Журналист бисотидаги жавоҳир

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги олдидан Самарқанд журналистикаси отахонларидан бири Облоқул Усмонқулов бундан 61 йил аввал олинган суратларни бизга тақдим этди.

Суратлар орасида 1964 йилда олинган, тарихий шахс ва миллий қаҳрамонларимиздан бири — Шоаҳмад Шомаҳмудов сиймоси ўрин олган тарихий фотосурат диққатимизни тортди.
— Бу сурат Ғалабанинг 20 йиллиги арафасида Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон” меҳмонхонасида туширилган, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов. — Байрам муносабати билан Самарқанд шаҳри ва вилоят бўйлаб уруш даврида 16 нафар етим боланинг бошини силаб, ҳар бирини оқ ювиб, оқ тараган, болажон ва меҳрибон халқимизнинг тимсолига айланган Шоаҳмад Шомаҳмудов билан ўтказилган учрашув унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган эди.

“Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси таҳририятидаги учрашув, айниқса, эсда қоларли бўлган.
Сиз суратда кўриб турган таҳририят ходимлари (юқорида чапдан) Аҳмаджон Мухторов, Маликжон Наврўзов, Суръат Орипов, Зайни Баҳриев, Облоқул Усмонқулов, Ҳожиқурбон Ҳамидов, Исроил Мирзаев, Нормурод Нарзуллаев, Қаюм Қодиров, Манноп Нажмиддинов, (пастда чапдан) Василий Пушкарев, Шоаҳмад Шомуҳаммедов иштирокидаги бу учрашувда Шоаҳмад ака ўтмиши, фарзандларининг камолга етиб, ўз ўрнини топаётганини мароқ билан сўзлаб берган эди.

Шоаҳмад Шомаҳмудов ва у кишининг ёстиқдоши Баҳри опа Акрамованинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги қаҳрамонлиги тилларда достон бўлди. Ўша учрашувда бу икки жаннати инсоннинг хайрли ишини давом эттирган каттақўрғонлик Ҳамид Самадов ҳам қатнашган эди.
Шундан буён орадан қанча вақт ўтмасин, Шоаҳмад Шомаҳмудов, Ҳамид Самадовларнинг қаҳрамонликлари бугун ҳам одамлар ёдида. Уларнинг ватанпарварлик фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар, кинофильмлар яратилди. Раҳмат Файзийнинг “Ҳазрати инсон” романи ҳамда “Сен етим эмассан” фильми бу ҳақдаги тасаввур ва тушунчаларимизни кенгайтиради.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ,
“Самарқанд” газетаси мухбири.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Алиев
олган суратлар.