Ўз ишини биладиган одам

Умрни эзгу ишлар, фойдали амаллар безаши борасида кўп гаплар айтилган. Фаранг адиби Гюстав Флобер ҳатто буни кескинроқ — “Инсон ҳеч нарса эмас, асар — ҳамма нарса!” тарзида ифодалаб, яратиш, ижодни устун қўйган эди. Халқимизда эса оддийгина туюлгани билан, яшашга ундовчи завол билмас нақл мавжуд: “Бекор тургунча, бекор ишла!”. Одам зотининг қадри ҳам, ҳаётининг мазмун-моҳияти ҳам фақат буюк аждодларининг “қадим-қадимдан дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшгани” билан кўкрак кериш эмас, балки ўзининг ҳам айни замонда эл-юртга бирон-бир фойдаси, нафи тегиши орқали белгиланади. Ўзлари ҳам яратиш йўлидан борадиган бундай кишилар қаршисида ўтиб кетган ўтмиш ёки келмаган келажакни пеш қилиб, қулоққа лағмон осишнинг ҳожати қолмайди.

Ҳар соҳада ўз ишининг фидойиси бўлган заҳматкашлар туфайли жамият барқарор, ҳаёт бардавом. Гарчи ўқувчи дафтари ярмини тўлғизгунчалик рўйхатни ташкил этмаса-да, таниб-билганларим орасида ҳам бундайлар борлигидан фахрланиб юраман. Баъзан хаёлимга келадиган қора булутдек бадбин ўйларни уларнинг сиймоси қуёшдек ёриб ўтиб, қувиб юбориши эса ҳамиша кўнгилга таскин-тасалли беради. Хайрият, борсизлар!

Кўринишидан камтар-хокисор, тиниб-тинчимас Турсунали Қўзиев ана шундай ҳавас қилса арзийдиган инсон. Шу кунларда у киши 75 ёшни қарши олмоқда экан. Асрлар оша заҳмат оғушида яшаб келган халқимизнинг азамат ўғлони шу чоққача қилган ишлари эса асрларга бўйлагулик! Суқилиб кириб, оила аъзоларининг нигоҳини ўзидан йироқлаштирмаслик мақсадида сийқаси чиққан мавзулардаги сериалнамо сериаллару савияси паст масхарабозликлар, оммани ўйнатиб, оммага тақдим этиладиган шов-шувлару ёки соҳилдан ўтган барчанинг нигоҳини тортганича юзада қалқиб юрадиган кўпиклар силсиласида Турсунали Қўзиев ва у кабилар жимгина, ўз ишини билиб бажараётгани кўнгилни тоғдек кўтаради. Хайрият, борсиз!

Ҳа, у ўз ишини биладиган одам. Қаерда, қайси вазифада ишламасин, атрофидагилар буни дарҳол ҳис этиб, унга муносиб бўлишга уринишади. Бошқа илож ҳам йўқ-да, ахир қачонгача “оғирнинг устидан, енгилнинг остидан” тарзида ҳаёт кечириш ёки фаолият юритиш мумкин? Ҳақиқий салоҳият ва касбий маҳорат ҳар қандай жойда ялт этиб кўзга ташланиб туради. Билим, ишга муносабат, энг муҳими, шахсий намуна. Бундай фазилатларни ўз шахсида мужассам этган Турсунали Қўзиев кабиларга эҳтиёж ҳамма даврда ошса ошадики, асло камаймайди. Шу сабабли у киши ҳозир ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ сўз очамиз.

Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, маданиятга дахлдор бўлса, отнинг тақаси ҳам у кишининг эътиборидан четда қолмайди. Тасвирий санъат, музейшунослик, тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш — ҳеч бирини ўзидан узоқлаштирмайди. Яна тағин ташкилотчилигини, ташаббускорлигини айтмайсизми? Маданий ҳаётдаги муҳим ислоҳотлар ва йирик лойиҳалар фонидан ҳам у киши жиддий нигоҳ билан кузатиб тургандек: ҳа-да, жиддий юмушларни енгил-елпи касларга ташлаб қўйиб бўлмайди-да!

Ҳа, ўз ишини биладиган Турсунали Қўзиевнинг кенг қамровли, серқирра фаолияти ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр у киши туғилиб ўсган макон кўз ўнгимда жонланади. У киши Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида таваллуд топган. Аёнки, Сурхон воҳаси турли тамаддунлар, динлар ва маданиятлар туташган нуқта — Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бири бўлган. Термиз, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа, Холчаён каби тарихий масканлар бу ўлканинг нечоғлиқ бой ўтмишга эга эканидан далолат беради. Илм-фанга, маданият-маърифатга, бунёдкорликка ва яратувчиликка интилиш азалдан кучли бўлган юртдошларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, қадим-қадимдан сақланиб келаётган ҳунармандчилик анъаналари, қолаверса, туғилиб ўсган заминининг ўзига хос табиатидаги мафтункор ранглар унинг қалбида тасвирий санъатга нисбатан эрта меҳр уйғотган бўлса не ажаб?

Улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов: “Санъаткор болаликдан бунёд бўлади, кейинчалик билим-тажриба, ақл-заковат шахсни тўлдиради, шаклга солади”, дегани каби ўзига хос табиат, ичидаги ташида содда, самимий, жўмард одамлар орасида камол топган Турсунали Қўзиевда гўзалликни ранглар орқали ифодалаш истаги беҳуда эмасдек кўринади. Инсон ўз юртини севиши учун буюк бўлиши шарт эмас, аммо буюк бўлиши учун ўз юртини севиши керак, дейилгани каби унинг туғилиб ўсган жойига меҳри уйғотган илк туйғулари аста-секин ижодий интилишга, аниқроғи, ҳаёт йўлини тасвирий санъат билан боғлаш орзусига айланади. Бу орзу уни пойтахтга, Павел Беньков номидаги республика рассомлик билим юртига етаклади. Бу ерда у рассомликнинг профессионал сир-асрорларини эгаллади, кейинчалик Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида таҳсил олиб, нафақат тасвирий санъат сирларини эгаллади, балки моҳир уста Омон Азиздан бадиий кандакорлик сирларини ўрганди. Шу тариқа унинг ижодий қиёфасида рассомлик, графика ва халқ амалий санъати анъаналари ўзаро уйғунлашди. Унинг “Жарқўрғонлик боғбон”, “Она юртим”, “Олимлар”, “Тўлиной”, “Қиз портрети”, “Муножот” каби тасвирий санъат асарларида инсон ва табиат уйғунлиги ўз ифодасини топган бўлса; мисга ўйиб ишланган “Алишер Навоий”, “Тиб қонунлари” сингари кандакорлик ишларида; Миртемир асарларига ҳамда ўзбек ва жаҳон халқлари эртакларига ишлаган график безакларида ўзига хослиги намоён бўлиб туради. Жарқўрғондаги “Ёшлик қўшиғи” деворий расми, Шеробод туманида қад ростлаган “Турналар” ёдгорлиги монументал санъатидан дарак берса; “Ўзбек фотографияси. 125 йил” антологияси, “Лангар”, “Ижодимиз ҳақида гапирсак” альбомларида юртимиз қиёфаси фотограф нигоҳи орқали акс этади.

Борлиқни рассом кўзи билан кўриб, тарихни бадиий тафаккур орқали англаш, миллий қадриятларимизнинг нафосати ва мазмун-моҳиятини замонавий талқинларда намоён этиш ҳадисини тезда ўзлаштиргани ҳолда унинг санъатга муносабати фақат мўйқалам ва ранглар билан чекланиб қолмади. Музей экспозицияларини яратиш, тарихий муҳитни қайта жонлантириш, меъморий обидаларни тиклаш, миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ташкилотчилиги ва амалий ишларига ҳам рассомга хос бадиий нигоҳ, эстетик дид, яратувчилик тафаккури билан ёндашди. Пойтахтда таҳсил олиб, санъатнинг назарий ва амалий сирларини пухта эгаллаган ёш мутахассис олдида катта имкониятлар эшиги очиқ эди. Бироқ Турсунали Қўзиев қалбини олган билимини туғилган жойи равнақига бағишлаш истаги банд этган эди. У Жарқўрғонга қайтди. Туман бош рассоми бўлиб ишлади. Назарида, болалигидан ўзи кўриб, кўникиб юрган нарсалари энди янаям бошқача жозиба билан намоён бўлаётгандек. Мўъжизакор нарсалар ёнгинасида турган-у, уларни энди-энди пайқаётгандек. Шу-шу туғилган юрт жозибаси, болаликдан қалбига тушган чўғ аланга олиб, билим-тажриба, ақл-заковат уни тўлдира бошлади. Бундай вазиятда кўзга ташланмасликнинг иложи йўқ эди. Уни Сурхондарё вилояти маданият жамғармаси раиси вазифасига таклиф қилишди. Энди туманда бошлаган ишларини вилоят миқёсида давом эттирди. Ижодий жараёнларни қўллаб-қувватлаш, маданий-маърифий ҳаётни жонлантириш, истеъдодли ижодкорлар учун янги имкониятлар яратиш доимгидек унинг эътибор марказида эди. Сурхон воҳасида орттирилган тажриба, ташкилотчилик маҳорати Турсунали Қўзиевнинг фаолиятида янги босқични бошлаб берди. У яна пойтахтга қайтиб, ўзи таҳсил олган Павел Беньков номидаги республика рассомлик билим юрти директори сифатида фаолиятини давом эттирди. Энди у нафақат муайян ҳудуд маданий ҳаётини ривожлантириш, балки миллий тасвирий санъатнинг келажагини белгилайдиган ёш авлодни тарбиялаш, бадиий таълим сифатини ошириш ва устоз-шогирдлик анъаналарини йўлга қўйиш ишларига жиддий эътибор қаратди. Бундай саъй-ҳаракатларнинг ижобий натижалари ҳозирга қадар ўзбек рассомларининг дунё бўйлаб шуҳрат топаётган асарларида ҳам намоён бўлмоқда, деб бемалол айтиш мумкин.

Ҳа, ўз ишини пухта биладиган, ҳар бир вазифага масъулият билан ёндашадиган инсон эътибор марказида бўлиши турган гап. Турсунали Қўзиевнинг кейинги меҳнат фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида консультант, маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири каби бир қанча масъулиятли лавозимларни санаб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси эканида Ғафур Ғулом нашриётида замонавий ўзбек рассомларига бағишланган антологияни тайёрлаш ва чоп этиш учун академиядан ҳам, нашриётдан ҳам тегишли масъул одамлар белгилаб қўйилганига қарамай, у киши ишнинг боришидан хабардор бўлиб турар, ҳаттоки корректураларга ҳам ўзи бирров кўз ташламаса, кўнгли тўлмайдигандек эди. Бу жиддий иш эканини, бирон-бир савол туғилгудек эса, қачон бўлмасин, эшиги очиқ эканини айтарди. Биринчи, иккинчи корректураларга ҳам кўз югуртириб чиқиб, тегишли маслаҳатлар берди. Босмахонага тушиши олдидан сўнгги корректурани қоғозга чиқазиб, у кишининг ҳузурига йўл олдим.

— Охирги вариантми? — сўради у киши. — Шундан сўнг чоп этиладими?

Бош ирғаб, шунақа эканини тасдиқладим. У киши ҳар бир саҳифани диққат билан қараб чиқиб, шубҳали туюлган жойларни қизил билан белгилаб, антологияга кирган рассомлар рўйхатининг кетма-кетлигига яна бир-бир эътибор қаратиб, анча вақт шу иш билан машғул бўлди.

— Шусиз ҳам ишларингиз тўлиб-тошиб ётибди, — дедим худди у киши муҳаррирлик вазифамни ҳам бажариб қўяётгандек хижолат бўлиб. — Бирорта ходимингизга айтсангиз, ўзимиз ҳам кам-кўстини тўғрилаб қўяверардик.

Қаршисида бунақа ишларга алоқаси бўлмаган бегона одам тургандек, у киши менга ҳайрон бўлиб қаради. Ўзини тутишидан бироз жаҳли чиққанини ҳам пайқаб, энди нимаики бўлмасин, бу ёғига тинчлик керак, деган ўйда тек қотдим. Бир муддат ўтиб, у ўзини босиб олди чоғи, жуда муҳим нарсани тушунтираётгандек, аммо сокин, шунинг баробарида бироз гинахон овозда уқтирди.

— Бу ерда келтирилаётган ҳар бир исм-фамилия шунчаки эмас, — деди хаёл сураётгандек. — Рассом, санъаткор, шахс, кўнгли нозик одамлар, жузъий хато ўтиб кетса ҳам барча ҳаракатларимиз бир пул бўлади.

У мутлақо ҳақ эди. Эндиликда нашриётларда юзлаб хатолар билан чоп этилаётган китобларга кўзим тушганида, ҳатто дарсликлар ҳам бундай қусурлардан холи эмаслигига эътибор қаратадиган одамнинг ўзи топилмаганда, ўша гап ёдимга тушиб, қанийди, шунақа жойларда ҳам Турсунали Қўзиев бўлсайди, дея аламли хўрсинганимни ўзим пайқамай қоламан.

Ҳа, у ўз ишини биладиган одам. Ўзбекистон Бадиий академияси раиси эканида Тошкентда биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилган эди. Ўша маҳалларда “Биеннале ўзи нима экан?” деб, ҳатто ўзини санъатга алоқадор билганлар ҳам бир-бирларидан сўрашга истиҳола қилишмасди. Мана, эндиликда Янги Ўзбекистонда бундай тадбирлар ўтказилиши анъана тусини олди. Биеннале тушунчаси нафақат санъат аҳли, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Бунинг ёрқин исботи сифатида Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг 2001 йилда бошлангани ва 2024 йилда унинг юбилей X биенналеси ташкил этилганини келтириш мумкин. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан ижодкорлар иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Халқаро замонавий санъат биенналесини юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Бухоро шаҳрида халқаро замонавий санъат биенналесини ўтказиш белгиланди. 2025 йил 5 сентябрдан 23 ноябрга қадар давом этган илк Бухоро биенналеси тарихий обидалар, миллий ҳунармандчилик ва замонавий санъатни бирлаштирган йирик халқаро маданий воқеага айланди. Ташкилотчилар маълумотига кўра, тадбирга 1,8 миллион нафар киши келган.

Турсунали Қўзиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида бу мақом шунчаки қўл кўтариб-тушириш машқи эмас, балки элу юрт манфаати йўлида катта масъулият эканини англаган ҳолда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни ҳал этиш жараёнларида фаол иштирок этган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика кафедраси профессори ўлароқ, кўп йиллик амалий тажрибасини ёш авлодга етказиш, миллий маданиятимизни халқаро ахборот маконида тарғиб этиш ва малакали мутахассислар тайёрлашга ҳисса қўшди.

Ҳа, ўз ишини биладиган бу кишининг музейшунослик ва тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш соҳаларидаги фаолиятини, қанчалик елиб-югурмасин, бошқа биров бажара олиши тасаввурга сиғмайди. Тошкентдаги Тансиқбоев уй-музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Термиз археология музейи, Қаршидаги Одина масжиди, Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси музейи — яна қанчадан-қанча тарихий ва маданий аҳамиятга молик объектларни ташкил этиш, тиклаш, уларнинг экспозицияларини шакллантириш, илмий-маърифий мазмунини бойитиш ишларида у кишининг жўяли маслаҳатлари, амалий ҳаракатлари қўл келган. У музейни шунчаки тарихий ашёлар сақланадиган маскан эмас, балки халқнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маънавий қадриятларини намоён этувчи илмий-маърифий даргоҳ сифатида қарагани учун экспозицияларни яратишда тарихий ҳаққонийлик, илмий асосланганлик, миллий бадиий анъаналар ва замонавий музей технологиялари уйғунлигига алоҳида эътибор қаратади. Маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва реставрация қилиш соҳасида масъул лавозимларда фаолият юритган Турсунали Қўзиев Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Илмий-эксперт кенгаши раиси сифатида ҳам самарали меҳнат қилди. Тарихий обидалар ва маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларнинг асл қиёфаси ва тарихий-бадиий қийматини сақлаш, таъмирлаш ишларининг илмий асосланганлиги ва сифатини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази барпо этила бошлаши биланоқ ўз ишини биладиган бу одамнинг бой тажрибалари яна қўл келди. Марказнинг илмий-маърифий концепциясини, меъморий, илмий-маърифий ва бадиий-дизайнерлик йўналишларини шакллантириш жараёнларида фаол иштирок этди. Тарихчилар, шарқшунослар, археологлар, санъатшунослар, музейшунослар ва диний уламолар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, турли соҳаларга оид илмий қарашларни ягона ғоявий тизимга бирлаштиришга ҳисса қўшди. Ислом цивилизациясининг илм-фан, фалсафа, тиббиёт, астрономия, математика, адабиёт, меъморчилик ва санъат ривожига қўшган ҳиссасини холис ёритиш, Мовароуннаҳр ва Хуросон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар меросини жаҳон цивилизацияси тараққиёти билан узвий боғлиқ ҳолда намойиш этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Марказ музейи экспозицияларини шакллантириш, ҳар бир экспозициянинг ғоявий мазмуни ва бадиий ечимини белгилаш, нодир қўлёзмалар, китоблар, тарихий ҳужжатлар, археологик топилмалар ва санъат асарларини саралаш борасида у ўзининг кўп йиллик музейшунослик тажрибасини ишга солди. Бу жараёнда унга хорижий музейлар ва ихтисослашган экспозиция ташкилотлари тажрибасини ўрганиш, залларни тарихий даврлар ва илмий йўналишлар асосида тизимлаштириш қўл келди. Рассом-график ва санъатшунос сифатидаги маҳорати эса миллий нақшлар, декоратив композициялар, ранглар уйғунлиги ва тарихий муҳитни замонавий музей дизайни асосида яратишда муҳим аҳамият касб этди. Марказ атрофида жойлашган, миллий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган саккизта меъморий обидани таъмирлаш ва тиклаш, уларни янги мажмуа билан тарихий-бадиий жиҳатдан уйғунлаштириш ишларида ҳам ташаббускорлик кўрсатди. Бу жараёнда нафақат янги меъморий мажмуа барпо этиш, балки мавжуд тарихий муҳит, ҳудуднинг асрий маданий хотираси ва меъморий яхлитлигини сақлаб қолиш масалаларига ҳам эътибор қаратди.

Айни пайтда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Турсунали Каримжонович Қўзиев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий маслаҳатчиси сифатида ўзининг бой тажриба ва билимларини мазкур йўналишдаги ишларга сафарбар этмоқда. Унинг ижодий, илмий салоҳияти, раҳбарлик тажрибаси бугун ҳам миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилмоқда.

Турсунали Қўзиев “Дўстлик” ордени, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони, Вьетнам Республикасининг “Дружба” ордени ҳамда Россия Бадиий академиясининг Олтин медали билан тақдирланган. Бу мукофотлар унинг миллий ва халқаро миқёсда санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси эътирофи. Изчиллик ва ташаббускорлик, юксак касбий маҳорат, давлат ва халқ манфаатларига садоқат, миллий маданият ва санъатга чексиз ҳурмат, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш йўлидаги фидойилик аслида бебаҳо фазилатлар саналади. Бугун қутлуғ 75 баҳорини қаршилаётган Турсунали Қўзиев оиласида ҳам санъат ва ижод муҳити барқарор. Турмуш ўртоғи Шоира Ҳасанова рангтасвирчи рассом сифатида танилган. Фарзандлари санъат, маданият, чет тиллари соҳаларини танлаб, ота-она изидан боришмоқда. Айтадилар-ку, олманинг остига олма тушади, от юрган йўлларни тойлар босади, деб!

Шойим БЎТАЕВ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan