Матбуот қўллаб-қувватланиши керак!
Ҳар йили республика ва маҳаллий босма оммавий ахборот воситаларига обуна мавсуми бошланиши билан мажбурий обунадан сўз очиб, матбуотимизга қарши ҳужум кампанияси бошланади. Маънавият сарчашмалари ҳисобланган газета-журналларга қарата турли таъна-дашномлар ёғдиришга тушиб кетишади.
Иш шу даражага етадики, бирон-бир муҳаррир қайсидир жамоага бориб: “Обуна…” дея гап бошласа, ўша ташкилот раҳбари сапчиб тушади.
Кейинги пайтларда турли сабабларга кўра, газета ва журналларнинг адади ҳамда ўқувчилари сони кескин камайди. Авваллари юз минглаб, ҳатто миллион нусхада чиққан нашрлар адади бугунга келиб атиги 3-4 мингга тушиб қолди. Рентабелли ишлаётган газета ва журналлар саноқли. Кўпгина нашрлар банкротлик ёқасига келиб, фаолиятини тўхтатди. Ҳар йили ўнлаб нашрлар ёпилиб кетаётганини, ойлаб, йиллаб чоп этилмаётганини яхши биламиз.
Майли, балки, бу билан осмон узилиб ерга тушмас: 5-10 минг нафар фидойи, ватанпарвар, истеъдодли журналист ишсиз қолса, ўқувчилар газетасиз қолар. Аммо масаланинг бошқа бир хунук жиҳати борки, уни хаспўшлаш ёки четлаб ўтиш, мавжуд манзарага бефарқ қараш жамият ҳаётига путур етказиш билан баробардир. Биласиз, ғаним бирор мамлакатга ҳужум қилишдан аввал унинг мафкуравий тарғибот тизимини ишдан чиқаришга, халқининг онгини заҳарлашга уринади. Биламиз, Ўзбекистоннинг ҳозирги мустақил сиёсати четдаги аксарият мухолиф кучларнинг ичини куйдиради.
Албатта, Ўзбекистон — ўз ахборот хавфсизлигини таъминлашга қодир мамлакат. Кейинги йилларда журналистика майдонини тарк этган кўплаб лаёқатли, истеъдодли, фидойи, жонкуяр, ватанпарвар, ҳалол ва пок қалбли қаламкашларнинг деярли барчаси мамлакатимизда истиқомат қилади, кўплари ўз ризқини бошқа соҳалардан териб юрибди. Қолаверса, фаолият юритаётган таҳририятларда ҳам миллий журналистикамиздан ҳамон умидини узмаган иқтидорли кадрларнинг “қаймоғи” — моҳир, тажрибали қаламкашлар арзимас маош эвазига бўлса-да, баҳоли қудрат ишлаб юрибди. Вилоятларда туғилиб-ўсган ва қўлидан иш келадиган журналистларнинг яна бир қисми пойтахтимиз Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлардан қўним топган. Ана шу салоҳиятли кадрлардан ташқи ва ички ахборот хуружларига қарши куч сифатида фойдаланишнинг наҳотки имкони бўлмаса?!
Камина ҳали бир неча йиллар муқаддам ташқаридан ва ичкаридан бўлаётган ахборот хуружларига қарши сўзга қарши сўз, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, далилга қарши далил, исботга қарши исбот билан курашиш, шу орқали давлатчилигимиз ва мустақиллигимизни нафақат сақлаб қолиш, балки қалам кучи билан янада мустаҳкамлаш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларимни билдирган эдим. Шу мақсадда тегишли маҳкамалар қошида таъсирчан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борадиган, ҳақ сўзни айта оладиган, махсус ижодий гуруҳларни амалдаги қонунчилик доирасида шакллантириш таклифини илгари сургандим. Фикр-мулоҳазаларим мамнуният билан қабул қилинди.
Фавқулодда катта куч манбаи ҳисобланган ОАВ, хусусан, босма нашрлар ва қалам аҳлининг салоҳиятидан оқилона фойдаланмаслик, ўз нашрларимиз қудратини менсимаслик ёки уларга ишончсиз қараш яхшиликка олиб келмайди.
ОАВни бозор иқтисодиёти тўлқинига шунчаки ташлаб қўйиш, яъни “ўз аравангни ўзинг торт, чўнтагингда пулинг бўлса, газета чиқар, бўлмаса йиғиштир” қабилидаги муносабатни ўзгартириш керак. Шу боисдан ҳам Президентимиз ОАВ соҳасига катта эътибор қаратиш лозимлигини ҳамиша таъкидлаб келмоқда. Лекин айрим вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг муассислигидаги нашрларга эътибор қаратмаётганлиги ачинарлидир.
Давлат бор экан, матбуот тимсолидаги соғлом мафкура ҳам бўлиши шарт. Мафкурасиз жамиятнинг келажаги бўлмайди. Шундай экан, давлатимиз халқ билан ўзи ўртасидаги кўприк ҳисобланган, садоқат синовидан ўтган, мухолиф қарашлардан холи оммавий ахборот воситаларини ва уларда меҳнат қилаётган ижодкорларни моддий-маънавий жиҳатдан ҳимоя қилса, рағбатлантирса, жумладан, обуна тадбирларига кенг йўл очса, “мажбурий обуна” ва “ихтиёрий обуна” деган сунъий тамғаларни айрим мутасаддиларнинг тафаккуридан ҳам, луғатидан ҳам чиқариб ташлаш чорасини кўрса, бунинг нимаси ёмон?
Шуларни эътиборга олганда, халқимизга, давлатимизга, истиқлолимизга хайрихоҳ бўлган ОАВни, жумладан, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар муассислигида чоп этилаётган соҳавий газета ва журналларни барча имкониятлар билан сақлаб қолиш, таҳририятлар ҳамда қалам аҳлининг бой берилган мавқеини тиклаш, уларнинг рақобатбардошлиги ва молиявий яшовчанлигини таъминлаш кечиктириб бўлмас вазифа экани кўриниб турибди. Матбуотда обрў бўлмаса, давлат ва жамиятнинг ҳам нуфузи пасаяди.
Таъкидланганидек, давлат ва жамият матбуотсиз ривожлана олмайди. Халқдан, давлатдан ва жамиятдан ажралиб қолган матбуот эса, шубҳасиз, инқирозга юз тутади. Мен юртимизда ихтиёрий ва мажбурий обуна жараёнларини қаттиқ назорат қилаётган Хоразм вилояти прокуратураси мутасаддиларига юқорида баён этилган ҳолатлар ва таклифларимни етказдим. Аммо бу муаммоларнинг жойида ижобий ҳал бўлишига ишончим камроқ. Негаки, бу масалаларнинг ечими вилоят миқёсида эмас, балки республика даражасида ҳал этилади.
Одамлар тафаккури кўпинча кундалик тирикчилик ва бозор ташвишлари билан банд. Маънавият масалалари эса ҳали биз кутган юксак даражага кўтарилмади. Юксак маънавият кучли иқтисодиёт ва барқарор жамиятнинг пойдевори эканини кўпчилик ҳали теран англаб етганича йўқ. Бунда матбуотнинг суст фаолияти ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда, десак, тўғри бўлади. Агар матбуот ўзининг тарбиявий ва маърифий вазифасини тўлақонли адо эта олганида эди, ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатаётган айрим маънавий бўшлиқлар пайдо бўлмасди.
Босма нашрларнинг инқирози натижасида почта тизими ҳам таназзулга юз тутгани ҳеч кимга сир эмас.
Маълумотларга қараганда, 2000-йиллар бошида “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг биргина Хоразм филиалида 1100 дан зиёд ходим меҳнат қилган бўлса, бугун уларнинг сони 300 нафарга ҳам етмайди. Бугун почтальонлар йўқ ҳисоби. Чунки хонадонларга деярли газета-журнал келмайди. Бу обуначилар сафи кескин қисқариб кетганининг яққол исботидир. Агар газета ва журналларимиз аввалги мавқеини тикласа, почта тармоғи ҳам оёққа турарди: биргина Хоразм вилоятининг ўзида камида 1,5-2 минг киши доимий иш билан таъминланган бўларди.
Шундай экан, давлатимизнинг овози ва халқ билан кўприк бўлган халқимиз севиб мутолаа қиладиган нашрларни сақлаб қолиш ва қўллаб-қувватлаш зарурлигини англаб етадиган вақт келди.
Абдулла СОБИРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган
журналист.
