“Сен севгимнинг кўкарган боғи”

Лауреат Государственной премии СССР, узбекская поэтесса Зульфия (Зульфия Исраилова).

Муҳтарама Зулфияхонимга бағишладим

…Ҳар куни тун ярмида уйғониб кетаман:  соат миллари одатдагидек бир хил вақтни кўрсатади. Ҳайратга  тушаман. Деразадан тун мўралайди. Юлдузларсиз само оқишга мойил қора булутлар оғушида заминдан кўз узмайди. Ногоҳ қулоғимга  қишнинг узун тунларида  ҳали ёриб чиқмаган куртакларнинг шивирлашлари, тоғ чўққисида эриб жилға бўлмаган қорларнинг сукунати, кўпчиган далаларда шамолдай югураётган қулунларнинг ҳансирашлари чалингандай бўлади. Кўзлари парпираб турган бойчечакнинг ернинг сўнгги қобиғини ёриб чиқаётгандаги қувончлари, бўтана сувларнинг у қирғоқдан бу қирғоққа бош уриб, хўрсиниб оқишлари…

Ва сўнгра сездирмай келинчаклардай нозланиб келаётган баҳорнинг нафис эпкинлари борлиғимни қуршаб олади-ю, тун кўксидаги гўзал бир товуш қалбимни қамрайди:

…Баҳор ҳали кўкда,

          Бениш куртакда,

          Ғунчада, бинафша баргида бўртар.

          Очинг деразани, унинг ортида

          Кўпчиган кўкрак-ла,

          Нурга қорилиб

          Лутфан ғу-ғулайди бир жуфт кабутар…

… Тун яна ўз хотира дафтарини варақлай бошлайди… Тошкентнинг ҳунарманд – Дегрез маҳалласидаги райҳону жамбиллар бўйи уфуриб ётган хонадонда тўлин ой шуъласида сочлари қўнғироқ-қўнғироқ қизалоқни бағрига босиб, қолган болаларининг устини меҳр билан ёпиб уларга қўшиқ, эртак, афсона-ю, ривоятлар айтаётган она – Хадичахон моҳир ҳайкалтарошнинг санъат асарига ўхшайди.

Онанинг бағридаги кўзлари юлдуздай порлаб ётган қизалоқнинг жингалак сочларини шамол ўйнайди. Қизчанинг узун қуюқ киприклари қоп-қора туташ қошлари худди она қўйнида эркаланаётган ойни эслатади. У ҳадеганда кўзини юммайди, онасининг нурли чехрасига маҳлиё бўлиб термулади”. “Энди кўзларингни юмақол Зулфия қизалоғим, ухлайқол,  жону жаҳоним”. Онанинг сеҳрли товуши ойнинг шуълаларида эриб кетаётгандай қизалоққа таъсир қилади. У бир хўрсинади-ю, гўзал киприкларини юмиб ухлаб қолади.

…Тун эса бахтиёр. Чунки унинг ер узра ёйилган нафис тўр пардалари ҳошияларида “Сенинг кўксингда шоира ором олаяпти,” деган тилларанг, зарҳал ёзувлар ялтирайди.

Зулфия Исроилова ўн олти ёшда чиқарган биринчи китобини “Ҳаёт варақлари” деб номлаган эди. Ажабо, 16 ёшли балоғат остонасида турган қизалоқ ҳаётнинг сирли варақларини кўздан кечиришга улгурганмиди? Йўқ, албатта. Бу ҳақда шоиранинг ўзи кейинчалик, “Мен биринчи китобимни шоша-пиша “Ҳаёт варақлари” деб номлабман-а, ахир ғўргина, соддагина бир қизалоқда қандай қилиб ҳаётий тажриба бўлиши мумкин эди”, деб хотирлаган эди. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олаётган пайтимда устозимиз курс иши сифатида менга “Зулфия лирикаси”ни ёритишни айтдилар. Мен ҳаяжонда эдим. Чунки Зулфияхонимнинг табаррук номи  4-синф ўқувчиси бўлган пайтимдан бошлаб  қалбим Зулфиясига айланган эди. Курс ишини битириб, устоз назаридан ўтказиб, курсдошларимга гапириб берар эканман, ҳозир ўйласам у ёзганларим Зулфия деган уммон олдида ҳатто бир қатра ҳам эмас экан. Тунлари уйқум қочиб кетганида, кўз олдимда Зулфияхонимнинг гўзал, латиф чеҳраси, ақлли кўзлари зоҳир бўлаётган пайтларда ўзимга шундай савол берар эдим: “Мен нима учун бу аёлга чексиз меҳр ва эҳтиром билан қарайман? Нега унинг ҳижрон тўлқинлари кўкка сапчиб, сабр қирғоғига урилаётган шеърларини ўқиганимда кўзларимдан тўхтовсиз ёш оқади? Нега шеърлари бир ўқишда  жисму жаҳонимга сингиб кетаверади? Бу қандай тилсим?”

Йиллар мени улғайтирди,  Зулфияхонимдай улкан қалбли шоира, буюк давлат ва жамоат арбоби, ўзбек оналари – аёлларининг миллий рамзига айланган бу аёл қалбига беҳад яқинлаштирди. Бир инсонни шунча севиш мумкинми? Бир инсонни  умр бўйи шундай ардоқлаш мумкинми? Бир инсоннинг хижронида гуллардан-да гўзал бўлган дунёсини ҳазон лашкарларига оёқ ости қилдирмай, вафо тоғларига туғ тикиб, жони ва қонидан силққан мисраларни унинг руҳига шунчалик поёндоз қилиш мумкинми? Ҳа, мумкин экан! Нурдек пок иймонга доғ туширмаган,  тунлари ярми бўш ёстиқларга дардини пинҳон сўзлаган сабрли, тоқатли ўзбек аёлигина бунинг уддасидан чиқади. Шу муҳтарама аёл бизнинг беқиёс гўзал қалбли шоирамиз Зулфияхонимдир.  У ўз жуфтининг денгиздай қудратли муҳаббатига сазовор бўлган аёл эди.

Хаёлимда бўлдинг узун кун,

Сени излаб қирғоққа бордим.

Оч тўлқинлар пишқирган тунда

Топиб бер, деб ойга ёлвордим.

Ишон,  бунда сени доимо,

Эсга солар чиройли тунлар.

Шўх тўлқинлар, салқин саҳарлар,

Эсга солур бахтиёр кунлар.

Толейимнинг ошиноси сен,

Сен севгимнинг кўкарган боғи.

Сенинг билан бутун умидим,

Ишончимнинг сен вафо тоғи.

Мени қуршар салқин бир ҳаво,

Сув устига нур қуйилади.

Яна қанча-қанча гапларни,

Ёдга солиб ой ҳам тўлади.

Кеча жимжит, ёлғиз тўлқинлар,

Пишқиради билмай тинимни,

Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,

Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

… Бу менинг ўзбек эстрадаси қироли  Ботир Зокиров ижросидаги энг севимли қўшиғим. Ёлғиз қолганимда ўзимча хиргойи қиламан, таскин топаман. Зулфия опамларнинг меҳрли, ақлли нигоҳларини ҳис қиламан.

Зулфияхоним нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда нафис, теран, шиддаткор шеърияти билан ўзбек шоираси сифатида ном қозонган эди. Айниқса, Зулфияхонимнинг Ҳиндистонга ижодий сафари – дунё ижодкорларининг улуғ анжуманида дунёга келган шеърий асари поэтик тафаккурнинг гултожи каби ҳаммани ҳайратга солган эди.

Шеър ўқийди непал, вьетнам, хитой,

Рус, тожик ўқийди шеърини сарбаст.

Қора алангадай соқолли синглар,

Қордан оқ либосли бенгаллар, ҳиндлар,

Завқидан тебраниб нақ тўлқинли сой…

… Сен эрмак эмассан, сен – нон, сен – ором,

Орзу  покиза.

Сен – Ҳаёт! Ҳаётни куйла сен мудом,

Эй Мушоира!

“Мушоира” тасвирий санъатларнинг бойлиги билан кишини ҳайратда қолдиради, — деб ёзган эди рус шоираси Вера Инбер, — унда хотин-қизларга хос кузатувчанлик эпик кенглик билан уйғунлашиб кетади. Фикрларнинг теранлиги туйғуларнинг тўлқинлилиги билан ҳамоҳанг. Унда ҳамиша халқларнинг тинчлиги ва бахт-саодати учун янграган поэзиянинг садосини эшитиб турасан киши. “Мушоира”ни дадиллик билан адабиётнинг дурдонаси деб атай оламиз”.

Зулфияхонимни ҳижроннинг азобли босимлари, ёлғизликнинг бешафқат қўллари синдиролмади. Унинг мушоира шеъри гўё қитъалар ва унда яшовчи халқларнинг юрак зарби каби жаранглади. Бу сатрлар қудратли қалб тебранишлари сифатида Югославия, Хитой, Япония, Шри-Ланка, Миср сафарлари билан боғланиб, Тошкент руҳини халқаро жаҳон адабий ҳаракати билан омуҳта қилди. У жамоат арбоби сифатида юксала борди. Қаерга бормасин тинчлик, бирдамлик, байналмилал руҳдаги гўзал шеъриятнинг туғини кўтарди. Покиза табиатида муаззам шарқ намоён бўлган бу соҳирий овоз жаҳон адабий жамоатчилиги томонидан дастлаб Жавоҳарлаъл Неру номидаги ва “Нилуфар” адабий мукофотларига муносиб кўрилди. Болгария халқ республикаси томонидан шоира “Кирилл ва Мефодий” ордени билан тақдирланди.

“Она қалби оёққа турса,

Ўғлим сира бўлмайди уруш”, деб қалқиб турган дунё мувозанатини сақлаб турган оналар овози бўлиб жаранглади.

Шоира гўзал таржималари билан ҳам барча ижодкорларга ўрнакдир. А.Пушкин, М.Лермонтов, Н.Некрасов, Воқиф, Леся Украинка, Марварид Дилбозий, Амрита Притам, Десанка Максимович, Габриела Мистрал, Елизавета Багряна, Мустай Карим каби турли шоирлар асарларини ўзбекчага ўгирган. Айниқса, А.Пушкин шеърлари, Н.Некрасовнинг “Рус аёллари” достони, Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда” фожиаси таржималари алоҳида ажралиб туради.

Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров шундай ёзган эди: “Хотирам синиқлари” нолакор достон туғилмас эди, агарда қалб енгилган бўлса, нимталанган бўлса, қорайган бўлса… бу етук донишмандлик билан ёзилган ва ҳар бир сатридан буюк фарёд ва буюк армон саслари отилиб турган достон ўша зўравонлик даврларида шоирлар ўз қалбларининг тоза қаърларига чўкиб яшаганликларини кўрсатади. У зўравон мафкура тазйиқ қилиб ўтказган ҳурриятлар ҳуррият эмаслиги, ватанлар ватан эмаслиги, инсонпарварликлар – инсонпарварлик эмаслиги, дўстликлар дўстлик эмаслиги – буларнинг бари остида фақат империячилик ғаразлари ётганлиги, энг қабиҳ ишлар байналмилалчилик ниқоби остида қилинганлигини у пайтда ақли расо одамларгина тушунар, англар, лекин бу даҳшатли машинага қарши туришга ўзларида куч тополмасдилар. Ўз юракларининг тоза қаърига чўкишдан ўзга чора тополмасдилар. Армон… армон… чексиз армонлар шоирларимизни ўртар эди.”

Зулфия ва Ҳамид Олимжон Аллоҳ амри ила бир-бири учун яратилган улкан ижодкорлар эди. Жиззах кенгликларида Комила аянинг сеҳрли аллаларини эшитиб, олтин бешикда гувранган гўдак — Ҳамид вақтлар келиб Тошкент шаҳрининг Дегрез маҳалласида вояга етган пари пайкар билан ҳаёти боғланишини гўдак тасаввурига ҳам сиғдирмаган эди. Ҳар иккала дарё ҳам йиллар ўтаверди-ю, тошқиниб-тошқиниб бир жойда учрашди. Муҳаббатнинг сеҳрли кучи олдида шоҳу гадо ҳам бош эгган.  17 ёшда нашр этилган Биринчи китоби билан оғизга тушган, Аллоҳнинг мусаввирлик билан чизган гўзал қиёфасига кўзи тушган Ҳамид Олимжоннинг қалбида оташин севги мавж урган эди. Унинг дилбар шеъриятга тўла ҳассос юраги оҳу кўзли, қоп-қора сочларининг жингалак-жингалак ҳалқалари ўзига ярашган, камондек қошлари бир-бирига туташиб, учаётган қалдирғочларни эслатувчи бу қизни кўрганида беихтиёр хаёлидан “Ишим бордур ўша оҳуда” сатрлар ўтган эди. Сўнгра унинг муҳаббати ҳаммани ҳайратга солган қийғос гуллаб ётган ифорли боғ каби тарихда қолди:

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўзим кўрди баҳорни,

Шунда қалбим таниди ёрни…

Қучоқ-қучоқ гуллар терганим,

Ва келтириб сенга берганим.

Кечагидай ҳамон эсимда,

Ҳар сония, ҳар он эсимда.

Қушлар куйлар жонимга пайваст,

Мен севгининг куйи билан маст.

Куни билан далада қолдим,

Лолазорлар ичра йўқолдим…

Қаранг, дунёнинг эврилишини… Ҳамид Олимжон дилидан тилга кўчган бу бебаҳо сатрлар бугун ҳам ёшларимизнинг тилидан тушмайди. Муҳаббат мадҳиясидай янграйди. Ёки Ҳамид Олимжон:

Севги десам – фақат сен десам,

Сенинг билан яшнаса қалбим.

Сен десаму бутун дунёнинг,

Шўришига қулоқ солсам жим.

Қуюн каби айланар бошим,

Қарайман-у, кўзим тинади.

Қарашингдан кўнгил кўзгуси,

Парча-парча бўлиб синади.

Шоира Зулфия беҳад бахтли эди. Оҳ, бу бахтнинг ширинлиги, бу бахтнинг теранлиги ва бу бахт ногоҳ тақдир зарбаси билан абадий ҳижронга айланганлиги… то шу дамга қадар бундай севгининг ҳижрон деган аччиқ майи халқимиз қалбини титратиб келади. “Саксон йил ловуллаб ўчмаган ўтман,” – деб ёзди Зулфияхоним. Тасаввур қилинг, тип-тиниқ самода бир-бирларига ипак қанотларини тегизиб, ҳавода муаллақ ўйинлар кўрсатиб, шодон ғужурлаб учиб кетаётган бир жуфт оқ кабутарни кўз олдингизга келтиринг. Ипак қанотларнинг сирли шовуллашидан само сармаст. Қуёшнинг ипак нурлари бош-кўзларини силаб, ҳовуч-ҳовуч нурларини уларга нисор айлаётган пайтда иккинчи жуфтнинг ўлим камонига дуч келиб, ногоҳ қонга бўялиб ерга қулаши… Энди самони мотам қўшиқлари, гиря тутади. Ёлғиз учаётган қуш чарх уриб жуфтини излайди. Саксон йилда ҳам у кулга айланмайди. Бу Зулфияхоним… Ҳамид Олимжондек беқиёс истеъдод соҳиби бўлган, уни еру кўкка ишонмаган, Ҳулкар билан Омоннинг бошларини силаб, уларнинг гулдек дийдорига қараб тўймаган шоирнинг Зулфияхонимга қолдирган фироқ мактублари эди.

Нега Зулфияхоним ижоди дунёни ҳайратга солди? Нега у ўзбек аёлларининг мағрур, енгиб бўлмас, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтувчи тимсоли – вафо, садоқат, ҳаё, она Ватан рамзига айланди. Ахир у оддийгина аёл бўлиб, кўзёшлар денгизига ғарқ бўлиб яшаши мумкин  эди-ку! Йўқ, Зулфияхоним қайғу ва изтиробларни тун зулматига улоқтирди. Кўзёшлари тунда болишларни ҳўл қилган бўлса-да, кундуз – қуёш билан баробар ҳаёт манзилларига йўлга чиққанида унинг кўзёшларини ҳеч ким кўрмади. Одатда, тоққа қанча яқинлашсангиз у шунча узоқлашиб бораверади. Унинг сирлилиги, салобати, виқори, йўқликка юз тутмайдиган қудрати ҳам ана шунда-да!

— Агар Зулфия Арманистонда туғилганида, — деб ёзганди буюк шоир Расул Ҳамзатов. — Сильва, Ленинградда туғилганида Берггольц, Болгарияда Багряна, Югославияда туғилганида ҳам Десанка Максимовичдек машҳур шоира бўла олар эди…

Шоиралик шоирликка нисбатан кам учрайдиган ҳодиса. Ана шундай ярқироқ юлдузлар қаторидан ўзбек шоираси Зулфия муносиб ўрин эгаллайди… Асрлар ўтаяпти. Зулфияхоним деган дарёнинг Зулфия деган қизлари келажак кўксига оқиб боряпти.

“Ўзбек шоираси Зулфиянинг қутлуғ қадами туфайли, — деб хотирлаган эди машҳур қирғиз ёзувчиси  Чингиз Айтматов, — Шарқ адабиётига санъаткор аёл кириб келди, ёш ва иқтидорли шоиралар бутун бир плеядасининг овози баралла янграй бошлади.

Менимча, Зулфия шоира сифатида ўзбек адабиётининг энг ёрқин намояндаларидан биридир.

Зулфияхоним номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганида мен ҳам Аллоҳ амри ила шундай қувончли кунларни шоҳиди бўлган эдим. Бир аёл ҳаёти, бир она ҳаёти, бир шоира ҳаёти, қақнусдай ўтларда куймаган афсонавий қуш ҳаёти она Ватан учун ҳам азиз ва мукаррамдир. Чунки буюк Зулфияхоним она Ватанининг заррасини ҳам қуёш қадар севди ва халқимиз қалбида абадий муҳтарама, улуғ, садоқат ва вафо куйчиси гўзал Зулфияхоним бўлиб қолдилар:

Ҳаёт китобимни беҳос варақлаб,

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.

Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.

Суйиш керак бўлса, телбача суйдим.

Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,

Юрак бойлигидан қилмабман парво.

Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,

Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:

Суйдим,

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима – билдим.

Шу-да бир яшаш!

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 2 =