Ҳамидулла Акбаров: “Олим бўлсанг, олам сеники”
Таниқли олим, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Акбаров табаррук 90 ёшни қаршилаганига қарамай, ҳамон қизғин ижод оғушида самарали изланишлар билан банд. Устоз билан суҳбатимизда у кишининг 40 йилдан зиёд вақт давомидаги санъатшунослик ва телевидение соҳасидаги фаолияти, бадиий ижод ҳамда илмий изланишлар жараёнлари, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия тизимига оид чоп этилган китоблари, Оврўпо ва Осиё мамлакатларига қилган сафарлари ҳақидаги мушоҳадаларини ёритишни ният қилган эдик. Устоз билан суҳбатимиз, ўзлари лутф этганларидек, “ширин, нашъали паллалари билан бирга жиндек заҳмат” борасида кечди.
— Устоз, ижод этган, нашр эттирган китобларингиз сони элликка яқинлашди. “Жаҳон адабиёти” журналида сизнинг қаламингизга мансуб Гулбаданбегимга бағишланган бадиий фильм сценарийсини ўқиб, “Шарқ юлдузи” журналида эса Наби Ғаниев сиймоси гавдаланган кўп қисмли бадиий фильм сценарийси билан танишиб, жуда таъсирландим. Бобурнинг севикли қизи ҳақида ниҳоятда нафис, эстетик шаклда янги, таъсирчан сўз айтибсиз. Бу асарни ёзиш жараёни ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Гулбаданбегимнинг падари бузрукворига, умуман, ақраболарига бўлган меҳри (бу ўринда акаси Комрон истисно) ва садоқатини алоҳида таъкидлаб ўтардим. Британия музейлари, кутубхоналари, ҳатто ниҳоятда бой гўзаллик хазинаси — ноёб ёдгорликларнинг ягона базасида ҳам ХV аср миниатюраларини ўрганиб, ҳозирча Гулбаданбегимнинг портретини топа олмадим. Лекин бир миниатюрани заррабин билан синчиклаб ўрганаётганимизни, қизиқиб қолганимизни сезган музей ходими очиқ чеҳра билан: “Шу композицияда Гулбадан қиёфаси ҳам бор”, деди. Аммо аниқ кўрсата олмади. Миниатюрада сарой аҳли, Акбаршоҳнинг узоқ айрилиқдан кейин онаси билан учрашуви, раққосалар, аёл созандалар… Улар орасидан Гулбаданбегимни топа олмаган музей ходимининг диққат-эътиборини рақс тушаётганларга қаратдим. Уларнинг иккитаси рақс ижроси давомида четда турган бир аёлга таъзим қилиб, навбатдаги нафис ҳаракатга ўтяпти. Доира чертаётган созанда аёл ҳам доирани бироз четга олиб, нигоҳини ўша аёлга қаратган. Музей ходими қувониб кетди. Бундай йўл билан Гулбаданбегимни миниатюра композициясидан излаш хаёлига ҳам келмаганини айтди.
Малика қадди-қомати келишган, сарвқомат бўлган экан. Юзининг бир қисми бироз хиралашган чизиқ ва рангда ифодасини топгандек. Малика миниатюра композициясининг чап қисмида рўмолга ўралган ҳолда тасвирланган. Катта қизғиш рўмол тагидан пешонасига дуррача тушиб турибди. Нигоҳи эса серҳаракат раққосалар ва созандаларга қаратилган…
Мен ўша давр мусаввирларининг меҳнатини жуда-жуда қадрлайман. Ҳазрат Алишер Навоийнинг миниатюрадаги тасвиридан ҳам завқланаман. Айниқса, мусаввири номаълум портретда буюк бобомизнинг асога таяниб, бизга қараб туришини соатлаб ўрганиш истаги туғилади. Маҳлиё этадиган чеҳрада олам-олам фикр мужассамдек кўринади. Уларнинг қайси бири бу гал устун келган экан? Менга қолса, у бизга — унинг қадрига етадиган авлодга қараб “ширин” табассумини йўллагандек. Шу каби нашъали дамларда мазкур миниатюра дурдонаси шоир барҳаётлигида эмас, кейинроқ — ХVI-XVII асрларда чизилган, деб ўйлайман. Номаълум рассомга, тахминимизча, Хондамирнинг “Макоримул ахлоқ” асари, Бобурнинг таъриф-тавсифи, дўсти Ҳусайн Бойқаронинг самимий сўзлари асосий манба бўлганмикан? Бобомизнинг либоси XV-XVI аср миниатюраларидан олинганмикан?
— Сўзларингизни тинглаб, китобларингизда илгари сурилган илмий, бадиий концепцияларни эслаяпман.
— Кези келганда айтай: суҳбат-мулоқотлар жараёнидан миннатдорман. Суҳбатдошларим ҳамиша оқил, одил, фаросати юксак инсонлар бўлган. Мирзакалон Исмоилий, Собир Абдулла, Асқад Мухтор, Галия Измайлова, Эркин Воҳидов, Чингиз Айтматов… Улар жуда кўпчилик, санасам, 200 нафардан ортади. Бундай ақли теран, адолатли, самимий шахсларга рўбарў қилгани учун Тангрига шукроналар айтаман.
Аслида илм ва бадиият бир-бирини озиқлантиради. Ижод ва илмий фаолият муштараклигида асрлар давомида вужудга келган манзаралар кишига эстетик завқ беради. Бир давр ва маконда яшаб, ижоднинг юксак намунасини кўрсатган Форобий ҳамда Фирдавсийнинг ўзаро муносабатларига доир бирор манбани ҳануз учратганимча йўқ. Бироқ файласуф олим Форобий ҳақида фақат Арасту асарларини тарғиб қилибгина жаҳонга танилган, деб ёзилган (“Иран-наме”. Научно-востоковедческий журнал. 2008 й. №1.). Аммо унинг шахсий даҳоси ниҳоятда кучли бўлган. Форобийнинг доҳиёна мушоҳадалари, масалан, ХХ-ХХI аср ихтироси — телевидениенинг тузилиши, таркиби ва синтетик табиатини теран англаш йўлини кўрсатиб бергани ҳайратланарли. Бу алломанинг фалсафаси “Шоҳнома”нинг бадиий концепциясида ҳам сезилмайдими?
Ёки мусиқа тарихи билимдони, моҳир ижрочи Дарвешали Чангийни олайлик. У “Рисолаи мусиқа” асарини зўр қизиқиш ҳамда ўша даврдаги ҳамкасбларидан чексиз миннатдор бўлиб ёзганидан гоҳ кўз ёши тўккан, гоҳ ёш боладек қувонган. Жондан севган чолғуси — чангни мақтаб, шу баҳонада мусиқа ва унинг хизматида бўлган замондошларини эҳтиром билан қаламга олиб, миллий мусиқамизнинг кечаги куни ҳақида бебаҳо мерос қолдиргани учун биз унга ХХI асрда ҳам ташаккур билдиргимиз келади. Абдурауф Фитратнинг бу ҳақда илиқ сўзлар айтганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Дарвешалининг асарини Фитратнинг қариндоши, мусиқий саводи юксак Дилбар Рашидова форс тилидан рус тилига ўгириш ҳаракатида бўлганидан хабардормиз. Қўлёзмани ўрганиб, кўпгина қимматли маълумотларга эга бўлдик. Бадиий-публицистик фильм сценарийсини ёзиб, киностудияга топширганимизга ҳам 10 йилдан ошди. Ўтмиш мусиқамиз ҳақида муҳим эстетик маълумот берган олим ва санъаткорга бағишлаб фильм яратиш масаласига “Ўзбеккино” мутлақо бепарво қарашидан, бу даргоҳдаги лоқайдлик чегара билмаслигидан ҳайратда қоламан.
Дарвешали рисоласи таҳлили давомида худди у билан юзма-юз гурунглашгандек бўлдим. Хўжа Аҳрор ватанига бордим. У кишининг хонадонида тунадим. Эрта тонгда катта ҳовлида яшнаб, шох ёзиб турган кўркам дарахт остида мавлононинг ўз уйида юрганини тасаввур этдим… Шунда мусиқамизнинг бир нозик ҳамда мураккаб масаласини ҳал этиш йўлини топдим. Анчадан бери ўша муаммонинг ечимини излаб юрган эдим.
— Бу гал мулоҳазаларингизни қандай илмий концепция бирлаштириб турди?
— Мен фикр юритиш йўналишини, одатда, сарлавҳага олиб чиқаман: “Илмий матн поэтикаси. Дарвешали Чангийнинг “Рисолаи мусиқа” рисоласига кино-телевизион ёндашув”. Асардан уч жумлани келтирай: танбур — чолғуларнинг устози; чанг — барча чолғуларнинг келинчаги; уд — чолғулар шоҳи. Чолғуга тирик инсоннинг хусусияти, ҳолати, ҳатто мақоми берилиши мавлоно Чангийнинг шахсиятига ҳам берилган таъриф эмасми?
— Гулбаданни анча оғир олишув, кураш жараёнларида ҳам покиза, самимий ҳолда сақлаб қоласиз. “Ойдин кечалар”да эса Сайрам туйғусига берилиб кетган, оила қуриб, фарзанд кўрган эркак оиласига хиёнат қилади. Хуллас, руҳиятнинг икки хил кўриниши. Айтинг-чи, “эркак қўлини илк бор ушлаган қиз” бетоқат, унинг хуштори эса ҳаддан ташқари хотиржам кўриниб қолмаганми?
— Бундай руҳий кечинмаларда вазиятнинг нозиклиги фақатгина икки қаҳрамонга эмас, уларни сценарийда ва фильмда гавдалантираётган шахсга ҳам ўзини тийиб қалам тебратиш масъулиятини юклашидадир. Икки кадр тасаввуримдан кетмасди. Унинг бирида Зуҳранинг қўлини ушлашга ҳам ботинмаган Тоҳир, иккинчисида Тоҳирни Моҳимдан рашк қилиб, ёниб турган Зуҳра. Бирида уларга “Отмагай тонг”, “Қаламлар”ни айтиб, Тоҳир йўлини ёритадиган тонг шуъласини кутаётган Зуҳра, иккинчисида сандиқчилар маҳалласида камон ўқи “сири”ни билиш илинжида юрган Тоҳир. Сценарий бўйича Тоҳир роли ижрочиси Водилда мотоцикл ҳайдашни ўрганган Зуҳра — Юлдузхон ва ўша хушрўй дилбар билан туман марказига тамом бўлиб қолган “Казбек” папиросини излаб борганлар. Бўстонлиқда Тоҳир солинган сандиқни дарёга ташлаш саҳнаси тасвирга олиниши дамларини эслаётган, фироқ ўтида ёнган ўша актёрдан: “Музтар Юлдузхон — Зуҳранинг кўз ёшлари дурдек тўкилганида юрагингиз “жиз” этмаганми?” деб сўраганимда, ундан: “Уркуя бонуга фотиҳа қилинган эдим-ку”, деган жавобни олганман.
Эҳтимол, замон, макон ва қаҳрамон ҳаётига чуқур кириб борганингда ассоциация ҳодисаси юз берар: тасаввурда жонли, ҳаракатдаги тасвирлар мажмуаси пайдо бўлади ва пировардида ёзма ифодасини топади. Тасаввурдаги манзаранинг оғзаки ва ёзма ифодаси бир-биридан фарқ қилади, албатта. Ижоднинг бу каби сирлари эса тобора бойиб бораверади…
— Илмий матн ўзгача тараддуд ва пухта ёндашувни талаб этади. Ёзилаётган асарнинг савияси, даражаси муаллифнинг истеъдоди, тажрибаси ва билими кўламига ҳам боғлиқ. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
— “Олим бўлсанг, олам сеники”, деган нақл бор. Олам бу ўринда бойлик эмас, балки маънавий-маърифий кенглик маъносида. Аслида, бой олимнинг ўзи кам бўлади. Борлари ҳам сахий ва меҳрли келади, бинобарин, топган давлатини илм йўлида сарфлаб, умрининг охиригача илм фидойиси сифатида яшаб ўтади. Шундай инсонларни биламан ва доимо эъзозлаб келаман. Улардан бири марҳум академик Наим Каримов эди. Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Телевидениени ким билмайди? Ҳар куни кўрамиз, тинглаймиз, ахборот оламиз, турли кўрсатувларни томоша қиламиз. Бунинг ҳеч бир сирли томони йўқдек гўё… Аслида эса телевидение бир бутун олам эмасми? Унинг ихтиро қилиниши, тараққиёт босқичлари, тасвир ва товушнинг эфирга синхрон тарзда узатилиши, ранглар жилоси, кўчма маъноларни англатиши, эстетик завқ бериши ва маънавий эҳтиёжларни қондириш йўлидаги изланишлар шулар жумласидандир. Электрон техника оддий тасвирга олиш ва узоққа узатиш қуролидан юксак бадиий ифода воситасига айланди, бадиий синтез тушунчасининг кўламини кенгайтирди — булар ТВга бевосита тааллуқли масалаларнинг бир қисми, холос. Улар ўрганилиши, чуқур тадқиқ этилиши керак эмасми? ТВ салкам бир асрлик фаолияти давомида ҳали мукаммал мустақил методологияга эга бўлгани йўқ. У ҳам кино, радио каби бошқа санъат турлари ва ОАВда қўлланадиган усулларга мурожаат этади. Телевидениенинг бевосита “аждодлари” бўлмагани сабабли, у кўп асрлик тарихга эга бадиий ижод, фольклор, мусиқа этнографияси тажрибасидан ва уларни тадқиқ этиш методологиясидан сабоқ олади, ўрганади. Шу телевидение тарихидаги бирёқлама мулоқот — ТВ (томошабин кадр ортида қолиши) босқичидан иккинчи босқич — ТВ ва томошабин ўртасидаги фаол мулоқот (томошабин — ТВ) сари катта ўзгаришлар юз бериб бориши муқаррардир. Назариянинг перманентлиги, яъни узлуксиз мукаммаллашиб бориши табиий ҳол. Бу эса ТВ миллий қиёфаси ва табиатини илмий методологияларни ўз ўрнида қўллаган ҳолда ўрганишни, бу сержило объектга ёндашиш йўллари ҳамда методикасини ишлаб чиқишни тақозо этади. Каминанинг ТВга бағишланган минг саҳифалик янги китобида таҳлил қилинганидек, эртаклардаги “ойна”да турли воқеалар намоён бўлади. “Ойнаи жаҳон”да Фарҳоднинг олис юрт маликаси Ширинни кўриб, ҳайратга тушиши, ўша муҳит томон отланишини шеърий мисраларда тасвирлаб, ойнадаги беназир малика тасвирини (“йирик режа”) ҳамда бу ажиб гўзалликдан ҳайратга тушган Фарҳоднинг ҳолатини таърифлаши — бугунги ТВнинг айнан ўзгинаси десак, асло муболаға бўлмайди.
— Телевидениенинг бугунги шаклланиши ва келажагига муносабатингиз қандай?
— Ёрқин телетасвир кўп қиррали бугунги кунимизга хизмат қилади. Миниатюра санъатимиз ҳам, номачилик анъаналаримиз ҳам, халқ оғзаки ижодининг ранг-баранг кўринишлари ҳам, миллий мусиқа садолари ва уларнинг мароми ҳам (куйга солинган сержило сўз, мисра, иборалар ҳам) ТВ кесимида чуқур ўрганилса, ҳақиқий миллий телевидениенинг қарор топишига мустаҳкам пойдевор бўлади. Бахшичилик санъати, фольклорнинг таркиби, табиати ва тузилиши бунга бой маънавий озуқа беради. Халқ театрининг томошабин билан узвий алоқа ўрната олиши, оддий саҳналарнинг бир зумда ижодий устахонага айланиб, машқ жараёнларининг томоша давомида бевосита қабул қилиниши — бу каби телеобъективга мос, томошабин учун қизиқарли бўлган кадр ва эпизодлар телевидение нуқтаи назаридан мунтазам ўрганилиши лозим. Биз филология фанимизнинг ютуқларидан, ҳамкасбларимизнинг кашфиётларидан воқиф бўлиб, қутлов сўзларини айтамиз. Бироқ ҳазрат Алишер Навоийни, буюк наср устаси Абдулла Қодирийни, Абдурауф Фитрат каби адибларимизни фақатгина филология фани нуқтаи назаридан ўрганишимиз етарлимикан? Навоий устахонасидаги ранглар силсиласи ва жилоси беқиёс-ку! Абдулла Қодирий насрида мусиқанинг ўрни қандай? Бизнингча, беқиёс даражада зўр! Бу уларнинг энг ибратли қирралари, бадиий ихтироларидан биридир. “Умар ҳукмронлик қилган мамлакатда” сценарийсини ёза бошлаган Фитрат ва Сулаймон Хўжанинг ташаббуси олиму фузалоларимизда, адибларимизда янгича фикр уйғотмайдими? Мана шу масалалар хусусида энди бемалол баҳс-мунозара олиб бориш фурсати етди, деб ўйлайман.
— Албатта. Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун сизга катта раҳмат!
Олтиной ТОЖИБОЕВА
суҳбатлашди.
