Ўзбекистон ва Озарбайжон: Чуқур илдизга эга ҳамкорлик

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида виночиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, мазкур соҳага замонавий технологиялар жорий қилинмоқда. Янги вино туризм йўналишлари ва вино фестиваллари, маҳаллий виночилик саноатини туризм билан бирлаштиришга ёрдам бермоқда.

Тошкент кимё-технология институтининг “Энология ва бижғиш маҳсулотлари технологияси” кафедраси Ўрта Осиё давлат университети “Виночилик ва бижғиш маҳсулотлари технологияси” кафедраси негизида 1938 йилда таниқли олим, профессор М.А.Ховренко ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг ўзи кафедрага раҳбарлик қилган.

Кафедра ташкил этилгандан буён кўплаб таниқли олимлар, фан докторлари, фан номзодлари (PhD), шунингдек, 2000 дан ортиқ спиртли ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш технологияси йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланган. Бундан ташқари, кафедрада шакар ишлаб чиқариш бўйича ҳам етук кадрлар етишиб чиққан. Кафедрада микробиология, озиқ-овқат кимёси, техно-кимёвий назорат лабораториялари мавжуд бўлиб, улар замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Тошкент кимё-технология институти талабалари лаборатория амалиётларини бажариш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон шампани” АЖ корхонасида институт талабалари учун дуал таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу талабаларнинг назарий ўқиш билан бир вақтда корхонада ишлаб, амалий кўникмаларни ҳосил қилиш, тажрибасини ошириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 августдаги “2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент кимё-технология институти, “Ўзбекистон шампани” АЖ, Озарбайжон Республикасининг Товуз шаҳридаги “Naig Co” “Товуз-Балтия” МЧЖ корхонаси раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди.

Унда институт талабалари, докторантлари ва профессор-ўқитувчилари учун ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташлари, талабалар, илмий тадқиқотчилар иштирокида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш юзасидан келишувларга эришилди, уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик меморандумига асосан, Тошкент кимё-технология институтининг “Виночилик технологияси, бижғиш маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар технологияси” йўналиши талабалари ҳамда “Энология ва бижғиш маҳсулотлари технологияси” кафедраси профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан ташкил топган гуруҳ Озарбайжон Республикаси Товуз шаҳрида жойлашган “Naig Co” “Товуз-Балтия” МЧЖ корхонасида малака ошириб ўтадилар.

Маълумки, Озарбайжон ва Ўзбекистон виночилик анъаналари чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, у минг йиллар давомида ривожланиб келган.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда 28 дан ортиқ хўраки ва винобоп узум нави етиштирилмоқда, шундан 13 таси Тошкент вилоятида. Вилоятда узумзорлар майдони 19 минг гектарни ташкил этмоқда. Етиштирилаётган узумларнинг 40 минг тоннадан зиёди 11 та мамлакатга, вино маҳсулотлари эса 9 та давлатга экспорт қилинади. Келгуси уч йилда вилоятда яна 20 минг гектар ҳосилдор узум майдонларини яратиш режалаштирилган.

Археологик топилмалар ва илмий тадқиқотларга кўра, Озарбайжонда виночилик маданияти эрамиздан аввалги 6-5 минг йилликларга бориб тақалади. 2023 йил Озарбайжонда умумий узум етиштириш ҳажми 200 минг тоннадан ошган, ишлаб чиқарилган вино ҳажми 100 миллион литрга етган, 50 миллион литр вино маҳсулотлари Россия, Хитой, Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ давлатларига экспорт қилинган.

Амалиёт режасига кўра, Озарбайжонда дастлаб ўзбекистонлик талабалар узум териш жараёнига жалб қилинди. Бунда узум етилганининг аниқ вақтини белгилаш агроном ва вино ишлаб чиқарувчи томонидан келишилгандан сўнг амалга оширилади. Корхона узумзорларида “Мерлоу”, “Ркацители” навлар етиштирилади. Талабалар томонидан ушбу узумлар таркибидаги шакар миқдори аниқлангач, териш жараёнлари бошланди.

Талабалар вино ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичидан тайёр маҳсулот кўринишига келгунга қадар бўлган барча жараёнларда, жумладан, йиғилган хомашёни бирламчи қайта ишлаш, шарбатини олиш ҳамда унинг лабораторияда сифат кўрсаткичларини аниқлашда иштирок этдилар.

Ўзбекистонлик талабалар амалиёт доирасида Озарбайжон маданияти, санъати ва тарихига оид маълумотлар билан танишди. Боку шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳлари ва музейларига ташриф буюрдилар.

Озарбайжон давлатининг ишлаб чиқариш корхоналари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда институтнинг хорижий мутахассиси, тижоратлаштириш, билимлар трансфери ва саноат тармоқлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Руслан Иманзаденинг ҳиссаси ниҳоятда каттадир.

Хорижий ташкилотлар билан шериклик алоқалари ва институтнинг академик ва илмий ҳамкорлик алоқаларини кенг ёритиш мақсадида Озарбайжоннинг “Dunyo” телеканали “Xabarlar” информацион дастури орқали икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, хусусан, илм-фан ва саноат соҳаларидаги алоқалар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Ушбу ташаббуслар икки мамлакат илмий муассасалари ва саноат корхоналари ўртасида истиқболли лойиҳаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Тошкент кимё-технология институти талабаси Ихлосбек Оллоёров хорижий амалиёт дастури доирасида ўзлаштирган тажрибасини келажакда қўллашини, бу каби ташаббуслар талабалар учун рағбат бўлганини таъкидлади.

Бугунги кунда “Naig Co” “Товуз-Балтия” МЧЖ корхонаси билан олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари доирасида Тошкент кимё-технология институти ҳузурида “Спин-офф” корхонасини ташкил этиш, виночилик маҳсулотлари дигустация залини очиш ва жиҳозлаш, Самарқанд вилоятида жойлашган “Ховренко номидаги Самарқанд вино комбинати” акциядорлик жамиятида институт талабалари учун дуал таълим тизими асосида ўқитиш ва ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил қилиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ишларни ривожлантириш мақсадида Озарбайжоннинг “Caspian Capital group” компаниясининг “Naig Co” “Товуз-Балтия” МЧЖ корхонаси билан ҳамкорликда йўл харитаси ишлаб чиқилди ва амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги академик ва дипломатик алоқаларнинг ривожланишида шубҳасизки, икки давлат элчилари олиб бораётган дипломатик ишлар ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Ўзаро ва дўстона изланишлар саъй-ҳаракатлари натижасида илмий тадқиқотлар, талабалар алмашинуви ва инновацион ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, икки томонлама ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига замин яратмоқда.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология

институти ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =