Инсон қадри ҳамма нарсадан улуғ

– дейди Президент халқ қабулхонаси Наманган шаҳар бўлими раҳбари Ҳасанбой ҚОСИМОВ
Халқ қабулхоналарини адолат даргоҳи деб билиб мурожаат қилувчилар сони бугун ҳам кам эмас. Ҳар бир фуқаро мурожаати замирида кимнингдир, кимларнингдир тақдири, улар дучор бўлаётган ҳақиқатсизлик борлигини ўйласак, бу ташвишли ҳолатдир. Аммо масаланинг ижобий томони ҳам бор. Фуқаролар адолат қидириб, моддий ва маънавий муҳтожликларини бартараф этиш истагида халқ қабулхоналаридан нажот излаб келиши ва бу даргоҳда тажрибали ва билимли мутахассислар томонидан арзларига қониқарли ечим топаётгани эътиборга молик иш.
Президент халқ қабулхонасининг Наманган шаҳар бўлими Наманган шаҳар Давлат хизматлари биносининг иккинчи қаватида жойлашган. Бу идорага расмиятчилик бегона. Ҳатто раҳбарнинг котиби ҳам йўқ. Ҳасанбой Қосимов ҳузурига бемалол кираверасиз.
Халқ қабулхонаси Наманган шаҳри бўлими раҳбари Ҳасанбой Қосимов ҳузурига келган фуқарони обдан тинглайди. Ваколати доирасидаги масалаларни тезкорлик билан ўзи ҳал қилади. Қолганларини эса назоратига олиб, юқори идораларга ҳавола этади. Яна телефон орқали уларнинг эътиборини шу масалани ҳал этишга қаратади. Зеро, арз қилувчи фуқаро сарсон бўлмасин, масаласига ечим топсин.
— Узоқ йиллик тажрибамдан шуни англадимки, аризачини сабр-тоқат билан холис туриб тинглашнинг аҳамияти катта, — деди Ҳасанбой Қосимов. — Адолатсизликка учраган фуқаро идорама-идора ҳақиқат излаб ҳар эшикка бошини ураверганидан, асаблари таранг бир ҳолатга келиб қолади. Шундай пайтда биз мурожаатчи фуқароларни обдан тинглаб, масаланинг илдизини, муаммонинг сабабларини аниқлаб олишимиз муҳим. Наманган шаҳрида 384 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2025 йилнинг 3 ойида халқ қабулхонамизга 2 минг 145 та мурожаат келиб тушди. Бу рақам ўтган йилнинг шу давридаги миқдордан 35 тага кўп. Шунга қарамай, мурожаатларнинг 835 таси ижобий ҳал этилгани аҳамиятлидир.
— Ўтган уч ойда Наманган шаҳридан пойтахтга Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонасига мурожаат билан борганлар сони ҳам кескин камайибди, бунга қандай омиллар сабаб бўлди, — деб сўрадим суҳбатдошимдан.
Мудирнинг айтишича, мамлакатимизда маҳалла институтининг жамиятдаги роли ортиб бораётганлиги, “хонадонбай” иш ташкил этилганлиги, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилаётгани муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш баробарида, айниқса, моддий муҳтож оилаларнинг ёрдам сўраб қиладиган мурожаатларини ижобий ҳал этишга имкон бермоқда.
Мурожаатлар юзасидан ўн бешта маҳалла фуқаролар йиғинларида ўрганиш олиб борилди. Ўрганиш жараёнида 23 та муаммодан 14 таси жойида ижобий ҳал этилди.
Масалан, йил бошида Наманган шаҳар Зафар кўчасида яшовчи Умар Собиров қарамоғида икки нафар фарзанди борлиги, рўзғор тебратиш учун ишга жойлашиш кераклиги учун ёрдам сўраб қабулхонага келди. Саховатли тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилгани ҳам қўл келмоқда. “Сардоба” маҳалласидаги тадбиркорлардан бири уни ишга олди.
Шу йилнинг 24 февраль куни ҳамшаҳримиз Отабек Бойхонов суғурта компаниясидан 14 миллион сўм маблағини қайтариб ололмаётганидан ранжиб мурожаат қилган. Халқ қабулхонаси аралашуви билан ўша куннинг ўзида маблағ тўлиқ қайтариб берилди.
Шаҳарнинг Кўзагарлик кўчасида яшовчи Саломат Бойхонова эса бир йилдан буён гуруҳ бўйича ногиронликка чиқа олмаётгани сабаб қилган шикояти ҳам қаноатлантирилди.
Иккинчи гуруҳ ногирони Зокир Охунов ва турмуш ўртоғи жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлса-да, маблағи йўқлигидан зориқиб мурожаат қилган. Уларга республика Онкология марказига ордер олиб беришга ёрдам кўрсатилди.
Яқинда Наманган шаҳрида қувончли воқеалардан яна бири содир бўлди. Ёлғиз она Дилшода Одилова қарамоғидаги икки фарзандининг бири иккинчи гуруҳ ногирони эканлиги, унинг уй-жойи йўқлигидан нолиб мурожаат қилди. У саховатли кишилар кўмагида «Элобод Сити» мавзесидан уй-жой билан таъминланди.
Айрим ташкилотларда фуқаролар мурожаатларига қонун талабларига кўра белгиланган тартибда иш олиб борилмаётгани аниқланмоқда. Хусусан, Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ш.Турғуновага Халқ қабулхонаси томонидан қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабабларини ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган эди. Бўлим бошлиғи Ш. Турғунова тақдимномани жамоада атрофлича муҳокама қилмай, хўжакўрсинга маълумот учун расмий жавоб ёзади. Халқ қабулхонаси ходимларининг қўшимча кўрсатмаси билан тақдимнома қонунда кўрсатилган тартибда қатъий муҳокама қилинди. Айбдорлар интизомий жазога тортилди.
Албатта, бундай мисолларни санайверсак, мисоллар, рақамлар саҳифаларга сиғмаслиги мумкин. Муҳими, Халқ қабулхоналари одамлар ўзларининг мурожаатларига ечим топаётган даргоҳга айланганидир.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.