Келажакда яшаётган башарият

ёки рақамли ҳаёт афсунлари

Бугун шиддатли рақамлашув, технологиялар ривожи туфайли ҳаётимиз тобора “қизиб бормоқда”. Айни пайтда кишиларнинг кундалик машғулотлари, вазифа ва юмушлари шу қадар кўпки, ҳаммасига бирдай улгуришнинг ўзи фавқулодда мушкул бўлиб қолган. Кези келганда манаман деган “тайм менежмент” (вақтни бошқариш) соҳаси вакиллари ҳам бу борада бош чангаллаб қолишмоқда. Чунки ҳозир одамларни чалғитиб, оҳанрабодек ўзига чорлайдиган рақамли технологиялар, гаджетлар беҳисоб. Смартфон, компьютер, ноутбук, планшет, смарт-телевизор, смарт-соат, турли виртуал ўйинлар, интернет ва ҳоказо… Уларни санаб адоғига етиш қийин.

Мабодо мўъжиза юз бериб, ўрта асрларда яшаган бирон киши бизнинг замонимизга тушиб қолса борми, боёқиш адоқсиз ахборот оқими ва рақамлашув асирига айланган сершовқин ҳаётимизга кўниколмай, ақлдан озиши ҳеч гап эмас. Ахир ҳар сонияда тарқалаётган “Шок, шок, шок! Ҳамма кўрсин! Яқинларга тарқатинг!” деб бошланувчи ваҳимали хабарлар, “обуна бўлинг, лайк босинг” дея ҳоли-жонингга қўймайдиган саноқсиз ўзини “блогер” деб атаб олган кимсалар жавлон ураётган тартибсиз ахборот макони замондошларимизнинг асабини чарчатмоқда.

Афсуски, ҳозир дунёда яратувчанликдан кўра, истеъмолчилик кайфияти ҳукмрон. Оддий одамлар серғайрат маркетологларнинг ўлжасига айланган: ҳар қадамда — эшикда ҳам, тешикда ҳам бахт ва фаровонлик ваъда қилувчи жимжимадор маҳсулот-у хизматларнинг рекламасига дуч келасиз.

Ишқилиб, рақамли трансформация турмуш тарзимизни кескин ўзгартирмоқда. Технология ва турмуш уйғунлигини топиш қийинлашди. Рақамли технологиялар ёш авлод онгини деярли эгаллаб улгурди. Кейинги вақтларда вояга етаётган болаларни руҳий, молиявий ва технологик мезонлар асосида демографик гуруҳларга бўлиш таомилга кирди. Хусусан, 2025 йилдан “Альфа авлод” (2010-2020 йилларда туғилганлар шу авлодга мансуб) болаларининг даври ниҳоясига етиб, “Бета-авлод” вакиллари дунёга кела бошлади.

Замон билан ҳамнафас яшаш ҳаётнинг асосий талаби ҳисобланади. Биз ҳам ХIХ асрда Англияда ишлаб чиқариш станокларини синдириш орқали тараққиётга қаршилик қилишга уринган лудчиларнинг аҳволига тушишни истамасак, янгиликлар билан ҳамнафас бўлишимиз керак. Айни пайтда рақамлашув жараёнининг онгсиз асирига айланиб қолишдан эҳтиёт бўлиш ҳам жуда муҳим. Яъни инсон технологияларга эмас, технологиялар одамга хизмат қилсин.

Аллақачон ХХI асрнинг иккинчи чорагига қадам қўйган одамлар “жамият рақамли технологиялар таъсирида қандай ривожланмоқда, бугун қайси жараёнлар муҳим аҳамиятга эга, келажакда нималарга тайёр бўлишимиз керак?” деган ҳаётий саволлар устида бош қотирмоқда.

Ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари, замонавий ибора билан айтганда, муайян “тренд”лари бўлади. Шу маънода, замонавий ҳаёт тезкорлиги ва тўхтовсиз рақамлашиб бораётгани билан олдингиларидан ажралиб туради. Бугуннинг илғор кишиси бир вақтда бир нечта юмуш билан банд бўлишга, яъни вақтдан имкон қадар унумли фойдаланишга интилмоқда. Мисол учун, 2016 йили АҚШда ўтказилган сўровномада қатнашган америкаликларнинг ярмидан кўпроғи (52 фоизи), одатда, икки ёки ундан кўпроқ юмушни баравар уддалашга ҳаракат қилишини таъкидлаган . Орадан ўтган тўққиз йил давомида ушбу юрт фуқароларининг кундалик ташвишлари сони янада кўпайганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Тезлашаётган тасаввур

Сўнгги вақтда ижтимоий тармоқлардаги ёзма, овозли ва тасвирли маълумотлар, яъни контентларнинг мазмуни ва шакли, қолаверса, уларни қабул қилиш даражаси ҳам катта ўзгаришларга учради. Шу чоққача бир неча сониядан бир дақиқагача давом этувчи қисқа контентларга кўниккан ёшлар ҳозир янаям бесабрроқ бўлиб қолишган. Улар контентлар тугул, мусиқа асарларини ҳам тезлаштирилган шаклда эшитишни афзал кўрмоқда. Бу ҳам айнан ҳаёт суръати ошгани билан изоҳланмоқда. Чунки интернетда ахборот шу қадар кўпки, улардан имкон қадар кўпроқ баҳраманд бўлиш учун вақтни тежаш керак.

2021 йили Лос-Анжелес Калифорния университетида ўтказилган тадқиқот натижалари кўпчиликни ажаблантирди. Ўшанда 231 нафар талаба 4 та гуруҳга ажратилиб, икки хил мавзудаги 13-15 дақиқалик маърузаларнинг видео лавҳаси уларга намойиш қилинади. Аниқроғи, мазкур лавҳалар биринчи гуруҳда одатий тезликда, иккинчи гуруҳда 1,5 баравар, учинчи гуруҳда 2 карра, охирги гуруҳда эса 2,5 баравар тезлаштирилган ҳолда тақдим қилинади. Шундан сўнг талабалар маърузалар бўйича тест имтиҳонидан ўтказилади. Ҳайратланарлиси шундаки, одатдаги видеодарсдан баҳраманд бўлган гуруҳ аъзолари 40 та саволдан 26 тасига, икки баравар тезлаштирилган лавҳани томоша қилган гуруҳ вакиллари эса 25 тасига тўғри жавоб топади. Яъни уларнинг ўзлаштириш даражасида деярли фарқ йўқ эди .

Бундан кўринадики, тезлаштирилган дарс усули ҳақида ўйлаб кўрса арзийди. Бу ҳол академик ўзлаштириш жараёнида вақтни тежаш ва кўпроқ маълумотга эга бўлиш имконини бериши мумкин. Лекин бу борада ҳам меъёр бўлгани маъқул. Медиа-маҳсулотлар ҳадеб тезлаштирилган шаклда намойиш қилинаверса, вақт ўтиб ўзининг маъноси ва қадрини йўқотиши тайин.

Онлайн ва оффлайн… одамлар

2023 йилда дунё бўйича 16 ёшдан 64 ёшгача бўлган фойдаланувчилар бир суткада ўртача 6 соат 40 дақиқа вақтини турли қурилмалар экранига термилиб ўтказиши аниқланган. Бу ҳафтасига 46 соат 40 дақиқани ташкил қилади. Америкада эса фойдаланувчиларнинг интернетга уланган қурилмаларга ажратадиган кунлик вақти ўртача 7 соатдан ошмоқда . Ўзбекистонда ҳам аҳвол бундан қолишмаслиги аниқ. Чунки ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқларда, интернет платформаларида жуда кўплаб ватандошларимиз миллионлаб контентларга эринмасдан изоҳлар ёзиш ва лайклар босишга одатлангани ҳеч кимга сир эмас.

Бундан ўн-ўн беш йил бурун доимий интернетга эга бўлиш, ундан кундалик фойдаланиш катта обрў саналар эди. Бугун эса бунинг мутлақо аксини кузатиш мумкин: оффлайн, яъни интернет таъсиридан холи бўлиш ўзига хос ҳашамат белгисига айланган! Ҳозир ҳамманинг нигоҳи экранларга қадалган. Кўпчилик уззукун телефон, планшет, компьютер, смарт-телевизор ва ҳоказо қурилмалар билан андармон.

Глобал интернет тармоғининг ажралмас қисми бўлган Ўзбекистонда ҳам ундан фойдаланувчилар сони муттасил ўсиб бормоқда. Энг чекка ҳудудларимиз ҳам оптик толали интернет билан қамраб олинмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига қараганда, 2023 йилнинг охирги уч ойи мобайнида мамлакатимизда интернетдан (исталган жойда) мунтазам фойдаланадиган 10 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли улуши 89 фоизни ташкил этган . Янаям аниқроғи, юртимизда интернет хизматидан баҳраманд бўлаётган одамлар сони 31 миллиондан ошган. Уларнинг 29,5 миллиондан кўпроғи эса мобиль интернетдан фойдаланади. Хуллас, халқимиз рақамли гаджетлар билан ошнолик бобида жаҳондаги бошқа халқлардан қолишмайди, деб бемалол айта оламиз.

Очиғи, бугун каттаю кичик эртадан-кечгача катта-кичик мониторларга тикилиб ўтиравериб, анъанавий машғулотлар бўлмиш самимий мулоқот, мутолаа, кўчада сайр қилиш ва жисмоний машқлардан анча узоқлашиб қолди. Барча интернетда, онлайн! Оила даврасида, дастурхон устида, ишда ҳам, кўчада ҳам одамлар телефондан кўз узмайди. Албатта, интернетнинг фойдали томонлари кўп. Аммо аксарият инсонлар учун у шунчаки вақтни беҳуда совуриш воситасига айланиб қолганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ўтган асрларда китоб ўқиш, илм билан шуғулланиш, ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида мунозаралар юритиш кўпроқ аслзода кишиларга хос юмушлар саналиб, оддий инсонлар, асосан, қорин тўйдириш ташвишидан ортмас эди. Ажабки, бугунги замонавий дунёда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юзага келган: аксарият кишилар интернет титкилаб, миясини пуч ахборотлар билан тўлдиришга ружу қўйган.

Мета-оламдан дараклар

Ҳозир тезлик билан тараққий этаётган яна бир янги рақамли технология — мета-олам ёки мета-макон алоҳида эътиборга лойиқ. Бу технология ўзининг кўлами, жамият ҳаётида инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Мета-олам — реал дунё билан биргаликда ривожланувчи виртуал макон демакдир. Биз яшаётган моддий дунё билан виртуал маконнинг уйғун ривожини назарда тутувчи мазкур янгиликка дунёдаги барча технологик гигантлар, стартап компаниялари фаол сармоя кирита бошлаган.

Одамлар мета-оламда худди реал ҳаётдаги каби турли машғулотлар билан шуғулланишлари, ҳатто ўқиб-ишлашлари мумкин. Ҳозирги виртуал реалликка ихтисослашган гаджетлар (ВР) мета-олам қандай бўлиши ҳақида дастлабки тасаввурларни бера олади. Мисол учун, кўпчилигимиз одамлар виртуал кўзойнаклар ёрдамида юқори ўлчамли тасвирларни томоша қилиш асносида экранда юз бераётган воқеалардан таъсирланиб, турли хатти-ҳаракатларни амалга оширишига гувоҳ бўлганмиз. Виртуал реалликнинг кичик бир кўриниши ҳисобланган ушбу ҳолатда киши симуляция, яъни сохта воқелик таъсирига тушиб қолиб, беихтиёр ўзини унинг иштирокчиси деб ҳис қилади.

Мета-олам анча такомиллашган, улкан виртуал макон ҳисобланади. У ерда бутун бошли шаҳар ёки мамлакат кўламидаги сунъий дунёлар мавжуд бўлиши мумкин. Бу маконда сиз истаган кўринишда пайдо бўлиб, ўзингиздан умуман фарқ қилмайдиган виртуал шахслар билан мулоқотга киришишингиз, ақл бовар қилмас манзараларга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Сиз ушбу “ёндош дунё”да реал ҳаётдаги каби ишларни амалга ошириш имконига ҳам эга бўласиз. У ерда ҳатто пул ишлаб топиб, кундалик ҳаётингизда сафлашингиз мумкин.

Мета-олам — жуда катта кўламли лойиҳа. Тўлақонли мета-оламни яратиш учун улкан молиявий ресурслар ва кучли мутахассислар талаб этилади. Лекин айни дамда Силикон водийсининг корчалонлари, дунёдаги нуфузли технологик компаниялар шу мақсад йўлида қаттиқ бел боғлаган. Фейсбук компанияси яқинда ўз номини “Мета” деб ўзгартиргани ҳам бежиз эмас. Унинг эгаси бўлмиш Марк Цукерберг келажакда мета-борлиқ ғояси орқали ёш авлод вакилларини кўпроқ жалб қилиш ва уларни ўз мижозига айлантиришни ният қилган. Бирлашган Араб Амирликларидаги “Cloud Center of Excellence at Etisalat” компанияси директори Аднан Кашванининг таъкидлашича, бугун мета-оламга киритилган инвестициялар миқдори 140 млрд АҚШ долларидан ошади. Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу соҳага сармоя киритиш икки бараварга кўпайган .

Шу ўринда мета-оламнинг кичик бир кўриниши бўлган “Фортните” онлайн ўйини билан боғлиқ бир воқеа эътиборга лойиқ. Гап шундаки, пандемия авж олган 2020 йилнинг апрель ойида америкалик реппер Тревис Скоттнинг мазкур тармоқда уюштирилган онлайн концертида 12 миллиондан ортиқ одам ўйин иштирокчиси сифатида қатнашган. Табиийки, реал ҳаётда бунча одамни бир жойга тўплашнинг асло имкони йўқ. Мета-макон воситасида бунинг уддасидан чиқишган. Келажакда ана шундай ихчам виртуал борлиқлар бирлаштирилиб, улкан мета-маконлар яратилиши мумкин. Буёғи фақат вақт билан боғлиқ.

Жавобсиз саволлар гирдобида

Бугун жадал ривожланаётган сунъий интеллект технологияси ҳам энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Чунки у ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб келмоқда. Дунёдаги кўплаб йирик компаниялар бу соҳада пешқадамликни қўлга олиш учун бир-бири билан жиддий рақобатга киришган. Айнан мана шу ҳол кутилмаган муаммолар туғдириши мумкинлиги кўпчиликни хавотирга солмоқда. Чунки сунъий идрокни такомиллаштириш бобидаги кимўзар пойгалари инсон ҳаётини енгиллаштириши ўрнига, ушбу тараққиёт шаклини бошоғриққа айлантириши ҳеч гап эмас. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам инсониятни бу борада огоҳликка чорлади: “Сунъий интеллект тизимларидан террористик, жиноий мақсадларда ёки давлат манфаатлари йўлида нотўғри фойдаланилиши ўлим ва вайронагарчиликнинг даҳшатли кўрсаткичларига, кенг кўламли жароҳатлар ва тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада чуқур психологик зарарларга сабаб бўлиши мумкин .

Сунъий идрок устидаги изланишлар шундай тез суръатларда давом этса, келажакда унинг имкониятлари одамзоднинг ақл-идрокидан ўзиб кетиши турган гап. Натижада яқин келажакда “инсоннинг анъанавий тафаккуридан фойдаланиш керакми ёки ёппасига сунъий интеллект имкониятига таянган маъқулми” деган улкан дилемма кун тартибига чиқади. Очиғи, ўшанда бундай бошоғриқ саволга жавоб топиш осон кечмайди. Шунинг учун тараққиёт бобида ҳам муайян маънавий-ахлоқий чегараларга риоя қилиниши лозим. Ўйлашимизча, ҳар қандай шароитда ҳам инсоннинг табиий ақл-заковатини сунъий идрокдан устун мавқеда сақлаб қолиш энг тўғри йўлдир. Ҳозирча бу борада танлов қилиш имконияти ўзимизнинг ихтиёримизда. Бироқ эрта-бир кун кеч бўлиши мумкин.

Хатар билан юзма-юз

Биз юқорида тилга олган ҳолатлар ҳозирги рақамли трансформация даврида долзарб тус олган масалаларнинг бир қисми, холос. Рақамлашув жараёнининг барча икир-чикирларини биргина мақолада таҳлил қилиш имконсиз.

Кундалик ҳаётимизга назар солсак, бугун биз аллақачон фантастик фильмларда тасвирланган узоқ келажакда яшаётганимизга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Кундалик ҳаётимизга оид кўплаб вазифаларни бевосита ёки билвосита технологик ускуналар бажармоқда. Турмуш тарзимиз мисли кўрилмаган даражада илдамлашиб кетди. Замонавий технологиялар таъсирида вақтнинг қанчалик шитоб билан ўтаётганини сезмай ҳам қоляпмиз. Дунёда яратувчанликдан кўра, бор нарсани сотиб олишни маъқул кўрадиган “истеъмолчи жамият” шаклланмоқда. Кўпчилик аслида турмушини янада яхшилашга хизмат қилиши лозим бўлган технологияларнинг итоаткор асирига айланган. Жамиятда реал ҳаётдан кўра виртуал оламнинг таъсири ортиб бормоқда. Тараққиёт шу тарзда давом этса, бора-бора сохта воқеликка қурилган мета-оламлар инсон умрининг мазмунига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Хўш, башарият ҳозирги рақамли трансформация ва технологиялар инқилоби шароитида ўзлигини сақлаб қола оладими, у сунъий онг ривожи оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хатарларга тайёрми? Бугун бундай ҳаётий саволлар барчани бирдай ўйлантириши, умумий лоқайдлик ва беғамликдан халос бўлиб, воқеликка теранроқ қарашга ундаши керак. Ана шунда одамлар қай даражада хатарли синовлар билан юзма-юз турганини тўла-тўкис англаб етиши мумкин.

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Республика Маънавият

ва маърифат маркази

ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий

тадқиқотлар институти

илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =