Янги Ўзбекистон таълим тизими: таҳлил ва хулосалар
ёхуд ўқитувчи тайёрлаш, педагогик маҳорат ва ўқитиш услубининг узилмас занжирини мустаҳкамлаш зарурати хусусида
Қишлоқ хўжалигида муваффақиятсиз чиққан тажрибани кейинги мавсумда қайта ўтказиш мумкин. Лабораториядаги синовни ҳам такрорлаш имкони бор. Таълимда эса боланинг бой берилган бир йилини асло ортга қайтариб бўлмайди. Шу сабабли мактаб таълими ва педагог кадрлар тайёрлаш тизими узлуксиз тажрибалар майдонига айланиб қолмаслиги зарур.
Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу — мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўитувчилардир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Бу қиёс таълимда янгиликка ўрин йўқлигини англатмайди. Янгилик зарур, аммо у, энг аввало, аниқ муаммо, илмий гипотеза, чекланган синов майдони ва холис мустақил баҳолашга таяниши керак. Қишлоқ хўжалигида янги нав ёки агротехнология натижа бермаса, тажриба лабораторияда, иссиқхонада ёхуд кейинги мавсумда такрорланади. Мактаб ёшидаги бола эса ўқиган синфига, бой берган йилига ва шахс сифатида шаклланишининг ўша ноёб босқичига қайта олмайди. Миллионлаб ўқувчиларга татбиқ этиладиган ҳар бир дастур, дарслик ва методика ана шу ортга қайтариб бўлмас вақт олдида масъулдир.
Бола ҳаётидаги ҳар бир таълим босқичи кейингиси учун пойдевор вазифасини ўтайди. Бошланғич синфда ўқиб тушуниш кўникмаси шаклланмаса, юқори синфда мураккаб фанларни ўзлаштириш қийинлашади; ўқитувчи болада билиш ва ўрганиш иштиёқини уйғота олмаса, энг замонавий дарслик ҳам кутилган самарани бермайди. Демак, таълимдаги ҳар бир янгиликнинг марказида дастур ёки расмий ҳисоботлардан олдин боланинг камолот манфаати туриши шарт.
Шунинг учун таълимдаги ислоҳотларнинг асл қиймати қабул қилинган ҳужжатлар ёки ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки боланинг билими, дунёқараши ва ҳаётий имкониятларида юз берган ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Таълимдаги маъмурий хатони тузатиш мумкин, аммо боланинг йўқотилган вақтини тиклаб бўлмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу — мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир”, деган чуқур маъноли сўзлари масаланинг моҳиятини яққол очиб беради. Сўнгги йилларда янги мактаб ва боғчалар барпо этилди, минглаб муассасалар янгиланди, таълим қамрови кенгайди, педагоглар меҳнатини рағбатлантириш ва уларнинг касбий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари сезиларли даражада кучайтирилди. “Таълим тўғрисида”ги ва “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунлар, 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур тизим учун мустаҳкам замин яратди. Эндиги ҳал қилувчи вазифа ана шу имкониятларни бевосита синфхонадаги сифатга, ўқитувчи маҳоратига ва ўқувчи камолотига айлантиришдан иборатдир.
Тасарруфдан натижагача
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 28 апрелда Президентимизнинг “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат педагог кадрлар тайёрлашни ягона ёндашув асосида янги сифат босқичига кўтариш, таълим дастурларини халқаро тажриба негизида трансформация қилиш, таълимда узвийликни ҳамда илм-фан билан амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилди. Ўн учта педагогика олийгоҳининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига ўтказилиши олий таълим муассасасини унинг асосий буюртмачиси бўлмиш мактабга яқинлаштириш воситаси сифатида белгиланди. Моҳиятан Фармон шунчаки идоравий тасарруфни алмаштирмади, балки мактаб, олий ўқув юрти ва педагогни ягона натижа занжирига боғлашни кўзлаган стратегик ҳужжат бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш учун мақсад, ҳуқуқий асос ва институционал имкониятлар белгилаб берилди. Эндиликдаги асосий савол шундай: Фармонда белгиланган вазифаларнинг ижро механизми қандай ишлади ва амалий натижа мактаб синфхонасигача етиб бордими?
Ушбу Фармонда мазкур саволга жавоб берадиган механизмлар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган: мактаб дарсликлари ва методик қўлланмаларини олийгоҳ ўқув жараёнига интеграция қилиш, дастурларни мактаб эҳтиёжлари билан мувофиқлаштириш, 3-4-босқич талабалари учун “4+2” амалиётини йўлга қўйиш, “илмий муаммолар банки”ни шакллантириш, тадқиқотларни боғча ва мактаб муаммоларига йўналтириш ҳамда талабалар билимини ташқи диагностикадан ўтказиш. Фармонга кўра, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети қайта ташкил этилди, педагогика институтлари янги тизимга ўтказилди, дуал таълим ва дастурларни янгилаш ишлари бошланди. Булар дастлабки муҳим қадамлар бўлиб, энди уларнинг амалий ва институционал самарасини таъминлаш зарур.
Маълумки, ҳар қандай стратегик ҳужжатнинг тақдири уни ўқийдиган, моҳиятини теран англайдиган ва кундалик қарорларида акс эттирадиган масъул кадрларга бевосита боғлиқ. Ижрочи Фармон бандини навбатдаги расмий топшириқ ёки бир марталик тадбир сифатида қабул қилса, институционал мақсад майда чора-тадбирларга бўлиниб, сочилиб кетади. Уни яхлит натижа занжири сифатида англаган раҳбар эса ҳар бир вазифани ўқув режаси, педагогик амалиёт, битирувчи сифати ва мактабнинг холис баҳоси билан боғлайди. Бу ерда ижродаги муаммолар кўп ҳолларда ресурс етишмовчилиги билан эмас, балки бошқарув тафаккури ва касбий масъулият даражаси билан белгиланади.
Бошқарув тафаккуридаги ана шундай сифат ўзгариши, аввало, ҳисоботлардаги тадбирлар сонидан эришилган реал натижага ўтишни талаб қилади. Таълимга бағишланган халқаро форумлар, илмий-амалий конференциялар, кенгаш йиғилишлари, давра суҳбатлари, хорижий стажировкалар ва қўшма дастурлар кўпаяётгани, албатта, қувонарли. Бироқ улардан қайси методика мактабга кириб борди? Қайси стажировка амалдаги ўқув режасини ижобий томонга ўзгартирди? Қайси илмий мулоқот ёш ўқитувчининг синфдаги биринчи дарсида акс этди? Агар халқаро фаоллик синфхонадаги сифат ўзгаришига айланмас экан, ҳаракат билан натижа ўртасидаги боғловчи механизмларни танқидий қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Муаммонинг асл илдизи ташаббуслар сонида акс этмайди, балки уларни тўғри саралаш, миллий муҳитга мослаштириш ва амалиётчига аниқ методика тарзида етказиб бериш кўникмасига бориб тақалади.
Яна бир муҳим жиҳатни очиқ англашимиз керак: мактабдаги ҳақиқий ўзгариш янги атамалар ёки навбатдаги тақдимотлардан бошланмайди. У ўқитувчининг эрталаб синфга қандай тайёргарлик билан кириши, мавзуни қайси усулда тушунтириши, боланинг тушунмаган нуқтасини қандай аниқлаши ва натижани қай тарзда баҳолашидан бошланади. Демак, ҳар бир халқаро ёки миллий ташаббус олдида “Бу ўқитувчининг кундалик амалиётида нимани ўзгартиради?” деган мажбурий савол кўндаланг туриши керак.
Шу нуқтаи назардан, олий таълим даргоҳи ректорининг иш столига мактабдаги қайси долзарб муаммо мунтазам олиб чиқилаётгани жуда муҳимдир. Кафедра режасида қайси мактаб ёки ўқитилаётган фаннинг аниқ қийинчилиги тадқиқот вазифасига айлантирилди? Мактаб директори педагогика олийгоҳи битирувчисининг касбий сифатига қайси ҳуқуқий ва рақамли тизим орқали баҳо бермоқда? Олий таълим маскани ўқув режаси мактаб дастури билан қай даражада уйғунлашди? Бу саволларга олий таълим даргоҳлари кесимида қиёсий ва даврий жавоб бериб борилсагина, ПФ–73-сон Фармон ижроси расмий жараён ҳисоботидан амалий таъсир ва натижадорлик босқичига ўтади.
Аслида, педагогика олий таълим муассасаларини вазирлик тизимига ўтказиш вазифанинг фақатгина ташкилий-ҳуқуқий қисми эди; Фармондаги механизмларни кундалик бошқарув амалиётига айлантириш эса унинг мазмуний ўзагидир. “Де-юре” бўйсунув ўзгарганидан сўнг, “де-факто” кафедра, таянч мактаб ва иш берувчи ўртасида қандай янги амалий муносабат қарор топгани натижалар орқали кўриниши лозим. Ташкилий яқинлашув мазмунга айланган тақдирдагина тасарруф ўзгаришининг асл самараси намоён бўлади.
Тан олиш керак, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги зиммасидаги бошқарув юкламаси мислсиз даражада улкан эди: 39 мингдан ортиқ давлат, нодавлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилоти, 10 мингдан зиёд умумтаълим мактаби, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, Миллий педагогика университети ҳамда 12 та ҳудудий педагогика олийгоҳи, Абдулла Авлоний номидаги миллий институт ҳамда ҳудудий малака ошириш марказлари ягона бошқарув майдонида фаолият юритди. Тўғри, тасарруфнинг ўзгариши педагогика олий таълим муассасаларини соҳавий буюртмачига яқинлаштирди, мактаб ва боғчаларни доимий амалиёт базасига айлантириш ҳамда илмий тадқиқотларни бевосита амалий муаммолар ечимига йўналтириш учун қулай институционал имконият яратди. Бироқ маъмурий яқинлик аниқ касбий малака талаблари, мустақил баҳолаш ва барқарор қайтар алоқа билан мустаҳкамлангандагина мазмуний интеграцияга айланишини унутмаслик лозим.
Шу боис бу давр натижаларини “ким ютди, ким ютқазди?” деган содда тақсимот билан баҳолаш масала моҳиятини тўлиқ очиб бермайди. Асосий мезон вазирликлар юкламаси ёки тасарруфдаги бинолар сонида эмас, балки давлатнинг умумий манфаати ва тайёрланаётган педагог кадрлар сифати бўлиши лозим. Қайси бўғин мактабга яқинлашди, қайси академик имконият сусайди, қайси йўналишда мувофиқлаштириш кучайди-ю, қаерда бошқарув ритмлари ўртасида тафовут пайдо бўлди — натижалар аудити, аввало, ана шу манзарани холис очиб бериши шарт.
Масаланинг иккинчи муҳим томони — педагогика олий таълим даргоҳларининг ҳуқуқий табиатига кўра, олий таълим муассасаси бўлиб қолишидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 августдаги 489-сон қарорига мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ва мувофиқлаштирувчи ваколатли республика органи ҳисобланади. Унинг академик стандартлар, “HEMIS” ва бошқа рақамли хизматлар, илмий лойиҳалар ҳамда давлат грантлари, академик мобиллик, халқаро ҳамкорлик, олий ўқув юртлари раҳбарлари масъулияти ва битирувчилар бандлигини бирлаштирган яхлит инфратузилмаси республика олий таълимининг умумий қон томиридир. Педагогика ўқув масканларининг мактабга яқинлашуви мазкур умумтизим инфратузилмасидан узилиш ёки масофаланиш ҳисобига амалга ошмаслиги лозим.
Кейинги даврда республика олий таълим тизимида натижадорликка йўналтирилган механизмлар сезиларли даражада кучайди. Жумладан, “Келажакка қадам” дастури ва “career.edu.uz” платформаси битирувчини иш берувчи ҳамда бўш иш ўринлари билан тўғридан-тўғри боғламоқда; тармоқ буюртмаси, иш берувчилар иштирокидаги баҳолаш, индивидуал касбий модуллар ва амалий тайёргарликнинг аҳамияти ошиб бормоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2025 йил 8 август куни олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда олий таълим масканлари фаолиятини рейтинг баҳолашнинг мутлақо янги мезонлари белгилаб берилди.
Унга мувофиқ, олий таълим ўқув юртларига:
битирувчилар бандлиги учун — 40 балл,
тармоқ буюртмаси асосидаги илмий тадқиқотлар ва уларнинг маҳсулотини тижоратлаштириш натижаси учун — 30 балл,
илмий салоҳият ҳамда нуфузли халқаро журналлардаги нашрлар учун — 20 балл,
маҳаллий ва хорижий грантларни жалб этганлик учун — 10 баллгача берилиши, молиялаштириш эса бевосита тўпланган натижага боғланиши белгиланди.
Бу ёндашув ректор масъулиятини ўтказилган тадбирлар кўлами билан эмас, балки битирувчининг тақдири, илм-фаннинг тармоққа берган аниқ нафи ва олийгоҳнинг реал кўрсаткичлари орқали баҳолашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Шундай шароитда педагогика олийгоҳларининг ҳам бандлик, рақамлаштириш, илмий грантлар ва академик ривожланиш бўйича умумий жараёнлардан ортда қолмасдан ҳаракат қилиши талаб этилади.
Президентимиз белгилаб берган мазкур натижадорлик модели педагогика олийгоҳларининг бошқарув мақомига ҳам аниқ мезонлар асосида ёндашишни тақозо қилади. Агар барча олий таълим муассасалари ягона кўрсаткичлар (бандлик, илмий маҳсулот, салоҳият ва грантлар) бўйича баҳоланса, педагогика олийгоҳларининг ушбу натижаларни таъминловчи ягона академик ва рақамли инфратузилмадан чеккада бўлиши бошқарув мантиғига тўлиқ мос келмайди. Шу нуқтаи назардан, уларнинг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ягона академик бошқарув тизимида фаолият юритиши институционал жиҳатдан мақбул ечим сифатида намоён бўлади.
Бундай тизим ягона таълим стандартлари ва сифат талабларини жорий этиш, рақамли маълумотларни ягона платформада интеграция қилиш, битирувчилар бандлиги ва раҳбарлар масъулиятини тенг мезонларда баҳолаш, илмий грантлар ҳамда тадқиқот базасидан кенг фойдаланиш, академик мобиллик ва халқаро аккредитация имкониятларини оширишга хизмат қилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса тармоқ буюртмачиси, амалиёт базасини таъминловчи стратегик ҳамкор ҳамда тайёрланаётган кадрлар сифатининг холис баҳоловчиси сифатида янада кучли мавқега эга бўлади. Энг муҳими, педагогик таълим умумий олий таълим тараққиётидан ажралиб қолган тармоққа айланмай, мактаб эҳтиёжи билан умуммиллий академик ривожланишни боғловчи мустаҳкам кўприкка айланади.
Ушбу бошқарув ечимининг самараси педагогика олийгоҳини мактабдан йироқлаштирмаган ҳолда икки вазирлик ваколатини ягона натижа занжирига боғлашда намоён бўлади:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги асосий буюртмачи ва иш берувчи сифатида ҳудудлар ҳамда фанлар кесимида қанча ва қандай мутахассис зарурлигини белгилайди, миллий касбий профиль ва таянч компетенцияларни шакллантиради, олийгоҳ дастурларининг мактаб дарсликлари билан мазмуний уйғунлигига нисбатан талаб қўяди, амалиёт базасини яратади ҳамда ёш педагогнинг дастлабки иш фаолияти натижалари бўйича олийгоҳга расмий хулоса беради.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса мазкур давлат буюртмасини академик стандарт, ўқув режаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, илмий-методик таъминот, рақамли мониторинг ва олийгоҳ раҳбариятининг шахсий масъулиятига айлантиради.
Бу ерда биринчи тузилма кадрга бўлган реал эҳтиёжни белгилайди, иккинчиси уни сифатли тайёрлаш учун жавоб беради, мактаб эса олинган натижани амалиётда кўрсатади ва баҳолайди.
Бундай ваколатлар мувозанатининг муваффақиятли намунасини Сингапур тажрибасида кўриш мумкин. У ерда Миллий таълим институти (“National Institute of Education”) Наньянг технология университети таркибидаги автоном тузилма ҳамда мамлакатнинг бош педагог кадрлар тайёрлаш маркази сифатида илмий тадқиқот университетининг бой академик муҳитида ривожланмоқда. Таълим вазирлиги эса педагогларга бўлган эҳтиёжни белгилайди, номзодларни саралаш, мактабдаги дастлабки амалиёт ва келгуси бандликни таъминлашда етакчи роль ўйнайди; ўқув дастурлари эса институт, вазирлик ва мактабларнинг уч томонлама узвий ҳамкорлигида мунтазам янгилаб борилади.
Демак, Сингапур тажрибасининг асосий хулосаси тайёр моделни шунчаки кўчириб олишда эмас, балки академик ривожланиш, тармоқ буюртмаси, мактаб амалиёти ва якуний натижа учун жавобгарликни аниқ тақсимлай олганидадир. Буюртмачи ва кадр тайёрловчи ўртасидаги ана шундай соғлом институционал муносабат талабчан мулоқот, холис баҳолаш ва таъсирчан қайта алоқа учун зарур муҳит яратади.
Аммо Халқаро “TOP-300”, “TOP-500” ёки “TOP-1000” олийгоҳларининг илғор дастурлари ва тажрибаси кўр-кўрона кўчириладиган тайёр қолип бўлиб қолмайди, балки пухта илмий-методик манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Уларнинг ҳар бир элементи миллий хусусиятларимиз, бола психологияси ва мактабнинг реал талабларига мослаштирилиб, таянч таълим муассасаларида тажриба-синов ва мустақил баҳолашдан ўтганидан кейингина кенг миқёсда амалиётга киритилиши зарур.
Тажриба-синов жараёнлари ҳам шунчаки номигагина ўтказиладиган қисқа муддатли синов бўлиб қолмаслиги шарт. Бир ўқув йили дастурнинг дастлабки камчиликларини юзага чиқарса, тўрт йиллик тўлиқ талабалар цикли унинг кадрлар тайёрлашдаги асл самарасини кўрсатади; ундан кейинги мониторинг эса ўзгаришларнинг мактабда қанчалик барқарор сақланиб қолаётганини аниқлайди. Турли ҳудудлар, тил муҳити ва мактаб турларини тўлиқ қамраб олиб, холис мустақил баҳолаш ўтказилгандан сўнггина янги моделларни республика миқёсида оммалаштириш давлатчилик эҳтиёткорлиги талабларига мос тушади.
Ўқув дастурларига сингдирилган миллий руҳ, рақамли компетенциялар ва замонавий методикаларнинг асл натижаси битирувчи мактабга бориб, ўқувчи билан юзма-юз ишлай бошлаганидагина тўлиқ намоён бўлади. Агар олийгоҳ билан мактаб ўртасидаги алоқа диплом топширилган куни узилса, тизим ўзи тайёрлаган мутахассиснинг кейинги тақдири ва касбий маҳоратидан бехабар қолади. Ёш ўқитувчининг дастлабки уч йиллик фаолияти тажрибали мураббийлар кўмаги ва олийгоҳ билан мунтазам алоқа асосида кечиши, унинг кучли ҳамда ривожлантирилиши зарур бўлган жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар эса олийгоҳ дастурларига қайта киритилиши лозим. Ана шундагина мактаб педагог тайёрлаш мазмунини белгиловчи асосий буюртмачи, амалий ҳамкор ва холис баҳоловчига айланади; олийгоҳ эса диплом топширилгандан кейин ҳам ўз битирувчисининг касбий камолоти учун маънавий-академик масъулиятни сақлаб қолади.
Узлуксиз занжир сари
Ушбу таҳлиллардан келиб чиқиб, педагогика олий таълим масканларини умумий олий таълим тараққиёти суръатида сақлаш, мактаб буюртмаси билан натижа асосида боғлаш ва бўлажак ўқитувчини замонавий таълим талабларига тўлиқ тайёр ҳолда етиштириш учун, бизнингча, қуйидаги устувор вазифаларга эътибор қаратиш лозим:
- Педагогика олий ўқув юртларининг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги доирасидаги ягона академик бошқарув, рақамлаштириш, илм-фан, бандлик мониторинги ва ҳисобдорлик контурида фаолият юритишини мустаҳкамлаш. Бунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан расмий “натижа шартномаси” имзоланиб, унда кадрлар эҳтиёжи, битирувчилар компетенциялари, амалиёт сифати, дастлабки йилдаги фаолият кўрсаткичлари ҳамда мактабларнинг қониқиш даражаси бўйича аниқ талаблар белгиланиши шарт. Бундай оқилона тақсимот академик сифатнинг умумтизим стандартларида бўлишини таъминлайди, тармоқ буюртмаси эса олий таълим маскани мактабнинг реал эҳтиёжига узвий боғлаб туради.
- Битирувчининг ягона миллий касбий профилини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги асосий иш берувчи сифатида фан билими, педагогик мазмун, бола психологияси, дарсни лойиҳалаш, форматив баҳолаш, синфни бошқариш, инклюзив таълим ҳамда рақамли ва сунъий интеллект саводхонлиги каби компетенцияларни белгилаб бериши, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса уларни давлат таълим стандартлари, малака талаблари ва ўқув режаларига тўлиқ сингдириши лозим.
- Талабанинг тўрт йиллик узлуксиз касбий маршрутини жорий этиш ва педагогик амалиётни биринчи курсданоқ тизимли йўлга қўйиш. Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доимий клиник амалиёт базасига айланиши, маҳоратли ўқитувчилар мураббий сифатида бириктирилиб, уларнинг меҳнати моддий ва маънавий рағбатлантирилиши лозим. Фаол кузатув, микродарслар, ҳамкорликдаги таълим, мустақил дарс бериш ва касбий портфолио ҳимояси кетма-кетлиги талабанинг реал маҳоратини шакллантиради.
- Ташқи диагностикани битирувчининг касбий салоҳиятини комплекс баҳоловчи мустақил тизимга айлантириш. Назарий тест синовлари билан бир қаторда педагогик кейслар ечими, моделлаштирилган ёки жонли дарс бериш, бола психологияси ва касбий этикага оид қарорлар таҳлили ҳамда тўпланган касбий портфолио холис баҳоланса, дипломнинг асл қиймати ўтилган соатлар сонидан бола билан бевосита ишлаш маҳоратига кўчади.
- Ҳар бир педагогика олий ўқув даргоҳи битирувчисининг дастлабки уч йиллик фаолиятини бандлик мониторинги ва мактаб баҳоси билан узвий боғлаш. Ўз мутахассислиги бўйича ишлаш, касбга мослашув кўрсаткичлари, дарс бериш маҳорати, иш жойида муқим қолиш даражаси ва иш берувчиларнинг тавсифномалари ректор ва тегишли кафедралар фаолиятини, шунингдек, профессор-ўқитувчилар юкламасини баҳолашда ҳал қилувчи мезонлардан бири бўлиши керак.
- Педагогика олий таълим ўчоқларида профессор-ўқитувчиларнинг касб-малака самарадорлигини мактабга кўрсатилган амалий таъсир асосида баҳолаш. Халқаро илмий талаблар сақлаб қолинган ҳолда, илмий изланишларнинг мактаб, боғча ёки педагогика коллежларида синовдан ўтганлиги, ўлчанадиган амалий натижа берганлиги ва ўқув жараёнига жорий этилганлиги асосий баҳолаш мезонига айланиши зарур. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги соҳадаги реал муаммолар асосида мақсадли илмий буюртмаларни шакллантириши, ҳар бир тадқиқот паспортида муаммо илдизи, синов базаси, кутилаётган натижа ва жорий этиш механизми аниқ кўрсатилиши шарт.
- Ўқув режаларини асоссиз ва тез-тез ўзгартиришга чек қўйиб, далилларга асосланган янгилаш тартибини жорий этиш. Амалдаги ўқув дастурлари миллий касбий профиль, мактаб дастурлари ва янги дарсликлар билан солиштирилиб, такрорланишлар ҳамда мазмуний бўшлиқлар бартараф этилиши керак. Таълим мазмунидаги туб ўзгаришлар камида бир тўлиқ талабалар цикли ва тажриба-синов натижаларига асосланиши, янги дастурлар турли ҳудуд ва шароитларда мустақил баҳолангандан кейингина оммалаштирилиши лозим.
- Педагогик таълимни ривожлантириш бўйича республика кенгашини икки вазирлик ваколатларини ягона натижа занжирига бирлаштирувчи амалий майдонга айлантириш. Рақамли ягона бошқарув панелида мактабларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи, олийгоҳ дастурлари, талабалар ўзлаштириши, амалиёт мониторинги, якуний диагностика натижалари, битирувчиларнинг дастлабки фаолияти ва ўқувчиларнинг сифат кўрсаткичлари узлуксиз акс этиб туриши лозим. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — академик сифат ва ривожланиш инфратузилмаси учун, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — кадрлар буюртмаси, амалиёт базаси ва қайта алоқа тизими учун, олийгоҳ эса тайёрланаётган кадрларнинг касбий етуклиги учун аниқ масъулиятни ўз зиммасига олиши керак.
Ушбу вазифалар янги маъмурий тузилмаларни яратишдан кўра, мавжуд институтларнинг имкониятларини ягона миллий мақсадга сафарбар этишни тақозо қилади. Мактаб қандай ўқитувчи зарурлигини белгилайди, олийгоҳ тегишли компетенцияларни шакллантиради, амалиёт уларни ҳаётда синайди, ташқи диагностика тайёргарлик сифатини тасдиқлайди, устоз-шогирдлик тизими ёш педагогни қўллаб-қувватлайди, мактабдан олинган объектив маълумотлар эса таълим дастурларини узлуксиз такомиллаштириб боради. Бу ерда ташкилий тасарруф — шунчаки восита, боланинг таълим ва тарбиясидаги юксак сифат эса бош ва ягона мақсаддир.
Бундай яхлит тизимни тўлиқ йўлга қўйиш учун бугун етарли сиёсий ирода, ҳуқуқий асос ва барча моддий имкониятлар мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини Янги Ўзбекистоннинг инсон капитали, миллий қудрати ва маънавий камолотининг ҳал қилувчи пойдевори сифатида белгилаб бермоқда. Эндиликда яратилган ушбу имкониятларнинг самараси ҳар бир синфхонада, педагог маҳоратида, ўқувчиларнинг билими ва юксак одоб-ахлоқида ўз тасдиғини топиши лозим. Рақамли олам боланинг диққати учун курашаётган ҳозирги даврда қуруқ билимни маънога, маънони ишончга, ишончни эса эзгу амалий ҳаракатга айлантира оладиган устоз ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уни фақат барқарор, амалиётга таянган ва натижаси аниқ ўлчанадиган замонавий педагогик таълим тизимигина камолга етказа олади.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган даъвати бугун янада теран ва ўткир маъно касб этмоқда. Ҳақиқий тарбия бўлажак педагогнинг касбни онгли равишда танлашидан, олий таълимда эгаллаган чуқур билим ва юксак маҳоратидан, бола рўпарасига қандай маънавий ва касбий қиёфада кириб боришидан бошланади. Шу боис педагогика олийгоҳларини умумий олий таълим тараққиёти, мактабнинг қатъий буюртмаси ва болаларимиз келажаги билан бирлаштирувчи узлуксиз занжирни мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистон пойдеворига хизмат қилувчи энг устувор стратегик вазифалардан биридир.
Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом
академияси профессори,
сиёсий фанлар доктори.
