Етти миллий дастур: Тараққиётнинг янги босқичи сари

Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Давлатимиз раҳбари томонидан келгуси ўн йилликда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқувчи 7 та миллий дастур эълон қилинди.

Шу ўринда ўтган даврда, аниқроғи, сўнгги 8-10 йил ичида ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик янгиланишлар юз берганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Энг аввало, ҳар бир инсон эркин ва фаровон ҳаёт кечирадиган хавфсиз жамият барпо этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу эзгу мақсадларнинг узвий давоми бўлган 7 та миллий дастурнинг ҳар бири жамият ҳаётининг муҳим бўғинларини модернизация қилишга қаратилган.

Айниқса, билим ва малака, соғлиқни сақлаш, юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги, сув ва экология, қонун устуворлиги, маҳалла институти ҳамда тинчликсевар ташқи сиёсат сингари стратегик йўналишлар қамраб олингани ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашни умуммиллий қадриятга айлантиришдан иборат эканини алоҳида таъкидлади.

Бу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида асосий эътибор инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда халқнинг давлатдан рози бўлишини таъминлашга қаратилади.

Айнан ушбу йўналишда бугунги кунда ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тизимнинг халқчил, шаффоф ва сифатли давлат хизматлари кўрсатувчи тузилмага айланиб бораётганидан далолат беради.

Сўнгги йилларда ички ишлар органлари тизимини замон талаблари асосида қайта ташкил этиш, бошқарув механизмларини такомиллаштириш ва ходимларнинг касбий маҳоратини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида ички ишлар органларининг иш услуби тубдан ўзгартирилиб, тизим аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича янги босқичга кўтарилди.

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги томонидан аҳолига 60 га яқин давлат хизмати кўрсатилаётган бўлиб, уларнинг 95 фоизи тўлиқ рақамли кўринишда тақдим этилмоқда.

Халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар томонидан 2026 йилнинг январь-апрель ойларида ўтказилган “Сифатли давлат бошқаруви”ни баҳолаш дастури якунларига кўра, Ички ишлар вазирлиги республикамиздаги 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар орасида давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги бўйича энг намунали давлат органи сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, рақамлаштириш бўйича миллий рейтингда вазирлик 2023 йилдаги 31-ўриндан 5-ўринга, ахборот хавфсизлиги рейтингида эса 51-ўриндан 1-ўринга кўтарилди.

Жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланиб, кўплаб юртдошларимизнинг миннатдорлигига сабаб бўлган муҳим ташаббуслардан яна бири — ички ишлар органларида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими йўлга қўйилганидир. Хусусан, ҳар ойда Ички ишлар вазири, ҳар ҳафтада вазир ўринбосарлари ҳамда ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан шахсий фуқаролар қабулларини ўтказиш қатъий тартибга солинди. Тизим очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжуманлари ташкил этилмоқда.

Юртимиздаги таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида мавжуд 10 898 та умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг дарс машғулотларига тўлиқ қатнашишини назорат қилиш ва нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича инспектор-психолог, профилактика инспекторлари ҳамда Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходимларининг ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилди. Пойтахтимизда эса “Хавфсиз мактаб” концепцияси тўлиқ жорий этилди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини кафолатлашга қаратилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ойлиги мунтазам ўтказиб келинмоқда.

“Менинг инспекторим” мобиль иловаси ишга туширилиб, 6 миллиондан ортиқ аҳоли тизимга уланди ҳамда фуқароларнинг ички ишлар ходимлари билан тўғридан-тўғри, тезкор рақамли мулоқот олиб бориш имконияти кенгайтирилди.

Даврнинг ўткир муаммоси бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида туну кун фаолият юритадиган “Call-марказ” ишга туширилиб, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш амалиёти кучайтирилди.

Ҳудудий ички ишлар органларидаги ҳамкорлик самарасини пойтахтимизнинг Чилонзор тумани мисолида яққол кўриш мумкин. Жорий йил бошидан Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш ва “Чилонзор тажрибаси”ни шакллантириш мақсадида қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Туман ҳокимлигида идоралараро тезкор штаб ташкил этилиб, барча маҳаллаларга ички ишлар органларининг тажрибали ходимлари, криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларга эса вазирликнинг соҳавий хизмат раҳбарлари бириктирилди.

Жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча куч сифатида ИИВ Академияси курсантлари ва тингловчилари жалб этилди. Патруль-пост хизмати ходимларининг туну кун уч босқичли хизмат фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 25 та патруль йўналиши белгиланди. Кечки ва тунги вақтларда қўриқлаш хизматининг тезкор ҳаракатланувчи 10 та гуруҳи, Миллий гвардия автоэкипажлари ва кўнгилли волонтёрлар сафарбар этилиб, хизмат самарадорлиги кескин кучайтирилди.

Оилавий низолар келиб чиқаётган хонадонлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этиш эҳтимоли мавжуд бўлган шахслар билан индивидуал, манзилли ишлаш механизми такомиллаштирилди.

Тумандаги барча маҳаллаларда “Маҳалла тарғиботчиси” гуруҳлари тузилиб, фуқароларни фирибгарлик, кибержиноятлар ва ахборот технологиялари орқали содир этиладиган хавфлардан огоҳлантирувчи 323 мингдан зиёд тарғибот тарқатмалари етказилди.

Дори воситаларининг гиёҳвандлик ва психотроп моддалар рўйхатига киритилганлигини тезкор текшириш имконини берувчи “Psixotrop” телеграм боти ишга туширилди.

Вазирлик тизимидаги илмий ва таълим муассасалари томонидан маҳаллаларда криминоген вазиятни илмий таҳлил қилиш ишлари йўлга қўйилди. Жумладан, ИИВ Академиясининг 18 нафар профессор-ўқитувчиси томонидан 75 кунга мўлжалланган 12 модулли ўқув дастури асосида 308 нафар “маҳалла еттилиги” вакилларининг малакаси оширилди.

Албатта, бундай мақсадли ва пухта ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойида туманда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони сезиларли даражада камайиб, жиноятларни фош этиш кўрсаткичи яхшиланди.

Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида аҳоли хонадонлари ва муҳим объектларни техник қўриқловга топшириш икки баробарга ортди. Натижада Чилонзор туманидаги 55 та маҳалланинг бирортаси ҳам “қизил” тоифага киритилмаслигига эришилди.

Аҳоли билан очиқ ва яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани, юртдошларимизнинг “Менинг инспекторим” мобиль иловасига фаол уланиши натижасида “102” қисқа рақамига келиб тушган мурожаатлар 15 фоизга, профилактика инспекторини бевосита чақириш билан боғлиқ хабарлар эса 36,3 фоизга қисқарди. Бу эса туманда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирларнинг амалий самарасидан далолат беради.

Бу биргина пойтахтнинг Чилонзор туманида эришилган натижалардир. Ҳозирги кунда ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ана шундай ижобий тажрибаларни татбиқ этиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида замонавий ёндашувларга таянган ҳолда кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ўтган давр ичида ички ишлар органлари фаолиятининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Қонунбузарликларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ҳамда бартараф этиш, қуруқ рақам ва статистикадан чекиниб, аниқ ва сезиларли амалий натижаларга ўтиш асосий тамойилга айланди.

Бешинчи миллий дастур ўз моҳиятига кўра жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкам қадриятга айлантиришни кўзда тутар экан, ички ишлар органлари олдида келгусида ҳам бажарилиши лозим бўлган қатор устувор вазифалар турибди.

Мазкур дастур талаблари асосида ички ишлар органларининг халқ манфаатлари йўлидаги изчил фаолияти юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича ишларни янада юқори поғонага кўтаради.

Бу эса Янги Ўзбекистоннинг бош ғояси — инсон қадрини улуғлаш ва халқимиз учун хавфсиз, тинч ҳамда фаровон турмуш шароитини таъминлашнинг муҳим амалий омили бўлиб хизмат қилади.

Хуршидбек РЎЗИЕВ,

Ички ишлар вазирлиги

Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири,

подполковник.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 16 =