Ўзбек тили жонкуяри, моҳир телерадиожурналист, файласуф олим

Эътибор берсангиз, Иккинчи жаҳон уруши йилларида таваллуд топган инсонларнинг ўзига хос фазилати, ички матонати бўлади. Бу, энг аввало, чексиз шукроналик, камтарлик ва сабр-қаноат каби юксак инсоний хислатларда яққол намоён бўлади. Яратган кўп синов ва машаққатлар эвазига уларга бисёр яхшиликлар, ажру мукофот ва баракали умр ато этган.

Жорий йилнинг 6 июль куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муайяна Хўжаева таваллудининг 85 йиллиги тантанали нишонланди. Устоз журналист 1941 йилда дунёга келган бўлиб, оталари Нўъмон Хўжаев 1942 йилнинг ноябрида Сталинград остонасида қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди. Тадбирда қатнашган ёш қаламкашлар устознинг тинчлик қадри ҳақидаги бадиа ва ҳикояларини мароқ билан тинглаб, уруш нақадар шафқатсиз офат эканини яна бир бор чуқур ҳис этдилар.

Куни кеча эса яна бир фахрий журналист, моҳир таржимон, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, фалсафа фанлари номзоди, доцент Зафар Саидовнинг 85 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этдик. Зафар ака ҳам падари бузрукворлари иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида жонбозлик кўрсатаётган оғир бир даврда — 1941 йилнинг 7 сентябрида Тошкент шаҳрида дунёга келган. Онаизор Ақида опа чақалоқни бағрига босган дамларда уч ўғилнинг отаси миллионлаб жангчилар сафида ғалаба қозониб, юртга эсон-омон қайтиш ниятида кенжасига Зафар деб исм қўйган эди. Аммо мурғак гўдак дийдори, унинг камоли ва Ғалаба қувончини кўриш отага насиб этмади. Ватан ҳимоячиси Ҳошим Саидов 1943 йил 17 январь куни Воронеж вилоятининг Острогожск шаҳрини озод қилиш учун кечган шиддатли жангларда мардонавор ҳалок бўлди.

Онаизор Ақида ая Саидова турмуш ўртоғининг васиятига содиқ қолди (Ҳошим ака фронтга кетиш олдидан: “Агар қайтиб келмасам, ягона ўтинчим — болаларимни ўқитасан”, деб васият қилган экан). Она уч ўғлини емай-ичмай вояга етказди, уларнинг таълим-тарбияси билан сидқидилдан шуғулланди. Натижада фарзандларнинг бари ўрта мактабни олтин медаль билан тугатиб, олий ўқув юртларига имтиёзли қабул қилинди. Катта ўғил Тоҳир физика-математика фанлари доктори, Зойир ҳам Москва шаҳрида техник соҳада илмий изланишлар олиб бориб, фан доктори, профессор даражасига кўтарилди. Зафар ака эса Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини битириб, иш фаолиятини Сирдарё вилояти мактабларида ўқитувчиликдан бошлади, сўнг бутун умрини телерадиожурналистикага бағишлади.

— Бир куни онам ҳузурларига чорлаб: “Акаларинг фан доктори бўлди, иккови ҳам нуфузли олий ўқув юртларида кафедра мудири, декан, ҳатто проректор даражасига кўтарилди. Сен-чи? Оддий журналист бўлиб юраверасанми? Аспирантурага кирасан, гап тамом-вассалом!”, деб койидилар, — дея хотирлайди Зафар ака. — Онамнинг панду насиҳатлари сабаб аспирантурада ўқиб, 1975 йили фалсафа йўналишида номзодлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Фалсафа илми дунёқарашимни буткул ўзгартирди: барча ҳаётий ва ижодий масалаларга, борлиққа фалсафий нигоҳ билан баҳо берадиган бўлдим.

Бироқ Зафар Саидов олий таълимда қолишдан кўра амалий журналистикани маъқул кўрди. 1965 йилдан бошлаб узоқ йиллар Миллий телерадиокомпанияда, “Тошкент халқаро радиоси”да, кейинчалик Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида самарали фаолият юритди.

Мана, анча йилдирки, у киши “Менинг юртим” телеканали Бадиий кенгашининг масъул котиби сифатида хизмат қилмоқда. Юксак масъулият талаб этувчи бу вазифада ёш авлодга ибрат кўрсатиб, уларга маҳорат сабоқларини бериб келаётир. Қисқа айтганда, бугун ушбу телеканалнинг кўзи ва қулоғи! Бу фидокорона меҳнат муносиб эътироф этилиб, 2019 йили Давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра у киши “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

— Устозимиз Зафар Ҳошимович Саидов билан етти йилдан буён бирга ишлаймиз, — деди мазкур телеканалнинг Бадиий кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муаттар Асқарова. — Устозда табиий туғма зиёлилик ва юксак маданият бор. Мен Зафар акамдек она тилимизга жонкуяр мутахассисни кам кўрганман. Ёшлар билан ишлаётганларида ёнида албатта “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” туради. “Ҳар бир сўзнинг ўз ўрни бор”, деб тез-тез луғатга мурожаат қиладилар. Зафар ака — ҳақиқий қомусий билимга эга тилшунос олим.

Зафар аканинг турмуш ўртоғи Рихсихон ая ҳам ўзбек тили ва адабиётининг етук мутахассиси. Миллий университетда кўп йиллар талабаларга сабоқ берган, тилимиз равнақига улкан ҳисса қўшган. Улар уч фарзандни тарбиялаб, олий маълумотли қилиб вояга етказишди. Шу боис бу хонадонда доимо илм-маърифат зиёси ҳукмрон. Қалбларида эса ҳануз эзгуликка чорлов, самимий меҳр-муҳаббат чарақлаб турибди.

Билимли ва маърифатли инсонлар ҳамиша оила файзи, жамият ва эл-юрт кўрки бўлиб келган, шундай бўлиб қолади. Устозга сиҳат-саломатлик ва баракали умр тилаймиз!

Шерзод ҒУЛОМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 5 =