Юлдуз бўлиб сўз ёнади…

Ҳар ўлканинг, ҳар юртнинг тимсолига, юз-кўзига айланган шоирлар бўлади, худди Хоразмда Матназар Абдулҳаким бўлгани каби. Сурхоннинг шоир тимсоли Шафоат Раҳматулло Термизий эди. Бетакрор шоиримизнинг табиатида Сурхон юртининг ҳавосию, тупроғию, қуёшию, осмонию, ер-сувию, тоғларию, уфқлари яққол кўриниб турар эди. Тирик сатрлари об-ҳавосида сурхонча изғирин, афғонча тўполон ҳам яшайди.

…Мактабимиз. Ўзбек тили ва адабиёти фани кабинети. Тўрт девордан  Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Шайхзода, Қаҳҳор, Зулфия виқор билан биз, дунё билан иши йўқ ўқувчиларга қараб туради. Уларнинг офтобли нигоҳлари бир ўсмирнинг юрагини, пальто ичидаги вужудини қиздиради. Портретларнинг тагида тўрт қатор-тўрт қатор шеър. Кейин газетага ўхшаган иккита плакат – босмахонада босилган. Бирида Сурхондарёдан чиқиб, республикада танилган – Шукур Холмирзаев, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Нодир Норматов тўғрисида қисқа маълумотлар. Улар ҳам оқ-қора суратлардан ўктам назар ташлайди; бошқа плакат – “Сурхондарё ижодкорлари”. Ундан Теша Сайдалиев, Менгзиё Сафаров, Болта Ёриев, Шафоат Раҳматуллаев… эски полдан, оёқ кийимларига ёпишиб дарсхонага кириб келган тупроғу лойдан кўтарилган чангу ғубор тумани аро бир синф тўполончи болага ҳайрон-ҳайрон қарайди.

Дафъатан сочлари елкасига тушган Шафоат Раҳматуллаев “Сурхондарё ижодкорлари”дан чиқиб, юраги тошган бола билан мактаб боғига чиқиб кетади. Боғ дейилгани қисиниб-қимтиниб кўкка интилаётган, ўқувчи болалар сингари паст-баланд ўсмир, озғин ниҳоллар, қаноти синган қушлардек лойга тушган япроқлар ҳамда иккита эгри-қийшиқ ўриндиқ. Боланинг қўлида шоирнинг ўша пайтларда маълум ва машҳур бўлган қора муқовали юпқа китоби. Титилиб кетган. Китобда “Оҳу” бор. Оҳу китобдан чиқиб, болани янги, нотаниш кенгликларга олиб қочиб кетади. Бирга тоғлару боғларни ўтиб, хаёллару кўнгилларни кечиб, ҳамнафас кеза-кеза, ишқ, муҳаббат ҳудудларига кириб қоладилар. Чиройли, гўзал жонивор болани ташлаб кетмоқда узо-оқларга. Болакай “оҳу… оҳу” деб чақиради, чопади, интилади, оҳу “оҳ, у… оҳ, у…” деб нола чекади. Бу нола жудаям маҳзун  қўшиққа, дилга изтироб буровини соладиган ойдин достонга ўхшайди…

Ўша йилларда Шафоат Раҳматуллонинг “Оҳу” достони тиллардан тушмасди. Ундан ҳеч бўлмаса бир-икки катта-кичик парча билмайдиган адабиётсевар йўқ эди, ишонаверинг!

 

Тиниқ сувни сачратиб ҳар ён,

Кийимлари томон чопди қиз.

Кийимларин эмас, шу замон

Бир сиқимча кулин топди қиз…

 

Ёки:

 

“Эй азим тоғ, эй буюк қоя,

Мени ўзинг қилгил ҳимоя.

Қўлла, менинг устимга қула,

Жудо қилгил жондан бир йўла.

Ё махлуққа айлансин таним,

Ўзинг бўлгил уйим, ватаним.

Остонангда ётган бекафан,

Бир ожизман, паноҳ сўрайман”.

 

Қандай тотли жилға-оҳанглар…

Биз дарсларда ёд олган:

 

 Деди: недур сенга оламда пеша?

 Деди: ишқ ичра мажнунлиқ ҳамеша

 

деган ёмби сатрларнинг таассуротини дилга, ёдга солади, руҳга олиб киради.

Оловқалб шоирларимиз Усмон Носир, Ҳамид Олимжон сатрларидек қуйма, ҳиссиёти тизгинсиз Александр Пушкиндан ўгирилган “Боғчасарой фонтани”, “Кавказ асири”, бўронқалб Михаил Лермонтовдан таржима қилинган “Демон” (“Иблис”) каби буюк достонлар ва шеърларнинг майин ва жўшқин шивиру шитирларини қалбларда уйғотмайдими, Яратганнинг мўъжизаси бўлган Сангардак шаршарасининг сирли ва махфий ва рубобий пичирларини дилларга мастона-мастона олиб кирмайдими ушбу оҳанглар?

Мен Шафоат ака билан кўп яқин, кўп ҳамсуҳбат бўлмаганман, кўп кўришмаганмиз. Ҳаёт шуни менга раво кўрган. Фақат бир марта, шоира Раъно Узоқованинг 90 йиллигида пойтахтдан борган бир гуруҳ ижодкорлар билан бирга аввал Термизда, кейин Деновда ўтган учрашув-тадбирларда учрашганмиз. Деновда одми бир меҳмонхонада бир кеча ҳамхона бўлдик. Шафоат ака ўшанда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари лавозимида фаолият юритарди. У мезбон сифатида иззатли меҳмонлар билан андармон, уларнинг қош-қовоғига қараган. Шунга қарамасдан, биз воҳа адабий муҳити, умидли, истиқболли ижодкор ёшлар хусусида ва яна кўп ўтган-кетган воқеа-ҳодисалар тўғрисида гаплашиб ўтирганмиз. Музтариб қалбли Шафоат шоир Сурхондарё ижодкорларининг байроқдорлари Теша Сайдалиев, Менгзиё Сафаровнинг шахси ва ижоди, Сурхон қуёшида пишиб, тобланиб етилаётган ёш шоирлар хусусида дилдан гапирди. Толиққанди, лекин билдиргани йўқ. Ёддан  шеърлар, айрим шеърлардан сатрлар ўқиди, ўлмас достонлардан парчалар айтди.

Ростини айтсам, ҳамхоналигимиз шу даражада эдики, Шафоат ака эмас, мен узун кун иссиғида қизғин ўтган илмий-адабий анжуманлар якунидаги сурхондарёча меҳмондўстликдан жудаям сархуш ва мамнун, ўзим билан ўзим эдим.

Шафоат Раҳматулло Термизий Яратган шоирлик фазилатлари-ю, белги-аломатлари билан беармон сийлаган, халқ ичидан чиққан, ҳақиқий халқ шоири эди. Ўктам ва кўркам қалб эгаси эди. Улуғ санъаткорга хос шоирлик ғурури, фазилатлари, ожизликлари, бахту бахтсизликлари кам-кўстсиз мужассам эди у кишида. Ҳа, у чин Санъаткор эди.

Улуғ адибимиз Асқад Мухторнинг “Инсонга қуллуқ қиладурмен” сарлавҳали ҳикояси бор. Ҳикоя Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳақида. Катта юриш чоғида қўшинлар йўл устидаги кўплаб шаҳру қўрғонларни забт этиб боради. Анчайин манзил – Гилқўрғон эса тошёнғоқдек чақилавермайди. Уни ҳимоя қила-қила бир элатдан бир ҳовучгина одам қолади, уям бўлса қари-қартанг. Ёнғоқ чақилганда қариялар қуршови ва ҳимоясида бир ўсмир бор эди. Соҳибқирон, бу норасида кимдур, деб сўраганларида, мўйсафидлар, бу Оллоҳ муруввати ва шаҳодати билан бизнинг бўлғуси шоиримиздур, деб жавоб берадилар. Биз уни ҳимоя қилиб кўп марду фидокор ўғлонларимизнинг, фарзандларимизнинг жонларини қурбон қилдик, битта қолмай қирилсак ҳам уни асраб қоламиз, дейдилар. Ўсмир қиёфасида, ёш шоир тимсолида бутун бир элу элатнинг орзу-умидини, истиқбол ва иқболини кўрган жаҳонгир ўсмирни ҳам, унинг ҳимоясида мардона турган қарияларни ҳам Соҳибқиронга хос беқиёс саховат ва марҳамат билан сийлайдилар. Шоирнинг элига эл, юртига юрт, давлатига давлат қўшиб берилади.

Шафоат Раҳматулло Термизий, назаримда, ана шу чигит-шоирга ўхшайди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлигининг чуқур инқирози, бутун ўлканинг, жумладан, воҳанинг чоризм томонидан истило қилиниши, совет ҳокимиятининг ўрнатилиши билан боғлиқ талотўпу қирғинбаротлар, миллий-озодлик ҳаракати, миллий камситилиш ва қатағон даври, мустабид тузум ўнйилликларининг гирдоб ва гирдибодлари ўз шоирини яратди ва саҳнага олиб чиқди.

Бу шоир – Шафоат шоир эди.

Шафоат Раҳматулло чигитдан чинорга, адабиёт, шеърият чинорига айланган ҳамда сўз-япроқлар билан элга, юртга соя берган бир шоир бўлди, бир шоир бўлди… Сурхон халқининг қудратли овозига, мардона  қалбига айланди. Унинг сўз хазинасидан, шеър ганжинасидан ақалли бир бор дуру жавоҳир териб кўрганлар бу фикрга амин бўладилар, деб ўйлайман. У, шоир қандай бўлиши керак, деган саволга, Шафоат Раҳматулло Термизийдек бўлиши керак, деб жавоб берса бўладиган даражада тоза Шахс ва тоза Шоир бўлди.

У бу ёруғ оламдан ўтганда ҳатто Шеърнинг ўзи ҳам бўзлаган эди:

 

О, ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди…

 

Шоирлар келадилар ва кетадилар. Шеър эса қолади.

Худо раҳматига олгур Шафоат Раҳматуллонинг ижодий бисотида хайёмона, румиёна, қадимий асл тоза шаробдек оби-тобига келган ўткир рубоийлар, маснавийлар кўп, мана улардан бири:

 

Сиртимга қараб сиз чиқарманг ҳукм,

Билмасдан дилимда нималар ҳоким.

Даврада вақт деган бир донишманд бор,

У ҳали айтади сиз киму мен ким.

 

Ҳа, вақт деган донишманд Шафоат Раҳматулло Термизийнинг чин шоирлигини айтади.

Айтди!

Шоир ёққан шеър чироғи асло ўчмагай…

 

ШОИР ЁҚҚАН ШЕЪР ЧИРОҒИ

 

Икки тордек қилар нола        

Амунинг икки қирғоғи.

Тун қўйнида ўтли лола –

Шоир ёққан шеър чироғи.

 

Кўксини чок этар булбул,

Гулни кўриб саҳар чоғи.

Овозида дардли усул –

Шоир ёққан шеър чироғи.

 

Умр шоми эмас маълум,

Ой – осмоннинг ҳасрат доғи.

Шу меҳнаткаш қуёш мазлум – 

Шоир ёққан шеър чироғи.

 

Амударё тўлғонади,

Яшилланар сўлу соғи.

Фалакда юлдуз ёнади –

Шоир ёққан шеър чироғи.

 

Салим АШУР,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист,

шоир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =