“Темирчи”нинг яғмоси
(Биринчи мақола)
Инсоният тараққиётида ғилдиракнинг ихтиро қилиниши қандай муҳим вазифани бажарган бўлса, темирнинг топилиши ҳам шундай аҳамият касб этди. Бойкўл атрофида кун кўрувчи туркий қавмлардан бири ўрмон ёнғинидан кейин ҳосил бўлган тошнинг эриган қолдиқларига эътибор қаратди. Тўғриси, бу масса дастлаб Осмон ва Ернинг туташишидан ҳосил бўлган илоҳий неъмат деб қаралган, унга сиғинишган, қурбонликлар қилишган бўлишлари мумкин, кейин эса уни эгиш, чўзиш, бир-бирига улаш мумкинлигини кашф қилиб, эҳтиёж учун фойдаланишга ўтишгандир. Ахир у ҳозиргача кулбалар тиклашда асосий қурилиш ашёси ҳисобланган тупроқ ва ёғочдан анча афзал эди-да.
Шундай қилиб, темир истифодага кириб келди, у хитой манбаларида алифбода “р” ҳарфи бўлмаганидан “темужэ, темучи” тарзида қайд қилинди. Азбаройи табиат ҳодисаларини фарзандларига исм қилиб қўйишга одатланган халқ бу сўзни наслининг давомчиларига ҳам тақай бошлади. Аммо кейинчалик “Чингизхон” рутбаси билан дунёга машҳур бўлган болакайга “Темучин” исмининг қўйилиши тўғридан-тўғри бу сўзга боғлиқ эмас. У туғилган кун отаси Есугей бошқа қабилани енгган ва унинг йўлбошчиси Темучин-Угени асир қилиб олиб келган эди…
Хуллас, туғилишидан шов-шувли воқеалар ичида бўлган Темучин — Чингизхон жаҳон тарихида энг кўп эътиборни тортган шахслардан ҳисобланади. Йигирма бир йил ҳукмронлик қилган жаҳонгирнинг ҳаёт йўли шунчалик зиддиятларга тўла бўлганидан баъзан бир кишининг бунчалик қарама-қарши дунёда яшаганига ишонгинг келмайди. У ҳақдаги солномалар, тарихлар, кейинроқ яратилган турли жанрдаги асарларда ҳам ана шу зиддиятли руҳ сақланиб қолган. Қисқаси, унинг ҳаёт йўли шунчалик ранг-баранг ва мўъжизаларга бойки, уни бир хазина билиб, улкан сабоқ-дарсхона сифатида ўрганишади; унга тақлид қилиш, унингдек бўлиш эса мумкин эмас, Чингизхон бутун борлиғи билан такрорланмас сиймо.
Ана шундай мавҳум тасаввурларни ойдинлаштиришда Владимир Петрович Череванский (1836-1914 йиллар)нинг “Икки тўлқин” асари анча асқатиши мумкин. 1898 йилда илмий мақсадларда кам нусхада чоп этилган 2 қисмли асарни таниқли ижодкор Амирқул Карим таржима қилиб, нашр этди. Амирқул Карим журналистикада катта мактабни ўтаган, “ЎзА”да ижодий гуруҳ раҳбари, “Hurriyat” мустақил газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Ўтган асрнинг 90-йилларида долзарб мавзудаги репортажлари, мақолалари билан тилга тушган эди. Шунингдек, у таржимада ҳам ўзини кўрсата олган, айниқса, В.Висоцкий шеърларини маҳорат билан ўзбекчалаштириб, мухлислар меҳрини қозонган эди… “Ёш куч” журналида ишлаб юрган йиллари дастлабки ижодкорлардан бўлиб, шонли тарихимиз юзасидан қалам тебратди, айниқса, Темурийлар шарафига доир кўплаб битиклар яратди, таржималар қилди. Ана шундай етарли тайёргарлик билан В.Череванский асарлари таржимасига киришди. Бу хизмати билан маънавиятимиздаги катта бўшлиқни тўлдиришга муносиб ҳиссасини қўшди. Икки жилдлик асарлар билан танишишни бошлаган киши илк дақиқаларданоқ бу юмушни анча кечикиб бажараётганидан, яъни китоб олдинроқ қўлига тушмаганидан афсусланиши турган гап, чунки унда тарих юзасидан мавжуд бўлган билимларни бойитадиган, шаклланаётган тасаввурларга эса асос бўладиган тўқ мағиз мавжуд.
Муҳим давлат хизматида бўлган, Туркистонга ташриф буюрган чор амалдори ўша йилларда урф бўлган юксак масъулият ва маданият билан мавзуга мурожаат этади, вазифасига жиддий киришиб, кўплаб адабиётлар билан танишади ва бошқа манбаларда учрамайдиган нодир маълумотлар билан китобини бойитади. Шунингдек, унинг ўша воқеликка шахсий муносабати, тарихий далилларни ўзига хос шарҳлаши ҳам эътиборга молик. Муаллиф асарини шунчаки “тарихий йилнома” деб атайди, лекин унда рус адабиёти олтин асрининг нафасини сезиш мумкин.
“Икки тўлқин”нинг 1-қисми “Чингизхон” деб аталади ва унда 1147 йилдан — Темучин (Чингизхон)нинг дунёга келишидан шавкатли авлодларининг Ғарбни бўйсундириб, улкан империя тузишдаги “яғмо”лари — бўйсундирувчи ҳаракатлари қаламга олинади. Тўғри, бунча улкан даврни акс эттириш осон эмас, буни сезган муаллиф воқеаларни қатъий изчилликда баён этмайди, балки ёрқин лавҳаларда тарих суронлари билан шахсий қарашларини омухта қилиб, бадиий манзара яратади ва ўқирманда аниқ тасаввур ҳосил қилишга эришади. Тўғриси, китоб давр юзасидан маълум билимга эга ўқувчи учун кўпроқ фойдали бўлади, яъни бошланғич маълумотга эга ўқувчи учун бундан ўқиганлари олдинги таассуротларини тўлдиради ва бойитади.
Муаллиф ўз сўзбошисидан кейин Темучин дунёга келган муҳит, унинг ўзига хосликлари таърифи ва тасвирига ўтади. Ўша пайтда Россия ҳудудига кирувчи Нерчинск қишлоғидан 230 чақирим жануби-ғарбда, Онон дарёсининг ўнг соҳилида, хитой Мўғулистонидан 8 чақирим нарида жойлашган Блюм-юлдуз ёки Далюн-болдоқ (Талоқ тепа) деб аталувчи маскан машҳур Чингизхон дунёга келган жой эканини таърифлаш билан ҳикоясини давом эттиради. Узоқдан Олтой тизмалари кўриниб турган, кўз илғаган жойларда, онда-сонда ўтовлар учрайдиган бепоён кенгликларда ўзига хос турмуш тарзи ҳукмрон. Бу жойларда гирдиғум, қулоқлари осилган, қийшиқ калта оёқли, бурни ясси ва пучуқ, киприксиз қийиқ кўзли одамлар чийиллаган овоз билан шовқин солиб, ўзига хос тирикчилик билан овора.
Учи-қири йўқ яйловларда чорва моллари яйраб юрибди, асосий ташвиш уларни кўздан қочирмаслик ва рақиблар ҳужумидан сақлаш. Бу унча оғир юмуш эмас, шу туфайли одамлар анча ялқов ва уйқучи. Эркаклар мечкайлик дардига йўлиққан, вақтини қўй ва от этидан саҳронинг хушбўй кўкатлари қўшиб қайнатиб пиширилган мазали таомларни бўкиб истеъмол қилиш, бия сутидан тайёрланган ўткир қимиздан сархуш бўлиб, бўш қолди дегунча тўшак машғулотига зўр бериш билан банд. Кўчманчи мўғулларда рўзғорнинг асосий ташвиши аёллар зиммасида бўларди.
Ана шундай дориломон кунларнинг бирида ота — таджут қабиласининг сардори ва келин — қўнғирот уруғидан бўлган оилада фарзанд дунёга келди. Онанинг кўз ёриши қийин кечди, ҳатто уни ажал нариги дунёга олиб кетишига ҳам оз қолди. Эҳтимол, маҳаллий шаманлар ва Тибетдан келган ламаларнинг илоҳий руҳларга астойдил илтижолари она-болани қайтариб бергандир. Ўзиям анча қурбонликлар қилинди. Бола эса қўлида лахта қон билан туғилган эди.
Ота Есугей мавқеидан фойдаланиб, ўғлининг саҳро муҳитида шаклланган тарбия йўриғида баркамол бўлиб вояга етишини таъминлади. Унинг илк болалик йиллари Тибетдан ўлжа қилиб келтирилган чўри қиз назоратида ўтди. Буддага сиғинган тарбиячи вужудда руҳнинг бирламчилигини, атрофдан нажот кутмай, ҳаммасини ўзи эплаши кераклигини бошиданоқ гўдак зеҳнига сингдириб борди. Лекин бундай ёндашув оила вакилларини қониқтирмади. Зурриётининг чўл қашқиридек олғир бўлиб улғайишини истаган, раҳм-шафқат, эзгуликка чорловчи ҳикояларнинг таъсирида заиф ва юмшоқ табиат бўлиб қолишидан чўчиган ота-она кўчманчиларнинг азалий қадриятларига мурожаат қилди — тарбия йўсини ўзгартирилди.
Қаттиққўллиги билан танилган шаман энди унга борини беришга киришди. У ўз танасини йўлбарсга едирган шаҳзода, қаттол ва шафқатсиз инс ва жинлар ҳақидаги ҳикоятларга зўр бериб, бу билан унинг меҳрибонликдан яхши ишлов берилган даласига ёвузлик дарахтини қададики, Темучин энаганинг меҳрга йўғрилган ривоятларини бутунлай унутиб, “умр бўйи қора кучлар вакили сифатида кун кечирди”, деб ёзади В. Череванский. Унинг шафқатсиз қилиқларини кўрган онаси Олон Эхе (Оуэлен) ҳам баъзан ҳайрон қолиб, “Сенинг кафтингда қон билан туғилганинг бежиз эмас экан”, деб қўярди. Яхши боқилган, соғлом Темучин эсини танибоқ тулумни камон билан нишонга олишда, бўрини қувиб етишда, сиртмоқ ташлаб отни жиловлашда тенгдошларидан устун эди. Ўртоқлари унга бўйсунар, унинг жисмида етакчилик қобилияти яширинганини аллақачон ҳамма сезган эди.
Энди боболар удумига ҳавас билан қараб, аждодлари йўлига амал қилиб, қўшни қабилаларга ҳужумларда ҳам иштирок эта бошлади. Унга тенгдошлари Субутой ва Жамуха ҳам ҳамроҳ эди. Бир сафар кўчманчилар устига босқинда қўлга тушиб қолди, яраланди, илк марта хиёнатга гувоҳ бўлди. Булар ҳали ҳолва экан, уни олдинда даҳшатли воқеликлар кутаётган эди. Юришларнинг бирида отасини заҳарлаб ўлдиришди. Шундан кейин қабилада парокандалик бошланди, ички низолар туфайли улар бўлиниб, ўзаро душман бўлиб қолдилар. Девор ортидаги (бу ўринда Буюк Хитой девори назарда тутиляпти, чамаси) рақибларнинг таҳдиди ҳам кучли эди. Кейинроқ рақибга айланган таджутларнинг бошқа гуруҳига асир тушди, уни ўсмирлигида отган найзаси кўзига тегиб кўр қилгани аламига ўз тоғаси сотган эди. Асирни Бэжин (Пекин)га олиб кетишди.
Қўлимиздаги китоб тафсилотлари тарихий ҳақиқатга қанчалик мос ёки муаллифнинг хаёлоти маҳсулими (у хунларни тилга олади ва уларни Хитой девори ичидаги қабилалардан бири сифатида акс эттиради), нима бўлганда ҳам манзаралар ярим ёввойи кўчманчи ҳаётни аниқ гавдалантиришга интилади. Темучин ўлимга маҳкум этилади, фақат олий ҳукмдорнинг фармони келгунча эса ижрони кутиш керак бўлади. Фармон эса… келавермасди. Тутқунлик чўзилгандан-чўзилди. Асирликда ит азобини кўрди, очликдан одам гўштини ейишга мажбур бўлди. Дастлаб иши бошидан ошиб-тошиб ётадиган жаллодга ёрдамчиликка тайинлашди, кейин шаҳар кўчаларини очликдан ўлганлар гавдасидан тозалашга сафарбар қилишди…
Икки йиллик ҳаёт уни дўзах хизматкорига айлантирди. Айниқса, одам этига ўрганган итлардан мурдаларни тортиб олиш ва ёқиш ўта азоб эди. Болаликдаги зеҳнига сингган ёвузлик унсури бутунлай томир отиб, вужудини қамраб олди, у чинакам ваҳшийга айланди… У шу азобда ўлиб кетиши мумкин эди, аммо Осмон эгасининг ҳукми Ерда шундай зотга эҳтиёж борлигини тасдиқладими, айни шу паллада тақдир уни ярлақади: “татарлар ҳужум қилиб қолди” (В.Череванский). Талатўпдан фойдаланган Темучин вақтни бой бермай қочиб қолди, лекин қаерга боришни, уни нима кутаётганини билмасди. Орқа-олдига қарамай елиб кетди, товонлари ёрилди, силласи қуриди. У ички сезгиси билан болаликдаги қадрдони Субутой уни унутмаганини, излаб юрганини ва қаердадир уни учратишини биларди. Шундай ҳам бўлиб чиқди, балки юзинчи бор қулоғини ерга қўйганида отлар дупурини эшитди, толе унга кулиб боқди…
Шу билан унинг шарафли кунлари бошланди. Муаллиф В.Череванский бу воқеалар шарҳига батафсил тўхталмайди. Темучин шахсиятининг шаклланиши билан боғлиқ тафсилотлар унинг кейинги фаолиятини тушунишда жуда асқатади. Аста-секин кучга тўлиб бораётган Темучин яхшини ҳам, ёмонни ҳам унутмайди. Озгина ўзига келиб олгач, Пекинга ғорат уюштиради. Аламзада зеҳнида ўрнашиб қолган излар бўйлаб шундай ҳаракат қиладики, кутилмаган бу ҳужумдан душман ўзини бутунлай йўқотди ва тиз чўкди. Унинг қийноқлардан чархланган зеҳни адашмай одам танлашга ўргатган эди. Мағлублар сафидан бир амалдорни топдики, у умрининг охиригача хожасига садоқат билан хизмат қилди. Бу жабҳа — ғорат қилиш қўлга ўтган эди.
Энди ички аҳволни суробга келтириш навбати эди. Тарафдорлари билан келишиб, қурултой чақиришди. Ўзларини Аттила авлодлари деб билган ва шарафли мўғул туғи баланд ҳилпирашини истаган қавм Темучинни йўлбошчи деб эълон қилди. Бу танлов кўплаб қабиладошларига ёқмади, оқибатда узоқ вақт ички низоларни бостиришга тўғри келди ва бу юмуш ҳам зафар билан тугади. Ғалаба аломатларидан бири сифатида ўзини ёвга сотган тоғасининг бош чаноғидан қадаҳ ясашни буюрди. У энг қимматбаҳо ўлжалар захирасида сақланадиган бўлди.
Ҳали улус тарқоқ, уни бир қўлда тутиб турадиган дастак лозим эди. Эътиқодда ҳам парокандалик бўлиб, бир қавм ҳатто туққан онасига уйланиши мумкин бўлса, бошқасида бу ҳол қатъий тақиқланган; бири сувга туфлаши ёки ой аксини оёқости қилади, бошқасида булар учун ўлим жазоси жорий этилган… 1205 йил чақирилган қурултойда ягона қоидалар, яъни “Тақиқлар китоби” (“Ясоқнома”) қабул қилинди, шу машваратда Темучинга “Чингизхон” (тенгсиз хон, саҳройилар тасаввуридаги буюк қудрат соҳиби — денгиз хон, чин — пухта хон ва бошқа маъноларда) унвони нисор этилди. Бу сўзни уйғур олимлари эски қўлёзмалардан топдилар.
“Чингизхон” бўлиб қолган Темучин одамларга қандай муомала қилишни яхши биларди. Бир жангда Жебэ асир тушди. Уни отнинг думига боғлаб, ўлдириб юбориш мумкин эди, аммо Темучин ундаги жасорат ва оқибат унсурларини адашмай илғади ва тирик олиб қолди. Жебэ унга умрининг охиригача садоқат билан хизмат қилди. Пекинни эгаллаганда жами бошлиқларни қиличдан ўтказди, аммо Удзи Чанни асраб қолди ва ўзининг вакили қилиб тайинлади. У ҳам ишончни бутунлай оқлади. Чингизхон ҳар қандай одамни сотиб олиш мумкин деб ўйларди ва атрофида қонун дахл қилмайдиган қатламни вужудга келтириш лозимлигини яхши тушунар, ўзи ёқтирган одамларга етарлича ҳиммат кўрсатарди. Шу қурултойдан кейин улус раҳнамоси бўлиб сайлангани шарафига совғаю инъомларни тўкиб ташлади. Ҳатто отаси вафотидан кейин қари шаманга тегиб олган онасини ҳам кечириб, ўн минг ўтов ноиблигини берди. Тўқсон беш баҳодир мингбоши этиб тайинланди. Сафдошларидан бирига ҳатто ўз хотинларидан бирини бериб юборди. Келажагини башорат қилган аллақандай Хорчи деган кимсага асирлар тўдасидан ўттиз нафар хотин-қизни танлаб олиш ҳуқуқини берди.
Ана шундай осмондаги булутдай эркин ҳаракат қилувчи ва истаклари чексиз инсон жаҳон саҳнига чиққач, мислсиз зафарларни қўлга киритганини дунё аҳли яхши билади. “У тахтда ўтиргунига қадар эгнида киядиган кийими ҳам йўқ эди. Аммо унинг қаҳрамонликлари туфайли мўғуллар бой бўлди, сони ададсиз кўпайди” (316-бет). Чингизхон жуда улкан империяга асос солгани тарихдан маълум. Унинг шавкатли набиралари Боту, Ҳалоку, Ҳубилайнинг жидди-жаҳди билан қўлга киритилган текислик шунчалик бепоён ҳудуд эдики, унинг чегараларини айланиб чиқишга икки йил вақт кетар эди. Жаҳонгирнинг юришлари давомида 4-6 миллиондан 60 миллионгача одам муҳорабаларга тортилгани, уларнинг аксарияти қирилиб кетгани бугунги маълумотларда қайд этилади. У одамзод устига бало-офат сифатида юборилган эдими ёки разолатдан покловчи вазифасидами, чунки ички тартиблари идраб ётган, бирлаша олмаган, оддий халқ адолатсизлик, бедодликдан етарлича тўйган шаҳарлар, мамлакатлар унинг оёқлари остига жуда осон тиз чўкди.
У Шарқнинг гуллаб турган шаҳарлари Нишопур, Марв, Урганч, Ўтрор, Ҳирот, Балх, Бомиён, Лоҳур, Синд, Табризни мисли кўрилмаган жаҳд билан бўйсундирди, ҳар бирининг бошига бир-бирига ўхшамаган офатларни ёғдирди. Самарқанд, Бухоро, Хиванинг тақдири бизга яхши маълум. Хоразмшоҳлар даврида яхшигина тўлишган, юқори салоҳият кашф этган бу йирик шаҳарлар қаршисида Чингизхоннинг уларнинг қудратидан ҳадиги бор эди ва бу масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашганини В.Череванский ҳам таъкидлайди. Аввало, ўз услубида турли йўллар — айғоқчилар, тарих китобларидаги далиллар, асирларнинг кўргазмалари… воситасида яхшигина маълумотга эга бўлгач, заиф нуқтага урғу берарди. Самарқандда аҳолини катта майдонга тўплади ва шайхулислом билан ҳамманинг кўз ўнгида уларнинг эътиқоди асослари юзасидан савол-жавоб қилишга киришди. Унга ислом динининг баъзи қоидалари маъқул кела бошлади (“Сенинг дининг менга ёқяпти”, 225-бет), аммо тўда ичидан шиа мазҳабига хос мулла сунний йўлдаги шайхнинг фикрларини рад этиб чиққач, масала ҳал бўлди. Чингизхондаги хавотир бутунлай йўқолди ва бу қавмни қандай енгиш масаласини зумда ҳал қилди (223-232-бетлар). Қолаверса, ўтган тунда диндорлар унинг қароргоҳига келиб, дарвозаларни очиб беришга ваъда беришган эди…
Мана, оддий бир манзара!.. Наҳот дунё ўшанда шунчалар чиқиндига тўлиб кетган бўлса? Бу мавзуда саволлар ҳам, талқинлар ҳам кўп, асрлар оша ечилмайдиган бош оғриқ. Давр манзаралари шунчалик зиддиятлики, баъзи манбаларда “Бир бола олтин товоқ тўла тиллани мамлакатнинг у четидан-бу четига олиб юрса, биров тегишга ҳадди сиғмасди” деган гап ўша кунлар учун ҳам ишлатилган. Лекин тарихнинг шундай кунларни ҳам кечиргани бор гап ва тараққиёт мислсиз воқеликлар силсиласидан улкан сабоққа эга бўлган. Сабоқки, у кунларнинг даҳшатли манзараларини тез-тез эслашга тўғри келади.
Таассуф қиладиган томони — кейинчалик ровийлар баъзи жангу жадалларни шарҳлашда чалкашликларга йўл қўйишди, жумладан, иштирокчиларнинг насл-насабинигина эмас, ҳатто қийноқларнинг айрим турларини кейинги воқеликларга аралаштириб юборишди ҳам. Булар ҳақида муаллиф В.Череванский мавриди билан ҳикоя қилади. Эслаб кўрайлик, айнан Чингизхон фаолиятида рўй берган мана бундай ҳолатлар яна қайси ўринларда, кимларга нисбатан қайд этилган: қўлга тушганларни тахта яшик ичига солиб, устига чиқиб овқатланиш мўғулларнинг элчиларини қатл этгани учун Калька дарёси соҳилида асир тушган князларга нисбатан қўлланилган. Нишопурда шаҳарни олиш учун жангда ҳалок бўлган Чингизхоннинг куёви қасоси учун бошлардан минора тикланган. Урганчда ҳар бир мўғулга йигирма асирни ўлдириш буюрилган. Балхда таслим бўлган аҳоли яйловга ҳайдаб чиқилиб, қириб ташланган. Ҳиротда бир миллион аҳолидан 40 нафари тирик қолдирилган…
Гап тарихий далилларни чалкаштирмаслик ва хатога йўл қўймаслик юзасидан кетмоқда. “Икки тўлқин” китобининг маърифий қимматидан бири ҳам шу — ҳар бир давр ўз қаҳрамонларига ва ўз фожиаларига эга. Уларни чалкаштирмаслик, тўғри англамаслик маърифатсизлик ҳисобланади. Шу маънода ана шундай китобларнинг маънавий оламимизда пайдо бўлиши тарих ҳақиқатини, демак, ҳаёт ҳақиқатини тўғри англашимизга катта ёрдам беради. Бу ўринда таржимон ва ноширнинг беназир хизматини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Негаки, Амирқул Каримов икки жилдлик асарни нашрга тайёрлаш борасида қарийб чорак аср вақт сарфлаганини қайд этади. Ҳеч қандай буюртмасиз, қўллаб-қувватловларсиз бундай юмушни бажариш чинакам фидойилик.
Бунинг устига таржима жараёни осон кечмагани кўриниб турибди. Асарнинг услуби анча оғир, муаллиф асл ёзувчи эмас, балки давлат хизматчиси, холос. Масъул лавозимда ишлаган, сенатор бўлган, ҳарбий юришда интендант хизмати тафтишчиси сифатида қатнашган. Шунданми, баён қилиш тартиби ҳам ўзгача, дейлик, бир фикрни: “Овқатланиб олиш керак” эмас, “Қоринни михлаб олсак ёмон бўлмасди” тарзида ифода этади. Бундай “тарди-акс” услуб таржимада маълум қийинчилик туғдириши табиий. Шунданми, бу ҳол мутолаа жараёнида ҳам сезилади, баъзи ўринларда, очиғи, “таржимани таржима қилиш”га тўғри келиб қолади.
Албатта, жиддий қимматга эга асарни жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш кони савоб, аммо юмуш тажрибали таржимонлар нигоҳидан ўтказилиб нашр этилганда икки карра мукофот бўлармиди? Шунда характер, стратегия, партизан, дипломат сингари кўплаб сўзларнинг муқобилини топиш ҳам мумкин бўларди. Асарда тарихий атамалар, архаизмлар, шу билан бирга неологизмлар тўлиб кетган, уларнинг ўзбекчадаги ифодасини топишдаги таржимоннинг заҳматини ўта қадрлаш керак, аммо баъзан учрайдиган мусаҳҳиҳлик хатолари бу хизматга бироз соя ташлагандек бўлади. Хуллас, ноширларнинг ўзига-ўзи таскин берадиган ибора билан айтсак, “Хотин жафосиз, китоб хатосиз бўлмайди” деганларидек, масаланинг бу томонини истисно этиб, китоб жавонларимиз бир нодир асар билан бойиганидан мамнунлигимизни билдирамиз.
Айтмоқчи, Владимир Череванский асари икки қисмдан иборат, кейинги қисм “Амир Темур” деб аталади…
Бу ҳақда кейинги мақоламизда сўз юритамиз.
Ҳаким САТТОРИЙ.
