Ўзбекистоннинг бахт харитаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси давлатимиз раҳбарининг қалб амри, юксак шижоати, аждодларимизга хос матонати, кучли чақириғи ўлароқ янгради. “Конгресс Холл” (Халқаро Конгресс маркази)да бўлиб ўтган мазкур тантанали тадбирда иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини тўлақонли қамраб олган маърузасини тинглар эканман, минбарда янграган сўзлардаги ўзгача залворни, улуғворликни ҳис қилдим.
Маълумки, халқни уйғотувчи, юксалтирувчи энг кучли мафкура миллий бирликдир. Ҳурматли Президентимиз бу ҳақда куюнчаклик ва фахр билан сўзлаганларида иштирокчиларнинг ҳар бирининг юрагида халқнинг бахт-саодати учун дахлдорлик ҳисси жўш урганига шубҳам йўқ. Кириб келаётган Янги 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланиши халқимизнинг миллий қадриятларидан тортиб, унинг замонавий қиёфасини, жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнини янги босқичга олиб чиқадиган дастур сифатида намоён бўлди. Унда жамиятимиз ҳаётининг барча жиҳатлари қамраб олинганлиги унинг ҳаётбахшлигини, таъсирчанлигини таъминлаган.
Айниқса, Президентимизнинг мамлакатимизда космонавтика соҳасини ривожлантириш, ўзбек фазогирининг самога парвозини оширишга эришиш бўйича таклифларини эшитганимда буюк аждодларимизнинг юксак илм-маърифати бугун ёшларимиз тимсолида бўй кўрсатишини ўйлаб, юрагим тўлқинланди. Шунингдек, ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг касбий таълимга қамровини кенгайтириш, рағбатлантириш масалалари кўп миллионли халқимизнинг эртанги кунини белгиловчи ёшларнинг илмли, касб-ҳунарли бўлишларига бугун қаратилиши лозим бўлган кучли эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Юртимиздаги маҳаллаларни ривожлантириш орқали жамиятимизни юксалтириш ғояси ўзаро уйғун жараёндир.
Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг кўлами, моҳияти айнан шу уйғунликнинг туб мазмунини белгилайди. Президентимизнинг айтган ушбу сўзлари эса Мурожаатноманинг Бош ғоясини белгилаб берди мен учун: “Мирзо Улуғбек бобомиз осмон жисмларини, юлдузлар харитасини чизиб берган бўлса, биз халқимизнинг, ёшларимизнинг бахт йўли харитасини чизяпмиз!”. Ҳа, бугун олтита йўналиш асосида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижроси Ўзбекистоннинг бахт харитасига айланажак! Юксак марраларни кўзлаган, самони забт этишга отланган ўттиз саккиз миллионли буюк халқнинг раҳнамоси — ҳурматли Президентимизнинг бедор юрагидан отилган хитоб бизни шу улуғ йўлда бирлаштиради!
Дилим, юксак довонлар сари отлан, пешвоз чиқ,
Ўзбекистон кўзлаган манзилда бир сафда бўл.
Ўттиз саккиз миллион халқнинг бахт харитаси
Чизилган бу паллада шижоатда, шаҳдда бўл.
Не бахт, азиз замондош, бу кунлар ҳам тарихдир,
Яралмоқда юртимнинг янги, шонли китоби.
Огоҳлик замони бу! Уйғотгайдир ҳар кимни,
Ватан учун тикилган бедор юрак хитоби!
Сайёра САМАНДАРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси.
