Дунёни яхшилар меҳри асрайди

ёхуд уч авлод ибрати

Ўтган кузнинг сўнгги якшанбаси эди. Эрталаб Наманган шаҳридан Тошкентга йўлга чиқдим. Поп ҳудудидаги темир йўлни кўриб, хаёлим тарихга қочди.

…1916 йилнинг 18 сентябрида Поп темир йўл станциясидан мардикорлар ортилган биринчи эшелон Чор Россиясига жўнатилган экан.

Пойизингни жилдирган,

                        ўтхонаси билан дўнгалаги.

Двинскийга кетганди

                 мард йигитнинг бир бўлаги, —

деб бошланадиган халқ қўшиғи ёдимга тушиб қолди. Болалигимда раҳматли Ҳалима аммам айтиб берадиган бу қўшиқнинг маъносини тушунмаганман. Бу қўшиқ ўғиллари Россия ўрмонларига мажбуран қарағай кесиш учун олиб кетилган оналар дод-фарёди экан. “Қарағайзоринг кул бўлсин, Николайинг йўқ бўлсин” деган оҳу нолалари, қарғиши экан. Қарғиш ёмон уради, Николай подшонинг нафақат ўзи, ҳатто бола-чақасиям куйиб кул бўлди-ку!

Шамолдан қутулдик, деб турганлар бўронга тутилганди. Шўролар ҳукумати ҳуррият курашчиларини “босмачилар” деб аташди, миллат қаҳрамонларини қирдилар. Турон аҳлини ёвдан халос этишни истаган қўрбошиларни минг-минглаб йигитлари билан шаҳид қилдилар. Туркистон деган юртни талашди. Попга туташиб кетган Қўқонга ўт қўйишди, гўдагини ҳам қолдирмай жонини олишди.

Шу Поп тупроғида босқинчиларга қарши курашиб, Раҳмонқул қўрбоши юзлаб йигитлари билан жон берган, шаҳид бўлган.

Ўйлар оғушида бораётирман. Балки, мен кетаётган йўлларда қаҳрамон боболаримиз излари қолгандир… Билмам, бу тупроққа ёвнинг қонхўр газандалари галасига қарши қиличларини яланғочлаган марду майдонлар қони тўкилгандир?!

Йўлнинг ўнг томонида кўчат экаётган кишиларга қараб хаёлим бўлинди. Уларга, ҳеч бўлмаса, раҳмат айтиб қўяй деб тўхтадим. Шағал, чағир тош аралашиб кетган жигарранг тупроқли ерни ковлашиб, дарахт кўчатларини экаётган кишиларнинг ёши каттароғи билан гаплашиб турганимда, йўл ёқасига оқ рангли “Ласетти” автомашинаси келиб тўхтади. Замонавий кийими, дадил-дадил гапиришидан раҳбарлик нафаси келиб турибди. Бу киши: “Отам раҳматли кўчат экиш катта савоб, дарахтлар ҳам салавот айтади, деб айтарди”, дея атрофига йиғилганларга яна нималарнидир тушунтира бошлади. Бу ҳикматли гапни эшитишим билан у томонга бир қарадим. Наманган аҳли ассалому алайкумни қизғанмайдиган халқ. Унга журналист эканлигимни айтдим. Ўзи чапанироқ кўринса-да, овози ширали, сўзлари мазмунли ва шу билан бирга фикри ҳам жўяли инсон экан. У ўзини Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Наманган вилояти бўлими бошлиғи Анварбек Ғаффоров деб таништирди. Йўл бўйидаги қақраб ётган майдонларга чўл иқлимига чидамли ва хушманзара дарахт кўчатларини экаётган кишилар агентликнинг Поп тумани бўлими ходимлари экан.

Пайғамбаримизнинг “Бирортангиз экиш учун қўлингизда бир кўчатни ушлаб турган вақтингизда қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, уни экиб олишга кўзингиз етса, албатта экиб қўйинг” деган муборак ҳадисини айтиб, атрофимдагиларни рағбатлантирдим. Ҳали бу биёбонлар боғу бўстонга айланажак. Ушбу манзилдан ўтадиган йўловчилар дарахт экканнинг отасига раҳмат, барака топишсин деб дуолар қилишади…

Анварбек билан хайр-хўшлашимиз анча чўзилди. У билан суҳбатимиз қовушиб кетди, у ҳаёти ҳақида шундай жўшиб сўзлардики, гўё меҳр булоғи қайнаб чиқаётгандай! Назаримда, Анварбек кўчат билан бирга орага меҳр уруғини ҳам экканга ўхшарди.

Анварбек отаси Абдулбоқи Ғаффоров ҳақида меҳр-муҳаббат билан сўзлаётирки: “Ҳаётда шундай ўғиллар ҳам кўп” деб қувондим. Отасининг савобли ишлари-ю ибрат тўла ҳаёти ҳақидаги ҳикоятларни эшитиб, маънан роҳат олдим. Анварбекдай ҳаётнинг паст-баландини кўрган, зиёли ва очиқкўнгил, дангал айтганда, ҳақиқий ота ўғил билан рўбарў қилгани учун Аллоҳга шукурлар бўлсин! Хайрлашаётиб, бир даста газеталар билан наманганлик Носир Отахонов ҳақидаги “Чинор шохидаги синчалак” китобимни унга совға қилдим.

— Носир Отахонов отам раҳматлининг яқин дўсти эди, ўғли Улуғбек менинг ўртоғим, – деб хурсанд бўлиб кетди Анварбек. — Бизни Аллоҳ учраштирди, отам ҳақида ҳам хотира ёзсангиз, бошимиз осмонга етарди. Ҳаёт бўлганида етмиш бешга кирарди.

— Худо хоҳласа, кейинги сафар Наманганга келганимда, албатта, учрашамиз, – деб у билан хайрлашдим.

Бошқа ижодкорларда қандай, билмадим-у, ёзганимда ортидан раҳматлар келадиган қаҳрамонлар топилишида тасодифлар мени кўп сийлаган. Пойтахтга боргач, наманганлик кўзга кўринган кекса олимларга, нуроний устозларга қўнғироқ қилиб, Абдулбоқи Ғаффоров ҳақида хотира мақоласи ёзиш ниятимни айтдим. Улар: “Сиз доим кўпчиликнинг кўнглидаги савобли ишларни қилиб юрасиз, Абдулбоқи Ғаффоров ҳақида китоб ёзса ҳам арзийди”, деган фикрни айтишди…

Орадан бир ярим ойлар ўтгач, таҳририят режасига кўра, яна Наманганда бўлдим. Инсоний қадриятлар орасида сўзининг устида туриш, ваъдасига вафо қилиш муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Надоматлар бўлсинки, кейинги йилларда ёлғон кўпайди, кишиларнинг бир-бирларини алдаши оддий ҳолатга айланиб бораётир. Шайтонга дўст тутиниб, ёлғон сўйлаб виждони қийналмайдиганлар, ваъдасини бажармасликдан уялмайдиганлар кўпайиб бормоқда. Улар орасида элнинг олдида юрадиган катта-кичик амалдорлар ҳам бор.

Хайриятки, Анварбек лафзи бутун инсон экан. Келишилган вақтда учрашдик. У бошчилик қилаётган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бўлими идорасидамиз.

Раҳбарнинг хонасига кирсангиз, дилингиз яйраб кетади. Йигирма хилдан ортиқ ноёб гулларга қараб кўзингиз қувонади. Хонанинг тўрт бурчагида бир тупдан шохларида меваси осилиб турган, ҳар бири ғознинг тухумидек олтин рангли лимонларга қараб туриб қолдим.

— Раҳматли Абдулбоқи отам лимон етиштиришнинг ҳадисини олганди, бу касб бизга ота мерос, – деди Анварбек. — Уйимизда ҳам лимонариймиз бор эди. Меҳнатнинг ичида катта бўлганман. Қайта қуриш даври бошланганда Наманганда биринчилардан бўлиб асаларичилик фирмасини очганмиз. Асалари боқиб, етиштирилган асални қадоқлашни йўлга қўйганмиз. Отамизнинг қўли баракали эди. Уйда қўй боқардик. Юзлаб қўйларимиз жудаям семиз бўларди. Саноғига етиб бўлмайдиган тўтиқуш кўпайтириб сотардик. Шундан келадиган пулларга чиройли уйларимизни қурганмиз. Отамиз ишнинг кўзини биладиган, жудаям меҳнатсевар инсон эди. Уйларимиз қурилаётганда усталар билан бирга ишлаганмиз. Палончининг ўғлиман демасдан гувала қилиб усталарга олиб берардим. Алҳамдулиллаҳ, нолимайман, меҳнат билан бахт топиб, шундай кунларга етдим.

Анварбек ҳовлидаги лимон етиштириладиган иссиқхонага олиб кирди. Бу лимонарий 1997 йили отаси Абдулбоқи Ғаффоров вилоят агрокимётаъминот корхонасига раҳбарлик қилган пайтда қурилган экан. Чамаси икки ярим, уч метр келадиган чуқурликка экилган лимон дарахтлари шохларида мевалар пишиб ётибди. Мўъжазгина лимонарийда эллик беш туп лимон бор экан. Бу иссиқхонанинг тўрт тарафидаги ички деворларига маржондек қилиб пишиқ ғишт терилган экан. Қисқаси, энг оддий усулда унумдор лимонарий қурмоқни истаганлар андоза олса бўлади.

— Отам раҳматли раҳбар бўлиб келганида, бу бинолар хароб ҳолга келиб қолган экан, – деб Анварбек ҳикоясини давом эттиради. — Ёнларида ҳайдовчи бўлиб бирга юрганман. Вилоят агроким­ётаъминот корхонасининг ҳамма биноларини ва туманлардаги таъминот базаларини тубдан қайта таъмирлатиб, талон-торожликлардан сақлаб қолган эди. Ишда эришган ютуқлари боис отам Республика Агрокимётаъминот бирлашмасига раис бўлиб кетди.

Идора ҳовлисининг нариги томонида яна бир сотихлик иссиқхона бор экан. Ишчи ходимлар учун турли хил кўкатлар баравж ўсиб турибди.

— Президентимиз ташаббуси билан Янги йил арафасида кам таъминланган оилалардан бештасига саховат кўрсатиш учун тайёргарлик кўраётган эдик, — деди Анварбек.

У камбағал оилаларни йўқлаш учун тикув машинаси, пишириқ тайёрлайдиган электр печь, озиқ-овқатлар, ун маҳсулотлари ва болалар кийим-кечакларини ортаётган машиналар томонга бошлади.

— Савобли ишимизга республика “Hurriyat” газетасидан келган журналист акамиз ҳам шерик бўлади, — деб у мени ходимларига таништирди.

Шаҳар билан туташ “Нуробод” фуқаролар йиғини ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалар яшаётган хонадонларда бўлдик. Улар яшаётган шароитларни кўриб, наҳотки шундай шукуҳли замонамизда бу қадар ночор оилалар бўлса-я, деб бечоралар аҳволига ачиндим.

Беш нафар норасида болалари билан бировнинг ҳовлисида ижарада яшайдиган ота оддий ишчи, она уй бекаси. Онанинг мурувватли инсонлар қўлидан совға-саломлар олаётгани ва мўлтираб турган болаларнинг ҳолатини бир тасаввур қилинг-а! Анварбек худди ўз фарзандлари даврасида тургандек меҳр билан янги уст-бошларни болажонларга кийдираётир. Жажжигина ўғил-қизлар янги уст-бошларни кийишгач, мақтангандек бир-бирларига қараб қўйишади. Беғубор кўзлардаги қувончларни кўриб, кайфиятим кўтарилганди. Уларга бисотимдаги энг ширин сўзларни айтиб, Янги йил байрами билан табрикладим: “Ҳали келажак олдинда, сиз болажонлар ўқиб улғаясиз, топармон-тутармон бўлиб кетасизлар, ота-онангизнинг хизматларини қилиб дуоларини оласизлар. Худо хоҳласа, ўзинглар ҳам саховат улашадиган инсонлар даражасига етасизлар”.

Қайтар чоғи Анварбек Ғаффоровдан шу оиланинг бир ўғлини ўқитиб тарбия қилмоқчи эканини эшитиб, унга бўлган ихлосим янада ортди…

Анварбекнинг айтишича, оподадаси (Наманганда бобосини оподада дейишади) фақир-мискинларга, етим-есирларга ёрдам беришга шошиладиган, сахийликда мусобақалашадиган, одамларга эҳсон улашиб роҳатланадиган инсон бўлган экан.

— Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам сахий қалб ато этавермайди, эҳсон қилган одамнинг ризқи кўпаяр экан, – дейман.

— Абдуғаффор оподадамдан кўп яхши хислатларни ўрганганмиз, – дея у бошқача бир завқ билан ҳикоясини давом эттиради. — Кўп китоб ўқийдиган зиёли инсон эдилар. Уйимизга почтачи ҳар куни бир тўп газета-журнал олиб келарди. Лампасини ёқволиб, кўзойнагини тақволиб, мени эркалаб, “той, газетани оберинг-чи” дер эдилар. Бўйлари баланд, қадди-қоматли, болапарвар киши эдилар. Ўғилдан катта невара бўлганим учун оподадамнинг уйида подшодек эркаланиб юрардим. Ичига кириб олиб ухлардим.

У араб тилида ёзишни биларди. Муқаддас Ислом дини аҳкомларига амал қилиб, оподадам ҳам, Ҳамидахон ачамлар ҳам пинҳона намоз ўқиб, рўза тутишар эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида — собиқ иттифоқ пайтларида Саудия Арабистонидаги қариндошларимизга яширинча хат ёзар экан. Мустақилликдан кейин ҳажга бориб, улар билан топишди. “Алҳамдулиллаҳ, мустақил бўлдик, динга йўл очилди, жадидларнинг кунини кўрмадик”, деб шукур айтиб юрарди.

Ёғоч савдо базаси бошлиғи бўлгани учун маҳаллаларда қурилиш бошлаб қўйиб, битказа олмай қолганларга қанча шифер, қанча ёғоч керак бўлса, шундай бериб юборар эди. Уйимизга турли муаммолари билан келганларнинг ишини битириб берадиган халқпарвар киши бўлган. Одамлар хурсанд бўлганларидан тўлқинланиб, кўзида ёш билан дуо қилиб кетишарди.

Ҳаётда кўриб англаб етдимки, яхши фазилатлар оталардан болаларга мерос бўлиб ўтар экан. Раҳматли Абдулбоқи дадам ҳам дадасига — оподадамга ўхшаб юрган йўлида саховатлар улашиб, савоб ишлар қилиб умр кечирдилар. Одамларга қилган эзгуликларини санаб адоғига етказиб бўлмайди. Илоҳо, яхши амаллари туфайли яратган эгам жойларини жаннатлардан қилсин…

Анварбек билан суҳбатлашган киши ҳечам зерикмас экан.

— Ёшлигимда шўх, эркатойроқ бўлсам-да, рус мактабини олтин медалга, институтни эса қизил дипломга битирганман. Биринчи устозим — дадам. “Илмли одам хор бўлмас”, дер эди. Бу ҳикмат тўғри экан, ўқиб ҳаётда ўрнимизни топдик. Дадамнинг дўстлари, улфатлари, шогирдлари кўп эди. Хушчақчақ, кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ инсон атрофига, худди ширага асаларилар келганидек, одамлар келишаверар экан. Унинг хотираси ҳайрон қоладиган даражада кучли эди. Танишларининг телефон рақамларини, автомашиналарининг давлат рақамларини ёддан биларди.

Дадамнинг асли касби инженер бўлган, политехника институтини битирган. Турли таъминот ташкилотларида, заводларда масъул лавозимларда ишлаган. Аввалига фан номзодлигини ёқлаб, олимлик фаолиятини давом эттириш учун Тошкент политехника институтининг Наманган филиалига ишга ўтган.

Кафедра мудирлигидан ўқув ишлари бўйича проректор даражасигача бўлган лавозимларда илмий фаолият олиб борган. Ҳозирги Дўстлик кўчасидаги институтнинг иккита бир хил биносини қуришга Москвадан рухсат олиб келиб қурдирган. Собиқ шўролар замонида бундай қурилишлар Москванинг розилиги билан қурилар эди.

Дадам чет тилларни, жумладан, рус тилини яхши билардилар. Докторлик диссертациясини Москвада академик Шукин раҳбарлигида ёқлаган эди, ўша қувончли кунда дадам билан бирга эдим.

“Ўғлим, ишингизга меҳрли бўлинг, пировардини ўйлаб қадам ташланг, дўст, улфат танлашда адашманг”, дердилар. Кўрсатган йўл-йўриқларига амал қилиб, кам бўлмадик…

Анварбекнинг таклифи билан дадасининг қадрдон дўсти Камолхон ака Муҳиддинов яшайдиган “Ҳақиқат” маҳалласи Мискин кўчасидаги хонадондамиз. Камолхон ҳожининг эслашича, Абдулбоқи Ғаффоров билан мактабда бошланғич синфда ўқиган чоғларидан дўст бўлишган.

— Абдулбоқи жуда қувноқ йигит бўлган, – деди у. — Қандай юқори вазифаларда ишласа-да, кибри йўқ, кўпчиликка моддий ёрдам бериб завқланадиган, инфоқ-эҳсони кучли инсон эди. Фарзандларини уйлаёлмай зориқиб қолган ўнлаб ҳам­юртларимизга катта ёрдами текканди. Дўстига содиқликда ҳам ибрат бўларди. Ўзига ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик қилаверадиган меҳрибон эди. Шундай ажойиб инсон билан ҳамнафас бўлганим учун Яратганга шукур дейман.

Абдулбоқи ака туғилиб ўсган хонадонда укаси Абдулбори Ғаффоров истиқомат қилади.

— Акам раҳматли бизларга жудаям меҳрибон эди, – деди Абдулбори ака. — Улфати жонон, бир оғиз ширин сўз билан даврадагиларнинг руҳини кўтариб юборарди. Акам кўринишидан жаҳлдорга ўхшаса-да, қалби юмшоқ, силаи раҳмли киши бўлган. Ақлли, дунёқараши кенг, хотираси кучли олим эди. Уни яхши билганлар тирик энциклопедия дейишарди. Ака-укалар жуда аҳил яшадик, бугун фарзанду набираларимиз ҳам бир-бирига оқибат кўрсатишмоқда. Акам раҳматлини жуда яхши кўрардим. Ҳар жума куни “Мавлоно” қабристонига акамнинг зиёратига бораман. Илоҳо, жойлари жаннатда бўлсин.

Дунёни яхшилар меҳри асрайди, дейдилар. Наманганда кўп яхши инсонлар суҳбатидан ҳикматлар топдим. Яхшиликнинг мукофоти яхшилик эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Анварбек Ғаффоровнинг шундай деганлари ёдимда қолди: “Дадам Ўзбекистонни жуда яхши кўрар эди. Наманганлик бўлганидан фахрланиб, юртини дилдан севган одам хор бўлмайди, юртининг қадрига етган одамгина ўз уйининг, ота-онасининг, оиласининг, фарзандларининг қадрига етади, дер эди”.

Ҳа, она юртни яхши кўриш асли фитратдан деб бежиз айтилмаган.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

публицист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =