Зулмат қаъридаги юлдузлар

1938 йил. Қама-қама авжига чиққан пайтлар. Ҳамма жойда ваҳима, қўрқув, шивир-шивир. Республикамиз вилоятларидаги аҳвол билан танишиш жараёнида бировнинг отаси, бировнинг эри ёки ўғли, яна бировнинг ака ёки укаси НКВДчилар томонидан ҳеч бир асоссиз ҳибсга олинаётганлигини, улар орасида вилоят, шаҳар, туман партия комитетлари котибларининг олтмиш фоизи борлигини эшитиб, жиғибийрон бўлиб қайтган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Усмон Юсупов ўта нохуш кайфиятда Ички ишлар халқ комиссари Апресян ва унинг давлат хавфсизлиги бўйича ўринбосари Леоновни ҳисобот билан келишини тайинлади.

Мамлакатда Сталин ташаббуси билан “Халқ душмани, аксилинқилобчи, троцкийчи, миллатчи ва совет ҳукуматига қарши”ларни тугатиш мақсадида тузилган “Учлик” комиссияси кўплаб бегуноҳ одамлар бошига кулфат солиб, халқнинг жиддий норозилигига сабаб бўлаётган давр эди. Ўзбекистонда бу комиссияга Усмон Юсупов раис этиб тайинланган, Апресян билан Леонов аъзо ҳисобланарди. Улар Юсуповни четлаб, ўзларининг ғайриқонуний ва фожиавий ишларини СССР Ички ишлар халқ комиссари Ежов топшириғига биноан шиддат билан амалга ошириб келаётган эдилар. Республикадаги вазият тобора оғирлашиб бораётганлиги сабр косасини тўлдирган Усмон Юсупов НКВДчилар Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қирғин ўтказаётганлигини шошилинч Сталинга етказмасам бўлмайди, деган қарорга келди. Аммо худди шундай йўл тутган Файзулла Хўжаев билан Акмал Икромовнинг тақдири кўз олдига келиб, кабинетининг у бошидан бу бошига безовта юрганча чуқур ўйга толди…

Файзулла Хўжаев тобора аланга олаётган қатағонга бефарқ бўлмади. 1929 йилда Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпон ҳаёти хавф остида қолганда, уларни 1937 йилга қадар асраб келди. Ўша йилнинг 10 июнида Ўзбекистон Компартияси VII cъезди чақирилиб, унинг охирги куни кутилмаган воқеа юз берди. Файзулла Хўжаев миллатчи ва бузғунчиликда айбланди. Ҳатто вафот этган укаси Ибод Хўжаевни Тошкент вилояти партия қўмитаси котиби Болтабоев “у аксилинқилобчи бўлган”, деди. Бундан “Сен ўзинг ҳам шунақасан” деган маъно англашилишини пайқаш қийин эмас эди. Хуллас, Файзулла Хўжаев Ўзбекистон Халқ комиссарлар Советининг раиси ва бошқа масъул лавозимлардан ҳам бўшатилди. “Ўзимдан чиққан балога қайга борай давога?” деганлари шу-да! Эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб, адолат тантанаси учун ҳаракат қилинганида, республикани ҳар томонлама юксалтиришга астойдил бел боғлаган миллатпарвар, ташаббускору тадбиркор, фидойи инсон Файзулла Хўжаев қатағон қопқонига тушармиди? Йўқ, албатта! У Сталин билан қадрдон эди. Унга бор гапни айтиш учун ҳузурига борганида, ёрдамчисидан: “Ўртоқ Сталин ҳозир жуда банд, бўшаши билан ўзи сизга қўнғироқ қилар экан”, деган гапни эшитиши билан ҳафсаласи пир бўлиб, “Демак, ишдан олинишимда унинг ҳам қўли бор” деган фикр кўнглидан ўтди. Ўша куни 1937 йилнинг 9 июль куни эди. Кечқурун у меҳмонхонада ҳибсга олиниб, тўғри Лефортово қамоқхонасига жўнатилди.

Ҳокимият тепасига келган Акмал Икромовни Файзулла Хўжаев тақдири қаттиқ ташвишга солди. Бунинг устига 1937 йилнинг 10-17 июнь оралиғида А.Цехер Марказқўмнинг 2-котиби, С.Болтабоев 3-котиби, М.Шермуҳамедов МКнинг бюро аъзоси этиб сайланган, кўп ўтмай учаласи ҳам ҳибсга олинган эди. Бу қисмат ўзининг ҳам бошига тушиши мумкинлигининг олдини олиш учун Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасига раҳбар бўлиб сайланганидан буён эришган ютуқлари-ю йўл қўйган камчиликларига холисона баҳо берилишини сўраб, ВКП(б) МҚ Сиёсий бюросига мурожаат қилди. Йиғилишда ўзи ҳам иштирок этиб, қилган ишлари, олдида турган вазифалар тўғрисида аниқ-тиниқ гапириб берди. Муҳокама усиз ўтди. Сталин шундай деди: “Икромов хато қилган бўлса-да, ҳалол одам”. Афсуски, Сиёсий бюро аъзолари ва МК котиблари Икромовга ишончсизлик билдирдилар. Ўрта Осиё бўйича масъул бўлган Каганович Икромовни қаттиқ қоралади. Молотовнинг “Икромов Бухарин билан оғиз-бурун ўпишиб юрганлардан бири” деган гапи Сталинни ўйлантириб қўйди. Охир-оқибат, Икромов ҳам қамоққа олинди.

Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевларнинг иши Бухарин, Риков каби судланувчилар билан бирга Москвада кўрилди. Судда давлат айбловчиси бўлиб қатнашган СССР Бош прокурори Вишинский судланувчиларнинг барчасига (17 киши) ўлим жазоси беришни талаб қилди. Суд 1938 йил 13 март куни уч кишидан бошқа ҳаммага, шу жумладан, Файзулла Хўжаев билан Акмал Икромовга ҳам ўлим жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ҳукм Москва атрофидаги Бутово қишлоғида 1938 йил 15 мартда ижро этилди. Хўжаев 42, Икромов 40 ёшида қатағон қурбони бўлди. Оилалари Сибирга сургун қилинди.

Ҳа, ўзбегим-а, ўзбегим! Қанчалик ақлли, билимдон, тажрибали, кўпни кўрган бўлсанг-да, барибир соддалигинг бор-да. Содда бўлмасанг, келиб-келиб қатағон қиличини яланғочлаб турганларга ишонармидинг? Хўш, бу ёғи нима бўлди? “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга”ми?

Усмон Юсупов ана шулар ҳақида ўйлар экан: “Сталинга ёзган хатимдан НКВДчилар хабар топган бўлса-чи?” деган фикр хаёлидан ўтиб, “Мен ҳам бошимни кундага қўйганга ўхшайман”, деди ўзига ўзи.

Ичкарига таклиф қилинган “Учлик” аъзолари Юсупов билан совуққина саломлашгач: “Мана сиз сўраган ҳужжатлар”, деди Апресян. Юсупов қоғозга диққат билан кўз югуртириб, Тожихон Шодиева ва Собира Холдорова номларини бармоғи билан кўрсатиб, уларни партия ходими сифатида яхши билгани учун нима сабабдан ҳибсга олинганини сўради.

Тожихон Шодиева район партия қўмитасининг биринчи котиби, Собира Холдорова эса Марказқўмда бўлим мудири бўлиб ишларди.

— Улар халқ душмани, ансилинқилобчи ва троцкийчи бўлгани учун ҳибсга олинган, — жавоб берди Апресян. — Судда бунга иқрор бўлганлари учун ўн йил муддатга ҳукм қилинган.

Бу бўҳтон гапга нафақат Усмон Юсупов, балки оддий одамлар ҳам мутлақо ишонмас эди. Асосий мақсад миллат ойдинларини шундай айблов билан қирғин қилиш Апресян билан Леоновга ҳам кундай равшан бўлса-да, қамалганларнинг ҳаммаси ҳақида “халқ душмани, аксилинқилобчи, троцкийчи” бўлгани учун деган бир хил жавобни тўтидай такрорлар эдилар. Ич-ичидан алам ўтида ёнаётган Усмон Юсупов чидаб туролмади.

— Ўзбекистонда халқ душманлари шу қадар кўпайиб кетган экан-да, — деди у ғазаб аралаш кесатиб.

— Чиндан ҳам кўпайиб кетган, — хурсанд бўлди Апресян. — Шунинг учун ҳам ўртоқ Сталин уларни тугатиш тўғрисида топшириқ берганлар!

— Ҳибсга олинганлар сони нега камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда?

— Биласиз, партиямиз Сиёсий бюросининг 1937 йил 11 июлдаги йиғилишида Ўзбекистон ССРда 1489 кишини отиш, 3952 кишини сургун қилиш белгилаб берилган. Қарорни бажаришимиз шарт.

— Бу дегани топшириқни кўр-кўрона бажариш керак дегани эмас-ку! — қизишди Усмон Юсупов. — Хўш, олий жазога ҳукм қилинганларнинг ҳам рўйхати борми?

Апресян шу заҳоти яна бир қоғоз узатади. Юсупов унга кўз югуртириб, Муҳаммаджон Мўминов номини кўриб, титроқ овоз билан сўрайди:

— Мўминов қайси айби учун олий жазога ҳукм қилинган?

— Сиз уни танирмидингиз? — сўради Леонов Апресян билан кўз уриштириб.

— Ҳа, — деди Юсупов истар-истамас. — У Совет қурилиши ва ҳуқуқ институтига директор лавозимига тайинланаётганда менинг суҳбатимдан ўтган. Унинг нима учун қамалгани ва қайси айби учун отувга ҳукм қилинганини билмайман. Сизлар эса айтмагансизлар.

— Мўминов аксилинқилобчиларнинг раҳбарларидан бири, кўп одамларни троцкийчи ва миллатчи ташкилотларга ёллаганлиги аниқлангач, СССР Олий судининг ҳарбий ҳайъати томонидан олий жазога ҳукм қилинди.

— Нима учун бу ҳақда менга судгача чурқ этмадингизлар? Нима учун бу ишни мендан бир йилга яқин яшириб келдингизлар? Бу ерда фақат Мўминов эмас, ёзувчи Абдулла Қодирий, шоир Чўлпон сингари яна кўплаб одамлар номи бор. Эртага ўртоқ Сталин олий жазога ҳукм қилинганлар ҳақида сўраб қолса, нима деб жавоб бераман?

Апресян ҳам, Леонов ҳам оғиз очолмади. Улар Ежовдан олинган топшириқ бўйича Усмон Юсуповга қарши енг шимариб материал йиғаётган эдилар. Шу боис Юсупов ҳузуридан чиққач, ўзини кўрсатиш учун Леонов Москвага — Ежовга сим қоқади. Жавоб бўлмайди. Кейин яна ва яна. Жавоб бўлмагач, ёрдамчисига қўнғироқ қилади. Гўшакдан: “Энди Ежов йўқ, у ҳибсга олинди!” деган қўпол овоз эшитилади. Тарвузи қўлтиғидан тушган Леонов қисқа гудок келаётган гўшакни тутганча қотиб қолади.

Усмон Юсуповнинг Сталинга етказган хати бўйича Ўзбекистонда кенг кўламли текширув ўтказилиб, Апресян ҳам, Леонов ҳам, уларнинг лаббайчилари ҳам қамоққа олинади ва бирин-кетин олий жазога ҳукм қилинади. Эътироф этиш жоизки, Юсуповнинг жасурлигию жасорати билан Ўзбекистонда минглаб одамлар қатағон қурбони бўлишдан қутулиб қолади.

Биз ҳуқуқшунос ёзувчи Шоҳруҳ Акбаровнинг “Зулмат қаъридаги юлдузлар” номли навбатдаги янги тарихий-ҳужжатли романи (“FAN ZIYOSI” нашриёти, 2025) мутолаасидан олган таассуротларимиз ҳақида фикр юритилмоқда. Асар миллатимизнинг биринчи ҳуқуқшуносларидан бўлган Муҳаммаджон Мўминовнинг илмий-педагогик фаолияти, аянчли ва фожиали ҳаёти ҳақида.

Мақола бошида келтирилган Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва Усмон Юсуповларнинг энг оғир давр — қатағон йилларидаги эл-юрт манфаати йўлида олиб борган жасоратли курашлари ичида кечган Муҳаммаджон Мўминов фаолияти китобхон нигоҳида Сталин диктатурасининг зулм ва зўравонликка йўғрилган даҳшатли воқеаларини намоён этиб, уларга чексиз нафрат уйғотмай қолмайди.

Муҳаммаджон Мўминов 1903 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Ўрта Осиё давлат университети қошидаги ишчилар факультетини имтиёзли битирган. Файзулла Хўжаев ташаббуси билан ташкил этилган “Кўмак” жамғармаси йўлланмаси билан 1923 йилда Москва давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга қабул қилинади. Талабалик йилларида комуниверситетда таҳсил олаётган Давлат Ризаев, қизил профессорлар институтини битирган жадид Усмонхон Эшонхўжаевлар билан дўстлашади. Университетни имтиёзли тамомлаб, Ўзбекистонга қайтгач, Адлия халқ комиссари ва республика прокурори Аҳмадбек Мавлонбеков, Олий суд раиси Саъдулла Қосимов каби кенг дунёқарашли, чуқур билимли, бой тажрибали раҳбарлар қўл остида ишлаб, ҳуқуқшуносликнинг сир-асрорларини қунт билан эгаллайди. Тошкент вилоят суди судьяси, Ўзбекистон Олий суди судьяси вазифаларида ишлаш Муҳаммаджон Мўминовни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан янада тоблайди. Айни пайтда илм билан астойдил шуғулланиб, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси жабҳасида” номли асарини яратади. Бу пайтда у Совет қурилиши ва ҳуқуқ институти директори этиб тайинланган, Хадича Сулаймонова, Отабой Эшонов сингари кўплаб талабалар ундан сабоқ олаётган эдилар.

1935 йилда институтда партиявий тозалаш ўтказилиб, Мўминовнинг пешонасига “троцкийчи” деган тавқилаънат ёпиштирилиб, партиядан ўчирилади, лавозимидан четлаштирилади. Ҳатто дарс беришдан ҳам маҳрум қилинади. Мўминовдан яхшилик кўрган айрим нокаслар ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш тутиб, НКВДчилар қўйган айбларни қўллаб-қувватлайдилар. Ҳа, ўзбегим-а, ўзбегим! Яхшиликка яхшилик қилгинг келмас экан, ёмонлик қилиб шохинг чиқдими? Ёки НКВД Мўминовни ҳибсга олиб, ўрнига сени директор қилиб қўйдими? Ҳа, ўзбегим-а, ўзбегим! Унутма, хиёнатнинг ҳам жавоби бор.

Кейин… Кейинроқ нима бўлгани сизга Леоновнинг Усмон Юсуповга берган маълумотидан маълум. Турмада Мўминов кўрган руҳий ва жисмоний азобларни ёзишга қалам ожиз. Уни қўйилган айбларга иқрор қилиш мақсадида укаси Ином Мўминов билан рафиқаси Дилором Юсупованинг қамалиши воқеаларини ўқувчи ҳаяжон билан эмас, балки қатағон ижодкорларини лаънатлаб-лаънатлаб ўқиши шубҳасиз. Архив ҳужжатлари асосида яратилган мазкур китоб муаллифдан катта тажриба ва маҳорат талаб қилганлиги бир-бирига боғлиқ бўлган юзлаб материалларни таҳлил қилиш, уларнинг энг муҳимларини ўрнида ишлатиш, бу билан асарнинг ўқишли бўлишини таъминлаш тасвирда яққол кўриниб турибди. Бу борада Шоҳруҳ Акбаровнинг кўп йиллар суд тизимида ишлаганлиги, шу мавзуда изчил қалам тебратиб келаётганлиги, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, унинг суд-ҳуқуқ соҳасига ихтисослашгани қўл келганлиги асарнинг бобдан-бобга ривожланиб боришига хизмат қилган. Буни ёзувчининг олдинроқ эълон қилинган “Агар дардим баён этсам…” ва “Мен ўзбекман” номли асарлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Энг муҳими, “Зулмат қаъридаги юлдузлар” тарихий-ҳужжатли романи Сталиннинг қатағон сиёсати миллатимизни қандай жабру жафоларга гирифтор қилганлигидан бугунги авлодни огоҳ этишда муҳим ва ишончли манба ҳисобланади. Шу билан бирга бу асар Ватанимиз мустақиллиги йўлида курашган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, уларнинг эзгу ишларини давом эттиришга, елкама-елка туриб, Ўзбекистонни дунёдаги энг тараққий этган, қудратли ва гўзал давлатлар даражасига кўтаришга ундаши билан ҳам эътирофга сазовордир. Мухтасар қилиб айтганда, ўқувчи асар қаҳрамони Муҳаммаджон Мўминовнинг аянчли ва аччиқ қисмати билан танишар экан, 1937-1953 йилларда эркпарвар халқимизнинг юз мингдан зиёд вакили қатағон қурбони бўлганлигини, улардан ўн уч минги отиб ташланганлигини, минглаб одамлар ноҳақ қулоқ қилинганлигини билиб, ич-ичидан “Эсиз ўзбегим-а, эсиз ўзбегим!” деган нидо келиши аниқ.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг ушбу асарга  “Улкан салоҳият соҳиби” номли сўз боши ёзганлиги ҳам асар нечоғли аҳамиятли эканидан далолатдир.

Нуриддин ОЧИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 12 =