Халқлар дўстлиги — бирлигимиз ва юксалишимиз гарови
Ҳар йили 30 июлда мамлакатимизда алоҳида кўтаринки руҳ ва самимият билан нишонланадиган Халқлар дўстлиги куни жамиятимизнинг энг бебаҳо бойлиги бўлмиш миллатлараро тотувлик, дину эътиқодлар ўртасидаги ҳурмат ва ҳамжиҳатликка янада чуқур эътибор қаратиш имконини беради.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек: “Турли миллатга мансуб юртдошларимиз орасида ўнлаб депутат ва сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, бизнес вакиллари муносиб фаолият кўрсатаётгани, уларнинг 2 минг нафарга яқини Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани мамлакатимизда ҳукм сураётган ижтимоий тенглик, адолат ва инклюзивликнинг амалий намунаси, десак, тўғри бўлади”.
Ушбу фикр юртимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик нафақат маънавий қадрият, балки амалдаги ҳаётий ҳақиқат эканини яққол намоён этади. Эслатиб ўтиш жоизки, мазкур сана 2021 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилинган эди. Шу тариқа жаҳон миқёсида Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланадиган 30 июль республикамизда ўзига хос миллий байрам мақомини олди.
Ўзбекистон замини қадим-қадимдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани боис, турли цивилизациялар, маданиятлар ва миллатлар туташган макон бўлиб келган. Асрлар давомида бу тупроқда яшаган турли халқлар бир оила фарзандидек тотувликда, бир-бирининг урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда умргузаронлик қилган.
Бугунги кунда ана шу бебаҳо тарихий мерос замонавий Ўзбекистоннинг бош тамойили — миллатлараро тотувлик сиёсатининг мустаҳкам пойдеворига айланган. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ўз табригида яна бир бор бутун халқимизни чин қалбдан муборакбод этиб, кўп миллатли жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатликнинг мамлакатимиз учун нақадар бебаҳо аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Умуммиллий бирдамлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили сифатида алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб, мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани юксак қадрланди. Кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли модели яратилгани таъкидланиб, бу борада қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.
Мамлакатимиз раҳбари илгари сураётган инсонпарвар ғоялар замирида халқимизнинг мустаҳкам бирлиги, тинч-осойишта ҳаёти ва фаровон келажаги мужассам. Президентимиз ўз чиқишларида халқимизни доимо ҳамжиҳатликка, бунёдкорлик ва эзгу ишларга даъват этиб, мамлакат тараққиётининг асосий омили сифатида жамият бирлигини белгилаб келмоқда. Бу борадаги энг ёрқин тамойил — “Ўзбекистон — умумий уйимиз” деган улуғвор ғоядир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида қайд этилганидек, “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”.
Айни шу конституциявий норманинг амалдаги ёрқин ифодасини давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 март куни Наврўз байрами муносабати билан сўзлаган нутқида ҳам кўриш мумкин. Тадбирда Юртбошимиз: “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!” — дея, ҳар бир юртдошимизни миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, умумий мақсад йўлида бирлашиб, бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшишга чақирди.
Президентимизнинг бу борадаги фикрлари ғоят теран ва тарихий аҳамиятга эгадир. Жумладан, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида давлатимиз раҳбари: “Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда. Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик — бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир”, — деб алоҳида таъкидлади. Мазкур ҳаётий ҳақиқатлар бугунги конференция мавзуси нақадар долзарб ва мамлакатимиз келажаги учун нечоғлиқ муҳим эканини яна бир бор исботлайди.
Ушбу даъватлар бугунги кунда нафақат ички сиёсатда, балки халқаро майдонда ҳам ўзининг муносиб эътирофини топмоқда.
Хусусан, 2022 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” бу йўналишдаги тарихий қадам бўлди. Ташаббуснинг бош мақсади давлатлар ва халқларнинг бугунги куни ҳамда истиқболи учун умумий масъулиятни чуқур англаш, очиқ ва конструктив мулоқотга тайёр барча томонларни глобал ҳамкорликка кенг жалб этишдан иборат.
Янги Ўзбекистонда миллий бирлик ва бағрикенглик сиёсатининг навбатдаги мантиқий давоми сифатида 2025 йил февраль ойида Президент томонидан “Виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси” тасдиқланди. Мазкур тарихий ҳужжат кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакатимизда демократия, эркинлик, ижтимоий адолат ҳамда ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган барқарор ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Юртбошимиз ташаббусининг амалий ифодаларидан яна бири — ҳудудларда “Умуммиллий бирдамлик боғлари”нинг ташкил этилишидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 апрелдаги қарори билан 2025-2030 йилларда мамлакат бўйлаб истироҳат боғларини босқичма-босқич барпо этиш дастури тасдиқланган. Ушбу боғлар аҳоли, айниқса, болалар ва ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришига хизмат қилиш билан бирга, уларни миллий қадриятлар, ватанпарварлик ва бағрикенглик руҳида тарбияловчи муҳим масканларга айланмоқда.
“Умуммиллий бирдамлик” тушунчаси бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг таянч ғояларидан бирига айланди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам халқ хизматидаги давлат бошқарувини йўлга қўйиш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Зеро, кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятда барқарор тараққиётга фақат ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатлик орқали эришиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, бугунги конференция мавзуси нафақат долзарб, балки давлатимиз истиқболи учун стратегик аҳамият касб этади.
Умуммиллий бирдамликнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жамиятни жипслаштириш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада, энг аввало, 2023 йилда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда давлат қурилишининг стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат барпо этиш экани мустаҳкамланди; ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари конституциявий мақомга кўтарилди. Шунингдек, илк бор фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, улар мустақил конституциявий институт сифатида эътироф этилди. Бош қомусимизда давлатнинг барча халқлар тили, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш мажбурияти қатъий белгилаб қўйилди.
Бугунги кунга қадар соҳага оид 40 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ирқий ва миллий камситишга қарши ҳуқуқий кафолатлар сезиларли даражада кучайтирилди.
Маълумки, 2026 йилнинг январь-февраль ойларида мустақиллик йилларидаги илк тўлиқ ва рақамлаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбири амалга оширилди. Мазкур жараён 1989 йилдан буён — яъни сўнгги 37 йил ичида — ўтказилган аҳолини биринчи рақамли рўйхатга олиш бўлиб, унинг дастлабки натижаларига кўра, мамлакатимиз аҳолиси илк бор 39 миллион нафардан ошди. Бу мустақиллик йилларида аҳоли сони деярли икки бараварга кўпайганини кўрсатади. Аҳолининг этник таркиби эса юртимиздаги кўп миллатлилик муҳитининг ўзига хос кўринишини намоён этади: бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тотув, аҳил яшаб, биргаликда меҳнат қилмоқда. Хусусан, аҳолининг 89,4 фоизини ўзбеклар, 3,3 фоизини тожиклар, 2,2 фоизини қорақалпоқлар, 1,8 фоизини қозоқлар, 1,6 фоизини руслар, 0,6 фоизини қирғизлар, 0,5 фоизини туркманлар ва 0,8 фоизини бошқа миллат вакиллари ташкил этади.
Ушбу рақамлар ортида ҳар бир инсоннинг ўз тили, маданияти ва анъаналарини эркин асраб-авайлаш ҳуқуқи кафолатлангани мужассамдир.
Умуммиллий бирдамликнинг институционал механизмлари
Мамлакатимизда миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилувчи институционал инфратузилма кўлами ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда.
2025 йилда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси қайта ташкил этилди, шунингдек, “Ватандошлар” жамоат фонди таъсис қилинди. 2024 йилда меҳнат миграциясини тартибга солувчи, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳамда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Миграция агентлиги фаолияти қайтадан йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги мавжуд кенгашлар “Умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоат кенгашлари” сифатида қайта номланиб, улар миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда маслаҳат органи вазифасини бажариб келмоқда.
Бундан ташқари, барча ҳудудларда ташкил этилган “Дўстлик уйлари” миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Умуммиллий бирдамлик: таълим ва тарбия
Бугунги кунда Ўзбекистонда 157 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда ва улар хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. Телерадиоэшиттиришлар 12 та тилда, матбуот нашрлари 14 та тилда олиб борилмоқда, умумтаълим мактабларида эса ўқитиш 7 та тилда йўлга қўйилган. “Келажак соати” таълим ташаббуси доирасидаги ҳафталик машғулотлар билан 11,8 миллион ўқувчи қамраб олинди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламларга қаратилаётган эътибор ҳам изчил кучайтирилмоқда: 16 минг 317 нафар лўли миллатига мансуб болалар мажбурий таълимга жалб этилди, юртимиздан бошпана топган 157 нафар афғонистонлик фуқарога касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашда кўмак берилди, 42 нафар фаластинлик бола эса таълим тизимига тўлиқ интеграция қилинди. Ҳозирги вақтда давлат хизматида 35 та миллатга мансуб қарийб 5 минг нафар кадр фаолият юритмоқда, парламент депутатларининг 12,7 фоизи эса нотитул миллат вакилларидир.
Умуммиллий бирдамлик ва фуқаролик жамияти институтлари
Алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқаролик жамияти институтлари умуммиллий бирдамликни мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларнинг энг яқин ҳамкорига айланди. Мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилоти эркин фаолият кўрсатмоқда. Уларда 70 мингга яқин фуқаро меҳнат қилмоқда. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида 652 та, ёшлар соҳасида 650 та, ҳуқуқий-демократик институтларни ривожлантириш йўналишида 839 та, маданият, тарих ва маърифат соҳасида 564 та ННТ фаолият олиб бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирлар ўтказишида адлия органларидан рухсат олиш тартиби бекор қилиниб, хабарнома тизими жорий этилгани ҳамда уларнинг ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларидаги 350 та банд ижросида бевосита иштирок этаётгани — фуқаролик жамиятига кўрсатилаётган юксак ишончнинг амалий тасдиғидир.
Умуммиллий бирдамлик: мониторинг ва баҳолаш асослари
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ мазкур жараёнларда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари доирасида тайёрланадиган даврий маърузалар ҳамда миллий ҳаракатлар режалари лойиҳаларини ишлаб чиқишга жамоатчилик вакиллари фаол жалб этилмоқда. Бугунги кунга қадар БМТнинг тегишли кенгашлари ва шартномавий қўмиталарига 50 дан ортиқ миллий маъруза тақдим этилди, уларнинг тавсиялари асосида эса 7 та миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биргина 2024-2026 йилларда марказ фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда 15 та тадбир, жумладан, БМТнинг бир қатор конвенциялари ижроси юзасидан мустақил мониторингларни ташкил этди.
Умуммиллий бирдамлик ва халқаро ҳамкорлик
Халқаро миқёсда ҳам мамлакатимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари муносиб эътироф этилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Женевада БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессиясида Ўзбекистоннинг 13-14-даврий ҳисоботи кўриб чиқилди. Мазкур ҳисобот 40 дан зиёд давлат органи ва фуқаролик жамияти институтининг бевосита иштирокида тайёрланди.
Қўмита аъзолари Ўзбекистон ҳисоботи юқори касбий маҳорат ва очиқлик руҳида тақдим этилганини эътироф этиб, мамлакатда кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни, хусусан, фуқароларнинг ирқий, миллий ва диний мансублигидан қатъи назар тенг ҳуқуқларини таъминлаш, заиф қатламларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тил, маданият ва таълим соҳасидаги кўпмиллатлилик сиёсатини ижобий баҳолади.
Шунингдек, Қўмита аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси доирасида ва фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишида эришилган натижалар алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар якунида Ўзбекистон учун бир қатор амалий тавсиялар илгари сурилди. Жумладан, аҳолининг барча қатламлари, хусусан, эҳтиёжманд оилалар ва турли миллат вакилларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик принципини мустаҳкамлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида ирқий ва миллий тенглик мавзусидаги таълим-тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Бу эса мамлакатимизнинг БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан очиқ, ишончли ҳамда самарали шерикликка тайёрлигини яққол намоён этади. Ўзбекистоннинг мазкур сессиядаги фаол иштироки халқаро майдонда давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузини ошириб, ислоҳотларни халқаро стандартлар асосида давом эттириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Ҳукумат ва фуқаролик жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари юртда тинчлик, барқарорлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бундай халқаро баҳолар ва тавсиялар эса давлатимизнинг истиқболдаги инсон ҳуқуқлари сиёсатини янада такомиллаштириш учун пухта замин яратади.
Халқаро мажбуриятларнинг ижроси ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида мамлакатимизга бир қатор нуфузли халқаро экспертлар ташриф буюрди. Жумладан, БМТнинг икки нафар бош комиссари, тўрт нафар махсус маърузачиси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари Ўзбекистондаги ислоҳотларни ўрганиб, уларга юқори баҳо берди.
Таъкидлаш керакки, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 169 та вазифасидан 92 фоизи бевосита инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга оширилмоқда.
Бу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдондаги ташаббускор фаолиятини алоҳида кўрсатиб ўтиш ўринлидир. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75-, 76-, 78- ва 80-сессияларида, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштирок этиб, жаҳон минбаридан 100 дан зиёд ташаббусни илгари сурди. Бу ташаббуслар халқаро ва минтақавий хавфсизлик, таълим, маънавият, экология, туризм ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
Мазкур глобал ташаббуслар самараси ўлароқ, ўтган давр мобайнида минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик муҳитини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган қатор салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан шу кунга қадар БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинди ва уларнинг аксарияти Марказий Осиё минтақасига тааллуқлидир. Жорий йилнинг 24 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг қабул қилиниши ҳам ушбу тизимли саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлди.
Ташқи сиёсатдаги ютуқлар билан бир қаторда, миллий ҳамжиҳатлик муҳити жамиятнинг ички ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, сўровда қатнашган респондентларнинг 90 фоизи юртимиздаги миллатлараро муносабатлар ҳолатини ижобий баҳолаган. Жорий йилнинг ўзида 23-30 июль кунлари ўтказилган “Дўстлик” фестивали ва “Бағрикенглик ҳафталиги” каби оммавий тадбирларда 700 мингдан зиёд киши иштирок этиб, маданиятлараро мулоқотни янада жонлантирди.
Эришилган муваффақиятлар билан бир қаторда, очиқ ва конструктив муҳокамага муҳтож бўлган қатор вазифалар ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Хусусан, минтақадаги миграция жараёнлари ҳамда кўчирилган шахсларни жамиятга тўлақонли интеграция қилиш, Оролбўйи минтақасидаги экологик инқирознинг аҳоли турмуш тарзига салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлиги ва малакасини тизимли ошириб бориш талаб этилади.
Бугун жаҳоннинг турли нуқталарида миллий ва диний низолар авж олаётган таҳликали даврда мамлакатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек: “Дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ҳозирги ўта таҳликали шароитда ягона Ўзбекистон ғояси асосида энг катта бойлигимиз — юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, билим-маърифат, касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, инклюзивлик тамойилларини чуқурлаштириш борасидаги ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз”. Бу стратегик вазифалар умуммиллий бирдамлик ғояси рўёбида мустаҳкам таянч вазифасини ўтайди.
Бугунги синовлар ва глобал таҳдидлар шароитида бирдамлик ҳамда аҳиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир. Бу борада буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг асрлар оша ўз қадрини йўқотмай келаётган машҳур байти ёдга тушади:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.
Ҳазрат Навоий башариятни низо ва душманликдан тийилиб, бир-бирига суянч бўлишга, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда умр кечиришга ундайди. Зеро, фақатгина якдил бирдамлик ҳақиқий тараққиёт ва осойишталикни таъминлашга қодир.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик — нафақат аждодлардан мерос қолган улуғ қадрият, балки давлатимизни келажак сари дадил етакловчи стратегик салоҳиятимиздир. Мазкур улкан бойликни асраб-авайлаш ҳамда дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.
Акмал САИДОВ,
академик
