Таваккал Қодиров билан учрашувим
Биринчими, иккинчими курсда ўқир эдим. Қишки каникулда қишлоққа келгандим. Бизнинг қишлоқларда тўйлар аксарият қишда бўларди. Баҳорда, ёзда дала, иш — тўйга рухсат берилмасди. Хуллас, ўша куни ҳам тўй бор экан. Бир-икки синфдошлар билан тўйга бордик. Қиш, қор, совуқ. Ўртада катта тўнкалар ёқиб қўйилган, чарсиллаб олов чиқади. Ўйинга тушадиганлар ана шу оловни айланиб гала-гала бўлиб ўйнайверади. Тўй эгаларига яқинроқ бўлса, 1 сўм-2 сўм пул қистиришади, аёллар томонидан бир белбоғ елкага ташлаб қўйилади. Хонанданинг қўллари, айниқса, бурни совуқдан қизариб кетади. Лекин тўхтамай ашула айтади.
Не бахтки, ўша тўйга Марғилондан, кимсан, Ўзбекистон халқ артисти, “водий булбули” Таваккал Қодиров хизматга келган экан. Қизиқ, ўша вақтларда микрофон бир жойга махсус ўрнатилмасмиди ё санъаткорлар халқни айланиб юриб ашула айтармиди, ҳар қалай, тумонат одам, ўртада олов ёқиб қўйилган, санъаткор доирачиси билан оловни айланиб қўшиқ айтарди, “қистир-қистир” ҳам шу доира атрофида давом этарди. Шунда бир муаммо чиқди: кимдир микрофонни ушлаб туриши керак, ҳофиз қаёққа қараб юрса, шуни мўлжаллаб, у ҳам микрофон билан юраркан. Шунда “ким бу ишни қилади?” деган савол пайдо бўлди чоғи, тўйбоши бир лаҳза ўйланиб, кўзлари менга тушдими ё кимдир айтдими, “Тошкентда ўқийди”, деган гапни ўзим ҳам эшитдим. Даврадан секин сирғалиб чиқа бошловдим, катталардан бири: “Ана, ана, кетяптими, чақиринг!” деб ушлаб қолди. “Мен бунақа ишни ҳеч қилмаганман, эртага Тошкентга кетишим керак”, деган гапим ўтмади. Қайтанга, тўй эгалари хафа бўла бошлади. Хуллас, даврага чиқиб, микрофонни тутиб, ҳофизнинг давра айланишига мос қилиб, мен ҳам секингина айлана бошладим. Хижолат қилганимдан одамларга қарамайман, дам ерга, дам ҳофизнинг оёқ олишига мос юриб, микрофонни оғизларига яқин тутиб юраман, бир яқинлаштириб, бир узоқлаштириб, охири бир меъёрда ушлай бошладим. Қизиқ, мен қўлларим музлаб, микрофонни биридан иккинчи қўлимга оламан, ҳофиз парво ҳам қилмай, бир қўли билан торни ушлаган, яна бир қўлида торни чалган, бир текис давра айланади. “Совқотмайдими, қўли музламайдими?” деб ўйлаб қоламан. Йўқ, бемалол, хотиржам қўшиқ айтади.
Шундай қилиб, тўй чиройли ўтди. Мен ҳам енгил тортиб, микрофонни топшириб, уйга чопмоқчи эдим, аввало, тўй эгаси, қолаверса, Таваккал ака: “Ие, шунча хизмат қилдингиз, ҳозир ичкарига кириб, иссиқ-иссиқ чой ичиб, овқатланиб кетасиз”, деб мени етаклаб “меҳмон уй”га бошладилар. Чолғучилар, мезбонлардан 1-2 киши қўшилиб, дастурхонга ўтирдик. Мен хижолат тортиб, тезроқ кетиш пайидаман. Лекин катта ҳофиз мезбонларнинг илтифотларига унча эътибор қилмай, негадир менга тез-тез қараб қўярди. Ўқишимдан сўради, “Журналистикада”, дедим хижолат билан. Ҳофизга жон кирди.
— Ие, ўзимиз қатори экансиз-ку. Санъат билан журналистика яқин касб. Биз ҳақимизда ҳам бирор нарса ёзинг, — дедилар кулиб.
— Хўп, — дедим овозим чиқар-чиқмас.
Кетарда чўнтакларидан 1 дона 25 сўмлик пул чиқариб, менга узатдилар. Мен хижолат бўлиб, нимагадир ўрнимдан туриб кетганлигимни ҳозир эслаб, кулгим қистайди.
— Ие, жиян, қизиқ экансиз-ку! Совуқда микрофон ушлаш ўзи бўлмайди. Бизники ҳам табаррук, кейин гапириб юрасиз, олинг, — деб курткамнинг чўнтагига тиқиб қўйдилар. Хайрлашишда: — Яхши ўқинг, касбни яхши танлабсиз, лекин оғир касб. Кўз кўп, қулоқ кўп, тоза юринг, — дедилар.
Ўшанда тушунмадим-у, кейин йиллар асносида англаб етдим. Шунга амал қилдим. Ҳали-ҳали бу буюк зотни эслайман, хотираларига дуо қиламан. Дарвоқе, бу йил Таваккал Қодиров таваллудининг юз йиллиги экан, охиратлари обод бўлсин!
Аҳрор АҲМЕДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
