Янги Ўзбекистон бу

Ниҳоят, яшайдиган даврон келди, жўралар,

Улуснинг ҳолин сўрар отдан тушиб тўралар,

Бир четда қолаётир қарсак, “ура-ура”лар,

Ҳаяжондан ҳайқирган Аму, Сир, Зарафшон бу,

Янги дунё, янги сўз, Янги Ўзбекистон бу…

 

Атрофингга бир қара, бугунги тонг бошқача,

Кеча пахтасига қул бўлган деҳқон бошқача,

Шеърда ҳикмат, шоирда энди забон бошқача,

Бир-бир ушалаётган неча йиллик армон бу,

Янги дунё, янги сўз, Янги Ўзбекистон бу…

 

Отажоним, тортинмай айтавер оқни оқ деб,

Учраган кас камситмас, тилинг нега тўмтоқ деб,

Умр асли яшамоқ шу муқаддас байроқ деб,

Байроқ узра юлдузлар, Ой, беғубор осмон бу,

Янги дунё, янги сўз, Янги Ўзбекистон бу…

 

Энди зимистон эмас, чароғондир кечалар,

Тарихга айланмоқда лой, тупроқли кўчалар,

Юртнинг камолин кўриб, ҳайратдадир нечалар,

Кенг, ёруғ йўлга чиққан оғир юкли карвон бу,

Янги дунё, янги сўз, Янги Ўзбекистон бу…

 

Тўғри, ҳали гўзалмас Ватаннинг тўрт томони,

Ҳар тўкисда бир айб бор, ҳар яхшининг ёмони,

Дилни қийнар кўп йиллик ваъдаларнинг ёлғони,

Аммо нафс ўпқонига дадил турган қалқон бу,

Янги дунё, янги сўз, Янги Ўзбекистон бу…

 

Шоир, синдир қаламни, ярамаса эл корига,

Гулу гулзорин куйлаб, боқмаса озорига,

Тегмаса ҳар бир сўзинг юракларнинг торига,

Юртим деган мардларни қўллайдиган замон бу,

Янги дунё, янги сўз, Янги Ўзбекистон бу…

 

                                                Ёр МУҲАММАД.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × one =