Ўзига хос ижодий кўприк

Кўряпмиз, кузатяпмиз, кейинги етти-саккиз йил ичида Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан, айниқса, минтақамиз давлатлари билан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий масалалар бўйича олиб бораётган ўзаро ҳамкорлик алоқалари кўпчиликни қувонтирмоқда. Шунингдек, ушбу жараённинг оммавий ахборот воситаларида изчил ёритилаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Шу маънода “Фарғона ҳақиқати” газетаси ижодий жамоасининг ибратли тажрибаси хорижлик ҳамкасбларимизда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, Корея Республикасининг Сеул шаҳри, Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинцияси, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда, Россиянинг Санкт-Петербург, Ҳиндистоннинг Деҳли, Мисрнинг Қоҳира шаҳарлари, Қирғизистоннинг Боткен, Тожикистоннинг Сўғд вилоятида чоп этилаётган қатор нашрлари ижодкорлари билан ўрнатилган ҳамкорлик географияси янада кенгайиб бораётир. Бу каби ахборот алмашинуви, тажриба ўрганиш ҳамда биргаликда газеталарнинг қўшма сонларини чоп этиш анъанаси нафақат давлатлар, балки халқлар ўртасидаги маънавий алоқаларни ҳам мустаҳкамлаш йўлида ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда. Асосийси, мамлакат, вилоят, шаҳар-туманлар аҳолисининг тарихи, маданий мероси, миллий анъана, урф-одатлари ҳам шу тарзда тарғибот этиляпти.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 31 март куни кўҳна Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари раҳбарлари иштирокида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган олий даражадаги уч томонлама саммит бўлиб ўтди. Бу тарихий учрашувда, таъкидлаш керакки, учта қўшни республика халқлари ҳаётига бевосита дахлдор қатор сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий масалалар муҳокама қилинди, фойдали ҳужжатлар имзоланди.
Шу маънода, жорий йилнинг 4 апрелида Ўзбекистоннинг Фарғона, Қирғизистоннинг Боткен, Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари газеталарининг қўшма сонлари чоп этилгани юқорида биз мамнуният билан таъкидлаётган унутилмас саммитга ҳамкасбларимизнинг тезкорликда тайёрлаган ҳозиржавоб туҳфаси бўлди, десак янглишмаймиз. Эътиборлиси, “Фарғона ҳақиқати”, “Ҳақиқати Сўғд”, “Боткен тани” нашрларида учта вилоятда кечаётган жараёнлар ҳақида ўзбек, тожик, қирғиз журналистларининг бир саҳифадан мақолалари эълон қилинди.
Бу ибратли тажрибани яна давом эттириш нияти борлигини айтар экан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, республика Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” таҳририятлари МЧЖ директори Муҳаммаджон Обидов яқинда фарғоналик журналистлардан иборат делегация иштирокида Туркияга ижодий сафар уюштирилаётгани ва Бурса шаҳрининг бош нашри бўлмиш “Олой” газетаси таҳририяти билан ҳам қўшма сон чоп этишга келишилганини маълум қилди.
Ўйлаймизки, бундай ижодий ҳамкорлик алоқалари, чин маънодаги борди-келди, салом-аликка йўғрилган тажрибалар бошқа ОАВ учун ҳам жиддий сабоқ, намуна бўлмоғи керак.
Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.