Озарбайжонлик журналистлар фахрий аъзоликка қабул қилинди

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат мамлакатимиз вакиллари шу кунларда Боку шаҳрида “Рақамли трансформация ва медиа” мавзусидаги II Ўзбекистон-Озарбайжон медиа-форумида иштирок этмоқда.

Бугун форум доирасида икки давлат медиа соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш, рақамли янгиланиш жараёнларига мослашиш, дезинформацияга қарши самарали чоралар кўриш ва ахборот соҳасида интеллектуал ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда икки давлат идоралари ва медиа ташкилотлар раҳбарлари, журналистлар ҳамда коммуникация соҳаси мутахассислари иштирок этди. Форумнинг асосий мақсади қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва касбий тажрибани бойитишдан иборат.

Мазкур медиафорум доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов ҳамкасби – Озарбайжон Матбуот кенгаши раиси Рашад Межид,  шунингдек, “Azxeber.com” веб-сайти директори Афселеддин Агаларов, “Azxeber.com” веб-сайти бош муҳаррири Ҳажибей Ҳайдарли, “Editor.az” веб-сайти бош муҳаррири Фарид Шаҳбазлига уюшма фахрий аъзолик гувоҳномалари ва нишонларни тантанали равишда топширди.

Таъкидлаш жоиз, яқинда ўтказилган Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Бошқаруви йиғилишида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш,  дўстона муносабатларни ривожлантиришдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ озарбайжонлик медиа соҳа вакиллари уюшма фахрий аъзолигига қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

 Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 − 1 =