Маънавий юксалиш полигони

Жонажон Ватанимиз инсоният тамаддуни бешикларидан биридир. Она юртимиз бугун янги даврга қадам қўйиб, жаҳонда Янги Ўзбекистон номи билан қайта бўй кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мард ва олижаноб халқимиз иқтисодий, сиёсий, ижтимоий соҳаларда юксак марраларни кўзлаб, янгидан-янги ютуқларга эришмоқда. Ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, хизмат бурчини шараф билан адо этаётган баҳодир ўғлонларимиз ҳам улуғ аждодлар анъаналарини давом эттирган ҳолда халқимиз орзу-умидларини рўёбга чиқариш, юртимиз равнақи, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз тинчлигини ҳимоя қилиш йўлида собитқадамдир.

Бугун дунёда кечаётган ҳарбий-сиёсий вазият, унинг турли кўринишдаги таҳдидлари фонида содир бўлаётган тенденциялари энг қимматли бойлигимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим эканлигини яна бир бор англатмоқда. Зотан, ён-атрофимизда рўй бераётган вазиятларни чуқур таҳлил қилган ҳолда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчиларнинг миллий ва жанговар руҳини янада ошириш, ахлоқий-руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлаш энг долзарб вазифаларимиздан бири, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Кейинги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу ғоя асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш, том маънода, шон-шараф ишига айланмоқда.

Тарихдан маълумки, ватанпарварлик сўз билан эмас, амалий ҳаракатлар билан кўрсатилган, аниқ мақсад йўлида кучайтирилган, таҳдидларга қарши туришда энг қудратли куч сифатида майдонга чиққан.

Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур жангларда енгилмас саркарда сифатида тарих саҳнасида намоён бўлиши замирида ҳам ҳарбий-ватанпарварлик ва аскарлар руҳиятига қаратилган катта эътибор, руҳий тарбия турган.

Бугунги халқаро вазият, турли таҳдидлар юрт посбонлари олдига янгича талабларни ҳам қўймоқда. Юксак маънавиятли, замон билан ҳамоҳанг фикр юритадиган, кенг дунёқараш соҳиби бўлган ҳарбий қўшинларгина билагидаги кучни, ихтиёридаги жанговар техника ва қуролини бошқаларга қараганда самарали қўллай олади. Чунки ҳозир дунёда энг аввало инсониятнинг онгу тафаккурини эгаллаш учун уруш бораётганини барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шунинг учун ҳам муқаддас Ватанни ҳимоя қилиш шарафли бурч экани, биринчи навбатда, ёшларнинг қалбу шуурига сингдирилмоқда. Боиси глобаллашув ва манфаатлар тўқнашуви яққол намоён бўлаётган айни дамда аждодларимиз қолдирган муқаддас мерос ёш авлодга намуна сифатида Ватаннинг садоқатли ҳимоячиси, халқининг муносиб фарзанди бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади. Мана шундай улкан маънавий бойлик, ўтмишдаги аччиқ сабоқлар, мустақиллик учун мардонавор босиб ўтилган шонли йўл бугун гуллаб-яшнаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ва буюк ўзбек халқи қураётган қудратли мамлакатнинг асосини ташкил этади. Президентимиз доимо ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарурлигини таъкидлаб келиши бежиз эмас.

Бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳамда шу йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан белгилаб берилган муҳим вазифалар асосида Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маданият департаменти ташкил этилди.

Бу муҳим воқеа Мудофаа вазирлигида ҳарбий маданият ва санъат йўналишини такомиллаштириш, қўллаб-қувватлаш, маънавият ва маданият марказлари, ҳарбий оркестрлар, кутубхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали бошқаришда янги амалий қадам бўлди.

Маънавият ва маданият департаменти янги таркибий-штат тузилишида ташкил этилиб, унга Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли, Алоҳида кўргазмали-намунали ҳарбий оркестр, Қуролли Кучлар давлат музейи, “Турон” ҳарбий театри бўйсундирилди.

Шунингдек, жойлардаги 5 та гарнизон Маънавият ва маърифат марказлари, 16 та ҳарбий оркестр ҳамда 56 та ҳарбий қисмнинг Маданият марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳам Департамент зиммасига юклатилди. Ушбу тизим жорий этилиши натижасида олдин тарқоқ бўлган вазирликнинг ҳарбий маданият ва санъат бўлинмалари бир мақсад йўлида бир масканда бирлаштирилди.

Қисқа вақт ичида барча шарт-шароитга эга замонавий департамент биносининг қуриб битказилиши ва фойдаланишга топширилиши эса юртимизда Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ҳамда маданий ишлар йўналишига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти биносининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Мудофаа, Маданият вазирлиги раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.

Дастлаб меҳмонлар департаментнинг янги биносида фаолиятини бошлаган Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли, Алоҳида кўргазмали-намунали ҳарбий оркестр, “Турон” ҳарбий театри, шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг ахборот-медиа бошқармаси, “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти, электрон оммавий ахборот воситалари ва веб-ресурслар билан ишлаш бўлимларига яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларида 280 ўринга мўлжалланган анжуманлар зали, миллий контент ва махсус телелойиҳалар яратиш мақсадида ташкил этилган, 300 кв.метрга эга “Армия студияси” павильони, замонавий овоз ёзиш студияси ва телемонтаж хоналари катта таассурот қолдирди.

Анжуманлар залида нафақат анжуманлар ёки маънавий-маърифий тадбирлар, балки жонли ижродаги концерт дастурлари ва театр томошаларини намойиш этиш, кинозал сифатида фойдаланиш учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган.

Бугунги кунда Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти томонидан ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида давлат ва нодавлат телеканаллари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон армияси”, “Ватанпарвар”, “Армия спорти”, “Мен ҳарбий бўламан” кўрсатувлари, информацион дастурлар учун хабар ва лавҳалар, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган, буюк аждодлар ва миллий қаҳрамонлар ҳақидаги видеороликлар ва видеоклиплар тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, ҳарбий маданият ва санъат бўлинмалари узоқ йиллар давомида ўз биноси ва зарур инфратузилмага эга бўлмаган шароитда фаолият юритиб келди. Табиийки, бу ҳолат уларнинг фаолият самарадорлигига таъсир кўрсатмай қолмади.

Эндиликда дунё тажрибаси ва замонавий инфратузилмалар асосида бунёд этилган ушбу муассаса нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг маънавияти, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш билан бирга маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу муҳташам бинода ватанпарварлик руҳи акс этган янгича форматдаги маданий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар, ижодий кечалар, шоир ва адибларимиз билан давра суҳбатлари, концерт ва юқори савияда саҳналаштирилган спектакллар, кинофильмлар тақдимотлари мунтазам ўтказилади.

Тантанали очилиш маросимига бағишланган йиғилиш Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ҳарбий хизматчиларда юксак ватанпарварлик, юртга фидойилик сифатларини юксалтиришда маданият ва санъатнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий конференция билан давом этди.

Шуҳрат Холмуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор:

– Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш йўлида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш каби эзгу мақсадларни қамраб олгани диққатга сазовордир.

Сир эмас, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлигини ошириш ва миллий ҳамда жанговар анъаналаримиз орқали ҳақиқий Ватан ҳимоячисига айлантиришда маданият ва санъатнинг ўрни беқиёс. Зеро, Қуролли Кучлар мамлакат чегараларини ҳимоя қилса, маданият инсон қалби ва онгини ҳимоя қилади.

Ҳарбий атамашуносликда “Полигон” деган тушунча бор. Яъни, полигонда ҳарбийлар жанговар шайликни ошириш мақсадида мунтазам ўқув-амалий машғулотлар олиб боришади. Мазкур мажмуа эса ҳарбий хизматчилар, жумладан, ёшларимизнинг маънавий-маърифий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини рағбатлантиришга хизмат қилади.  Шу маънода мажмуани Мудофаа вазирлигининг маънавий юксалиш полигони десак муболаға бўлмайди.

 Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси:

– Бу муҳташам кошона мард ва жасур халқимиз тарихи, қаҳрамонлигини ўзида мужассам этган “Ғалаба боғи”, “Қаҳрамонлар номи барҳаёт” ёдгорлик мажмуалари ва “Шон-шараф” давлат музейига туташ ҳудудда барпо этилгани чуқур рамзий маънога эга. Аждодларимиз, ота-боболаримиз жангларда кўрсатган беқиёс жасорат юртдошларимиз, авваламбор, навқирон ёшларимизнинг Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада юксалтиради, санъаткор дўстларимизга юксак ижодий руҳ, янги илҳом бахш этади, деб умид қиламиз.

Айниқса, ушбу кошонанинг Олмазор туманида барпо этилгани муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз бу масканни айнан шу манзилда, Ғалаба боғи мажмуасига туташ ҳудудда барпо қилишни тавсия этганларида чуқур маъно бор. Чунки пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида ҳам шундай маънавият маскани, театр бўлиши ҳаётий зарурият эди. Эндиликда бу мажмуа пойтахтимизнинг Олмазор туманида илм-фан, дунёвий тараққиёт машъаласи ёнадиган, нур таратадиган зиё маскани бўлиб хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, нафақат ҳарбий бўлинмалар, айни вақтда тумандаги маҳаллаларга, мактабларга, умуман, Эски шаҳарга янгича руҳ ва нафас олиб киради.

Олмазор тумани аҳли, авваламбор, ёшларимиз бу ерга келиб, санъаткорларимизнинг истеъдодидан, шоирларимизнинг ҳароратли ижодидан баҳраманд бўладилар.

Ишонамизки, мазкур Маданият ва маънавият маскани аскар ва офицерларимизнинг маънавий етук, ўткир ақл ва хуш ахлоқ соҳиблари, дунё майдонларида ҳамиша ғолиб бўлишларига муносиб пойдевор яратади.

 Отабек Ҳасанов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:

– Бугун дунёда турли қарама-қаршиликлар, зиддиятлар тобора ортиб бораётган бир пайтда инсон қалби, ёш авлод онги учун курашлар ҳам сезиларли даражада кучайди, ахборот хуружлари авж олди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”.

Шу боис бу даргоҳда яратилган медиа имкониятлардан ёшларнинг мафкуравий таҳдидлар ва ахборот хуружларига қарши иммунитетини шакллантириш, медиа маконда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги миллий контентларни кўпайтиришда самарали фойдаланиш жуда муҳим деб ўйлайман.

Айниқса, ёшларда буюк аждодларимиз шахсини ўрганишга, маънавий меросини тадқиқ этишга қизиқишни уйғотиш, ёшларга уларнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда чуқур ўргатиш ва бу борадаги тарғиботнинг таъсирчан усул ва воситалардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Шу мақсадда яқинда Мудофаа вазирлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан “Ёшларда ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган маънавий-маърифий тадбирлар Дастури” ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Дастурда  белгиланган вазифаларни амалга оширишда, шубҳасиз, ушбу мажмуа маънавий полигон вазифасини ўтайди.

 Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири:

– Янги Ўзбекистон Қуролли Кучлари қиёфасини шакллантиришда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу анъанани давом эттириш, айниқса, ижодкорлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш, ёш авлодни ҳарбий хизмат ва шарафли бурчга содиқлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида она юртга муҳаббат, мардлик ва жасорат туйғуларини юксалтириш, бу борада самарали тарғибот ишларини олиб боришда маданият ва санъат аҳли, ёзувчи ва шоирлар, драматург ва режиссёрларимизнинг ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим.

Мудофаа ва Маданият вазирликлари ҳамкорликда ҳарбий хизматчилар ва ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, жамиятда миллий армиямизга нисбатан фахр-ифтихор туйғуларини юксалтириш мақсадида қатор маданий-маърифий тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Мана икки йилдирки, аҳоли ва ёшларни ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган “Ватан манзумаси” адабий-маърифий кечалари пойтахтимиз ва республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб келинмоқда. Бу йилги тадбирларда 20 мингга яқин аҳоли ва ёшлар, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Ватанпарварлик руҳидаги энг яхши видеоролик”, “Ватанпарварлик руҳидаги энг яхши қўшиқ” ҳамда “Ватанни мадҳ этувчи энг яхши шеър” танловини ўтказиш юзасидан қўшма лойиҳани амалга оширишга киришдик.

Айни кунларда “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқлари кўрик-танлови ўтказилмоқда. Мазкур танлов орқали ёш авлодда миллий армиямизга нисбатан фахр-ифтихор туйғуларини юксалтиришга қаратилган янги қўшиқлар яратиш ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида ижод қилиб келаётган ижодкорларни рағбатлантириш мақсад қилинган.

Айниқса, ҳарбий ижодкорларнинг давлат тадбирлари, турли маданий ва кўнгилочар томошалардаги фаол иштироки ёшларда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, Қуролли Кучлардан фахрланиш туйғусининг жўш уриши ва унинг сафларида хизмат қилиш истаги кучайиб боришига туртки бўлаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Янги иншоотда яратилган замонавий имкониятлар эса бу эзгу ва хайрли ишнинг янада кенг қулоч ёйишида дастурул амал бўлишига ишонаман.

Шуҳрат  Ризаев, Кинематография агентлиги директори:

– Демократик жамиятда ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашилади.

Шу маънода, миллий ғояни тарғиб қилиш, мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларга ватанпарварлик туйғусини янада чуқур сингдириш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиққанмиз. Улардан бири “Миллий қаҳрамон” образларини яратишдир.

Бу образ тарихий шахсларимиз тимсоли асосида яратилади. Унда замонавийлик ва миллийлик уйғунлаштирилган ҳолда, ўзига хос дизайндаги либос ҳамда персонажнинг ташқи кўринишида жисмоний ва ғайритабиий имкониятлар акс эттирилади.

Миллий қаҳрамонлар учун махсус сценарийлар ёзилиб, кинофильмлар, мультфильм ва сериаллар тайёрланади ва унинг доимий тарғиботи ташкил этилади.

Зеро, дунёда ватан тинчлиги, ватан тараққиётини ҳарбий хизматчи ва ижодкордан кўра чуқурроқ ҳис қиладиган бошқа касб ва соҳа вакиллари камдан кам топилади. Чунки ҳаммамиз – ижод аҳли ҳам, ҳарбий хизматчилар ҳам ҳаётимизни шу юрт тинчлиги, мустақиллиги ва фаровонлиги, фарзандлар келажагига бағишлаганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.

Бу масканнинг ташкил этилгани бизга қанчадан-қанча имкониятлар очиб беради. Янги-янги истеъдодлар кашф этилади. Адашган, иккиланиб юрган ёшларни тўғри йўлга бошлайди бу маскан. Мен бунга ишонаман.

Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти:

– Ушбу мажмуада фаолият юритаётган республикамизда ягона бўлган “Турон” ҳарбий театри фаолиятига тўхталмоқчиман. Ижодий жамоадаги актёрлар маҳорати ва улар томонидан саҳнага олиб чиқилаётган мавзулар кўлами кенглиги ва ёш авлодни ватанпарварлик ғояси билан тарбиялашга хизмат қилишини алоҳида эътироф этмоқчиман. Бу театр ўз саҳна асарларини республикамизнинг олис ҳудудларида жойлашган ҳарбий қисмларида, ўша ердаги аҳолига ҳам намойиш этиб келмоқда. Бугун театр учун яратилган замонавий имкониятларни кўриб, очиғи, жуда хурсанд бўлдим ва Ўзбекистон Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган “Адолат фасли” спектакли томошасини ушбу саҳнада ҳам намойиш этишни ният қилдик.

Яна шуни айтишим жоизки, бугун театрларимизда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида 20 дан зиёд саҳна асарлари саҳналаштирилиб, доимий намойиш этилмоқда. Хусусан, “Адолат фасли”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Офицерлар”, “Садоқат”, “Бурч”, “Мангу жасорат”, “Баҳодир”, “Чегарачи” каби спектакллар томошабинларнинг севимли асарларига айланган.

Тадбирнинг бадиий қисмида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг Ватанни ва ҳарбий хизматни шарафловчи куй-қўшиқлари, Марказий ҳарбий оркестрнинг жанговар маршлари, “Турон” ҳарбий театри ва ҳарбий хизматчилар томонидан театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Айниқса, “Турон” ҳарбий театри жамоаси томонидан юқори савияда тайёрланиб, саҳнага олиб чиқилган “Ўзбек келаётир” шеърий композицияси даврага ўзгача руҳ бахш этди. Ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган “Жадидлар – миллатимиз фидойилари” саҳна чиқишлари ҳам барчага манзур бўлди.

Тадбир сўнгида тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг, чегараларимиз дахлсизлигининг мустаҳкам қалқони бўлган, она Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёр турган мард ва фидойи ҳарбийларимиз, қадамидан ўт чақнайдиган баҳодир ўғлонларимизга омонлик тиланди.

Олимжон Ўсаров,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича

маслаҳатчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 19 =