Жаҳон Ўзбекистон йилдан-йилга муваффақиятли ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқда
image description
Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва мамлакат халқига Мурожаатномаси хорижий экспертлар диққат марказида
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси халқаро миқёсда кенг акс-садо бериб, хорижий сиёсатчилар, таҳлилчилар ва экспертлар ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Ўзбекистон етакчисининг Мурожаатномаси нафақат ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи якунлари, балки мамлакатни келгуси даврда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини акс эттирувчи дастурий баёнот сифатида қабул қилинди. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида мамлакатнинг иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги асосий ютуқларини қайд этиб, ислоҳотларнинг кейинги йўналишларини белгилаб берди. Аҳолининг турмуш сифатини ошириш, ижтимоий сиёсатни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Ушбу қарор билан республика раҳбари макроиқтисодий муваффақиятлардан ижтимоий жараёнлар ва инсон капитали билан чуқурроқ ишлашга ўтиш истагини таъкидлади.
Хорижий экспертларнинг фикрича, Мурожаатномада баён этилган қоидалар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тизимли ва узоқ муддатли хусусиятини акс эттириб, давлат бошқаруви ва ижтимоий ривожланишга ёндашувлар эволюциясини намойиш этади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, маҳаллий ҳамжамиятлар, ижтимоий барқарорлик ва фуқаролик иштирокига эътибор Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш ва ижтимоий масъулият мувозанатига асосланган инклюзив ривожланиш моделини шакллантиришга интилишидан далолат беради.
Ильяс Умаханов,
Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Фан, таълим ва маданият қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:
— Аввало, Россия сенаторлар корпуси номидан Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон эришган улкан натижаларга чуқур ҳурматимни билдиришга ва яқин истиқболга мўлжалланган улкан режаларни қўллаб-қувватлашга ижозат бергайсиз.
Ўзбекистон сўнгги йилларда кенг қамровли модернизация йўлидан дадил ва изчил бормоқда. Иқтисодиётда эришилган ютуқлар – ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, рекорд даражадаги инвестициялар, молия тизимининг мустаҳкамланиши очиқ бозор иқтисодиётини яратиш бўйича танланган йўлнинг тўғрилигидан далолат беради. Ижтимоий соҳадаги муваффақиятлар алоҳида таассурот қолдирмоқда. Камбағалликни икки баробарга қисқартириш мақсадига муддатидан олдин эришилгани шунчаки статистика эмас, балки миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари ҳаётининг реал яхшиланиши, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга. Бу қадам ислоҳотлар марказида инсон, унинг фаровонлиги ва ижтимоий ҳамжиҳатлик турганини тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг маҳалла институтини жамият таянчи сифатида мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаси бебаҳо ва шубҳасиз, кўплаб мамлакатлар, жумладан, жамоавийлик ва ўзаро ёрдам анъаналари кучли бўлган Россия учун ҳам қизиқиш уйғотади.
Тақдим этилган 2026 йилга мўлжалланган дастур ўзининг кенг қамровлилиги билан кишини ҳайратга солади. Технологик ютуқларга, сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар ва улкан космик дастурга урғу бериш давр талабларига мос келади ва Россия–Ўзбекистон илмий-техникавий ҳамкорлиги учун янги уфқларни очади. “Яшил” кун тартиби ва кенг кўламли экологик ташаббуслар мамлакатларимиз учун умумий бўлган барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам тўлиқ ҳамоҳангдир.
Александра Перминова,
Россия Фанлар академиясининг Хитой ва замонавий Осиё институти илмий ходими:

— Президент Шавкат Мирзиёев парламент ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида сўнгги йилларда мамлакатда эришилган макроиқтисодий натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Ислоҳотлар даврида республика барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини намойиш этмоқда.
Россия Ўзбекистон иқтисодиётидаги бундай тенденциялардан жуда манфаатдор. Бу Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратади.
Саноатни ривожлантиришнинг эълон қилинган устувор йўналиши алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон газ-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника ва кимё саноатида лойиҳаларни амалга ошириш орқали қайта ишлаш тармоқлари улушини мақсадли равишда ошириб бормоқда. Шу маънода, мамлакатларимиз ҳамкорлиги учун қўшимча имкониятлар очилмоқда.
Россия компаниялари энергетика, жумладан, атом энергетикаси, қазиб олиш тармоқлари, саноат ускуналарини етказиб бериш ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларида иштирок этмоқда. Икки мамлакатнинг сармоявий ресурслари ва ишлаб чиқариш ваколатларини уйғунлаштириш асосида технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш учун асос яратилмоқда.
Бугунги кунда бизнинг стратегик мўлжалларимиз кўп жиҳатдан бир-бирига мос келади. Бу эса нафақат Ўзбекистон ёки Россия, балки бутун минтақа тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Ян Цзипин,
“Travel&Leisure” нашри бош муҳаррири (Хитой):

— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш доирасида маҳаллаларни ривожлантириш учун давлат бюджетидан кўпроқ маблағ ажратилади, чунки бу ўзини ўзи бошқариш институти аллақачон ўзини оқлаган.
Уларни ободонлаштириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этишга катта эътибор қаратилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда маҳалла ноёб жаҳон тажрибасига эга бўлиб, одамларнинг аҳил яшаши ва камол топиши учун энг қулай муҳит ҳисобланади.
Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг йилдан-йилга муваффақиятли ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқда. Мамлакатда замонавий технологиялар ва илғор инновациялардан фаол фойдаланилмоқда.
Шубҳасиз, бундай натижаларга фақат ўз халқи фаровонлиги ва мамлакат равнақини ҳамма нарсадан устун қўядиган давлат раҳбарининг оқилона ва стратегик раҳбарлиги остида эришиш мумкин.
Абдулҳамид Ҳамид Абдуллоҳ ал-Кубби, Саудия Арабистонининг “Sahm News” нашри мухбири:

— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламент ва мамлакатнинг кўп миллатли халқига мурожаат қилиб, унда 2025 йил якунларини сарҳисоб қилди ва 2026 йилга мўлжалланган тараққиётнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берди. Мурожаатнома дастурий характерга эга бўлиб, унда кейинги тўққиз йил давомида амалга оширилаётган демократик ва иқтисодий ислоҳотларнинг изчиллиги, Янги Ўзбекистонни очиқ, барқарор ва ижтимоий йўналтирилган давлатни барпо этиш йўли акс эттирилган.
Президент сўзининг аввалида ўтган йиллар давомида ислоҳотлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ҳаётида сезилганини таъкидлади. Булар шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, замонавий мактаб, боғча ва шифохоналар барпо этиш, транспорт-логистика тизими ва рақамли хизматларни ривожлантиришда ўз ифодасини топмоқда.
Мураккаб халқаро вазият, глобал иқтисодий зиддиятлар ва хавфсизликка таҳдидлар кучайиб бораётганига қарамай, 2025 йилда Ўзбекистон учун улкан ютуқлар йили бўлди. Бу ютуқларга халқнинг фаол қўллаб-қувватлаши, ёшларнинг куч-ғайрати ва шижоати, маҳалланинг фуқаролик жамиятининг ноёб институти сифатидаги роли ошгани, тадбиркорлар, фермер ва деҳқонларнинг ташаббускорлиги, вазмин ва дўстона ташқи сиёсат туфайли эришилди.
Иқтисодий соҳада барқарор ривожланиш қайд этилди. Мамлакат тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди, ҳолбуки, тўққиз йил аввал бу кўрсаткич қарийб 100 миллиардни ташкил этарди. Экспорт 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларга етди, олтин-валюта захиралари 60 миллиард доллардан ошди, жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулотнинг 31,9 фоизига тенг бўлди.
Президент бу кўрсаткичлар халқаро ҳамжамият ва нуфузли молия институтлари томонидан эътироф этилаётганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги “BB-“ даражасидан “BB” даражасига кўтарилди. Бу қарз олиш харажатларини камайтириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мурожаатномада ижтимоий сиёсатга алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда яна 5 миллион кишида даромад манбаи пайдо бўлди, ишсизлик даражаси 4,9 фоизга, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизга камайди. 1 миллион 500 мингга яқин фуқаро камбағалликдан чиқарилди, 1 минг 435 та маҳаллага илк бор камбағалликдан холи ҳудуд мақоми берилди. 2026 йилгача белгиланган камбағалликни 2 баробарга қисқартириш мақсадига муддатидан олдин эришилди.
Мурожаатномада 2026 йилга мўлжалланган олтита асосий устувор йўналиш, жумладан, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион моделга ўтказиш, ички талабни рағбатлантириш, меҳнат бозори ва профессионал таълим тизимини ислоҳ қилиш, экологик мувозанат ва “яшил” энергетикани таъминлаш, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини янада модернизация қилиш вазифалари белгилаб берилди.
Президент мамлакатингизнинг стратегик мақсади – даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш эканини таъкидлади. Прогнозларга кўра, 2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 167 миллиард долларга етади, 2030 йилга бориб эса 240 миллиард доллардан ошиши мумкин.
“Дунё” AA.
