Насиба Иброҳимова: “Касбим — журналист, ҳунарим — дикторлик”
Ўзбек миллий телевидениеси ва радиоси тарихи, аввало, адабий тил софлиги ва эфир маданиятига садоқат билан хизмат қилган ижодкорлар номи билан боғлиқ. Тошкент телестудияси фаолият бошлаган 1956 йилдаёқ мактаб ўқувчиси сифатида эфирга чиққан илк дикторлардан бири Насиба Иброҳимова ана шу тарихнинг бевосита иштирокчисидир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали диктор Насиба Иброҳимова билан суҳбатимиз радио ва телевидениенинг илк даври, устоз-шогирдлик анъаналари, бугунги эфир маданияти, адабий тил меъёрлари ҳамда китоб ва матбуотга муносабат хусусида кечди.
— Насиба опа, сиз ўзбек телевидениеси ва журналистикасининг кўп йиллик тарихига гувоҳ бўлган ижодкорсиз. Суҳбатимизни журналистикага илк қадамларингиздан бошласак?
— Менимча, журналистлик фаолиятим тўққиз ёшимдан бошланган. Телевидениега келишимдан аввал радиода иш бошлаганман. Учинчи синфда ўқиётган кезларим мактабимиздан бир гуруҳ қизларни болалар учун тайёрланадиган “Пионер эрталиги” эшиттиришига таклиф қилишди.
Дастлаб матнни равон ўқий олмадим. Бир неча бор уриниб кўрдим, аммо уддалай олмагач, радиога боришни тўхтатдим. Орадан икки-уч ой ўтиб, яна қайтдим. Бу сафар менга “Бепоён Ватанимизда” деган бир неча сўзни ўқиш имкони берилди. Шу тариқа, учинчи синфдаги илк сўзларим радио орқали эфирга узатилди. Ўша куни уйдагилар билан тонгда радиоқабул қилгич қаршисида ўтириб, овозимни эшитишни кутганмиз. Эфирда янграган икки-уч сўз мен учун оламшумул воқеа эди.
Ота-онам радиога қатнашимни, кейинчалик телевидениеда ишлай бошлаганимни қўллаб-қувватлашди. Дарсларимни ҳам яхши ўзлаштирардим, ижодий фаолиятга ҳам улгуришга ҳаракат қилардим. Кейинчалик дубляж ишларига жалб қилиниб, икки юзга яқин бадиий ва ҳужжатли фильмга овоз бердим. Шундай қилиб, журналистика моҳиятини ҳали тўлиқ англамаган болалик давримдаёқ радио, телевидение ва дубляж ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди.
— Телевидениега келишингиз қандай бошланган?
— Учинчи синфдан радиога қатнай бошладик. Дастлаб болалар, кейинчалик ёшлар ва ўсмирлар эшиттиришларида қатнашдик. Бир куни режиссёр Неъмат Дўстхўжаев бизни телевидениега олиб борди. Ўшандагина радио ортидаги овозлардан фарқли равишда, телевидениеда инсонлар экранда кўринишини англадик.
Тошкент телестудияси 1956 йил 5 ноябрда фаолият бошлаган. Мен эса шу йилнинг декабрь ойи охирида телевидениега келдим. Ўша пайтда у “Ўзбек телевидениеси” эмас, “Тошкент телестудияси” деб аталарди. Эфирлар ҳозиргидек узоқ давом этмас, баъзан биргина фильм ва қисқа киножурнал намойиш этиларди. Дикторнинг асосий вазифаси томошабинни навбатдаги кўрсатув билан таништиришдан иборат эди. Эфирни “Ассалому алайкум” эмас, “Салом, ўртоқлар!” дея бошлардик. Ўша даврда телевидение янги соҳа бўлиб, малакали кадрлар етишмасди. Шу сабабли дастлабки жамоа радио ва кино соҳасида ишлаган журналистлар, режиссёрлар ҳамда операторлар ҳисобига шаклланди. Болалар таҳририятида ҳам ўз кўрсатувларимиз тайёрлана бошлади. Биз эса режиссёрларнинг топшириқларини бажариб, эфир тажрибасини эгаллардик.
Тўққизинчи синфда ўқиётганимда, “Сектор выпуска” муҳаррири Муқаддам Холиқова мени директор Мирсолиқ Мираҳмадовичнинг қабулига олиб кирди. У киши оилам, ота-онам ва қаерда яшашимиз ҳақида сўрадилар. Кўп ўтмай, мени дикторликка қабул қилиш масаласи кўтарилди. Ўша пайтда дастлабки дикторлардан айримлари ишдан кетган, телевидениеда эса кадрларга эҳтиёж катта эди. Аммо мен ҳали мактаб ўқувчиси бўлиб, паспорт ва шаҳодатномага эга эмасдим. Шу сабабли “диктор-амалиётчи” сифатида ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарилди. Икки йил давомида маошимни паспортга эга бўлган катта опам олиб юрди.
Шу тариқа, ҳали мактаб партасида ўтирган кезларимдаёқ Тошкент телестудиясининг илк дикторларидан бирига айландим.
“Қирқ нафар эркак орасидаги ягона қиз эдим”
— Мактабни битиргач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети, ўша пайтдаги Ўрта Осиё давлат университетининг журналистика бўлимига кирмоқчи бўлдим. Аммо у ерга, асосан, матбуотда мақолалари чиққан, амалий тажрибага эга ёшлар қабул қилинар, мактаб битирувчилари эса тўғридан-тўғри ўқишга кира олмасди.
Радиода ишлаб юрган кезларим мактаб тадбирлари ҳақида ёзар, деворий газеталар тайёрлардик. Опам қабул комиссиясига радио, телевидение ва дубляждаги фаолиятимни тушунтиргач, тегишли маълумотномаларни тақдим этишни сўрашди. Ҳужжатларим университет ректори, академик Обид Содиқовга кўрсатилди. У киши мени таниб, ҳужжатларимни қабул қилишга рухсат бердилар. Чунки икки йил давомида у киши иштирок этган илмий дастурларни олиб борган эдим.
Шу тариқа талаба бўлдим. Қарийб икки ярим йил давомида қирқ нафар эркак орасидаги ягона қиз бўлиб таҳсил олдим. Курсдошларимдан бири — кўзи ожиз Анвар Эшонхўжаев овозимдан мени таниб, радиода чиқишимни айтганида ҳайратда қолганман. Кейинчалик у университетни имтиёзли тамомлаб, газета таҳририятида узоқ йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Агар болалигимда мени радиога олиб боришмаганида, ёзишга йўналтиришмаганида, ҳаётим қандай кечишини тасаввур ҳам қилолмайман. Ўша муҳит бутун тақдиримни белгилаб берди. Шу боис журналистикада неча йил ишлаганимни аниқ айта олмайман — бугунги ҳаётим ҳам касбим билан чамбарчас боғлиқ.
Баъзан давраларда ҳазиллашиб: “Сизга мен ҳунарим сифатида керакманми ёки касбим сифатида?” деб сўрайман. Зеро, касбим — журналистлик, ҳунарим эса дикторликдир.
— Халқимиз телевидениени бежиз “ойнаи жаҳон” деб атамаган. Бир пайтлар телевизор нафақат ахборот узатувчи ва кўнгилочар восита, балки одамлар учун юксак маданият, маърифат ва нутқ мактаби ҳам эди. Сиз ўша даврларни қандай хотирлайсиз?
— Мен ўша телевидение ичида яшаганман. Шунинг учун бугунги эфир маданиятини ўтмиш билан солиштирганда, айрим жиҳатларни ижобий баҳолай олмайман. Айниқса, телеканалларда шевага берилиш ҳолатлари кўпайгани ташвишли. Эфирни бутун Ўзбекистон халқи тинглайди ва томоша қилади. Демак, нутқ умумхалққа тушунарли, адабий тил меъёрларига мос бўлиши шарт.
Биз ишлаган даврда суҳбатдошнинг фикрини ўзгартирмаган ҳолда, унинг нутқи адабий тил талабларига мослаштириларди. Жонли эфир ҳам тил қоидаларидан воз кечишни англатмасди. Айрим меҳмонларга олдиндан матн тайёрлаб берилса-да, улар уни ёдлаб олиб, мазмунини ўз сўзлари билан самимий етказардилар. Радио ва телевидениеда нутқ маданиятига жиддий эътибор қаратиларди.
Бугун эса айрим бошловчиларнинг қоғозга қараб сўзлашига гувоҳ бўламиз. Менимча, бу ўз устида етарлича ишламаслик ва айтилаётган фикрни тўлиқ англамаслик билан боғлиқ. Инсон нима демоқчи эканини аниқ билса, уни ифодалаш йўлини ҳам топади.
Бир куни Давлат тилини ўқитиш ва малака ошириш марказида радио ва телевидение ходимлари учун ташкил этилган курсда дарс беришни таклиф қилишди. Гарчи аввал дарс бермаган бўлсам-да, рози бўлдим. Ҳамкасбларимга эфирда нутқ маданияти, матн билан ишлаш ва фикрни равон етказиш усуллари ҳақида тушунтирдим.
Уларга матнни бир неча бор диққат билан ўқиш, унинг мазмунини англаш ва асосий фикрларни олдиндан белгилаб олишни тавсия қилардим. Ҳаяжонни енгиш учун эса учта саволга жавоб топиш зарур: “Мен нима демоқчиман? Кимга айтяпман? Қандай услубда етказаман?” Бу саволларга аниқ жавоб топган инсон фикрини изчил баён қилади, вақт меъёрига амал қилади ва асосий ғояни йўқотмайди.
Ким ўз касбини ҳурмат қилса, радио, телевидение ёки матбуотда ишлашни истаса, доимо ўз устида ишлаши керак. Тинимсиз ўқиш, луғат бойлигини ошириш ва ҳар бир сўзнинг маъносини теран англаш муҳим. Зеро, эфир — шунчаки кўриниш берадиган жой эмас, балки инсоннинг савияси, маданияти ва масъулияти намоён бўладиган юксак минбардир.
— Авваллари телевидение, радио ва умуман ОАВда маҳорат дарслари, устозлар билан ижодий мулоқотлар кўп бўларди. Бугун ҳам сиздан маслаҳат сўраб мурожаат қиладиган ёш журналистлар борми?
— Ҳа, айниқса, миллий радио, телевидение ва нутқ маданияти бўйича тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар мурожаат қилишади. Илмий ишлари ва қўлланмаларини кўриб, тақриз ва маслаҳатларимни бераман. Беш йилдан буён радио ва телевидение журналистлари, диктор ва сухандонлар билан малака ошириш машғулотларида ҳам мулоқот қилиб келяпман. Эфирда инсоннинг ютуғи ҳам, камчилиги ҳам яққол кўринади. Шунинг учун ҳар бир ижодкор ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак. Журналист томошабинни қизиқтирган саволларни бера олиши, суҳбатдошининг ҳали очилмаган қирраларини кашф этиши ва жамият учун фойдали ахборот олиши зарур.
Мен ҳамкасбларимнинг кўрсатувларини мунтазам кузатаман, таҳлил қиламан, зарур бўлса, камчиликларини ҳам айтаман. Бир кўрсатувда таом тайёрлаётган қиз экранда кўрсатилмаганини пайқадим. Сабабини сўраганимда, унинг боши ўралгани айтилди. Ваҳоланки, бу ҳолатни гигиена ва озодалик талаби билан боғлаб, табиий тушунтириш мумкин эди. Журналист ана шундай нозик жиҳатларни ҳам илғай олиши керак.
Афсуски, баъзи ижодкорлар ўзлари тайёрлаган кўрсатувларни қайта кўриб, таҳлил қилишга вақт ажратмайди. Ҳар бир журналист ўз ишини кузатиши, камчиликларини англаши ва касбдошлари фаолиятидан хулоса чиқариши лозим. Газета ва китобларни мунтазам ўқиш ҳам касбий тафаккурни бойитади.
Китобга муносабатда ҳам мазмун ва ғоявий қиммат биринчи ўринда туриши керак. Китобни фақат ташқи безагига қараб баҳолаш — саёз ёндашув. Журналист ўқиши, кузатиши, қиёслаши ва мантиқий саволлар бера билиши зарур. Унинг нигоҳи оддий томошабинникидан теранроқ бўлиши, ўз касбини қадрлаган қаламкаш эса доимо изланишда яшаши керак.
— “Hurriyat” газетасини ўқиб турасизми? Яна қайси нашрларни мунтазам мутолаа қилиб борасиз?
— “Hurriyat” ўз соҳамизнинг нашри бўлгани учун менга қадрли. Унда ёш журналистларнинг мазмунли мақолалари эълон қилинади. Уларнинг ижоди ва дунёқараши менга қизиқ. Журналистлар уюшмасининг фаолиятига ҳам бефарқ эмасман. Қолаверса, газетада мазмунли материаллар ёритилади. Айниқса, унда мақолалари чиқаётган муаллифларнинг кўпи ёш мухбирлардир. Мен улар билан ҳамфикрман, шу боис ёшларнинг ижоди, дунёқараши менга жуда қизиқ.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” ва “Народное слово” газеталарини ҳам кузатиб бораман. Бир мавзунинг турли нашрларда қандай ёритилганини қиёслаш, муаллифларнинг ёндашувини таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. Яқинда ёш журналистлардан бирининг Ўткир Ҳошимов ҳақидаги мақоласини ўқидим. Ўткир менинг курсдошим эди. Шунинг учун мақолага алоҳида қизиқиш билан қарадим. Муаллиф ёзувчининг ижодини ўзига хос ёндашув асосида таҳлил қилгани мени мамнун этди.
Яна бир ёш журналистнинг таржима ҳақидаги мақоласини ўқиб, унга қўнғироқ қилдим. Мақоласини мақтаб, бир жиҳатга эътиборини қаратдим: таржима ҳақида батафсил ёзган бўлса-да, дубляж масаласини четлаб ўтган эди. Ваҳоланки, ўзбек дубляжи ўтган асрда ўзига хос мактаб яратган, унинг замирида эса мукаммал таржима санъати турган. Шунинг учун унга кейинги тадқиқотларида дубляж масаласини ҳам ўрганишни тавсия қилдим.
Қодир Мирмуҳамедов каби забардаст устозларни радиода таниб, кейинчалик дубляжда ҳам улар билан бирга ишлаганман. Шу боис бу соҳанинг тараққиётига бевосита гувоҳ бўлганман. Ёш журналистларнинг изланишларини кўриб, уларга ўз тажрибамдан келиб чиқиб маслаҳат беришни муҳим деб биламан.
— Бугунги ОАВ ҳақидаги хулосангиз қандай? Кўпчилик “ҳозир газета ўқилмаяпти” деган фикрни илгари суради. Сизнингча, миллий матбуотнинг қайси жиҳатларига кўпроқ урғу бериш зарур?
— Менимча, ўзини зиёли деб билган, жамиятда муайян ўрни ва масъулияти борлигини англаган ҳар қандай инсон матбуотни мунтазам кузатиб бориши шарт. Тўғри, бугун ижтимоий тармоқларда ҳам турфа ахборотлар тўлиб-тошиб ётибди. Аммо босма нашрда эълон қилинган мақоланинг ўз салобати, ўз вазни бор. Ижтимоий тармоқларда газета материаллари қай даражада акс этаётгани менга қоронғи. Лекин бир ҳолатга кўп дуч келаман: айрим бошловчилар эфирда “ижтимоий тармоқда ўқиб қолдим”, “интернетда кўзим тушди” деб бемалол гапиришади.
Бунга жуда ҳайрон қоламан. Давлат телеканалида чиқаётган журналистнинг тасдиқланмаган ижтимоий тармоқ хабарларига суянишига нима ҳожат бор? Бизда расмий Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бор, ишончли давлат манбалари бор. Нега “Ахборот агентлиги маълумотига кўра…” демайсиз? Нега аниқ манбани кўрсатмайсиз? Журналист, аввало, расмий, текширилган манбага таяниши шарт. Шундагина у тарқатаётган маълумотининг холислиги ва тўғрилигига ишонч ҳосил қилади.
Газетадаги материалнинг яна бир бебаҳо жиҳати бор: у вақт ўтиши билан изсиз йўқолиб кетмайди. Керакли нусхалари кутубхоналарда, архивларда сақланади. Йиллар ўтиб ҳам унга қайтиш, ўша давр нафасини кўз олдига келтириш мумкин. “Мана, ўша кезларда бу масала шундай ёритилган экан, жамият бу воқеани шундай баҳолаган экан”, дея тарихни варақлай оламиз. Шу боис матбуот фақат бугунги кун ахбороти эмас; у кечаги куннинг муҳрланган ҳужжати, бугуннинг жонли гувоҳи ва келажак авлод учун беқиёс манбадир. Бугун эскирган ҳисобланган хабар эртага тарихий далилга айланиши мумкин. Муайян воқеага ўз вақтида қандай баҳо берилгани келажак тадқиқотчиси учун қимматли асос бўлиб хизмат қилади.
“Китоб ўқимасликни тасаввур ҳам қилолмайман”
— Инсоннинг китоб ўқимай яшашини тасаввур ҳам қилолмайман. Юмушларим қанчалик кўп бўлмасин, бадиий ва илмий асарлар мутолаасига вақт ажратаман. Радио, телевидение ва нутқ маданиятига оид тадқиқотларни кўриб чиққанда, амалиётчи сифатида ўз тажрибамга таяниб, айрим нозик жиҳатларни илғай оламан.
Ёш тадқиқотчиларга доим бир ўгитни айтаман: тарихни таҳрир қилманг! Уни шарҳлашингиз, ўз илмий муносабатингизни билдиришингиз мумкин, аммо тарихий ҳақиқатни ўзгартиришга ҳаққингиз йўқ. Ҳар қандай хулоса фактлар билан асосланиши шарт. Зеро, тарихдаги кичик бир хатолик ҳам келажак авлод тасаввурини чалғитиши мумкин.
Устозларимдан бири Жонрид Абдуллахонов радио ҳақида хотира китобини ёзаётганида мендан ҳам маслаҳат сўраган эдилар. Кейинчалик асарга телевидение тарихи ҳам киритилди. Китоб қизиқарли хотираларга бой бўлса-да, унда дастлабки дикторларнинг исмлари ва фотосуратларига оид айрим жиддий хатолар учраган. Бу ҳолат тарихий маълумотларни текшириш ва аниқликка риоя қилиш қанчалик муҳимлигини яна бир бор кўрсатади.
Бир куни телевидение тарихига бағишланган қарийб етти юз бетлик қўлёзма муаллифи менга мурожаат қилди. Асарда қимматли маълумотлар ва соҳавий атамаларнинг батафсил изоҳлари бор эди, аммо илмий-услубий жиҳатдан жиддий таҳрирга эҳтиёж сезиларди. Уч ой давомида қўлёзмани қайта кўриб чиқдим. Натижада олти юз бетдан ошиқ ҳажмдаги “Телевидениенинг илмий ва назарий асослари” китоби нашр этилди. Афсуски, муаллиф бевақт вафот этди ва асарнинг олий таълим учун расмий дарслик сифатида қайта нашр этилишини кўришга улгурмади. Шунга қарамай, унинг илмий мероси телевидение соҳасидаги тадқиқотлар учун аҳамиятини сақлаб қолди.
Абдулла Орипов билан боғлиқ бир хотира ҳам ёдимда. У киши билан бир бинода ишлардик. Бир куни хонамга кирмоқчи бўлиб, эшик олдида тўхтаб қолдилар. Шунда ҳазиллашиб: “Ростдан ҳам вазир ўринбосари бўлдингизми?” деб сўрадим. Бу воқеа менга ижодкор шахсини фақат унинг асарлари билан баҳолаш тўғри эмаслигини эслатади. Абдулла Орипов буюк шоир бўлиш билан бирга, давлат ва жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этган. Демак, истеъдодли инсон ўз салоҳиятини ижоддан ташқари бошқа соҳаларда ҳам намоён этиши мумкин.
— Насиба опа, сиз микрофон ва камера ортидаги ярим асрдан зиёд умрингизни сўз масъулиятига, миллий эфир маданиятига бағишлаган ижодкорсиз. Бугунги тезкор ахборот замонида шу касбнинг этагидан тутиб, катта йўлга чиқаётган ёш ҳамкасбларингизга, устоз сифатида қандай ҳаётий сабоқ ва ўгитларни айтган бўлардингиз?
— Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман: замон қанчалик ўзгармасин, техника қанчалик ривожланмасин, журналистиканинг асосий моҳияти — сўзга масъулият ва одамларга бўлган ҳурмат ҳеч қачон эскирмайди. Биз ёш бўлган кезларимизда микрофон қаршисига ёки камера олдига чиқиш катта бир масъулият, ҳатто муқаддас бир бурч эди. Ҳар бир сўзимиз эл назаридан ўтишини юракдан ҳис қилардик.
Бугунги ёшларга айтар сўзим шу: эфирга ёки матбуотга шунчаки шуҳрат қозониш, кўриниш учун интилманг. Аввало, ўз устингизда тинимсиз ишланг, кўпроқ китоб ўқинг, халқнинг ичига кириб, унинг қувончи ва дардини тингланг. Адабий тилимизни, тарихимизни кўз қорачиғидек асранг. Агар айтадиган самимий гапингиз, томошабин ёки ўқувчига узатадиган юрак қўрингиз бўлса, сизни эл ҳам севади, меҳнатингиз ҳам бекор кетмайди.
— Мазмунли, ибратли ва самимий суҳбатингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Фидойилигингиз, куюнчак ўгитларингиз соҳага қадам қўяётган ҳар бир қаламкаш учун маҳорат ва виждон сабоғи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Умрингиз узоқ, ижодий ва илмий фаолиятингиз ҳамиша бардавом бўлсин!
Фарангиз АБРУЕВА
суҳбатлашди.
