Рангларда акс этган умид
Музифа Баҳодирова оғриқни рангга, сукутни суратга, умидни орзуга, орзуни эса бахтга айлантираётган ёш рассомдир.
Унинг ҳаётида оғриқ бор. Аммо оғриқдан ҳам кучлироқ бир туйғу бор. Яшашга, ижод қилишга, орзу қилишга бўлган ишонч бор.
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида туғилиб ўсган Музифа бугунги кунда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг бирида таҳсил олмоқда. Унинг қўлида мўйқалам, қалбида эса ранглар билан ифода этишга интилаётган бир олам бор.
Музифанинг оёқларида дард бор. Баъзан оғриқ шу қадар кучаядики, унга чидаш осон эмас. Аммо у оғриққа енгилмайди. У яна мўйқаламини қўлга олади. Яна чизади, чизаверади. Чунки Музифа учун расм шунчаки ранглар уйғунлиги эмас, расм унинг қалбидаги сўзлар, изҳорлардир.
У билан суҳбатлашар эканман, бир нарсага алоҳида эътибор қаратдим. Музифа ўз дарди ҳақида гапиришдан кўра бошқаларнинг дарди ҳақида кўпроқ ўйлайди.
У оғриққа чалинган тенгдошлари, айниқса, саратон билан курашаётган болалар билан кўп бора суҳбатлашган. Уларнинг кўзларидаги хавотирни, қалбидаги қўрқувни, айтилмай қолган орзу-умидларни тинглаган. Баъзан оддий бир суҳбатнинг ўзи инсон қалбида қанчалар катта из қолдиришини ўша учрашувлар орқали ҳис қилган. Кейин эса эшитганларини рангларга айлантирган.
Мўйқалам унинг қўлида гўё суҳбатдошга айланади. Бировнинг дарди, рангда кимнингдир орзуси, тасвирда яна кимнингдир умиди — буларнинг барчаси бир парча матода жонланади.
Музифа оғир касаллик билан курашаётган болаларнинг тақдирини яқиндан кўргач, ўзининг оғриғини ҳам бошқача қабул қила бошлаган…
“Уларнинг дардини эшитиб, баъзан ўз дардимни дард деб ҳисобламайман” деган мазмундаги фикрлари суҳбатимиз давомида қайта-қайта сезилиб турди. Бу гапларда оддий сабр эмас, ҳаётга бўлган катта муҳаббат бор эди.
Музифанинг энг катта кучларидан бири умиддир. У келажак ҳақида гапирганда, кўзларида бошқача бир ёруғлик пайдо бўлади.
Ёш рассом келажакда катта кўргазмалари бўлишини орзу қилади. У чизган суратларига катта баҳодаги буюртмалар тушиши мумкин. Аммо у айрим асарларини келажакдаги кўргазмалари учун асрайди. У ижодий ишларини одамлар томоша қилиб, уларда ўз қалбига яқин ҳис-туйғуларни ҳис этишни истайди. Ҳатто Парижда, Италияда, санъат бағоят қадрланадиган рассомлар орзусига айланган масканларда ҳам ўз ишларини намойиш этишни хаёл қилади. Бу орзулар шунчаки хаёл эмас, Музифа уларга етишиш учун бугундан ҳаракат қиляпти. Унинг яна бир орзуси чизган асарлари муносиб қадрланиб, яхши нархларда сотилса, бу маблағлар унинг соғлиғини тиклашга хизмат қилишини умид қилади. Балки, унинг суратларидаги энг катта куч ҳам шундадир.
Музифа ҳали ёш. Унинг ижод йўли энди бошланмоқда. Олдида ҳали қанча манзиллар, қанча учрашувлар, қанча янги асарлар борлигини ҳеч ким билмайди.
Баъзи инсонлар ҳаётнинг рангларини тайёр ҳолда қабул қилмайди. Улар қоронғи кунларнинг ўзида ҳам мўйқалам олиб, ўз рангини яратади. Музифа ҳам шундай инсонлардан. Унинг суратларида ранглар бор. Аммо уларнинг энг ёрқини умид рангидир.
Биз мақоламиз қаҳрамони Музифа Баҳодированинг келгусидаги ҳаёти, эзгу ўйлари-ю, машаққатли ижоди жамулжам бўлган муштарак олий мақсадларида катта муваффақият, омад тилаймиз.
Фотима МАНСУРОВА.
