Америкада бизнес учун қанча пул беришади?
Бу ерда юрганимда бир саволга жавоб изладим: оддий америкалик бизнес очмоқчи бўлса, банкдан қанча маблағ ва неча фоиз эвазига кредит олиши мумкин? Олинган жавоб мени бироз ўйлантириб қўйди, келинг, хулосаларимни сиз билан ҳам бўлишай.
АҚШда “SBA” (“Small Business Administration”) — Кичик бизнес маъмурияти деб номланган давлат идораси бор. Қизиғи шундаки, мазкур агентлик тадбиркорларга бевосита пул ажратмайди. Маблағни тижорат банки беради, давлат эса банкка: “Агар қарздор тўлай олмаса, қарзнинг 75-85 фоизини мен қоплайман”, — дея кафиллик беради. Яъни давлат тадбиркорнинг ортида ишончли кафил сифатида туради, банк эса шу кафолат борлиги боис кредитни анча паст фоиз ва узоқроқ муддатга тақдим этади.
Энди рақамларга тўхталсак. Асосий дастур “7 (a)” деб аталади: у орқали 5 миллион долларгача кредит олиш мумкин. Йиллик фоиз ставкаси ҳозир 10-13 фоиз атрофида; муддати айланма маблағлар учун 10 йил, бино-иншоотлар хариди учун эса 25 йилгача этиб белгиланган. Бино ёки йирик ускуналар сотиб олиш ниятида бўлганлар учун “504” номли яна бир дастур мавжуд: маблағнинг 10 фоизини тадбиркорнинг ўзи қўяди, қолган қисми 25 йилга йиллик 7-8 фоиз ставка билан молиялаштирилади. Фаолиятини энди бошлаётганлар учун 50 минг долларгача бўлган, йиллик 8-13 фоизлик микрокредитлар ҳам бор. Жорий йилнинг июлидан бошлаб ҳар икки дастурни бирлаштирган ҳолда 10 миллион долларгача маблағ олишга ҳам рухсат берилди.
Бизда эса Марказий банкнинг сентябрь ойидаги маълумотларига кўра, бизнес кредитларининг ўртача ставкаси 22-23 фоизни, микроқарзлар 28 фоизни, айрим банкларда эса 40 фоизни ташкил этмоқда. Албатта, доллар ва сўм шартларини тўғридан-тўғри солиштириб бўлмайди — инфляция даражаси ҳам мутлақо бошқача. Бироқ мени фоизлар нисбатидан ҳам кўра муҳимроқ бир жиҳат ўйлантирди.
АҚШда давлат тадбиркорга нақд пул улашмайди, маблағ айнан кимга ажратилишини ҳам танламайди: у фақат молиявий хатарнинг муайян қисмини ўз зиммасига олади, холос. Кредит кимга берилишини банкнинг ўзи мустақил ҳал қилади, чунки хатарнинг қолган 15-25 фоизи барибир банк масъулиятида қолади. Бизда эса манзара бунинг акси: давлат имтиёзли кредитлар учун марказлашган маблағ ажратади, кейин бу пулни ким олишини тузилган “рўйхат” белгилайди; рўйхатларни, аслида, кимлар тузиши эса сир эмас. Оқибатда пул ажратилади-ю, лекин ҳақиқий муҳтож тадбиркоргача етиб бормайди.
Шуни ҳам очиқ айтиш керак: бу ерда ҳам кредит олиш осон эмас. Тадбиркорнинг кредит тарихи тоза бўлиши, пухта бизнес-режа тақдим этилиши талаб қилинади; шунингдек, компания улушининг 20 фоизидан ортиғига эгалик қилувчи ҳар бир муассис шахсий мол-мулки билан кафил сифатида қатнашади. Асосий фарқ шундаки, бу ерда таниш-билиш эмас, аниқ ҳисоб-китоб ва ҳужжат талаб этилади.
Юртимизда ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолият юритяпти, салмоқли маблағлар йўналтирилмоқда. Агар биз ҳам тайёр пул тарқатиш ўрнига давлат кафиллиги тизимини пухта йўлга қўйганимизда, эҳтимол, банклар ҳам мижозлар билан бутунлай бошқача тилда гаплаша бошлармиди…
Бектош ХАТАМОВ.
Манба: Platforma.uz
