Сурхон воҳаси янгиланишлар ва бунёдкорлик оғушида

Кўпинча раҳбарлар ҳақида ёхуд бирор обод ҳудуд, манзилларда амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳақида илиқ сўз айтиш, бўлаётган ўзгаришларни эътироф этиш бошқача талқин қилинади. Кимгадир ёқиш учун, мақташ, ҳамду сано учун дегандек… Лекин бугун Янги Ўзбекистонда, мамлакатимизнинг вилоятларида, туман ва шаҳарларида, минглаб маҳаллаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни, одамларни рози қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни эътироф этмаслик ҳам  мумкин эмас.

Куни кеча таҳририят йўлланмаси билан Сурхон воҳасида бўлдик. Бугунги Сурхондарё билан танишдик. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг тиним билмай воҳа халқи фаровонлиги йўлида олиб бораётган ишларини ўзидан эмас, вилоят аҳлидан эшитдик. Ўтмиши қадим бу муаззам воҳанинг бугуни ёруғ ўзгаришларга юз тутаётганига гувоҳ бўлдик.

Қуйида сўзимиз шу ҳақда.

Бахшилар куйлаган диёр

Бир томонда салобатли тоғлар осмон билан бўйлашган, бир томонда чексизликка туташган кенг водийлар, ям-яшил далалар ва адирлар бағрида жойлашган қишлоқлар. Амударёнинг сокин оқими. Тоғ сойларининг шовуллаши. Тонгги шабадада тебранаётган боғлар. Ошиқ бахшилар мангу куйлаган воҳанинг бетакрор табиати, ўзига хос жозибаси қиёссиз. Асрлар давомида сайқал топган маданият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маънавий мерос. Эртанги кунга ишонч билан қадам ташлаётган заҳматкаш сурхондарёликлар.

Қадимшунослар воҳа заминидан топилган ҳар бир ашё, ҳар бир меъморий қолдиқ, ҳар бир маданий қатлам олис аждодларимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши, бунёдкорлик салоҳияти ва маънавий олами ҳақида дарак беришини тасдиқлайди. Сополлитепа ва Жарқўтон ёдгорликлари бронза давридаёқ бу ҳудудда деҳқончилик, ҳунармандчилик ва ўтроқ ҳаётнинг юксак даражада шаклланганидан далолат берса, Холчаёндаги қадимий сарой меъморчилиги ва ҳайкалтарошлик намуналари бадиий тафаккур, эстетик дид ва санъат анъаналари нечоғлик ривожланганини кўрсатади. Далварзинтепа Кушонлар даври шаҳарсозлиги, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ тараққиётини ўзида мужассам этган муҳим тарихий маскан бўлса, Термиз яқинидаги Фаёзтепа ва Қоратепа буддавийлик маданиятининг Марказий Осиёдаги муҳим марказлари сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.

Амударё бўйидаги қадимий қалъа ва савдо маскани — Кампиртепа эса бу ҳудуднинг узоқ ўтмишда ҳам муҳим йўллар, маданий таъсирлар ва савдо алоқалари кесишган макон бўлганини кўрсатади.

У ердаги эллинистик давр, Юэчжи ва Кушонлар замонига оид маданий қатламлар ҳам воҳанинг мураккаб ва серқирра тарихини очиб беришда алоҳида аҳамият касб этади. Термиз ва унинг атрофидаги археологик ёдгорликлар, қадимги Чағониён, Бойсуннинг бетакрор табиати ва бой этномаданий муҳити кабилар Сурхондарё тарихини биргина давр ёки биргина маданият билан чеклаб бўлмаслигини англатади. Бу заминда турли халқлар, маданиятлар ва анъаналар учрашган, ўзаро таъсирлашган, натижада ўзига хос маънавий муҳит шаклланган. Табиат билан уйғун яшаган аҳоли ердан ризқ ундириш, яшаш маконларини обод этиш ва жамоавий ҳаётни ташкил қилиш борасида катта тажриба тўплаган. Асрлар оша давом этган ана шу жараёнлар воҳанинг бугунги қиёфасида, одамларининг дунёқарашида, урф-одатлари ва санъатида ўз аксини топмоқда.

Воҳа бахшилари дўмбирасининг ҳар бир зарбида олис ўтмиш садоси, достонларнинг ҳар бир мисрасида халқнинг дарду армонлари, мардлик ва жасорати, орзу-интилишлари мужассам. Бахши учун қўшиқ шунчаки оҳанг эмас, у халқ хотираси, авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк, замонлар оша узилмай келаётган руҳий риштанинг ифодасидир. Бахши куйлаганда гўё тарих тилга киради, аждодлар овози бугунги кунга етиб келади, элнинг кечаги орзулари бугуннинг мақсаду интилишлари билан туташади.

 

Кузлаб келсин,

баҳор қайтиб кузлаб келсин,

Сурхондарём қишлари.

Довушимдан обод бўлсин, дўмбирам,

Ўзбекистон даштлари.

 

Бу мисраларда фасллар алмашинувининг табиий гўзаллиги билан инсон умрининг давомийлиги, меҳнатнинг самараси билан эл фаровонлиги, ўз элига бўлган муҳаббат билан бугунги Янги Ўзбекистон равнақига дахлдорлик туйғуси уйғунлашади.

Бугуннинг нафаси

Бугун Сурхондарёда қадимийлик билан замонавийлик ўзига хос тарзда уйғунлашиб бормоқда. Бир қарашда асрлар силсиласидан омон ўтиб келган тарихий манзиллар, тоғлар бағридаги қишлоқлар, кенг далалар ва боғлар кўзга ташланса, яна бир қарашда янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий хизмат кўрсатиш масканлари, обод маҳаллалар ва янгиланиб бораётган шаҳарлар намоён бўлади. Деновнинг савдо-сотиқ ва тадбиркорлик муҳити, Шеробод ва Ангорнинг кенг даштлари, Қумқўрғон ва Жарқўрғоннинг деҳқончилик анъаналари, Бойсун ва Сариосиёнинг тоғли манзиллари Сурхондарё тараққиётининг ўзига хос қирраларини белгилайди.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгаришларнинг ҳаётдаги ифодасини Сурхондарё мисолида кузатиш мумкин. Чунки воҳада тараққиёт фақат шаҳарлар қиёфасини ўзгартириш билан чекланмайди. У олис қишлоқларга йўл очиш, аҳолини ичимлик суви ва зарур инфратузилма билан таъминлаш, деҳқон ва тадбиркорларга янги имкониятлар яратиш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш кабилар билан боғланиб кетган. Воҳанинг ҳар бир туманидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, одамларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва турмуш сифатини яхшилаш умумий тараққиётнинг муҳим шарти сифатида эътиборга олинган.

Сурхондарё иқтисодиёти ривожланишида қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари бир-бирини тўлдириб боради. Қуёшли иқлим ва унумдор ерлар деҳқончилик, боғдорчилик ҳамда сабзавотчилик учун катта имкониятлар яратса, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, маҳсулотларни сақлаш ва бозорларга етказиб бериш янги иқтисодий қийматни шакллантиради. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг кенгайиши, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ва хизматлар соҳасининг ривожланиши эса аҳоли учун даромад манбаларини кўпайтиришга хизмат қилади. Бундай жараёнларнинг самараси, айниқса, меҳнат бозорида янги имкониятлар пайдо бўлиши ва маҳаллий ташаббусларнинг қўллаб-қувватланишида намоён бўлмоқда. Иқтисодий барқарорлик ижтимоий ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори экани нуқтаи назаридан, 2026 йилнинг ўтган даври якунлари Сурхондарёдаги иқтисодий жараёнларни баҳолаш, воҳанинг мавжуд салоҳияти ва истиқболларини белгилашда муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, маҳаллий имкониятларни ишга солиш, хомашёни қайта ишлаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш иқтисодий ўсишнинг аҳоли фаровонлигига хизмат қилишида ҳал қилувчи ўрин тутди. Қадимий меҳнат анъаналари замонавий технологиялар, тадбиркорлик тафаккури ва бунёдкорлик ташаббуслари билан бойиб бормоқда. Ана шу жараёнларнинг кўлами ва натижаларини иқтисодий кўрсаткичлар, амалга оширилган лойиҳалар ҳамда одамлар ҳаётидаги аниқ ўзгаришлар орқали кўриш мумкин.

Рақамларда акс этган ютуқлар

Сурхондарё иқтисодий тараққиётининг кўлами рақамларда акс этса, унинг ҳаётдаги ифодаси аҳолининг турмуш тарзида намоён бўлмоқда. Вилоятда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган иқтисодий кўрсаткичлар воҳа иқтисодиётидаги фаоллик ва ўсиш суръатларини яққол акс эттиради. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 35,9 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 107,3 фоизга етди. Бу рақамлар ортида далаларда, қурилиш майдонларида, ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш масканларида туну кун меҳнат қилаётган минглаб сурхондарёликларнинг заҳмати, ташаббуси ва яратувчанлик салоҳияти мужассам. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасининг 115,6 фоизга ўсиб, 20,8 триллион сўмлик ҳажмга етиши, қурилиш ишларининг эса 119,7 фоизга ўсиб, 7,9 триллион сўмни ташкил этиши иқтисодий фаолликнинг муҳим омилларига айланди. Саноат тармоқларида 108,2 фоизлик ўсиш қайд этилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 9,6 триллион сўмга етгани ҳам воҳадаги иқтисодий жараёнлар кўламини кўрсатади. Асрлар давомида аҳоли турмуши ва воҳа иқтисодиётининг таянчи бўлиб келган қишлоқ хўжалигида эса ўсиш суръати 104,2 фоизни, маҳсулот ҳажми 22 триллион сўмни ташкил этди.

Бу кўрсаткичлар Сурхондарё иқтисодиётида анъанавий тармоқлар билан бир қаторда хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноатнинг ҳам аҳамияти ортиб бораётганини англатади. Воҳанинг табиий имкониятлари, меҳнат ресурслари ва тадбиркорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш иқтисодий фаолиятни янада диверсификация қилиш учун замин яратмоқда. Энг муҳими, ушбу ўсишнинг аҳоли бандлиги, даромадлари ва турмуш фаровонлигида акс этиши тараққиётнинг асосий мезони бўлиб қолмоқда.

Ислоҳотларнинг энг муҳим мезонларидан бири одамларни иш билан таъминлаб даромадли қилиш, ҳар бир оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдир. Шу маънода, Сурхондарёда камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар аҳолига моддий кўмак бериш билан чекланмай, барқарор даромад манбаларини яратиш, бандликни таъминлаш орқали уларнинг ўзлари ҳалол меҳнатлари билан фаровон ҳаёт қуришига шароит яратиб бермоқда. 2026 йил январь-сентябрь ойларида 61,4 минг нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. Натижада белгиланган 53,7 минг нафарлик режа 114,2 фоизга бажарилди. Туманлар кесимидаги натижалар ҳам эътиборга молик. Музработ туманида 4 минг нафар аҳоли иш билан таъминланиб, режа 142 фоизга, Термиз шаҳрида 2,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, режа 127 фоизга, Ангор туманида эса 3,4 минг нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлиб, режа 127 фоизга бажарилди. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида янги иш бошлаган инсон, оиласи даромади учун муносиб манба топган фуқаро, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланаётган оила турибди. Шунингдек, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 384 минг нафар фуқаронинг даромадлари сезиларли даражада оширилгани аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлидаги муҳим натижалардан биридир. Бандликнинг таъминланиши ва даромад манбаларининг кенгайиши нафақат оилаларнинг моддий аҳволини яхшилайди, балки маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш, истеъмол бозорини ривожлантириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Шу боис мазкур натижаларни воҳа хонадонларига қут-барака ва тўкинлик олиб кириш йўлидаги амалий қадамлар сифатида баҳолаш мумкин.

Инвестиция — тараққиёт гарови

Сурхондарёнинг сармоявий муҳити бугун воҳанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омилга айланмоқда. Табиий ва иқтисодий имкониятлар, мавжуд хомашё ресурслари ҳамда янги лойиҳаларни юзага чиқариш учун яратилаётган шароитлар хорижий сармоядорлар эътиборини тортмоқда. Инвестиция дастури доирасида 1,4 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсаткич ўтган даврларга нисбатан 2,9 баробарга ўсди. Ҳудудий дастур доирасида эса олти ой давомида 111 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 230 та янги иш ўрни яратилди. Умумий ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида 135,5 миллион долларлик 112 та лойиҳанинг ишга туширилиши ҳам воҳанинг ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу лойиҳалар натижасида яна 2,2 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Сармоявий фаолликнинг яна бир муҳим жиҳати ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишдир. Соҳага 87 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, 72 та янги технологик ускуна олиб келинди. Улар бўйича 120 миллиард сўмлик божхона имтиёзларининг қўлланилиши корхоналарнинг технологик имкониятларини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун қўшимча шароит яратди. Энг муҳими, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорларнинг муаммолари ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Турли сабабларга кўра фойдаланилмаётган 11 та технологик ускунанинг ҳолати бирма-бир ўрганилиб, уларни ишга тушириш ва корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий кўмак чоралари кўрилди. Бу ёндашув сармоявий муҳитнинг фақат янги маблағ жалб қилиш билан эмас, балки мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва юзага келган тўсиқларни бартараф этиш билан ҳам белгиланишини кўрсатади.

Минг эшитгандан, бир кўрган афзал

Жойига чиқиб ўрганиш аҳоли муаммолари ечимининг энг самарали йўлидир. Одамларни йиллар давомида қийнаб келган ички йўллар, транспорт инфратузилмаси ва йўловчи ташиш сифати билан боғлиқ масалалар воҳада шу тариқа ҳал этилмоқда. Бу кундалик ҳаётдаги қулайликларни оширишга хизмат қилмоқда. Жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар, уларнинг муаммоларини тинглаш, ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларининг сифатини назорат қилиш орқали амалий натижага эришилмоқда. “Минг эшитгандан бир кўрган афзал”, деган доно нақлнинг маъниси шу. Муаммолар кабинетларда эмас, ҳаётнинг ўзида ҳал этилиши лозим. Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг самарадорлиги шунда. Инфратузилмани яхшилаш, аҳолига қулай шароит яратиш ва одамларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган бунёдкорлик ишлари бугун Сурхондарёнинг турли ҳудудларида давом этмоқда. Жорий йилда вилоятда барча дастурлар ҳисобидан жами 955 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 4,1 триллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунга қадар инвестиция дастури доирасидаги 170 та объектдан 95 таси фойдаланишга топширилди. Бу объектлар фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳоли учун зарур шароитларни яхшилаш, ҳудудлардаги инфратузилмавий эҳтиёжларни қондириш борасидаги ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. Вилоятда 440 километр йўлнинг таъмирлангани, шундан 94 та маҳалладаги 183 километр ички йўлнинг ҳашар орқали, аҳоли ва давлат ҳамжиҳатлигида асфальтлангани алоҳида аҳамиятга эга. Бу ишлар нафақат маҳаллалар қиёфасини ўзгартирмоқда, балки одамларнинг ўз ҳудуди ободлигига дахлдорлик туйғусини, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик анъаналарини ҳам мустаҳкамламоқда. Ислоҳотларнинг самараси фақат қурилган бинолар ёки таъмирланган йўллар билан эмас, балки одамларнинг кундалик ҳаётидаги ўзгаришлар, муаммоларининг ҳал этилиши ва давлат идораларига бўлган ишончи билан ҳам ўлчанади. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Сурхондарё вилоятидан жами 67 375 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 55 819 таси, яъни 82,8 фоизи тўлиқ кўриб чиқилган, кўриб чиқилган мурожаатларнинг 23 039 таси ёки 41,3 фоизи ижобий ҳал этилган. Шу билан бирга, мурожаатлар сони 2025 йилнинг мос давридаги 68 385 тага нисбатан 1 008 тага камайган. Бу шуни кўрсатадики, муаммолар энди юқорига чиқмасдан, жойнинг ўзида, халқ ичида ўз ечимини топмоқда. Давлат идоралари халққа бегона эмас, балки унинг ҳақиқий кўмакчисига айланиб бормоқда.

Сайёҳлик — воҳанинг янги имкониятлари

Сурхондарё нафақат бой тарихи ва иқтисодий салоҳияти, балки бетакрор табиати билан ҳам дунё аҳлини ўзига ром этиб келган. Бойсун тоғларининг салобати, Сариосиё ва Сангардакнинг сўлим табиати, воҳанинг қуёшли иқлими ҳамда ўзига хос маданий муҳити сайёҳлар учун жозибадордир. Бугун экотуризм ва тоғ туризми йўналишларида янги имкониятлар очилиб, Сурхондарёнинг халқаро туристик макон сифатидаги салоҳияти тобора кенгаймоқда. Воҳага ташриф буюраётган сайёҳлар сонининг ортиб бораётгани ҳам бу қизиқишнинг амалий ифодасидир. Жорий даврда 464 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, уларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111 фоизлик кўрсаткични ташкил этди. Маҳаллий сайёҳлар сони эса 1,8 миллион нафарга етиб, ўтган йилга нисбатан 184 фоизлик кўрсаткич қайд этилди. Бу эса воҳанинг нафақат хорижлик меҳмонлар, балки юртимиз аҳолиси учун ҳам тобора жозибадор саёҳат манзилига айланаётганини кўрсатади. Сайёҳлар оқимининг ортиши туризм хизматлари бозорига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, туризм экспорти хизматлари уч баробарга ошиб, 32 миллион долларни ташкил этди. Бугун воҳада 800 дан зиёд савдо ва сервис объекти фаолият юритмоқда. Шунингдек, туризм йўналишида бешта жойлаштириш воситасининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу каби ташаббуслар сайёҳларга қулай шароит яратиш, уларга кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш ва маҳаллий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Айниқса, гўзал Сангардак туристик марказида қиймати 11 миллион евро бўлган, узунлиги 1 558 метрлик замонавий осма дор йўлининг фойдаланишга топширилиши воҳа туризм инфратузилмасидаги эътиборга молик янгиликлардан бири бўлди. Тоғ манзараларини юқоридан томоша қилиш имконини берувчи мазкур иншоот Сангардакнинг сайёҳлик жозибасини янада ошириш, ташриф буюрувчиларга янги таассуротлар улашиш ва ҳудудда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Туризм соҳасида хизматлар сифатини ошириш ва меҳмонларни муносиб кутиб олиш учун жойлаштириш инфратузилмасининг ривожланиши ҳам муҳим. Вилоятдаги 172 та меҳмонхонанинг 19 тасида халқаро юлдуз тоифалари мавжудлиги бу йўналишда муайян тажриба ва салоҳият шаклланаётганидан далолат беради. Сайёҳликнинг барқарор ривожи нафақат табиий гўзалликлар ва тарихий обидаларга, балки қулай меҳмонхоналар, сифатли сервис, транспорт имкониятлари ва меҳмондўстлик муҳитига ҳам боғлиқ. Сурхондарёнинг туристик салоҳиятини тўлиқ намоён этиш эса унинг табиий ва маданий бойликларини замонавий хизматлар билан уйғунлаштиришни тақозо этади. Ҳар бир янги туристик маскан, ҳар бир қулайлик ва ҳар бир сифатли хизмат воҳага бўлган қизиқишни ошириш билан бирга, маҳаллий аҳоли учун ҳам янги даромад манбалари ва тадбиркорлик имкониятларини юзага чиқаради. Ана шу жиҳатдан қараганда, сайёҳлик Сурхондарёнинг иқтисодий тараққиёти, ҳудудлар ободлиги ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилувчи муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда.

Инсон қадри – олий мезон

Сурхондарё ўзининг тўкин-сочинлиги, эртапишар мева-сабзавотлари ва серҳосил далалари билан нафақат воҳа аҳолисини, балки бутун республика дастурхонини ноз-неъматлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутадиган заминдир. Қуёшли иқлим, унумдор тупроқ ва деҳқонларнинг кўп асрлик тажрибаси бу ҳудудда қишлоқ хўжалигини иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантирган. Бугун эса аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замин саховатини замонавий технологиялар, инновацион ёндашувлар ва янги инвестиция лойиҳалари билан уйғунлаштирмоқда.

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида вилоятда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида 31,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 104,6 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот ҳажми эса 10,2 миллион сўмга етди. Бу кўрсаткичлар воҳада аграр тармоқнинг иқтисодий аҳамияти сақланиб қолаётгани, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этаётганини кўрсатади. Йил якунига қадар деҳқончилик йўналишида умумий қиймати 1 триллион сўмлик 36 та, чорвачилик йўналишида эса 398 миллиард сўмлик 7 та янги лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу ташаббуслар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда. Энг муҳими, аграр соҳадаги бундай лойиҳаларнинг самараси маҳсулотлар мўл-кўлчилиги, бозор таъминотининг яхшиланиши ва аҳоли даромадларининг ортишида ҳам намоён бўлиши лозим. Сурхондарё деҳқонининг ерга меҳри, чорвадорнинг машаққатли меҳнати ва тадбиркорнинг ташаббуси воҳа фаровонлигини таъминловчи муҳим кучдир. Қишлоқ хўжалигидаги ҳар бир янги лойиҳа, ҳар бир қўшимча иш ўрни ва ҳар бир самарали ташаббус ортида инсон меҳнати, оила ризқи ва эртанги кунга бўлган умид мужассам. Шу боис аграр соҳанинг ривожи нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки одамлар ҳаётига олиб кирадиган амалий манфаатлари билан ҳам аҳамиятлидир. Сурхондарё вилоятида кечаётган кенг кўламли янгиланишларни шу нуқтаи назардан баҳолаш лозим. Бу жараёнлар қуруқ статистика ёки рақамлардан иборат ҳисобот эмас. Уларнинг мазмуни одамларнинг турмуш шароити яхшиланиши, оилаларнинг даромади кўпайиши, болаларнинг таълим олиши ва камол топиши учун янги имкониятлар яратилиши, нуронийларнинг хотиржам ҳаётида намоён бўлади.

“Янги Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт” деган ғоянинг мазмун-моҳияти, аввало, инсон манфаатларини устувор қўйиш, унинг муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратишда намоён бўлади. Сурхондарёдаги бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ташаббуслар ва ижтимоий ўзгаришларнинг қадри ҳам улар одамлар ҳаётида қандай натижа бераётгани билан белгиланади. Эски муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиб, янги марралар сари интилаётган жануб гавҳари — Сурхондарёнинг бугунги қиёфаси меҳнаткаш воҳа аҳлининг азму шижоати, яратувчанлиги ва келажакка ишончини ўзида мужассам этади. Тарихи буюк, табиати бетакрор, меҳнаткаш халқи билан азалдан қадрли бўлган бу заминнинг эртанги куни ҳам ана шу инсон омилига боғлиқ. Чунки обод юртнинг энг катта бойлиги унинг бунёдкор инсонлари, энг катта ютуғи эса одамлар ҳаётида қарор топган фаровонликдир.

Саидвафо БОБОЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan