“Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл…”

Муборак бир ҳадис моҳияти ҳақида кўп фикрлайман. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларга бундай деган эканлар: “Кимнингки бугунги куни кечагиси билан баробар бўлса, у мағбундир (яъни у мағлуб бўлибди, енгилибди). Бугуни кечагисидан кам бўлган одам малъундир (яъни лаънатга учрабди). Қай бир кишининг бугунги куни кечагисидан зиёда бўлса, у марҳумдир”, яъни Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлибди. Биз “марҳум” сўзини, одатда, вафот этган кишиларга нисбатан қўллаймиз. Аслида, Яратганнинг раҳматига лойиқ тирикларни ҳам шундай сифатлаш мумкин.

Саҳобалар ушбу ҳадис мазмуни ҳақида ўзаро баҳслашдилар: хўш, бугунги кунни кечагидан, эртангисини бугунгидан зиёда этмоқ учун нима қилмоқ керак? Баъзилари ҳар куни муттасил равишда нафл намозини ўқиш, кечагидан кўра икки ракаатдан кўпайтириб боришни маслаҳат бердилар. Фикрласалар, бунинг ниҳояси йўқ, қолаверса, банданинг тоқати ҳам чекланган. Бошқалари мунтазам нафл рўза тутмоқ таклифини бердилар. Ўйлаб кўрсалар, бунинг билан ҳам муддаога эришмоқ маҳол. Шунда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб, бу ҳадиснинг ҳикматини сўрадилар. Саволларига шундай жавоб олишди:

— Илм олинг, кеча ўзингиз билмаган кичик бир ҳақиқатни ўргансангиз ҳам бугунингиз кечаги кундан афзал бўлади.

Бу ҳадис инсон кеча ёки бугун эришилган натижа билан тўхтаб қолмаслиги кераклиги, мудом ҳаракатда бўлмоғи зарурлиги ҳақидадир. Муттасил олға интилмоқ, вақтни ғанимат билмоқ кераклиги тўғрисидадир. Зеро, мунтазам равишда илм ўрганган одам камолотга эришмоғига шубҳа йўқлиги каби комил инсонлардан иборат жамият ҳам, шубҳасиз, тараққий этади.

Ушбу ҳикматга бир умр оғишмай амал қилганлари боис мутафаккир аждодларимиз қомусий илм эгаси бўлган, илму ирфонда юксак рутбаларга эришган. Шукрлар бўлсинки, бундай инсонлар бизнинг замонимизда ҳам бор. Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори, наинки мамлакатимизда, халқаро миқёсда эътироф этилган тилшунос олим ва таржимон устоз Ибодулла Мирзаев ана шундай олимлардандир.

У ҳар доим янги илмий ғоялар билан яшайди. Янги илмий асарлар ёзади, бадиий ва илмий таржималар қилади. Ҳазрат Навоийнинг:

Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,

Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл —

деган ўгитларини ҳаётий аъмолига айлантирган. Назаримда, домла бирор нафасда ғафлатга имкон бермайди. Янги илмий ғоялардан руҳланиб, умрининг ҳар бир сониясини эзгу амалларга сафарбар этишга интилади ва бунга эришиб келаётир. Биргина мисол. Устоз олим бундан олти-етти йил муқаддам менга телефон қилиб:

— Нурбойжон, Самарқандда “Алишер Навоий” халқаро илмий журналини таъсис этмоқчимиз. Ташаббусни ректоримиз Рустам Холмуродов домла ҳам қўллаб-қувватлаяптилар. Мен бош муҳаррирман. Сиз бош муҳаррир ўринбосари сифатида бизга ёрдам берсангиз. Навоий бобомизнинг беқиёс адабий-илмий меросини сиз билан биз тарғиб этмасак, ким тарғиб этади? — деб зиммамизга вазифа юкладилар. Камина бу эзгу таклифни жону дил ила қабул қилдим. Журналнинг концепцияси, рукнлари, таҳрир ҳайъати, мақолаларга қўйиладиган талаблар, дизайни ва бошқа ташкилий масалалар устида иш бошладик. Таҳрир ҳайъатига республикамиз ва хорижлик етук олимлар жалб этилди. Натижада шу номдаги халқаро журнал таъсис этилиб, ОАК эътироф этишига эришилди.

Ёши етмишдан ошган оқсоқол бир олимнинг ана шундай хайрли ташаббуслар билан яшаши — улуғ фазилат. Ҳолбуки, кимлар биландир мансаб, обрў, иззат талашиб, азиз умрини беҳуда юмушларга сарфлаб келаётганлар қанча!

Ибодулла Мирзаев домланинг илмий фаолияти ҳозирги Санкт-Петербург давлат университети билан чамбарчас боғлиқ. Олим 1974 йилда мазкур университетнинг кундузги бўлим аспирантурасини якунлаб, 1975 йили ушбу олий ўқув юртида “Французча реалияларнинг ўзбек тилига таржимаси муаммолари” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Реалияларнинг муайян миллат ҳаёти ва турмуш тарзига оид тарихий аҳамиятга молик моддий ва маънавий тушунча ҳамда ҳодисаларни ифода этувчи, бошқа тилларда муқобили бўлмаган лексик бирликлар экани назарда тутилса, унинг назарий асосларини ишлаб чиқиш, Ғарб тилидаги реалияларни ўз она тилида ифода этиш қонуниятларини ўрганиш катта илмий салоҳият талаб қилиши аён бўлади. Ибодулла Мирзаев мазкур тадқиқоти мисолида ана шундай салоҳиятга эга эканини исботлади.

Фан номзоди илмий даражасини олгандан кейин ҳам олим Санкт-Петербург давлат университетидаги устозлари ва ҳамкасблари билан мунтазам алоқада бўлиб турди. “Шеърий матннинг лингвопоэтик таҳлили муаммолари” мавзусида тадқиқот олиб борди. Докторлик диссертациясини 1992 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Тилшунослик институтида ҳимоя қилди.

Олимнинг монографиялари тилшуносликнинг унгача кам эътибор қаратилган муҳим илмий муаммолари тадқиқ этилгани билан алоҳида ажралиб туради. “Реалиялар ва бадиий таржима масалалари”, “Оҳангдош сўзлар семантикаси шаклланишининг лексик ва морфологик воситалари”, “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг Россияда ўрганилиши” (рус, украин ва инглиз тилларида), “Тил ва адабиёт таълимида таҳлил назарияси ва амалиёти” (ҳаммуаллифликда) каби монографиялари тилшунослик такомилига қўшилган муҳим ҳисса сифатида қимматлидир.

Ибодулла Мирзаев энг долзарб мавзулардаги бошқа тилларда яратилган монографияларни ўзбек тилига фаол таржима қилиб, бу орқали рус, француз, инглиз тилида яратилган тадқиқотлардаги илмий янгиликларни ўзбек тилшунослари ва адабиётшуносларига етказиб келаётган олимлардан. Жумладан, Р.Якобсоннинг “Поэтика масалалари”, Е.Э.Бертельснинг “Суфизм ва тасаввуф адабиёти”, “Навоий ва Аттор”, “Навоийнинг “Садди Искандарий” достони”, “Искандар ҳақида достон ва унинг Шарқдаги асосий версиялари”, “Абу-л-Ҳасан Харақоний”, “Жомий” ва “Навоий” сингари поэтика, тасаввуф ва адабиёт назариясининг бошқа масалаларига доир илмий ҳақиқатларни акс эттирган асарлари ҳамда таржималари ушбу фикрни тасдиқлайди.

Профессор Ибодулла Мирзаев жами 19 та монография, 8 та дарслик, 12 та ўқув ва услубий қўлланма (таржималари билан), 10 дан ортиқ дастур, 600 дан зиёд илмий мақола чоп эттирган. Олим жаҳон грамматик таълимида биринчи бўлиб онтологик таҳлил методига асосланган мутлақо янги 30 босма табоқ ҳажмидаги “Ўзбек тилининг назарий грамматикаси” китоби муаллифидир.

Олимнинг олимлиги фақат илмий тадқиқотлари билангина белгиланмайди. Ҳақиқий олим назарий ғояларини, соҳа ривожига хизмат қиладиган илмий янгиликларни таълим жараёнига муваффақият билан татбиқ этади. Бунинг энг асосий йўли янги авлод дарсликларини яратишдир. Ибодулла устоз бу борада ҳам салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Олим яратган “Ўзбек тили” электрон дарслиги, рус гуруҳлари учун “Ўзбек тили”, “Француз тили назарий грамматикаси”, “Таҳлилий ўқиш”, “Филологик таҳлил асослари” каби дарсликлар тилшунослик илмининг энг сўнгги ютуқларини акс эттиргани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Рус, француз тилларидаги замон талаблари даражасида ёзилган энг қимматли дарсликларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали таълим тизимига янги назарий фикрларни, ўқитишнинг инновацион методларини татбиқ этаётгани олимнинг фаолияти серқирра экани исботидир. В.Г.Гакнинг “Француз тили назарий грамматикаси”, “Француз ва рус тилларининг қиёсий типологияси” каби дарсликлар таржимаси бунинг ёрқин исботи.

Олимнинг замонамиз илм аҳлидан фарқ қилувчи энг муҳим ютуқларидан бири тилшунослик ва адабиётшунослик соҳаларини туташтирувчи лингвопоэтикага асос солганидир, дейиш мумкин. Лингвопоэтика негизида миллий филология жабҳасида янгича “Таҳлилий ўқиш” методи муаллифи ҳам профессор Ибодулла Мирзаевдир. Шу йўналишдаги “Таҳлилий ўқиш” инновацион дарслиги фан ва таълим интеграциясига хизмат қилиши жиҳатидан, айниқса, муҳимдир. Айни кезда республикамизнинг бир қанча олий ўқув юртлари, хусусан, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида, СамДУнинг Каттақўрғон филиали, Термиз ва Денов давлат педагогика институтларида олим асослаган ушбу метод асосида ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.

Ибодулла домла илмий тадқиқотлар олиб бориш баробарида ижодий фаолият билан муттасил шуғулланиб келаётган камдан-кам зиёлилардан. Олимнинг илмий ишлари қанчалик юқори савияда бўлса, ижодий асарлари — бадиий таржималари ҳам ундан қолишмайдиган даражада мукаммал экани мени ҳайратга солади. Рус адабиётининг Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Николай Некрасов, Александр Блок ва Сергей Есенин каби дарғалари асарларидан, Анна Ахматова, Владимир Высоцкий, Андрей Вознесенский ва Марина Цветаева шеърларигача, француз адабиёти намояндалари Шарл Бодлер, Гийом Аполлинер, Ги де Мопассан ва Андре Дотел асарларидан Албер Камю ва Пол Виалар битикларигача, улардан америка адиби Эдгар Аллан По насрий асарларигача таржима қилгани олимнинг ижод заҳматидан ҳаловат топиши натижасидир.

Бунчалик катта кўлам ва кенг миқёсдаги илмий асарларни ёзиш, дарслик ва қўлланмалар яратиш, монография ва ўқув адабиётларини таржима қилиш ўз-ўзидан амалга ошиб қолмаслиги аён. Бу ишлар юксак илмий-ижодий тафаккурни, улкан заҳмат ва машаққатни, тунни тонгга улаб меҳнат қилишни тақозо этади.

Олим ва ижодкор, биринчи навбатда, илмий ва ижодий асарлари билан эътибор топади, эътироф қозонади. Лекин илм одамининг яна бир муҳим вазифаси ҳам бор. Ҳақиқий олимнинг муносиб издошлари ҳам бўлмоғи зарур. Илмий ғояларини юқори савияда давом эттираётган етук шогирдлар тайёрлаётгани Ибодулла Мирзаев домланинг бу борада ҳам кўпчиликка ўрнак экани далилидир. Шу пайтгача 13 нафар фан доктори (DSc), 2 нафар фан номзоди, 30 дан зиёд фалсафа доктори (PhD) ва 50 дан ортиқ магистр илмий даражасига эга шогирдлар етиштиргани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Ибодулла Мирзаев илмий тадқиқотчилик, таълим бериш ва ижодий ишлар билан мунтазам шуғулланиш баробарида юқори даражадаги ташкилотчилик салоҳиятига ҳам эга. У ОАК эътирофидаги “Тил, таълим, таржима” ҳамда “Алишер Навоий” халқаро илмий журналларини таъсис этган ва бугунги кунгача ушбу журналлар бош муҳаррири сифатида фаолият олиб бораётган фидойилардандир.

Вақтни қадрлаган, умрнинг ҳар бир сониясини илму ирфон ва ижодга, миллатнинг келажаги ҳисобланган ёшлар таълими ва тарбиясига сафарбар этган олим халқнинг назарини топиши аён. Жамиятда муносиб ҳурмат ва эҳтиром қозониши аниқ. Мамлакатимизда ва халқаро миқёсда эътироф этилган ва ҳурматга сазовор бўлган олим, филология фанлари доктори, профессор Ибодулла Мирзаев шу кунларда қутлуғ 80 ёшни ана шу ҳаётий мезонга амал қилган ҳолда қаршилаяпти. Олим учун айни камолот палласи саналган ушбу табаррук санага ҳавас қилса арзигулик илмий-ижодий хирмон ҳамда етук шогирдлар қуршовида етиб келгани ҳам унинг вақтни қадрлаб, қадр топгани натижасидир.

Нурбой ЖАББОРОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети

ўқув ишлари бўйича проректори,

филология фанлари доктори,

профессор.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 7 =