Хоразмда қора гуруч

Хитойдан олиб келинган янги шоли навидан

мўл ҳосил олинди

Урганч туманида фаолият олиб бораётган “Хоразм нурли замин” фермер хўжалиги раҳбари Дилшодбек ҳамиша изланишда, ниманидир кашф этиш орзуси билан ҳаракат қилади. Қандайдир янгилик яратишга интилади. У Хитой Халқ Республикасига хизмат сафарига борганида мазкур давлатда қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай экинлар экилаётгани билан қизиқиб, соҳа вакиллари билан суҳбатлашди ва Хитойда етиштириладиган қора гуручга алоҳида эътибор қаратди. Дилшодбек Норбоев хитойликлар билан мулоқотда “Ушбу гуруч уруғидан Хоразм вилоятига олиб бориб экса, воҳанинг иқлим шароитига тўғри келадими?” деб сўради. Мезбонлар унга, албатта, яхши ҳосил олиши ҳақида айтишди. Дилшодбек ушбу гуруч уруғларини ўзи билан бирга олиб келди ва экишга қарор қилди.

Натижа кутилганидек бўлди. Бир текис кўкарган шоли майсаларининг ўсишидан кўнгли тўлган Дилшодбек уларни янада яхшилаб парваришлашга киришиб кетди.

Ниҳоят, жўжани кузда санайдиган палла етиб келди. Гуруч барвақт пишиб етилди ва яхшигина ҳосил олинди.

Хўш, қора гуручнинг оқ гуручга нисбатан қандай афзаллиги ва шифобахшлик хусусиятлари бор?

— Қора гуручнинг ўзимиз истеъмол қилиб келган оқ гуручга нисбатан анча афзалликлари бор экан. Унинг таркибида оқсил ва антиоксидантларга бой моддалар бисёр экан. Шу жумладан, темир, цинк, магний, В витамини мазкур гуруч таркибида жуда кўплиги ҳайратда қолдиради. Энг муҳими, мазкур озуқа бугунги кунда қон босимидан шикоят қиладиган инсонларга, айниқса, асқатади. Қора гуруч қон босимини меъёрда ушлаш билан бирга иммунитетни мустаҳкамлашда ҳам кучли таъсирга эга. Бундан ташқари, диабет ёки холестериндан азият чекадиган кишилар учун жуда шифобахшдир. Таъкидлаш жоизки, қора гуруч соғлом озуқа бўлганлиги боис Хитой, Япония ва Корея давлатларида ҳам севиб истеъмол қилинар экан.

Айни пайтда қора гуруч дунёдаги қимматбаҳо дон маҳсулотларидан бири сифатида қадрланиши бежиз эмас.

Дилшод Норбоевнинг ташаббуси билан қора гуруч айни пайтда тажриба сифатида экилган бўлса ҳам, келгусида воҳанинг иқтисодий жиҳатдан юксалишига улкан ҳисса қўшиши шубҳасиз. Агар бу нав кенг миқёсда етиштириладиган бўлса, Хоразм воҳасида экспорт қилинадиган харидоргир маҳсулотлар сони яна биттага кўпаяди ҳамда халқимиз фаровонлигига мустаҳкам замин яратади.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − six =