Куз
Шитир-шитир… Катта йўлнинг ҳу-у-ув бошидан учиб келаётган хазонлар нимадир демоқчидай, дераза ойнасига бирин-кетин урилади. Бу овоз кўнгилга яқин, аммо дилни бироз ўртайди…
Кўча оралаб дайдиб юрган телба шамолнинг эса тиними йўқ. Дардини ёймоқчи бўлган заъфарон баргларни ўз ҳолига қўймасдан, улар билан гўё ўйнашмоқчи бўлиб, ҳали у томонга, ҳали бу томонга ирғитади. Яна уларни ҳавода бир муддат муаллақ ушлаб, сабрини синайди. Бу ҳам етмагандай, юксак дарахтларнинг ўша заъфарон парчаларини орзулар осмонига олиб чиқиб, ерга умидсиз улоқтиради. Йўлнинг ўртасида чангга қоришган, шўх шамолнинг измида қолган “сариқ қанотчалар” унга “Бизни дераза қаршисига олиб бор” деб ялингани-ялинган. Уларнинг бу мунгли нидосида умрини яшаган, аммо яшашдан тўймаган, ғамгин нигоҳида тутамгина илинж яширинган бир инсоннинг зилдай изтироби бор.
Аслида, ўша изтироб эвазига олтиндай товланиб, чиройини кўз-кўз қилаётган табиатнинг парвойи палак. У такрор айтадиган биргина муқаддас битик бор: “Бу менинг буюк Қонуним…” Ўйноқи ел сариқ парчаларнинг ғашига тегиб, ғув-ғув қилганча, эски хиргойисини бошлайди: келинг, бунда яшаш абадий, кетинг, яшаш абадий бунда… Хазонлар яна дераза ойнасига урилади: шитир-шитир…
Шу оний лаҳзада кимнингдир қарз гапи айтилади, чимдимгина кулгиси ҳадя этилади, соғинчдан яралган кўз ёши тўкилади, кўксига сиғмаган алами ёрилади, очилиши керак бўлган сири очилади… Дераза ортида такрор шитир-шитир овоз эшитилади. Рашкчи ел олиб кетади умид парчаларини олис-олисларга. Эгасига тортиқ этилмай қолган туҳфалар эса унниқиб, қолиб кетади йўлнинг ўртасида. Охирги йўловчининг ҳорғин қадамидан улар миллион бўлакка бўлинади. Ўша ерда тугайди учиш, изтиробли нидо…
Дераза ойнасидан бори борлиққа айланиб, сассиз тикилиб турган таниш қизнинг сўнгги умиди сўнади. Кўз олдини қоронғилик қоплайди. Энди шўх шамол ҳам тинади бир зумга, гўё қилмишидан пушаймондай, афсусда қолгандай…
…Ҳа, таниш қиз ҳали билмайди дайди ел эртага қучоғида яна бир олам умид парчаларини олиб келишини ва ўша парчалар дераза ойнасига шитир-шитир урилишини…
Зебо ҚУТЛИЕВА.
Навоий вилояти.
