Мақсад — таълим сифатини янада юксалтириш
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ректори, профессор Расул Тўраев ҳузурида бир кун
Расул Тўраев билан университетнинг бош биносига кираверишда учрашдик. Бош бинога олиб борувчи йўлак атрофидаги боғда дуркун ўсган райҳонлар ўзгача ифор таратиб турибди.
— Университетимиз олим ва тадқиқотчилари райҳоннинг эллик олти хил навини яратишди, — деди дорилфунун ректори қўли билан райҳон шодаларини силкитиб. — Бу эса зайтун кўчатининг Сурхондарё иқлимига мослаштирилган янги нави, буни ҳам олимларимиз яратишган. Қаранг, бор-йўғи бир ёшли зайтун кўчати мева қила бошлабди.
Ниҳоятда ҳайратландим. Аслида, зайтун қирқ йилда мевага кириб, минг йил яшайдиган шифобахш ўсимлик саналади. Олимларнинг бу ютуғига киши чиндан ҳам қойил қолади. Гултожихўроз гулининг эса кўзни қувонтирадиган болтасимон ва шамсимон янги навлари яратилибди.
Ректор ҳамроҳлигида механика факультети учун янги барпо этилган “Автомобиль хўжалиги” ўқув-лаборатория биносидамиз. Транспорт йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар бу ерда автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашни пухта ўрганмоқда.
— Қувончли кунда келибсиз: Хитойдан келтирилган лазерли кесиш ускунаси ўрнатилиб, айнан бугун ишга туширилди, — деди Расул Тўраев турли-туман шаклларда кесиб қўйилган маҳсулотларга ишора қилиб. Бу ерда қалинлиги ўн саккиз миллиметргача бўлган темир тунукалар кесилиб, уларга аниқ шакл берилади. Қолаверса, вилоятимиз ҳокими Улуғбек Қосимовнинг олий таълимга қаратаётган катта эътибори ва ғамхўрлигидан биз, олимлар жуда мамнунмиз. Насиб этса, университетнинг академик лицейи ўқув ва ётоқхона биноларини ҳам таъмирлашни мўлжаллаб турибмиз.
Университет ҳудудининг ҳар қаричи яшилликка буркангани киши дилини яйратади. Сурхондарёнинг жазирама иқлим шароитида дов-дарахтларни соғлом ва яшнаган ҳолатда парваришлашнинг ўзи бўлмайди, албатта.
Ректор ўқув даргоҳи ҳудудида турли юмушлар билан машғул боғбонлар, фаррошлар ва қоровуллар ҳузурига бориб: “Ассалому алайкум, Аллоҳ ишларингизга барака берсин!” дея камтарона саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраганини кўриб, домлага нисбатан ҳурматим янада ортди. Негаки, оддийликда гап кўп-да. Баъзи бир катта-кичик амалдорларнинг димоғидан от ҳуркади. Мазкур университет раҳбари эса жуда камтар, самимий.
Бу ерда ихчам иссиқхоналар ташкил этилган экан. Уларнинг бирида Туркиядан келтирилиб, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган, сувсизликка чидамли ва харидоргир лимон ҳамда мандарин кўчатлари бўй кўрсатиб турибди. Яна бир иссиқхонада тадқиқотчи олимлар томонидан маҳаллийлаштирилиб, ўтган йили экилган бананнинг “Королева” нави шода-шода ҳосилга кирибди. Бир ёшидаёқ ҳар тупи беш-олти шода мева туккан банан бўйимиздан ҳам баланд бўлиб ўсибди.
— Хайрли бир ишни ният қилиб турибмиз, — деди Расул Тўраев шу бананзорга эътиборимизни қаратиб. — Вилоятимизда 724 та маҳалла бор. Ҳар бир маҳаллада учинчи ва тўртинчи босқич талабаларимизга 5 сотихдан майдон ажратиб, имтиёзли кредит асосида иссиқхоналар қурмоқчимиз ва у ерда йил давомида узлуксиз ҳосил берадиган бананзорлар ташкил этмоқчимиз. Агар ушбу эзгу режамизни амалга оширсак, ҳар бир иссиқхона ҳисобига бир нафар битирувчи ва яна икки нафар ёш йигит-қиз муқим иш билан таъминланади. Бу жами 2172 та янги иш ўрни яратилади деганидир.
Умид қиламизки, ректорнинг бу хайрли ва эзгу ташаббуси тўлиқ рўёбга чиқади…
Энг муҳими, ёшларда боғ-роғлар яратишга иштиёқ қўллаб-қувватланади. Бозорларимиз расталарида ўзимизда етиштирилган ажойиб мевалар кўпаяди.
Ҳар бири икки сотих бўлган иссиқхоналарда турфа навдаги, бир-биридан хушрўй райҳон кўчатлари парваришланаётгани диққатга сазовор. Шу йилнинг ўзидаёқ 500 минг туп райҳон ва бошқа ранг-баранг гул кўчатлари етказиб берилибди. Университет ҳудудидаги гулзорларга экилган барча кўчатлар докторантлар ва магистрларнинг ўқув-тажриба майдонларида етиштирилмоқда.
Янги ташкил этилаётган қурилиш лабораторияси ҳам энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Келгусида бу ерда вилоятда қурилиш соҳасида қўлланиладиган маҳсулотлар таҳлил қилиниб, мувофиқлик хулосалари берилади. Лаборатория рўпарасидаги “жонли бурчак”да эса юздан зиёд ғоз ва ўрдак парвариш қилинмоқда. Унга туташ майдонда барпо этилган бодомзор ҳам қийғос мева тугибди. Эътиборлиси, бодомзор тўлиқ томчилатиб суғориш тизими асосида сув билан таъминланмоқда.
Шу аснода университетнинг бош биносига кираверишда, чап томонда жойлашган “Адиблар майдони”га нигоҳимиз тушди. Ушбу майдонга чиройли сакура дарахтлари ўзгача шукуҳ бағишлаб турибди. Қутлуғ гўшага қадам қўйган ҳар бир киши Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби улуғ боболаримиз, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев каби буюк сиймоларнинг муаззам бюстларини кўриб, маънавий завқ олади.
Тўғриси, олий ўқув даргоҳини айланар эканман, ўзимни худди сўлим истироҳат боғида юргандек ҳис қилдим. Бу фикримни ректорнинг ўзига ҳам билдирдим: чиндан ҳам, бундай бепоён яшилликни яратиш ва уни сақлаб туриш катта машаққат ҳамда фидойи меҳнат талаб этади.
— Бундай хайрли ишларнинг бошида, аввало, ректоримиз Расул Тўраев турибди, — деди ҳамроҳларимиздан бири, биология фанлари номзоди, доцент, илмий кенгаш котиби Абдумурод Сатторов. — Дарахт парваришлаб, боғлар барпо этиш — бу ҳам тарбия, ҳам маънавиятдир. Раҳбаримиз табиатни чин дилдан севадиган, бағрикенг, қўл остидагиларнинг хатосини тушуниб, кечира биладиган ва айниқса, ёшларга ғамхўр инсон. Устозлар қадрига етади, катта тажрибага эга кекса олим ва профессорларни жалб этиб, уларга ёш мутахассисларни бириктириб қўйган. Таълимга инновацион ғояларни жорий этишда доимо жонбозлик кўрсатади. Ҳар бир масалага илмий нуқтаи назардан ёндашиб, баҳо беради. У кишининг табиатга бўлган муносабати ҳам ўзгача. Ўтган йили қаҳратон совуқда юзлаб арча дарахтлари қурий бошлаганди. Кўпчилик: “Кесиб ташлаш керак, энди сақлаб бўлмайди”, деган фикрга келганида, ректоримиз: “Дарахтларнинг ҳам уволи бор”, дея уларни кесишга қатъий қарши чиқди. Зарур озуқалар берилиб, дарахтларга мунтазам сув пуркалди, астойдил парвариш натижасида улар сақлаб қолинди. Мана, кўриб турганингиздек, арчалар яна ям-яшил тусга кирди.
Университет маъмурий биносининг биринчи қаватида мўъжазгина музей ҳам ташкил этилибди.
— Сурхон заминининг табиий бойликлари беҳисоб: 14 та кондан кўмир қазиб олинади, — дея ҳамроҳимиз кўргазмадаги кўмир намуналарига ишора қилиб кўрсатди. — Бундан ташқари, туз, базальт ва яна ўнлаб фойдали қазилма захиралари мавжуд. Музейнинг бир бурчагида воҳа замини маъданлари асосида ишлаб чиқарилган маҳаллий қурилиш материаллари намуналарини кўриш мумкин.
Бинонинг бир қавати деворларига кимё, яна бир қаватига эса физика йўналиши бўйича Нобель мукофоти соҳибларининг суратлари жойлаштирилибди. Албатта, бундай муҳит талабаларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини ошириш ва уларни руҳлантиришга хизмат қилади.
Дунё стандартлари талабларига мос жиҳозланган шинам аудитория ва маърузахоналарни кўрган одам беихтиёр ёшликка қайтиб, қайтадан талаба бўлишни орзулаб қолади. Очиғи, биз талабалик йилларимизда бундай қулай шароитларни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.
Шунингдек, университетдаги ҳар бир ўқув ва маъруза хонасида махсус бурчак ташкил қилиниб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг портретига ифтихор ила “Менинг Президентим” деб ёзиб қўйилган.
— Президентимиз — энг катта фахримиз, — деди Расул Тўраев. — Президентга бўлган ихлос ва эҳтиром — бу Ватанимизга, Янги Ўзбекистонимизга бўлган чексиз муҳаббат тимсолидир.
Аудиториялардан бирига кирдик. Биринчи босқич талабалари илк сабоқларини олмоқда. Ўқитувчи кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаб, талабалик бахтига мушарраф бўлган Карамхон Туроповани суҳбатга тортди.
— Ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қиляпман. Бор-йўғи бир ҳафта ичида университет муҳитига мослашиб олдик, — деди Карамхон Туропова. — Бу ердаги имкониятлар биз кутгандан ҳам яхши экан. Барча фанларни “аъло” баҳоларга ўзлаштиришга аҳд қилганман.
Кейинги манзилимиз Ахборот-ресурс маркази бўлди.
— Марказимиз фонди 6 минг 552 номдаги 39 минг 46 нусха адабиётдан иборат, — деди кутубхона ходимаси Сурайё Саманова. — Шундан 4 минг 95 номдаги илмий ва ўқув адабиётлари тўлиқ рақамлаштирилган. Ахборот-ресурс марказимиз дунёнинг кучли 300 талик (“Топ-300”) рўйхатига кирувчи нуфузли олий таълим муассасалари кутубхона тизими билан интеграция қилинган. Талабалар, педагоглар ва тадқиқотчилар ушбу базадаги электрон китобларни юклаб олиб, уларни олтита тилга таржима қилган ҳолда мутолаа қилишлари мумкин. Жами китобхонларимиз сони 6 минг 128 нафарни, кунлик қатнов эса ўртача 265 нафарни ташкил этмоқда.
Яширмайман, марказда “Hurriyat” мустақил газетаси тахламларини кўриб хурсанд бўлдик.
Университетдаги яна бир муҳим жиҳат — барча жабҳаларда рақамлаштириш жараёнларига алоҳида устуворлик берилаётганидир.
Олий ўқув даргоҳида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида университет ахборот хизмати бизга батафсил маълумотларни тақдим этди. Қуйида улардан бир қанчасини эътиборингизга ҳавола этсак.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети минтақадаги етакчи олий таълим муассасаларидан биридир. Мазкур даргоҳда таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолиятни кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, талабаларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда инфратузилмани замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда даргоҳда 6 та факультет ва 20 та кафедра фаолият юритиб, 55 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 21 та магистратура мутахассислиги бўйича 10 223 нафар талаба таҳсил олмоқда. Асосий штатдаги 335 нафар профессор-ўқитувчининг 140 нафари илмий даражага эга бўлиб, университетнинг умумий илмий салоҳияти 42,5 фоизни ташкил этади.
2025 йилда профессор-ўқитувчилар томонидан 45 та дарслик, 85 та ўқув қўлланма ҳамда 91 та услубий қўлланма тайёрланди. 61 нафар педагог малака ошириш ва илмий стажировка ўташ учун хорижий давлатларга юборилди, 33 нафар хорижлик мутахассис эса бевосита ўқув жараёнига жалб этилди.
Талабалар билимини баҳолаш жараёнлари амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида шаффоф ташкил этилган. Профессор-ўқитувчилар учун баҳолаш тизими ҳамда янги ўқув-меъёрий стандартлар юзасидан мунтазам ўқув-семинарлари ўтказиб келинмоқда.
Ўтган йили университетда илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, 24 нафар тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчи диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илмий нашрлар борасида “Scopus” базасига кирувчи журналларда 40 та мақола, ОАК рўйхатига олинган нашрларда 554 та мақола ва 45 та монография чоп этилди. Шунингдек, интеллектуал мулк бўйича 200 та муаллифлик гувоҳномаси ҳамда 20 та ихтиро патенти олинди.
Ёш олим ва тадқиқотчиларни рағбатлантиришга қаратилган эътибор натижасида 16 нафар ёш мутахассис “Академик ҳаракатчанлик” дастури ғолибига айланди. Мазкур йўналишга 1 миллиард 173 миллион 849 минг сўм маблағ йўналтирилди.
Жорий 2026 йилда дорилфунун илмий салоҳият кўрсаткичини 55 фоизга етказиш, 35 нафар тадқиқотчининг диссертация ҳимоясини таъминлаш, илмий нашрлар кўламини кенгайтирган ҳолда 60 та янги монография нашр этиш, 250 та муаллифлик гувоҳномаси ва 5 та патент олишдек мақсадли вазифалар белгиланган. Шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Академик ҳаракатчанлик” дастуридаги иштирок кўламини икки баробарга ошириш, 178 нафар докторантни турли грант танловларига жалб қилиш, 50 та стартап лойиҳа тайёрлаб, университетнинг ўз маблағлари ҳисобидан жами 50 миллион сўмлик кичик стартап ташаббусларини молиялаштириш кўзда тутилмоқда.
Илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга интеграция қилиш мақсадида 2025 йилда 232 та хўжалик шартномаси тузилиб, 641 миллион сўм маблағ жалб қилинган эди. 2026 йилда эса шартномалар сонини 340 тага етказиш ва улар асосида бир миллиард сўмлик молиявий манбаларни йўналтириш мўлжалланган.
Муассасанинг халқаро алоқалар географияси кенгайиб, ҳозирда жаҳондаги 27 та хорижий давлат билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Хорижий университетлар ва илмий марказлар билан қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ҳамда академик мобиллик лойиҳалари изчил давом эттирилмоқда. Россия, Хитой, Беларусь, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларнинг етакчи университетлари билан алоқалар кучайтирилиб, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тажриба алмашинуви таъминланмоқда.
Ўтган ўқув йилида 102 нафар талаба академик мобиллик, ёзги ва қишки мактаблар ҳамда ишлаб чиқариш амалиёти дастурлари орқали чет элга юборилди. Университет “Хитой — Марказий Осиё энергетика инновацион альянси” ҳамда кўп томонлама “Ипак йўли” архитектура ва технология университетлари халқаро альянсига тўлақонли аъзо бўлди. Бу эътироф университетнинг глобал таълим майдонидаги нуфузини мустаҳкамлаш билан бирга, талабаларнинг дунёдаги етакчи компанияларда амалий тажриба орттиришларига кенг йўл очди.
Таълим экспортини ошириш борасида чет эллик талабаларни қабул қилиш, қўшма диплом дастурларини йўлга қўйиш ишлари фаоллаштирилмоқда. Шу йилнинг декабрь ойида “Кончилик иши” ҳамда “Йўл муҳандислиги” таълим йўналишлари Германиянинг нуфузли “ASIIN” агентлиги орқали халқаро аккредитациядан ўтказилиши режалаштирилган.
2025-2026 ўқув йилида “career.edu.uz” электрон платформаси орқали 904 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорлик шартномалари тузилиб, 3 883 нафар талабанинг малакавий амалиёти тўлиқ рақамли тизимда ташкил қилинди. “Келажакка қадам” дастури доирасида эса 4 та ташкилот билан келишувга эришилиб, 6 нафар иқтидорли талаба бир ойлик ҳақ тўланадиган амалиётга йўналтирилди. Сўнгги икки ўқув йилида 246 нафар битирувчи 5,8 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Шунингдек, 18 та кафедра филиали негизида “4+2” дуал таълим тизими жорий этилиб, унга 598 нафар талаба қамраб олинди.
Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида шу йилнинг ўзида 12 дан ортиқ йирик лойиҳа доирасида 650 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Хусусан, “Энг фаол йил талабаси”, “Интеллектуал олимпиада”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Заковат лигаси” каби маърифий танловлар ҳамда спорт йўналишида “Ректор кубоги”, “Талабалар лигаси”, “Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси” ва “Student party” лойиҳалари юксак савияда ўтказилди.
2026 йил давомида уюштирилган турли танловларга 4 225 нафардан ортиқ талаба жалб этилиб, улар орасидан ғолиб бўлган 352 нафар йигит-қиз пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ёшларнинг театр ва музейларга ташрифлари, “Талабалар оқшоми” концертлари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган очиқ мулоқотлар, “Маърифат улашиб” тадбирлари ва “Миллий қадриятлар сайли” каби ташаббуслар жараёнларга янгича мазмун бағишлади. Талабаларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган “Чағониён” театр студияси, “Лидер талабалар”, “Китобхон ёшлар”, “Заковат”, “Мушоира” клублари ҳамда “Мусиқа ва рақс” ансамбли мунтазам фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилда университетнинг 11 нафар талабаси спорт турлари бўйича мамлакат чемпионатларида совринли ўринларни эгаллади: 3 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медали қўлга киритилди. Шунингдек, 1 нафар иқтидорли талаба қиз Зулфия номидаги давлат мукофотининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика босқичига йўлланма олди. “Талабалар лигаси”, “Беш ташаббус” ва “Талаба, югур” спорт лойиҳалари эса минглаб ёшларни ўз атрофида жипслаштирди. Бугунги кунда университетда 5 та оммавий спорт тўгараги мунтазам ишлаб турибди.
Ҳозирда олий ўқув юрти ихтиёрида 818 ўринли 2 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларда барча маиший қулайликлар яратилган. Давлат-хусусий шериклик асосида қиймати 32 миллиард сўм бўлган, 400 ўринга мўлжалланган янги замонавий ётоқхона биноси қурилмоқда. Умумий майдони 2 600 квадрат метр бўлган ушбу бинода 110 та барча қулайликларга эга яшаш хонаси бўлади.
Моддий-техник базани модернизация қилиш доирасида қиймати 1,5 миллиард сўмлик замонавий лаборатория биноси фойдаланишга топширилди. Бюджет маблағлари ҳисобидан 7 миллиард 836 миллион сўмлик ўқув-лаборатория ускуналари харид қилиниб, ўқув жараёнига татбиқ этилди. Талабалар учун қиймати 786 миллион сўмлик янги стадион барпо этилди, бундан ташқари, кампус ҳудудида яна бир замонавий ёпиқ спорт мажмуаси қад ростламоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил майдонларни кенгайтириш ишлари ҳам эътибор марказида. 2025 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 14 450 туп мевали ва манзарали кўчат ўтқазилди. Ангор туманида 9 500 дона кўчат экилиб, уларни суғоришда сув тежовчи томчилатиш тизими ўрнатилди. Денов туманидаги Ҳазорбоғ агротехнологиялар техникумига қарашли тажриба майдонида эса 500 дона лимон, 10 000 туп арча ва 30 000 тупдан ортиқ бошқа турдаги ниҳоллар парвариш қилинмоқда. Университетнинг ўз тажриба даласида лимон ва банан етиштиришга ихтисослашган янги иссиқхоналар ташкил қилинди.
Энергия тежамкорлигини ошириш мақсадида олий ўқув юрти биноларининг том қисмига жами 423,5 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр панеллари ўрнатилди.
2026 йилда университет жамоаси ўз олдига қуйидаги устувор вазифаларни режалаштириб олган:
– илмий салоҳиятни 55 фоизга етказиш;
– нуфузли халқаро журналлардаги нашрлар, монографиялар, муаллифлик гувоҳномалари ва ихтиро патентлари салмоғини ошириш;
– тадқиқот натижалари ва илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш тармоқларига кенг жорий этиш;
– халқаро ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурлари ҳамда академик мобилликни ривожлантириш;
– хорижий талабалар қамровини ошириш орқали таълим экспорти ҳажмини кенгайтириш;
– “Кончилик иши” ва “Йўл муҳандислиги” таълим йўналишлари бўйича халқаро аккредитация сертификатларини қўлга киритиш;
– талабаларнинг сифатли амалиёт ўташини ташкил этиш, дуал таълим қамровини кенгайтириш ва битирувчиларнинг бандлигини кафолатли таъминлаш;
– маънавий-маърифий ва интеллектуал тадбирларни кўпайтириш, китобхонлик маданиятини ошириш, театр ҳамда тарихий масканларга ташрифларни янада жадаллаштириш;
– 400 ўринли талабалар турар жойи ҳамда замонавий спорт мажмуаси қурилишини муддатида якунлаш;
– кампусни экологик жиҳатдан “Яшил университет” тамойиллари асосида тараққий эттириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада ошириш.
Университет фаолияти билан танишиш бесамар кетмади. Ушбу олий таълим даргоҳида таҳсил олаётган талабалар билан суҳбатлашиб, беихтиёр ёшликка қайтгандек бўлдик. Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида таълим сифатини ошириш, илмий-инновацион фаолиятни кучайтириш, талаба-ёшлар учун замонавий имкониятлар яратиш ҳамда муассаса инфратузилмасини комплекс ривожлантириш йўлидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар билан танишиб, катта таассурот ва бир олам қувонч билан ортга қайтдик.
Яна бир гап. Университет ректори, профессор Расул Тўраев ўз соҳасининг фидойи кишиси. Унинг ҳар кунги ўйи, хаёли, мақсади-ю маслаги бугун таълим-тарбия олаётган талаба-ёшларнинг эртага муносиб кадрлар бўлиб эришишига қаратилган. Бундай эзгу ният билан яшаб, меҳнат қилишнинг ўзи бахт.
Зеро, бугунги илдам қадамлар университетнинг юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрларни тайёрлашдек шарафли мақсадга хизмат қилаётганидан далолат бермоқда.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
