Покистондаги “Daily Ittehad” газетасининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида ушбу мамлакатдаги
“Daily Ittehad” газетасининг Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар ва икки томонлама муносабатларга бағишланган махсус сони чоп этилди.
Нашрда журналист Муҳаммад Аббас Ханнинг “Покистон ва Ўзбекистон тинчлик ва тараққиёт йўлида”, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон дипломатияси: жадал ва самарали қадамлар”, газета бош муҳаррири Таҳир Фаруқнинг “Лаҳорда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди” ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг “Ўзбекистон – 2030: Янги давлат дастурининг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти” сарлавҳали мақолалари чоп этилган.
Жумладан, журналист Муҳаммад Аббас Ханнинг “Покистон ва Ўзбекистон тинчлик ва тараққиёт йўлида” сарлавҳали урду тилида чоп этилган мақоласида икки мамлакат ўртасида дипломатик ва иқтисодий алоқалар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, янада мустаҳкамланаётгани таъкидланган. Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи эса ўзаро ҳамкорлик ва минтақавий тараққиётнинг янги даврини очиб бериши, мамлакатларимиз ўртасидаги ришталарни кучлироқ жипслаштириши, боғлиқлик ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштиришига урғу берилган.
“Олий даражали ташриф чоғидаги очиқ ва дўстона сиёсий мулоқот иқтисодий муносабатларни илгари суриш мақсадида манфаатли савдо йўлакларидан фойдаланиш ва янги минтақавий боғлиқлик ташаббусларини келишиш, автомобиль ва темир йўл транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш, миллий иқтисодиётлар учун бир-бирларининг ҳамда янги бозорларга чиқиш учун шароит яратиш, минтақавий тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик учун ҳамкорлик қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш учун пойдевор бўлиши кутилмоқда”, – деб ёзган муаллиф. Муҳаммад Аббас Хан ўз хулосасида, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг шахдам қадамлар билан ривожланиши нафақат икки мамлакат, балки қўшни минтақалардаги тараққиёт ва умумий фаровонликка ижобий таъсир ўтказади, деб таъкидлаган.
Академик Акмал Саидов муаллифлигидаги мақолада эса мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилдаги фаол, прагматик ва очиқ ташқи сиёсати, хорижий ҳамкорлар билан олий даражали учрашувлар доирасида эришилган муҳим келишувлар, дипломатия йўналишида кўлга киритилган ютуқлар ҳамда олдинда турган мақсад ва вазифалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.
Хусусан:
“Якунига етган йилда Янги Ўзбекистон олиб борган фаол ташқи сиёсат сарҳисобини холис таҳлил қилар эканмиз, шубҳасиз, глобал миқёсда шиддатли ўзгаришлар юз бераётган, синов ва таҳдидлар шароитида Янги Ўзбекистон дипломатиясининг мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий қудратини янада юксалтириш, миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш, жаҳон ҳамжамиятида ижобий халқаро имижини мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ бўлган ютуқларига гувоҳ бўламиз”, – дейилади.
Шунингдек, муаллиф 2024 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев 17 та халқаро ташрифни амалга оширгани, ташрифлар доирасида 100 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказгани, 140 дан ортиқ халқаро тадбирларда иштирок этгани, 264 та икки ва кўп томонлама халқаро шартнома ва ҳужжатлар имзолангани, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар 2000 дан ортгани, инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари қиймати қарийб 120 миллиард АҚШ долларини ташкил этганига алоҳида эътибор қаратган.
“Daily Ittehad” газетаси бош муҳаррири Таҳир Фаруқ қаламига мансуб мақолада жорий йил 11-13 февраль кунлари “Lahore Expo Centre” марказида мамлакатимизнинг “Made in Uzbekistan” саноат кўргазмаси ўтказилгани, унинг доирасида умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг 181 та шартнома имзолангани хабар қилинган.
Уч кун давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, мебель ва ёғочсозлик, кимё, фармацевтика саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда туризм салоҳиятига бағишланган кўргазмага 80 мингдан ортиқ одам келди. Тадбир доирасида икки давлат бизнес доиралари ўртасида 500 дан ортиқ “B2B” шаклида музокаралар ўтказилди.
Журналист Таҳир Фаруқ ўзбек тадбиркорлари делегацияси Панжоб вилоятининг йирик саноат марказлари – Файсалобод, Сиалкот, Гужранвала, Гужрат, Баҳавалпур, Мўлтон ва Шейхпура шаҳарларига ташриф буюриб, мазкур ҳудудлардаги ихтисослашган корхоналар ва уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишганини, аниқ лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришганини юксак баҳолаган. “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз мақоласида ёзганидек, мамлакатимизда 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасидан ўтказилди, 100 га яқин концептуал ҳамда мингдан ортиқ таҳририй таклифлари инобатга олинган ҳолда, ҳужжат расман қабул қилинди.
Мақолада давлат дастури доирасида аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани, яшил ҳудудларни кенгайтириш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини яратиш, экологик тоза жамоат транспортини ривожлантириш, ёмғир ва оқова сувларни қайта ишлаш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича муҳим чоралар белгилаб олингани ижтимоий давлат қуриш борасидаги муҳим қадам дея таъкидланган.
“Ҳужжатда 2025 йилда иқтисодий ўсиш камида 6 фоиз, саноат 6 фоиз, бозор хизматлари 14,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсиши мақсадли вазифа сифатида белгиланган. Мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида олис ва чекка ҳудудларда мобиль гуруҳлар, ҳар бир туман ва шаҳарда инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган мактаблар ташкил этилади. Шунингдек, 3,5 минг камбағал оила фарзандлари олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинади”, – дейилган.
“Дунё” АА,
Исломобод шаҳри.