Она тили – қалбимиз ойнаси, миллатимиз соғинчи

Дунё харитасида шундай халқлар борки, уларнинг сони бор-йўғи бир неча юз ёки бир неча минг кишини ташкил этади. Уларнинг на қудратли армияси, на улкан иқтисодиёти бор. Лекин уларни асрлар бўронидан, турли ташқи таъсирлар ва глобаллашув гирдобидан асраб келаётган ягона бир куч бор – бу уларнинг ўз тилидир.

Хўш, кичик бир халқнинг ўз тилини асрлар давомида сақлаб қолиши ортида қандай сир ётибди? Тилни асраш учун фақат давлат сиёсати ва қонунларнинг ўзи етарлими? Ёки тилнинг ҳақиқий тақдири оилада, инсоннинг кундалик жонли нутқида ҳал бўладими?

Шу ва бошқа саволлар юзасидан филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маслаҳат кенгаши аъзоси Нодира ДЎСТХЎЖАЕВА билан суҳбатлашдик.

– Нодира опа, сиз учун она тили нима? Болаликдан қалбингизга сингиб кетган қайси сўз ёки ибора она тилимизнинг меҳри ва жозибасини бугун ҳам ёдингизга солиб туради?

– Ватан… Давлат мадҳияси янграганда, доим кўзимга ёш келади. Мадҳиядаги маҳобатли сатрлар… Она тилимнинг энг сара сўзлари бу! Ватандан ташқарига чиқсак ҳам, она тилимиз ўзлигимиз сифатида қалбимизда яшайверади. Буни баъзан теран англаймиз, баъзан эса йўқ…

Она тилимиз – томирларимизда оқаётган қонимиздек… Биз усиз яшай олмаймиз. Балки, кимдир бу фикрга истеҳзо билан қарар. Лекин энг оғир дамларда қайси давлатда яшамайлик, қандай хизмат қилмайлик, барибир она тилимизда онамиздан нажот сўраб бўзлаймиз. Биз дунё кезамиз, турли тилларни эшитамиз, турфа инсонларни кўриб, улар билан дўстлашамиз. Бироқ ўзга юртдаги бирор гавжум дўконда она тилимизда сўзлашаётган инсонни учратиб қолсак, беихтиёр унга талпинамиз, топиб, дарҳол ўз тилимизда суҳбатлашишга шошиламиз. Инсон ўз юртидан олисда бўлгани сайин ўз тилининг қадрини янада теранроқ ҳис этаркан. Менинг назаримда, тил шунчаки мулоқот воситаси эмас. Тил – инсонни инсон қиладиган, уни ўзлиги ва илдизлари билан боғлаб турадиган муқаддас риштадир.

Бизнинг тилимиз шу қадар бой, шу қадар нафиски, ундаги биргина “қоқиндиқ” сўзининг замирида фарзандни ҳар қандай бало-қазодан асраш, унинг дардини ўз зиммасига олишдек беқиёс оналик меҳри мужассам. Бундай гўзалликни бошқа ҳеч бир тилга айнан таржима қилиб бўлмайди.

– Бугун дунёда шиддатли глобаллашув жараёни кечмоқда. Йирик тиллар ахборот, илм-фан, технология ва иқтисодиётда тобора кенг майдонни эгаллаяпти. Шундай мураккаб шароитда нуфуси жуда кам бўлган айрим халқлар ўз тилини асраб қолишга муваффақ бўлмоқда. Бу ҳодисани қандай изоҳлайсиз?

– Биласизми, тил шунчаки ўзаро алоқа воситаси ёки сўзлар йиғиндиси эмас.

Тил – миллатнинг яшаб қолиш коди, унинг руҳи, хотираси ва ­дунёқарашидир.

Кичик халқлар мана шу ҳақиқатни жуда теран англайди. Улар учун тил – миллий ўзликни бой бермасликнинг бош омили. Чунки тил йўқолса, у билан бирга халқнинг кўплаб урф-одатлари, бой тарихи, оғзаки ижоди ва дунёни идрок этиш тарзи ҳам заволга юз тутади. Кичик халқлар шуни яхши тушунадики, агар бола ўз тилида фикрламаса, ўз тилида ҳис этмаса, вақт ўтиб, унинг тафаккурини ўзга тил эгаллаб олади.

Шу маънода, тил миллатнинг энг мустаҳкам маънавий қалъасидир.

– Демак, тилнинг яшаб қолиши унда неча миллион киши сўзлашиши билангина эмас, балки халқнинг унга бўлган садоқати билан белгиланар экан-да?

– Мутлақо тўғри. Тарихда миллионлаб одамлар гапирган, улкан давлатлар ва қудратли салтанатларнинг тили бўлган тизимлар борки, улар бугун кундалик тирик мулоқотда мавжуд эмас.

Тилнинг қудрати ёки яшовчанлиги фақатгина сўзлашувчилари сони билан ўлчанмайди. Агар халқ ўз она тилидан ҳар куни фойдаланса, уни фарзандига қунт билан ўргатса, адабиётини ўқиб, ўз тилида янги асарлар яратса, ана шу тил яшайди.

Бола ўз тилини илк бор онасидан, бувисидан, бобосидан эшитади. Оиладаги оддий сўзлашувлар, эртаклар, мақоллар, аллалар, катталарнинг болага эркалатиб айтадиган ҳар бир сўзи тилнинг авлоддан-авлодга бекаму кўст ўтишига хизмат қилади.

Тилни асрашнинг энг тўғри ва ишончли йўли – уни ҳаётдан, кундалик турмушдан узиб қўймасликдир. Тил фақат байрам кунларида, расмий минбарларда ёки дарслик саҳифаларидагина яшаб қолмаслиги керак. У хонадонда, мактабда, ишхонада, кўча-кўйда, бадиий китобларда, телевидение ва интернетда – қисқаси, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол қўлланиши лозим.

– Нодира опа, шу нуқтада ўзимизга бир назар ташласак. Ўзбек тилининг бугунги аҳволи сизни қониқтирадими?

– Замон шиддат билан ўзгаряпти, глобаллашув даврида умргузаронлик қиляпмиз. Қизларимиз, умуман, ёшларимиз бир нечта хорижий тилни пухта эгаллаётганини кўриб, ҳам она, ҳам устоз сифатида беҳад қувонаман. Аммо қалбимда бир оғриқли хавотир ҳам бор: ўзга тилларни ўрганамиз деб, ўз она тилимизни, ота-боболаримиздан қолган улуғ меросни иккинчи даражага тушириб қўймаяпмизми? Кўча-кўйда, ижтимоий тармоқларда сўзларни бузиб талаффуз қилаётган, ўз она тилида сўзлашишдан уялаётган ёшларни учратганда, юрагим эзилади. Ахборот асрининг тезлиги бизни баъзан юзакиликка, ҳаддан ташқари қисқаликка ўргатиб қўйди; ваҳоланки, тилнинг теранлиги, софлиги ва фасоҳати китобда, чинакам ижодда намоён бўлади.

Очиғи, баъзан кўча-кўйдаги пешлавҳаларни, ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларни, айрим оммавий чиқишларни кўриб, ичим ачийди.

Биз она тилимизнинг ижтимоий ва давлат мақомини юксалтирдик. Бироқ энди кундалик ҳаётимизда ҳам унга ҳурмат билан ёндашишимиз, содда қилиб айтганда, беписанд бўлмаслигимиз шарт.

Сўзларни атай бузиб талаффуз қилиш, имло қоидаларига бепарволик, русча ёки инглизча сўзларни пала-партиш аралаштириб гапириш кундалик одатга айланиб бораётгани хавотирлидир.

Ўйлаб кўринг, бетакрор тарих ва бой адабиётга эга бўлган буюк миллат ўз тилининг хазинасидан ўзи тўлақонли фойдаланмаса, бу биз учун энг жиддий мушоҳада мавзуси эмасми?

– Сиз ўзбек тилининг бойлиги ҳақида тўхталдингиз. Бу бойликни оддий, ҳаётий мисоллар орқали қандай тушунтирган бўлардингиз?

– Албатта. Баъзан тил бойлигини изоҳлаш учун мураккаб илмий истилоҳларга мурожаат қиламиз. Ваҳоланки, бу нафосатни халқнинг оддий кундалик нутқида ҳам яққол кўриш мумкин.

Мисол учун, фарзандни эркалатишни олайлик. Биз шунчаки “болам” деб чекланмаймиз: “айланай”, “ўргилай”, “гиргиттон” деймиз. Бу сўзларнинг ҳар бири меҳр-муҳаббатнинг ўзига хос нозик жилосини ифодалайди. Бир қарашда оддий туюлгани билан, ҳар бир калима замирида халқимизнинг бола тарбиясига, зурриётига бўлган чексиз меҳри ва ички кечинмалари ётибди.

Ёки “шамол” сўзини кўриб чиқайлик. Ўзбек тилида унинг турли хусусиятларини ифодаловчи қанчадан-қанча номлар бор: ел, елвизак, эпкин, шабада, довул, бўрон. Табиийки, буларнинг бари бир хил ҳодиса эмас – ҳар бирининг ўз маъно кўлами ва ўрни бор. Биргина шу фактнинг ўзи ҳам халқимиз табиат манзараларини нақадар нозик илғагани ва кузатганидан далолат беради.

“Шабада” деганда кўнглимизда майин эсган салқин ҳаво, “эпкин”да бир лаҳзалик енгил насим туйғуси жонланади. “Елвизак” бироз тез ҳаракатланадиган, тор жойдан ўтувчи ҳаво оқими бўлса, “довул” ва “бўрон” шиддатли, кучли табиий офат ҳолатини кўз олдимизга келтиради. “Ел” эса халқ тилида қадимий ва кенг қўлланадиган муштарак сўзлардан биридир.

Шунингдек, “қарамоқ” феълини эслайлик: “боқмоқ”, “термилмоқ”, “тикилмоқ”, “мўлтилламоқ”, “кўз ташламоқ”, “нигоҳ солмоқ” – буларнинг ҳар бири инсоннинг руҳий ҳолатига қараб турлича маъно касб этади.

Ёки “йиғламоқ” сўзи: “йиғлади”, “кўзига ёш олди”, “ҳўнграб йиғлади”, “миқ этмай йиғлади”, “кўз ёши тўкди”, “унсиз йиғлади” каби ифодалар инсон ички оламининг бошқа-бошқа қирраларини очади.

Кулгининг ҳам, меҳрнинг ҳам, ғам-андуҳнинг ҳам ана шундай ранг-баранг ифода воситалари мавжуд. Тил бойлиги – луғатларда чанг босиб ётган минглаб жонсиз сўзлар эмас. У инсон ҳиссиёти ва кундалик турмушида қайта-қайта қўллангандагина чинакам бойликка айланади. Шу сабабли биз тилимиздаги сўзларни шунчаки ёдлаб олмай, уларни амалда яшатишимиз лозим.

– Тилимизга ўзга тиллардан сўз ўзлашишига қандай қарайсиз? Ахир тиллар бир-биридан сўз олиб, бойиб боради-ку!

– Бошқа тиллардан сўз қабул қилиш – тил тараққиётидаги табиий жараён. Лекин она тилимизда унинг аниқ, жарангдор ва чиройли муқобили бўла туриб, бегона сўзларни беўрин ишлатишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Мисол учун, “презентация” ўрнига “тақдимот”, “статус” ўрнига “мақом”, “имиж” ўрнига “қиёфа” десак, фикримиз ўзбекона ва тушунарли чиқади. Мақсад чет сўзларни бутунлай инкор этиш эмас, балки ўз тилимизнинг чексиз имкониятларини қадрлашдир.

Бизда жуда бой луғат захираси бор. Мумтоз адабиётимизда, халқ оғзаки ижодида, бой тарихий манбаларимизда ҳали муомалага тўлиқ киритилмаган қанчадан-қанча гавҳар сўзлар мавжуд. Уларни қайта кашф этиш, замон руҳига мослаб муомалага киритиш ҳам тил равнақига қўшилган катта ҳиссадир.

– Демак, “тил софлиги” деганда барча ўзлашма сўзларни сунъий равишда чиқариб ташлашни тушунмаслик керак экан-да?

– Албатта. “Соф тил” деганда тилни барча ташқи таъсирлардан мутлақо тозалаб ташлашни тушуниш нотўғри. Бунинг иложи ҳам йўқ, бунга эҳтиёж ҳам сезилмайди.

Тил тирик организм экан, у муттасил ўзгаради, бойийди, янги тушунчаларни қабул қилади. Бироқ ҳар бир янги сўзнинг ўз ўрни ва зарурати бўлиши даркор. Тил маданияти – ҳар қандай сўзни тақиқлаш эмас, балки ҳар бир сўзни ўз ўрнида, маром билан ишлатиш маданиятидир.

– Журналистлар ва ижодкорларнинг тил олдидаги масъулияти хусусида нималарни таъкидлаган бўлардингиз?

– Бу масъулият икки ҳисса юқоридир. Зеро, ижодкор ва журналистнинг сўзи минглаб, баъзан миллионлаб юртдошларимизнинг қулоғига етиб боради.

Агар журналист ёки муҳаррир хатога йўл қўйса, бу шунчаки шахсий хатолик бўлиб қолмайди, балки жамоатчилик ўртасида қайта-қайта такрорланиб, нотўғри шаклнинг оммалашишига сабаб бўлади. Шу боис қалам аҳли матнга шунчаки тезкор хабар етказиш воситаси деб эмас, балки жамиятнинг нутқ маданиятини шакллантирувчи омил деб қараши лозим. Бунинг учун ҳар бир ижодкор доимо изоҳли луғатлар билан ишлаши, сўзларнинг маъно товланишларини синчиклаб текшириши ва имловий аниқликка жиддий эътибор бериши зарур. Бу ортиқча расмиятчилик эмас, балки касбий бурч ва виждон ишидир.

– Сизнингча, она тилимизнинг софлигини сақлаб, уни келажак авлодларга бекаму кўст етказиш учун амалий ишларни нимадан бошламоқ керак?

– Биринчи навбатда, тарбияни оиладан бошлашимиз шарт. Бола уйида фақат равон, ширали ва соф она тилини эшитиб вояга етсин.

Иккинчидан, мактаб ва умумий таълим тизимида давлат тили меъёрларига, нутқ маданияти ва саводхонликка қўйиладиган талабларни кескин кучайтириш зарур.

Учинчидан эса жамоатчилик масъулияти. Ҳар бир ижодкор, журналист, блогер ёки оддий фуқаро ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида фикр билдираётганда сўз масъулиятини тўла ҳис қилиши даркор. Тилни асраб-авайлаш фақат тилшунос олимларнинг вазифаси эмас, балки бутун миллатнинг умумхалқ ишидир.

– Хуллас, тилни асрашни нималардан бошлашимиз лозим?

– Тилни эъзозлаш катта минбарлардан янграйдиган баландпарвоз хитоблардан эмас, балки кундалик ҳаётимиздаги кичик, аммо бардавом одатлардан бошланади.

Қонун тилнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаши мумкин, бироқ тилни тирик сақлайдиган асл куч – унинг одамлар юраги ва кундалик мулоқотидаги ўрнидир. Агар хонадонларда она тили жарангласа, мактабда у тўғри ва маромида ўргатилса, китобларда бежирим қўлланса, матбуотда эҳтиёткорлик билан ишлатилиб, интернет кенгликларида ҳам муносиб мавқе топса – тил ҳеч қачон заволга юз тутмайди, барҳаёт яшайверади.

Агар биз бугун тилимиз софлиги ва нуфузи учун курашмасак, эртага миллий қиёфамизни йўқотиб қўйиш хавфига рўбарў келамиз. Тил яшаса, миллат яшайди. Она тили миллатнинг тирик руҳидир. Руҳи мустаҳкам миллат эса ҳеч қачон енгилмайди. Келинг, мана шу бебаҳо хазинамизни асраб-авайлайлик, унда гўзал сўзлашиб, бенуқсон ёзайлик. Зеро, тилга бўлган эҳтиром ва эътибор – миллатга, Ватанга ҳамда ўзлигимизга бўлган энг юксак садоқат тимсолидир.

Суҳбатдош:

Ҳилола ИБРОҲИМОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × five =