Ориф Шоир
Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Элликка ҳам лаллайиб кирдик” деган сатрларини ўқиб, вужудимиз титраб кетганди. Севимли шоиримиз ўша ёшида миллий адабиётимиз юлдузларидан бирига айланган, миллионлаб мухлислари қалбини забт этган бўлса-да, ҳали ниятлари катта эканлигига ишора қилган бўлса, ажабмас. Шунга яраша Тошкентдаги муҳташам санъат саройларидан бирида унинг 50 йиллик юбилейи тантанали равишда ўтказилган ва бу тадбир мамлакатимизда адабиёт байрамига айланиб кетган эди.
Ардоқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг ҳам 50 йиллик юбилейи худди шундай нишонланганини ҳамон энтикиб эслаймиз.
Кейинчалик ёзувчи-шоирларнинг “50 йиллик юбилейи”ни нишонлаш негадир урфдан чиқиб қолди… Буни баъзилар: “50 – навқирон ёш, уни кенг нишонлашга ҳожат йўқ”, деб изоҳлашди. Ҳатто 60 ёшга кирган ижодкорларни ҳам ҳеч ким олқишламай қўйди, бу ҳодиса адабиёт байрамига айланмай қолди. Мамлакатимизда ўртача умр кўриш анча узайгани боис чиндан ҳам 50, ҳатто 60 ёшлар анча навқирон бўлиб кўринмоқда.
— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, ижод аҳлига бўлган эътибори бизга ҳам улкан масъулият юклайди, — деди Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев. — Туманимизда ташкил этилган “Иштихон ижод мактаби”да шу заминдан етишиб чиққан ҳар бир ёзувчи-шоир ижоди ва фаолиятига алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Абдулла Турдиев, Зайниддин Баҳриддинов, Бахтиёр Раббим, Ўткир Саидов, Олқор Дамин каби раҳматли шоирларнинг ижодий меросини бугунги ҳаваскор ёшларимиз қизиқиш билан ўрганаётган бўлса, Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова, таниқли шоирлар Йўлдош Эшбек, Ойниса Бобонова, Мавлуда Рўзиева, Шаҳриддин Умиров, Муқаддам Ҳайитова, Тўлқин Эшбек, опа-ука Муҳаббат ва Ориф Тўхташ, Исомиддин Жўра, Нуриддин Яҳё, Маҳмуд Абдулҳамид каби таниқли шоирлар тез-тез мактабларимизда ижодий учрашувлар ўтказиб, ёш қаламкашларга маҳорат мактабларидан сабоқ бермоқдалар. Туманимиздаги 24-мактабнинг 5-синфида таълим-тарбия олиб юрган кезларидаёқ шеърлари турли газета-журналларда ёритила бошлаган Ориф Тўхташга Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов болалар газетаси орқали оқ йўл тилаган эди. “Болакай шоир” сарлавҳаси остида ёритилган ўша сатрлар бўлғуси шоирга маънавий қанот бахш этди. Йиллар давомида Ориф Тўхташ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлди, айни пайтда у Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Болалар ва ўсмирлар адабиёти Кенгаши раиси вазифасини бажараётганидан ҳаммамиз фахрланамиз. Фаол меҳнатларига яраша “Шуҳрат” медали соҳиби бўлган шоирни ардоқламай бўладими! Унинг “Ғунчалар табассуми”, “Қуёш йўли”, “Кўнгилга ташриф”, “Ватан атри”, “Ажабтовур арзномалар”, “Бахтиёр болалик”, “Кўзмунчоқ”, “Шалола” деб номланган шеърий тўпламлари аллақачон китоб жавонларидан жой олган. Бугун истеъдодли шоирнинг навбатдаги “Сен билан бирга” шеърий тўплами тақдимоти ҳам ёш ижодкорлар учун адабий сабоқ бўлади, деган умиддамиз.
“Иштихон ижод мактаби”да янги китоб тақдимоти билан бир қаторда шоирнинг эллик йиллиги ҳам ўзига хос адабиёт байрамига айланиб кетди.
Самимий туйғулар ижодкори бўлган Ориф Тўхташ шеърларини мактаб ўқувчилари ёддан айтиб беришлари барчага завқ бахш этди.
Китоб тақдимоти сўнгида шоирнинг ўзи ўқиб берган қуйидаги сатрлар мухлислари қалбига нақшланиб қолган бўлса, ажабмас:
Қишлоқда туғилдим,
Қишлоқда ўсдим,
Қишлоқда танидим оқ-у қорани.
Қишлоқ эди менинг энг яқин дўстим,
Очиқ қилиб кетар бўлдим орани.
— Яхши қол, азизим, хайр-хўш энди, –
Шундай хитоб қилдим кетарим олди.
Билмадим, у мени қандай тушунди? –
Узоқ ўйга ботиб, кузатиб қолди.
Изимдан эргашди анча йўлгача,
Бир сўз айтмоқчидай бўлди-ю, лекин –
Қаради, қарорим қатъий, ўзгача,
Хўрсиниб, ортига қайтди у секин.
Олисдан кўзида ёшлар кўринди,
Бу ҳам бир айрилиқ сабоқлари-да!
Кентман, деб керилган тошлар кўринди,
Орзумнинг олис бир адоқларида.
Сўнгги бор қарадим ортимга ногоҳ,
Йўллар ўз ҳолича – йўлдай турарди.
…Икки қир ён бағри жойлашган қишлоқ –
Дуога очилган қўлдай турарди!
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.
