Ит сотаман

(Ҳажвия)

Муратбой НИЗАНОВ,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, таниқли адиб ва кинодраматург Муратбой Низанов 1951 йилда Кегейли туманидаги Оқтуба қишлоғида туғилган. Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган. Унинг “Шунақасиям бўлади”, “Нишона”, “Кулгим келади”, “Одам кулдиргани учун”, “Сизга бўлмайди”, “Ўзга сайёрада етти кун”, “Ақчагул”, “Охират уйқуси”, “Душман”, “Ошиқ бўлмаган ким бор?”, “Ҳаво кемасидан икковлон”, “Муҳаббат қўшиғи” каби 40 га яқин китоблари қорақалпоқ ва ўзбек ўқувчилари қалбидан чуқур жой олган. Асарлари асосида суратга олинган фильмлар орасида “Танк” бадиий фильми ўзбек кино санъатининг олтин фондидан муносиб ўрин эгаллаган. У бугун Янги Қорақалпоғистонни бунёд этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган замондошларимиз ҳаёти ҳақида асарлар ёзмоқда. Эътиборингизга адибнинг “Hurriyat” газетасига юборган янги ҳажвиясини ҳавола этдик.

Ўзингиз биласиз, бизнинг шаҳарда бозорнинг тури кўп: деҳқон бозори, кийим бозори, мол бозори, эски-туски бозори… Лекин ит бозори йўқ экан. Кўзи очилар-очилмасидан сут бериб боққан бир гуржи итим бор эди. Шуни сотишга мажбур бўлиб қолдим. Ҳар кимга айтсам:

— Қандай ит? — деб сўрайди.

— Гуржи.

— Вой, қўйсангиз-чи… Уни бир рус кампирни топиб сотмасангиз, ким оларди? Гуржидан одам ҳайиқмаса ё мол ҳуркмаса!

Таваккал қилиб бозорга чиқаришни ният қилдим. Бир бурчагидан бошини чиқариб, кичикроқ йўл сумкамга солиб олдим. Биринчи тўхтаган жойим мол бозори бўлди. Қарасам, бизнинг гуржи бу ерда умуман кўзга кўриниши мумкин эмас. Бўрдоқи сигирларнинг тўпиғига ҳам етмайдиган гүржини ким хаёлига келтиради? Унинг устига, олдинги оёқлари билан ер қазиб, бир неча таналар турибди. Шохи билан бир илдирса, оқтеракнинг учидан айланиб кетиши турган гап.

Қўй-эчки бозорига бордим. Ерга ўтириб, бироз бел-бўйнимни ёзай деб сумканинг оғзини очгандим, ит отилиб чиқиб, қўйларнинг орасига ўзини урди. Бўлди томоша!

Қўй-эчки бозорининг чанги осмонга чиқди. Бир зумда ким эчкисини тополмай юрибди, ким қўчқорини. Мен ҳар ёққа аланглаб, итимни излайман. Сиртдан кўзга ташланмайди. Қайси жойда қўйлар қаттиқроқ осмонга сакраса, ўша томонга югураман. Мен боргунимча қўйлар яна бошқа жойда сакрашади. Бунинг устига, бозорда бизнинг гуржи сабаб кўтарилган шовқин ҳам жонимга тегиб, бутун баданимдан совуқ тер чиқди.

— Бизнинг эчкини бер!

— Қаерда сенинг эчкинг? Ўзимники!

— Бош жипидан таниб турибман, ака! Бераман-бераман де!

— Ҳа, дунёда шундай арқон қуриб қолди, деб ўйладингми?

— Эй, мана бу қўчқор кимники? Тортсанг-чи қўчқорингни! Мен бу ерга қўй қочириш учун келганим йўқ!

Бировлар нима бўлаётганини тушунмай ҳайрон. Менимча, улар харидорлар бўлса керак.

— Нима? Нима бўлди ўзи?

— Нима тўполон?

— Эй, биров бозорга ити билан келганга ўхшайди!

— Қанақа эсипаст ўзи? Пешонасини ёриш керак!

— Кўзимга кўринса, итининг кунини бошига солардим!

Буларни эшитиб туриб, итимни қандай излашимни билмай қолдим. Лекин топиб олиб кетмасам бўлмайди. Қўйлар тўда-тўда бўлиб, гоҳ дарвозага, гоҳ деворнинг дуч келган жойига урилиб қочишяпти.

Ҳисобини топдим. Мен ҳам эчкисини йўқотган одам бўлиб қолдим.

— Йўл-йўл эчки кўрмадингизми?

— Қулоғида қуртдек тилиги бор йўл-йўл эчкими?

Бу белгилар бизнинг гуржи итнинг белгилари эди. Тилимда — йўл-йўл эчки, кўнглимда — гуржи ит, терлаб-пишиб излаб юрибман.

Бир пайт қўлимга тушди-ёв. Уринар-суринар сумкага тиқдим-да, бозордан чиқишга тушдим. Худо ёрлақаб, калтак еб қолмадим. Сиртимдан айтганлари бўлмаса, тўғри юзимга келиб ҳеч ким сўкмади.

Елкамни қисиб, товуқ бозорига бордим. Курка товуқ билан шайтон товуқнинг ўртасига ўтириб олдим. Гуржи итим сумкадан чиқишга уриниб, тинмай типирчилайди.

“Оғзи куйган қатиқниям пуфлаб ичади”, дейишади-ку. Ўлдириб қўяйми? Ҳар эҳтимолга қарши керак бўлар, деб уйда компьютерда “Ит сотаман” деб катта ҳарфлар билан ёздириб олиб чиққандим. Вақти-вақти билан шуни кўрсатиб қўяман. Бирор одам эътибор берса, қани эди!

Кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас, икки соатча ўтирдим.

— Қайтган молда хайр бор, қайта қолайлик, — дедим итимга. — Насибанг бўлса, кейинги бозорни кўрармиз.

Шу орада ўзим тенги, озода кийинган бир зиёли киши таблони кўриб қолди.

— Ит қани? — деди менга.

Мен иягим билан сумкани кўрсатдим.

— Чиқар, кўрайлик.

Товуқлар ҳуркиб кетмасмикан деб қўрқа-писа сумкадан олдим. Лекин уйда товуқлар ит билан аралашиб юради-ку. Ўрганган. Ҳуркмади.

— Қанча айтасиз? — деди бўлажак харидор.

— Қайдам? Бундан олдин ит сотиб кўрмаган бўлсам…

— Шунда ҳам бозорга олиб келганингиздан кейин ният қилган нархингиз бордир… Уйда бир эркатой ақллигим бор — гуржи ит деса, ўзини томдан ташлайди. Бўлмаса, бунингизга бир қуён овлатай, деб турибманми?

— Илгари Одессада ит бозорига бориб қолгандим. Шунда оғзи катта, думи калта бир итга уч минг доллар айтаётганини кўрганман.

— Эй, жўра, долларларнинг бошини оғритиб нима қиласиз? Мана бу гуржингиз тарозига тортганда икки кило чиқса чиқади, чиқмаса йўқ. Шунга яраша нархини айтинг.

Хуллас, у оладиган бўлди, биз сотадиган бўлдик.

— Энди бозорнинг ўз қоидаси бор, — дедим харидорга. — Мол сотганда айбини айтмасам, савдо ҳаром бўлади.

— Ҳа, ҳа, — деб маъқуллади у. — Қандай айби бор бу бечоранинг?

— Ит судланган!

— Нима?!

Харидорнинг оғзи очилиб қолди.

— Қўрқманг, қўйинг. Жуда хавфли жиноят қилмагани учун афв этилган.

У мени тирсагимдан тортиб, нарироққа чиқарди.

— Тушунтириброқ айтинг, нима ўзи бу — “судланган”, “афв этилган”?

— Бунинг тарихи бундай. Ростини айтсам, сотгим ҳам келиб тургани йўқ. Ўзим бир кичкина кўчада яшайман. Кўчамизда ўн бир хўжалик бор, холос. Бизнинг бу гуржи ўша ўн бир хўжаликнинг ҳаммасини қўриқлайди. Кўчанинг у бошидан кўринган одамни бу бошигача кузатиб чиқади. Унинг ҳурганига биров эътибор берадими-йўқми, барибир ҳураверади. Лекин бир яхши одати бор: тишламайди.

Бахтга қарши, бир куни ғазабланиб, қўшнимнинг боласининг билагидан тишлаб олибди. Унда ҳам айб боланинг ўзида. Гуржининг бурнига чўп тиқиб қочган экан.

Қўшни боласини етаклаб уйимга келди.

— Итингиз қутурмаганмиди? — деб сўради мендан. Лекин аччиқланмади.

— Йўқ, ундайдан омон. Бир ойлигида ветеринар назоратидан ўтказиб, ҳамма ҳужжатларини олиб қўйганман. Керак бўлса, кўрсатай.

— Йўғ-э, шартмас. Ишонаман-ку. Шундай бўлса ҳам боламни докторга олиб бориб кўрсатай. Ўзинг биласан-ку, ўтган йили микроавтобусда бир корейс аёлни ўзининг мушуги тишлаб ўлдириб қўйган.

— Тўғри, эҳтиётда фойда бор. Бирга юр десангиз, бирга борай.

— Йўқ, ўзим кўрсатаман.

Кўрсатганга ўхшайди. Тушдан кейин ҳайвонларни муҳофаза қилиш жамиятидан бир одам келди.

— Итингиз қутурмаганмиди? — деди у.

— Йўқ.

— Ветеринарга кўрсатиб турибсизми?

— Кўрсатиб турибман.

— Ҳужжатларини олиб келинг.

Олиб келдим. Кўриб-кўриб, ҳеч камчилик топа олмади.

— Нега боғлаб қўймагансиз? — деди охири.

— Туғилганидан бери ҳеч боғланмаган эди.

— Боғланмаган бўлса, энди боғлайсиз. Тегишли тартибда жарима ҳам тўлайсиз!

Ходим сурбетларча пулни кўрсатиб, жарима ёзиб берди. Ҳатто кўзимнинг олдида итни боғлатди. Илгари арқон тегиб кўрмаган бечора осмонга сакраяпти, ер тирнаяпти, арқонни чайнаяпти. Ростини айтсам, ўзимнинг раҳмим келиб кетди.

Эрталаб ветеринария бўлимидан бир доктор қиз келди.

— Итингиз боғланганми? — деди дарвозани қия очиб туриб.

— Боғланган, келаверинг.

У ҳам ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқди. Кейин:

— Эмлаш қиламан, — деди.

— Ҳа, яқинда ўзи эмланган эди-ку.

— Ҳар эҳтимолга қарши. Бундан қутуриб кетса, биз жавоб берамиз.

Эмлаш пулини тўлаб, докторнинг қайтиши учун такси чақириб бердим. Албатта, таксининг пули ҳам биздан кетди.

Тушдан кейин участковой инспектор келди.

Унинг ит билан унча иши йўқ эди.

— Уйда яшириб сақлаб қўйган қурол-яроғингиз йўқми? — деди менга жиноятчига қарагандек тикилиб.

— Йўқ. Умуман, қурол деган нарсани ушлашга қўрқаман.

— Гиёҳвандлик нарсаларидан нима бор?

— Ҳеч нарса!

— Ўзингиз пиёниста эмасмисиз?

— Йўғ-э! Ора-сирада чанқаган вақтим бир бокал, ярим бокал пиво ичаман.

— Пиво ҳам алкоголга киради. Албатта, асосий масалага келайлик: итингиз нега қўшнингизнинг боласининг қўлини тишлади?

— Қаердан билайин? У ит бўлса…

— Менга қарши гапирманг!

Ростини айтсам, қўшнимдан қаттиқ аччиғим келди. Милицияга айтмаса нима қиларди?! Кейин билсам, ит тишлаган ҳолат бўйича докторлар тегишли жойларга хабар беришга мажбур экан.

Бундан кейин инспектор уйга келмади. Эвазига кун ора ўзим унинг идорасига борадиган бўлдим. Бормасам, кейин жанжал бўладиганга ўхшайди.

Инспектор менга мана шу ҳужжатларни тўплаб келишни топширди: иш жойимдан тавсифнома, ойлик иш ҳақим ҳақида маълумотнома, илгари судланмаганим ҳақида ички ишлар бўлимидан маълумотнома, ўнг ва чап томондаги қўшниларимдан менинг тартибли одам эканлигим ҳақида ишонч хати, маҳалла раисининг тасдиғи билан қўй оғзидан чўп олмайдиган даражада ювошлигим ҳақида маълумот, уйда хотиним билан жанжаллашмаслигим, болаларим мактабда яхши баҳоларга ўқиши ҳақида тавсифнома, хуллас, газдан, токдан, сувдан, чиқиндидан қарздор эмаслигим ҳақида ҳам маълумотномалар олдирди. Буларнинг ҳаммасига икки ҳафта вақтим кетди. Ишдан ҳам эшитмаган бақириғим қолмади. Лекин гуржи итимнинг парвойи палак. Қўшнининг боласини мен тишлагандек, бутунлай ўзим айбдор бўлиб қолдим.

— Энди бу масала битдими? — дедим инспекторга энг охирги сўраган маълумотномасини олиб бориб бераётганда.

— Уни суд ҳал қилади! — деди у.

— Ҳали судга ҳам бораманми?

— Бориш тугул, судланасиз ҳам!

Орадан бир ярим ой ўтиб, судга чақирилдим. Ишдан сўраб чиқишим жуда қийин бўлди. Усиз ҳам кун ора иш қолдириб, анча ёмон отим чиққан.

Энди:

— Судга чақиришган экан, — десам ҳамма мендан гумонсирайди.

— Итнинг суди бўладиган эди, — десам, мабодо инспектор эшитиб қолса…

Хуллас, судга бир соат кечикиб бордим. Ижрочи мени йўлакда учратди.

— Сизнинг итингизнинг суди бўлиб кетди, — деди у.

— Қандай хулосага келинди?

— Хавфли жиноят қилмагани учун кечирим берилди. Лекин жарима тўлайсиз. Буйруқ уйингизга почта орқали боради.

Хуллас, шу гуржи итнинг овора-сарсонидан уч ой тинчим бузилди. Гўё шуни сотиб, қутулиб қолай дебман!

Харидор гуржини сотиб олиш учун пулини қўлида сиқиб турган эди. Аста-секин қайтариб, чўнтагига солди-да, “ол, яхши” ҳам демай кўздан ғойиб бўлди.

Бечора гуржи итни яна сумкага солиб уйга қайтдим. Оламиз десангиз, уйга келинг, сотаман.

Лекин айби бор: судланган, аммо жуда хавфли жиноят қилмагани учун афв этилган…

Адиба УМИРОВА

ўзбек тилига ўгирди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 14 =