Янги Ўзбекистонга янги муҳандислар керак
Янги саноат ва рақамли иқтисодиётнинг тақдири замонавий муҳандис кадрлар салоҳиятига боғлиқ
Бугун Ўзбекистонда олий таълимни янгилаш, саноатни модернизация қилиш ва рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнлари бир-бири билан чамбарчас боғланиб бормоқда. Бу жараёнлар марказида эса замонавий фикрлайдиган, технологияни тушунадиган ва амалиётда аниқ натижа кўрсата оладиган муҳандис кадрлар тайёрлаш масаласи турибди.
Муҳандислик таълими бугун фақат диплом бериш ёки назарий билим ўргатиш тизими эмас. У мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш, янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, маҳаллий хомашёни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш ҳамда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришнинг муҳим шартидир.
Сўнгги йилларда олий таълим қамрови кенгайди, янги университетлар ва таълим йўналишлари очилди, академик мустақиллик, кредит-модуль тизими, рақамлаштириш ҳамда “Университет 3.0” концепцияси кун тартибига чиқди. Эндиги асосий вазифа миқдорий ўсишни сифат кўрсаткичларига айлантиришдир.
Бугун мамлакат тараққиётини билимли ва ташаббускор муҳандисларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки ҳар бир янги завод, ҳар бир рақамли ечим ва ҳар бир инновацион маҳсулот ортида замонавий билимга эга мутахассислар меҳнати ётибди.
Шу боис муҳандислик таълимини янгилаш фақатгина соҳага оид локал вазифа эмас, бу — саноатни модернизация қилиш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ва мамлакатнинг технологик мустақиллигини таъминлаш билан чамбарчас умуммиллий масаладир.
Муҳандис кадрларга талаб нега ортмоқда?
Ўзбекистон иқтисодиёти янги босқичга кўтарилмоқда. Энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, қурилиш, транспорт, агросаноат ва ахборот технологиялари каби тармоқларда замонавий ускуналар, рақамли ечимлар ҳамда илмий асосланган ишлаб чиқариш жараёнларига эҳтиёж ортмоқда.
Бу эса меҳнат бозорида оддий ижрочи эмас, муаммони мустақил таҳлил эта оладиган, ечим таклиф қиладиган ва уни амалиётга жорий этишга қодир муҳандисларга талабни кучайтирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, муҳандислик таълими таълим тизими ислоҳотлари билан чекланиб қолмай, саноат сиёсати, ҳудудий ривожланиш ҳамда инновацион иқтисодиёт билан ҳам бевосита туташади.
Олий таълимда талабалар сонининг ортиши — ижобий ҳолат. Бироқ фақат қамров билан чекланиш камлик қилади. Агар таълим мазмуни, лаборатория базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ва ишлаб чиқариш билан алоқа параллел равишда ривожлантирилмаса, олинган муҳандислик дипломи амалда кутилган натижани бермайди.
Замонавий муҳандис технологиянинг шунчаки фойдаланувчиси эмас, балки уни маҳаллий шароитга мослаштирувчи, такомиллаштирувчи ва янги маҳсулот яратиш жараёнига бош-қош бўлувчи мутахассис даражасига чиқиши шарт. Айниқса, хомашёни чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ва тармоқларни рақамлаштиришда бундай кадрларга эҳтиёж юқори.
Рақамлаштириш жараёни муҳандислик таълими олдига янги талабларни қўймоқда. Катта ҳажмдаги маълумотлар (“Big Data”) билан ишлаш, автоматлаштириш, сунъий интеллект, рақамли моделлаштириш, киберхавфсизлик ҳамда автоматлашган бошқарув тизимларини эгаллаш барча муҳандислик йўналишлари учун устувор вазифага айланди.
Шу билан бирга, муҳандис маҳсулот ёки технология ҳаёт циклининг барча босқичларини — муаммони аниқлаш, техник топшириқ ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, синовдан ўтказиш, тизимга киритиш ва такомиллаштиришни яхлит тушуниши лозим. Демак, таълим тизими ҳам айнан шу мантиқий кетма-кетликка таяниши зарур.
Университет ва саноат: ҳамкорликсиз сифат бўлмайди
Муҳандислик таълимининг бош мақсади — иқтисодиётни технологик янгилашга ҳисса қўшадиган, замонавий ишлаб чиқаришни пухта биладиган ва саноат корхоналарида реал натижа бера оладиган кадрларни тарбиялашдир.
Бунинг учун олийгоҳлар фақат аудиторияда маъруза ўқиладиган макон бўлиб қолмаслиги керак. Улар замонавий лабораториялар, илмий тадқиқот марказлари, стартап хаблари ҳамда ишлаб чиқариш билан интеграциялашган амалий марказларга айланиши шарт.
Саноат корхоналари эса тайёр битирувчини ишга қабул қилувчи пассив истеъмолчи бўлиб қолмай, ўқув дастурларини шакллантириш, амалиётларни йўлга қўйиш, долзарб лойиҳа мавзуларини белгилаш ва малака талабларини баҳолашда фаол буюртмачига айланиши даркор.
Агар университет ва корхона ўртасидаги алоқа номигагина ўтказиладиган расмий амалиёт даражасида қолса, таълим ҳаётдан узилиб қолаверади. Аксинча, қўшма лабораториялар, саноат магистратураси, ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳалар орқали талаба ҳақиқий ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этишни ўрганади, корхона эса ўзи истаган рақобатбардош мутахассисни тайёрлаб олади.
Шу боис соҳани ривожлантиришда “давлат — университет — саноат” уч томонлама спирали ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу занжирда давлат стратегик вазифаларни белгилайди, саноат аниқ технологик эҳтиёжни шакллантиради, университет эса чуқур билим, тадқиқот ва малакали кадрлар воситасида ушбу эҳтиёжларни таъминлайди.
Қайси йўл мақбул?
Муҳандислик таълими истиқболида бир нечта йўл мавжуд:
Биринчи йўл — фақат талабалар сонини кўпайтиришга урғу бериш. Бу усул сон жиҳатдан кўрсаткич берса-да, сифат таъминланмаган шароитда меҳнат бозорида дипломли, аммо амалий кўникмасиз кадрлар пайдо бўлишига олиб келади.
Иккинчи йўл — етакчи техник ва тармоқ университетларини кучли илмий-инновацион марказларга айлантириш. Бунда таълим, фан, амалиёт ва технологиялар трансфери ягона тизимга бирлашади. Бу мамлакат саноати учун энг истиқболли йўналишдир.
Учинчи йўл — ҳудудий-тармоқ ихтисослашуви. Ҳар бир вилоятнинг индустриал хусусияти ўзгача: бирида кимё ва нефть-газ устувор бўлса, бошқасида тоғ-кон, металлургия, энергетика, тўқимачилик ёки агросаноат ривожланган. Муҳандислик таълими бевосита ана шу маҳаллий талабга мослашиши лозим.
Назаримизда энг тўғри ёндашув инновацион модель билан ҳудудий ихтисослашувни уйғунлаштиришдир. Яъни республикада, бир томондан, стратегик миллий муҳандислик марказлари фаолият юритса, иккинчи томондан, ҳудудлар саноати билан бевосита боғланган амалий таълим муассасалари тизими шаклланиши лозим.
Таълим мазмуни қандай ўзгариши керак?
Муҳандислик таълимини такомиллаштириш, энг аввало, назария ва амалиёт ўртасидаги жарликни бартараф этишдан бошланади. Талаба мураккаб формулаларни ёд билгани билан, уни ишлаб чиқаришдаги аниқ муаммога татбиқ эта олмаса, таълимнинг мақсадига эришилмайди.
Шунинг учун дастурларда лаборатория машғулотлари, амалий лойиҳалар, саноат кейслари, компьютер моделлаштириши ва фанлараро вазифалар улуши кескин оширилиши керак. Талаба таҳлил қилиш, алгоритм тузиш, муҳандислик ечимини синовдан ўтказиш ва якуний натижа учун масъулиятни бўйнига олишни ўрганиши шарт.
Шубҳасиз, фундаментал билимларсиз муҳандис етиштириб бўлмайди. Аммо математика, физика, кимё, материалшунослик ва АТ фанлари қуруқ қоида тарзида эмас, балки аниқ муҳандислик вазифаларини ҳал этиш контекстида ўқитилиши керак. Шундагина аудитория билан цех, лаборатория билан ишлаб чиқариш майдони ўртасидаги масофа қисқаради.
Айни пайтда рақамли муҳит ҳам электрон журнал ёки тест тизими билан чекланиб қолмаслиги керак. Бўлажак муҳандис замонавий “CAD/CAM/CAE” платформаларида лойиҳалаш, алгоритмлаш, виртуал синовлар ва рақамли эгизаклар (“digital twins”) билан ишлаш кўникмаларини мукаммал ўзлаштириши даркор. Акс ҳолда, рақамлаштириш расмиятчиликдан, яъни қоғозбозликни электрон шаклга кўчиришдан нарига ўтмайди.
Муҳими, натижа дипломдаги баҳолар билан эмас, битирувчининг мустақил қарор қабул қилиш, лойиҳани иқтисодий жиҳатдан асослаш ва хавфсиз технологик ечим бера олиш қобилияти билан баҳоланиши шарт.
Узлуксиз таълим — давр талаби
Технологиялар шиддат билан янгиланаётган бугунги даврда олийгоҳда бир марта олинган диплом бутун меҳнат фаолияти учун етарли бўлади, деб ўйлаш хатодир. Муҳандис ҳар доим ўқиб-ўрганиши, янги дастурий маҳсулотлар, инновацион ускуналар ва ишлаб чиқариш тенденцияларини узлуксиз ўзлаштириб бориши лозим.
Шу сабабли олийгоҳлар нафақат талабалар, балки корхоналарда фаолият юритаётган мутахассисларнинг ҳам билимини янгилаш марказига айланиши керак. Қисқа муддатли ихтисослаштирилган курслар, қайта тайёрлаш дастурлари ва амалий корпоратив магистратуралар тармоқларнинг доимий талабини қондира олади.
Бундай муҳитда талаба ёки ишлаб чиқариш ходими мавҳум назарий мавзулар билан эмас, балки завод олдида турган реал технологик муаммо устида ишлайди. Бу эса саноатга аниқ ечим, олий таълим муассасасига эса ҳақиқий илмий-амалий тадқиқот имконини тақдим этади.
* * *
Бугун Ўзбекистон муҳандислик таълими ҳал қилувчи босқичда турибди. Кун тартибидаги бош вазифа — муҳандислар сонини шунчаки кўпайтириш эмас, балки юқори малака ва мустақил тафаккурга эга сифатли мутахассисларни шакллантиришдир.
Эртанги кун муҳандиси илмга суянган, рақамли кўникмаларни пухта эгаллаган ва саноат муаммосини дадил ҳал эта оладиган мутахассисдир. Бундай муҳитни яратиш учун университет, саноат тармоқлари ва давлат бирдамликда ҳаракат қилиши керак.
Агар таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқа тизимли тарзда йўлга қўйилса, муҳандислик таълими шунчаки мутахассис етказиб берувчи соҳа эмас, балки миллий иқтисодиётнинг технологик тараққиётини олдинга бошловчи асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланади.
Зеро, замонавий муҳандис — шунчаки бир касб эгаси эмас. У Янги Ўзбекистоннинг рақамли саноати ва иқтисодий мустақиллигини барпо этувчи асосий бунёдкордир.
Ботир УСМОНОВ,
Тошкент кимё-технология
институти ректори.
