳужжат — Тошкент декларациясига имзо чекилганди. Ҳиндистон Бош вазири бўлиб ишлаган Лаъл Баҳодур Шастри ва Покистон Президенти Муҳаммад Аюбхон ўртасидаги музокаралар ўшанда осон кечмаган эди. Бу катта анжуман масъулияти Сарвар Азимов раҳбарлигидаги жамоа, яъни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юклатилганди. Бу юкнинг катта қисми шу идора вазири ўринбосари Ўзбекхон Рустамов зиммасида бўлган.
Инсон ҳаётида бир умр муҳрланиб қоладиган, эсдан чиқмас кунлар кўп бўлади. 1971 йилнинг 21 январи. Бу кун Ўзбекхон Рустамовнинг хотирасидан асло чиқмайдиган санага айланган эди. Уни бирданига Марказком бюросига таклиф этишади.
Кенг мажлислар зали. Тўрида сочлари тепага силлиқ таралган Шароф Рашидов. Қисқача танишув бўлди. Шароф Рашидов Ўзбекхон акага бир нечта савол берди. Сўнг мақсадга кўча қолди:
— Давлат тизимида ишлаганингиз етар энди. Тажрибангизни бошқа жойда ҳам ишлатиш вақти келди. Номзодингизни Марказкомнинг Информация ва ташқи алоқалар бўлими мудирлигига лойиқ топдик. Ўзингиз нима дейсиз?
— Шунчалик ишонч билдирар экансиз, бор кучимни сарфлаб ишлашга тайёрман.
Янги иш, янги масъулият. Рустамов бу ерда ҳам ўзини кўрсатди.
У БМТ минбарларидан тортиб, дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатида ўзбек халқи номидан сўзлаб, юртимиз нуфузини юксалтирди. Ўзбекхон Рустамов Дин ишлари кенгашида ишлаган кезларида кўплаб зиёлилар, мударрислар ва олимларни ноҳақ таъқиблардан ҳимоя қилди. 1980 йилда Тошкентда “15-ҳижрий аср — тинчлик ва дўстлик асри бўлсин” мавзусида 30 давлат уламолари иштирокида ўтган нуфузли халқаро анжуманга бош-қош бўлди.
Ўзбекхон аканинг ҳаёт йўли ҳам текис ўтмаган. Айниқса, ўша даврда мафкуранинг бошида турган “Опахон” билан тўқнашувлар… Нима бўлганда ҳам, у “темир хотин”нинг нотўғри топшириғини бажармайди. Ана ундан кейинги ташвишли дамлар… Рустамов бу кунлардан ҳам ўзига хос дипломатик йўллар билан эсон-омон чиқиб кетади.
Хорижга сафарлар: Бельгия, Люксембург, Франция, Швейцария, Афғонистон, Ҳиндистон, Ироқ, Покистон, Сингапур, Сурия, Эрон, Кения… У дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида бўлган. Ўшанда бир ҳайратланарли ҳолат: Шўролар ҳукумати делегацияси таркибида ўзбекистонлик Ўзбекхон Рустамов номи албатта бўларди. Бунинг сабаби бор. Ўзбекхон ака ўша даврда делегация аъзоларидан айрим жиҳатлари билан бир поғона устун турган. Чунки у кўп тилларни биларди. Шарқшунослик факультетида ўқиб, ўрганган тиллари унга ҳар қадамда қўл келарди. Ўша пайтда ўта эҳтиёткорлик билан юриш, қўйган ҳар бир қадамини билиб босиш талаб қилинарди. Ўзбекхон ака бу ишларнинг барининг уддасидан чиққан.
* * *
Дипломат ҳаётини қайсидир жиҳати билан арқон устида лангарчўпсиз ҳаракатланган дорбозга ўхшатаман. Дипломат Ўзбекхон Рустамовга кўплар ҳавас қиларди. У қаерда бўлмасин, ўз юрти обрўси, шаънини сақлашга ҳаракат қилди. Маълум бир давр атоқли давлат арбоби Нуриддин Акрамович Муҳиддинов билан ҳам ишлади. Имкони етгунча айрим муаммоларни ҳал қилди. Шунинг учун ҳам машҳур давлат арбоби уни жуда ҳурмат қиларди.
Сал бўш қолсам, Ойбек домланинг “Навоий” романини қўлга оламан. Ўша романда Ҳазрати Навоийга ноёб истеъдод эгаси деб таништирилган камтар олим йигит Султонмурод билан учрашганда, у суюниб кетиб: “Ҳиммат ва ғайратни асло қўлдан берманг. Эл, улус сиздек зотларга ғоят муҳтождир. Илм дарахтини яхши парвариш этиб, юрт тупроғига чуқур томир ёйдирмоғимиз ва ундан мўл ҳосил олмоғимиз керак”, дейди. Ана, донишманд Ойбекнинг романидаги Навоий!
Ўйланиб қоласан киши: бу оила эришган ютуқлар сири нимада экан? Илм дарахтининг яхши парвариши-ю, тупроққа чуқур томир ёйдиргани эмасми? Буниси ҳақиқат. Рустамовлар оиласининг барчаси илмли, илмга интилиб яшаган ва яшайдиган одамлар. Шунинг учун ҳам ҳосили мўл, ҳавас қиладиган ҳосил.
Бугун Ўзбекхон Рустамов орамизда йўқ бўлса-да, у қолдирган илмий мерос, шогирдлар армияси, фарзандлар камоли ва пок ном миллатимиз қалбида барҳаёт яшамоқда. Унинг ҳаёти ўз номига муносиб яшаш, она тилини муқаддас билиш, ота-она дуосини олиб, Ватанга ҳалол хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир. Мақсуд Шайхзода ёзганидек, бундай умрлар ҳеч қачон унутилмайди, улар эзгулик маёғи бўлиб келажак авлодларга йўл кўрсатаверади.
“Кўпчиликка ёқаман десангиз, ақлли сўздан ва одобли хулқдан ажралманг. Эл-юрт олдида обрў қозонаман десангиз, “ўзинг учун ўл етим” деган қарашдан йироқ бўлиб, элга сидқидилдан хизмат қилинг!”
Ўзбекхон Рустамов
ўгитларидан.
Анвар АБДУВАЛИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.
