Мактабга ҳоким келди…
Яқинда чекка қишлоқдаги мактабда директор бўлиб ишлайдиган танишим бир воқеани сўзлаб берди:
– Баҳор ойининг ўрталари эди. Одатдагидек хонамда ўтиргандим. Бир пайт ўқитувчилардан бири салом-аликни ҳам унутиб, ҳовлиққанча:
– Директор бобо, тез бўлинг, мактабга ҳоким келди! – деб қолса бўладими!
– Йўғ-э, ҳоким бизнинг мактабда нима қилади? – дея ишонқирамай ташқарига чиқдим. Бояги ўқитувчи мени Гулноза деган муаллима инглиз тилидан дарс ўтаётган синфга бошлаб борди.
Оҳиста эшикни очдим.
Чиндан ҳам туманимиз ҳокими инглиз тилида ўқувчилар билан савол-жавоб қилар, сўнгра рус ва ўзбек тилларида ҳам саволлар берарди.
Хайриятки, ўқувчиларимиз бизни уялтириб қўйишмади, билганларича жавоб беришди. Ҳоким муаллимага раҳмат айтиб, йўлакка чиқди ва менга қараб:
– Сиз мактаб директоримисиз? – деб сўради.
– Ҳа, – дея тасдиқладим.
– Қани, бўлмаса, мактабингиз кутубхонасини ҳам бир кўрайлик-чи, – деди ҳоким кулимсираб.
Мактаб ҳовлисининг бурчагида жойлашган кутубхона кўз олдимга келиб: “Ишқилиб, бу йил пенсияга чиқишга ҳозирлик кўраётган Зулайҳо янга ишда бўлсин-да”, – дея ичимда Худога ёлвориб йўл бошладим.
Бахтимга, кутубхона эшиги очиқ экан.
Ичкарига кирдик. Кутубхоначи Зулайҳо янга кўзойнагини тақиб, иш дафтарига ниманидир ёзиб ўтирарди.
Ҳоким мудира билан танишгач, китоблар тахлаб қўйилган жавонларни кўздан кечирди ва бадиий адабиётлар турган бўлимга келгач:
– Китоблар жуда кам-ку, директор? – дея савол берди.
– Мактабимизнинг ўзи кичкина, бор-йўғи 500 та ўқувчимиз бор, китобларимиз ҳам шунга яраша. Лекин дарсликлар етарли, етмаганини қўшни мактаблардан олиб турибмиз, – дедим.
– Мен дарсликларни эмас, бадиий адабиётларни сўраяпман.
– Таълим бўлимидан ҳар йили тўрт-бешта китоб юбориб туришади, – дея кутубхоначи Зулайҳо янга менинг ўрнимга ийманибгина жавоб берди.
– Мана, ўзингиз охирги марта қайси ёзувчининг китобини ўқидингиз? – дея ҳоким бова яна менга юзланди.
Бирдан хаёлимга бир учрашувда адиб Темирпўлат Тиллаев дастхат ёзиб тақдим этган “Ўлим ўпқони” китобини ўқиб чиққаним келди ва шуни айтдим.
– Хўш, асар сизга ёқдими?
– Жуда ёқди. Бу китобга адибнинг бешта қиссаси жамланган бўлиб, бекорга “Академнашр” уч марта чоп этмаган экан. Айниқса, “Ворис”и зўр ёзилган, одамнинг юрагини ўртаб юборади…
– Мен ўқимаган эканман. Бўлмаса, ўша китобни уйингиздан келтира оласизми?
– Тўққизинчи синфда ўғлим ўқийди, ҳозир жўнатаман, – дея ташқарига чиқдим. Ўғлимни уйга жўнатгач, яна кутубхона томон қайтдим.
Ҳоким бова мактабимиз ўқитувчиларининг қандай китоблар ўқиши билан қизиқиб, кутубхоначи билан суҳбатлашишда давом этди.
Кутубхоначи Зулайҳо янга меҳмонни тумандан келган оддий вакил бўлса керак, деб ўйлаган чоғи, ростини айтди-қўйди:
– Уч-тўрттасини айтмасак, қолганлари ҳатто кутубхонанинг қаердалигини ҳам билишмайди. Уларга гап-гаштак, гурунг бўлса бўлди. Ана, ишонмасангиз, директорнинг ўзи айтсин, – дея менга ишора қилди.
Қизариб-бўзариб кетдим. Ҳоким эса аввалига менга ажабланиб қаради, сўнг бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва Зулайҳо янгага қараб:
– Худди менинг Хадича опамга ўхшар экансиз, – деди-да, қайсидир шоирнинг: “Бошига қилични келтирсанг ҳатто, ёлғон сўзламайди ўзбек аёли”, деган шеъридан парча ўқиб юборди.
Шеър баҳона ўртадаги ўнғайсизлик унутилди.
Ҳоким бова шошиб турган экан чоғи, Зулайҳо янга билан хайрлашиб, ташқарига чиқди.
Биз у кишининг қора тусли машинаси ёнига келганимизда, ўғлим айтилган китобни келтирди.
Ҳоким бова ҳам машинасининг орқа эшигини очиб, тўрт дона китоб олди ва менга узатар экан:
– Булар жуда камёб китоблар, аввал ўзингиз ўқинг, сўнг мактабингиз кутубхонасига топширинг. Яна бир гап: тағин анови кутубхоначи опани рост гапиргани учун уришиб юрманг, – деди-да, хайрлашиб жўнаб кетди.
Мен елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлиб хонамга кирдим ва ҳоким берган китобларни кўздан кечирдим. Биринчиси улуғ рус ёзувчиси Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар”, иккинчиси машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг “Тоғлар қулаётган замон”, учинчиси колумбиялик буюк сўз сеҳргари, Нобель мукофоти соҳиби Габриэль Маркеснинг “Юз йил танҳоликда” ва ўзимизнинг атоқли адибимиз Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романлари экан. Китобларни варақлар эканман, баъзи саҳифаларига қаламда турли белгилар қўйилганини кўриб, мазкур китобларни ўқиган ҳоким бованинг, гарчи касб-кори муҳандис-технолог бўлса-да, адабиётдан ҳам яхшигина хабардор эканига амин бўлдим.
Воқеанинг қизиғи эса кейин бўлди. Мактабга ҳоким келгани ҳақидаги хабар бир зумда бутун қишлоққа тарқалиб, орадан ярим соат ўтар-ўтмас, маҳалламиз раиси бошчилигидаги беш-олти фаол ҳузуримга кириб келишди. Авваллари йилда бир марта бўладиган ота-оналар йиғилишига ҳам келишни ўзларига эп кўрмайдиган кишиларнинг тўсатдан мактабимизга келиши негадир мени унчалик ажаблантирмади. Маҳалла раиси ёнимдаги ўриндиққа ўтирар-ўтирмас, дарров муддаога ўтди:
– Ҳоким бова мени сўрадими?
– Сизни сўрамай бўладими, раис, – дедим озгина ёлғон аралаштириб.
– Нима деб сўради?
– “Мактабга келиб турадими?” деди. “Ҳар ойда икки-уч бора келиб, ҳатто Наврўз сайлида аълочи ўқувчиларга ёнидан мукофот ҳам бериб туради”, дедим.
Раис ишонқирамай менга қаради.
– Ана, ишонмасангиз, кутубхоначи опадан сўранг.
Раис жойидан дик этиб турганча мени қучоқлаб олди:
– Айланай оғамдан!
– Айтмоқчи, ҳоким бовага уйингиздан бир нима келтиртириб берибсиз, шу гап ростми? – дея савол берди яқиндагина маҳалламизга ёшлар етакчиси этиб тайинланган Салим чавандознинг ўғли Турдибек.
– Ҳоким бова китоб ўқишни яхши кўраркан, бир китобни айтгандим, қизиқиб қолди, бериб юбордим. Сизларнинг ҳам китобга муносабатингиз ҳақида суриштирди. Барчангизни “фаол китобхон” деб мақтадим. Биласизларми, яна битта муҳим янгилик бор, – дедим уларга қараб.
– Қандай янгилик?
– Ҳоким бова Зулайҳо янгага: “Икки ойдан сўнг шахсан ўзим телевизорчилар билан келиб, сизни нафақага кузатиб қўяман. Унгача кутубхонани таъмирлатиб, китоблар ва китобхонлар сонини кўпайтиринг”, – дея топшириқ бериб кетди.
Сўзларим яхшигина таъсир қилди чоғи, “Бўлмаса, бизлар идорага бориб бир маслаҳатлашиб олайлик”, – дея чақирилмаган меҳмонлар оҳиста чиқиб кетишди.
Тушдан сўнг мен ҳам педкенгаш чақирдим. Унгача кутубхоначи Зулайҳо янга билан гапни бир жойга қўйиб олдик.
– Боплабсиз! Салом берсанг, алик олишни ҳам ўзларига эп кўрмай қолишганди ўзиям. Шу баҳона кутубхонамиз ҳам эпақага келиб қолса, ажаб эмас, – деди янгамиз мийиғида жилмайиб.
Камина эса “Темирни қизиғида бос” деган нақлга амал қилиб, мажлисни муаллимларни бироз қистовга олишдан бошладим:
– Агар мана шу кутубхоначи Зулайҳо янга ҳар биримиз учун алоҳида дафтарча очиб, “фалон куни китоб олди ва яна фалон куни топширди” деб қайд этиб бормаса, эртага молиячилар келиб, маошларингизга қўшилган мукофот ва устама пулларни ундириб олиш ҳаракатини бошлаши ҳам мумкин, – дедим бамайлихотир.
Менинг гапимдан сўнг узоқ йиллардан буён тарих фанидан дарс бераётган Улаш домла қўл кўтариб сўз сўради:
– Оғайнилар, директор тўғри айтяпти. Айтинг, қачонгача ғафлат уйқусида ётамиз? Ахир биз қишлоқнинг олди кишилари бўлишимиз лозим эмасми? Бир пайтлар қишлоқда неки муаммо ёки тушунмовчилик бўлса, дарров ўқитувчидан маслаҳат сўрашарди. Ҳозир-чи? Ҳозир ундай эмас. Нега? Чунки биз ўзимизнинг зиёли эканимизни унутиб қўйганмиз. Бўш вақтимизни телефон кавлаш ва енгил-елпи сериалларни кўришга сарфлаб, газета-журнал, китоб ўқимай қўйдик. Мана, мен эртадан бошлаб почтага бориб, икки-учта газета-журналга обуна бўлишга қарор қилдим!
Улаш муаллимнинг бу қарорини кўпчилик маъқуллади. Энг муҳими, муаллимлар уйидаги китоблардан ҳимматига қараб мактаб кутубхонасига олиб келишга аҳд қилишди.
Айтганча, анови маҳалла идорасидагилар ҳам қараб туришмади: китоб жавонлари ва стол-стуллардан ёрдам қилишди.
Яна бир гап.
Баъзан маҳалламиз фаолларини йўлда ёки тўй-маъракаларда учратиб қолсам, ўшанда озгина ёлғон гапирганимни эслаб, ич-ичимдан хижолат чекаман. Лекин яна ўз-ўзимга: “Ахир неки қилган бўлсам, келажагимиз эгалари бўлган мактабимиз ўқувчилари учун қилдим-ку”, дея ўзимни оқлайман, ҳатто қилган ишимдан озгина ғурурланиб ҳам қўяман.
Хуллас, туманимиз раҳбарининг мактабимизга кутилмаган ташрифи бизни лоқайдлик уйқусидан уйғонишга, замон билан ҳамнафас яшашга, шунингдек, илмсевар ва китобхон бўлишимизга сезиларли даражада туртки бўлди, десам, асло муболаға бўлмайди.
Ҳа, айтганча, сизнинг мактабингизга ҳам ҳоким боваларингиз аҳён-аҳёнда бўлса-да келиб турадими?
Ўролбой ҚОБИЛ.
