Ўзбекистон – икки карра олимпиада чемпиони!

Спортчининг шахсий ҳисобда олимпиадада ғолиб чиқиши мушкул масала. Олимпиаданинг жамоавий мусобақасида ғолиб чиқиш – оламшумул воқеа. Жамоанинг иккинчи бор олимпиадада ғолиб чиқиши эса тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфларда ёзилгувчи ғалаба. Шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар миллий терма жамоаси Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида юртимиз ва спорт тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилгувчи ана шундай ғалабага эришди!

Самарқанддаги олимпиадада 200 дан ортиқ давлатдан 2000 нафардан зиёд шахмат усталари дона суришди. Швейцарча тизимда ўтказилган мусобақада рейтинг асосида жуфтликлар аниқланади. Жаҳон рейтингида юқори ўринда бўлган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминовдан иборат миллий терма жамоамиз жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов мураббийлигида дастлабки тур ўйинларида рақиблари устидан йирик ғалабаларга эришди: Ямайка – 4 : 0, Перу – 3,5 : 0,5, Австрия – 3 : 1, Туркия – 3 : 1, Венгрия – 4 : 0.

Швейцарча тизимда асосан 5-турдан бошлаб ғолибликка даъвогарлар бир-бирига қарши дона суришади. Айнан 5-турда жамоамизнинг кучлилар қаторидаги Венгрия вакилларини тор-мор этгани барча жамоаларни сергак торттирди. Кўтаринки кайфиятдаги жамоамиз 6-турда амалдаги олимпиада чемпиони Ҳиндистон вакилларига қарши жангга чиқишди. Учта тахтада жанговар дуранг қайд этилди. Мардонавор дона сурган Нодирбек Ёқуббоев 65-юришда ютуғини расмийлаштирди ва умумий ҳисобдаги ғалабамизни таъминлади – 2,5 : 1,5.

Еттинчи турда гроссмейстерларимиз “Хитой девори”ни забт этишди. Абдусатторов ва Ёқуббоевда ютуқ, Синдоров ва Мадаминовда дуранг, 3 : 1 ҳисобидаги ғалаба. Бироқ 8-турда Германияга қарши ўйинда Синдоров ғалаба қозонса-да, Ёқуббоев ва Воҳидов мағлубиятга учради. Жамоамиз етакчиси Абдусатторов Каймерга қарши ўйинда сўнгги юришгача ғалабага интилди, барибир, дуранг қайд этилди. Жамоамиз 1,5 : 2,5 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилди.

Саккизинчи турда таниқли гроссмейстерлардан иборат АҚШ вакилларига қарши дона суришимиз керак. Тажрибали Рустам Қосимжонов жамоани масъулиятли баҳсга тайёрлай олди. Мадаминов ўз вазифасини аъло даражада бажарди, 31-юришдаёқ икки карра олимпиада чемпиони Аронян билан дурангга келишди. Лекин Синдоров рақибига ютқазди. Абдусатторов Каруанани ютиб, ҳисобни тенглаштирди. Узоқ давом этган Ёқуббоев – Ниамен ўйинида ҳамюртимиз 66-юришда рақибини таслим қилиб, жамоамизнинг ғалабасини расмийлаштирди – 2,5 : 1,5.

Ғалабадан руҳланган жамоамиз 10-турда Арманистонни йирик ҳисобда енгди – 3,5 : 0,5. Йирик ҳисобдаги ғалаба ортида теран тайёргарлик бўлганлигини таъкидлашни истардим. Абдусатторов дурангни хуш кўрувчи Мартиросянни биринчи юришдаёқ жангга чорлади, яъни рақибининг “е4” юришига “d4” юриши билан жавоб қайтарди. Очиқ жангга тайёр бўлмаган Мартиросян охир-оқибат мағлубиятга учради. Синдоров Оганесянга қарши 13-юришдаёқ сифат қурбони билан бошланувчи ўйинни таклиф қилди. Кейин Синдоров шу қадар аниқ юришлар қилдики, рақиби таслим бўлишдан бошқа иложи қолмади. Мадаминов эса уч карра олимпиада чемпиони Саркисянни мағлуб этди. Ёш шахматчимизга офарин! Ҳисобни кузатиб турган Ёқуббоев рақиби билан дурангга келишди.

Ниҳоят, ҳал қилувчи 11-тур. Рақибимиз совринли ўринларга даъвогар Украина жамоаси. Муросасиз баҳс бошланди. Яна Мадаминов 55-юришда рақибини енгиб, вазифамизни енгиллаштирди. Лекин Синдоров ва Ёқуббоев дурангга ҳаракат қилишлари лозим. Вазиятни кузатиб турган Абдусатторов яна ғалаба учун ўйнай бошлади. Ўйинлар қизғин давом этаётган вақтда асосий рақибимиз Ҳиндистон Венгрия билан дуранг қайд этгани маълум бўлди. Бу натижа Ўзбекистоннинг олимпиада чемпиони бўлганини англатарди. Аммо йигитларимиз ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришда давом этишди. Синдоров ва Ёқуббоев ўз ўйинларини дуранг билан якунлади. Ўйинлар қандай тугашини кузатиб турган Абдусатторов рақиби билан дурангга келишди. Бу Ўзбекистон Украинани 2,5 : 1,5 ҳисобида мағлубиятга учратганини, олимпиада чемпиони бўлганини билдирди.

Ҳа, юртимиз гроссмейстерларининг Самарқанд олимпиадасидаги чемпионлиги жумла жаҳонга Ченнай олимпиадасидаги олтин, Будапешт олимпиадасидаги бронза медалимиз тасодиф эмаслигини, Ўзбекистонда давлатимиз раҳнамолигида шахмат жадал суръатларда ривожланаётганини исботлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоасига табрик йўллаб, ғолиб гроссмейстерларимизни, уларнинг ота-оналари ва мураббийларини, халқимизни оламшумул ғалаба билан муборакбод этди.

Олимпиада давом этаётган вақтда Халқаро шахмат федерацияси(FIDE)нинг Самарқандда навбатдаги конгресси бўлди. Бош ассамблея қозоғистонлик Тимур Турловни FIDE президенти этиб сайлади. Қувонарлиси, Рустам Қосимжонов FIDEнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова FIDEнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайланди, Ўзбекистон шахмат федерацияси “Йилнинг энг яхши федерацияси” дея эътироф этилди.

Энди олимпиада натижаларига қайтсак. Эркаклар мусобақасида совриндорлар қуйидаги тартибда жойлашди: 1. Ўзбекистон 20 очко. 2. Ҳиндистон 18 очко. 3. Германия 18 очко (ўринлар қўшимча кўрсаткичларга кўра аниқланди). Аёллар мусобақасида: 1. Хитой 20 очко. 2. Қозоғистон 18 очко. 3. Ҳиндистон 17 очко. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 15 очко билан 13-ўринни эгаллади. Олимпиадада ўз тахталарида яхши натижага эришган шахматчилар ҳам тақдирланади. Биринчи тахтада 8,5 очко тўплаган Нодирбек Абдусатторов олтин, иккинчи тахтада 7 очко тўплаган Синдоров бронза (унга “Олимпиаданинг энг яхши шахматчиси” соврини ҳам берилди), учинчи тахтада 7,5 очко тўплаган Нодирбек Ёқуббоев кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, кўплаб номинациялар бўйича жамоаларга совринлар берилди.

Тақдирлаш маросими ниҳоясида FIDE президенти Тимур Турлов 47-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 2028 йили Абу Даби шаҳрида бўлишини эълон қилиб, Бирлашган Араб амирликлари шахмат федерацияси вакилларига олимпиада байроғини топширди.

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистонда хизмат

 кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × four =