Ажримлар: Шахсий фожиами ёки жамият инқирози?

Нега оилалар парчаланяпти? Бу ҳолатга ким жавобгар: фақат эр-хотинми ёки…

Бу мавзу бугун жамиятда тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Ажралишлар фоиз ҳисобида кўпайган, никоҳ ва туғилишлар сони камайган. Расмий статистика ортида эса фақат рақамлар эмас, балки парчаланган оилалар, руҳан жароҳат олган болалар ва оғир ҳаётий синовлар билан юзма-юз қолган аёллар тақдири турибди. Ажримга фақат оилавий келишмовчилик сифатида қараш бугунги кунда етарли эмас. Бу — ижтимоий, маънавий ва ҳуқуқий муаммолар кесишган нуқта.

Муаммонинг илдизи

Мутахассислар таъкидлашича, ажримлар сабабини бир омил билан изоҳлаб бўлмайди. Иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, уй-жой масаласи, ёшларнинг оилага маънан тайёр эмаслиги, маънавий муаммолар, эр-хотин ўртасида мулоқот маданиятининг заифлиги — буларнинг барчаси муаммони чуқурлаштиради. Айрим ҳолларда эса оила қуриш масъулиятига юзаки қараш, сабр ва муаммони ҳал қилиш кўникмаларининг йўқлиги муносабатларнинг узилишига олиб келмоқда.

Афсусланарли жиҳати шундаки, кўплаб оилаларда муаммо ажрим даражасига етгунча ҳеч қандай мутахассис ёрдамига мурожаат қилинмайди. Оқибатда кичик келишмовчиликлар катта фожиага айланади.

Эрта аралашув…

— Ажримларни камайтиришда энг самарали йўл — профилактика. Амалиёт шуни кўрсатяптики, оилалар бизга кеч мурожаат қилади, — деди Навоий вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиёрова. — Агар муаммо бошланиш босқичида психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилса, кўплаб никоҳларни сақлаб қолиш мумкин.

Мутасаддининг таъкидлашича, ажримнинг олдини олиш билан бирга, ажримдан кейинги ҳаёт ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Айниқса, болали аёлларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва ҳуқуқий ҳимоя масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

— Ҳафтанинг жума кунлари вилоятимизда “Оилавий ажримларнинг олдини олиш куни” сифатида белгиланган. Бу муҳокамаларда Ички ишлар, Адлия, диний идора, оила ва хотин-қизлар бошқармасидан мутахассислар ажрим ёқасидаги низоли оилалар вакиллари: эр ва хотинлар билан гаплашишади. Ажрим муҳокамасига келаётган жуфтликларнинг сўзларини эшитиб, баъзида ҳайрон ҳам қоласиз. Ажрашишга, оилани пароканда этиб, фарзандларни ота ёки она меҳридан мосуво қилишга умуман арзимайдиган майда-чуйда сабаблар, баҳоналар, сабрсизликлар. Тушунтиришлар, муҳокамалардан кейин уларнинг аксарияти ярашиб, бир-бирини кечириб, уйларига қайтишади. Ажрим муҳокамалари маҳаллалар, туманлар кесимида ҳар ҳафта тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида мунтазам ўтказиб келинмоқда, — деди Малика Мамадиёрова.

“Мен кучлиман…”

— Бу ерга келаман, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Оилам, фарзандларим, уйим, ишим бор эди. Турмуш ўртоғимга ишонардим, сабр қилдим ва яна узоқ вақт. Лекин барибир бўлмади… Ўзимни йўқотиб қўйдим, оғриқлар, азоблар, туҳмат, ҳақорат ва камситишлар ҳар қандай одамни ақлдан оздирар экан… — деди навбаҳорлик 37 ёшли Л. У ҳозир аёллар учун мўлжалланган вилоят реабилитация марказида руҳий тикланиш жараёнидан ўтмоқда. Олий маълумотли ўқитувчи, мактабда ишлайди. Ўқимишли. Пазандалик курсларида ўқиган, яна тикувчиликка ҳам қўли келишаркан. Буларни таъкидлаб айтишдан мақсад — бир оилани гуллаб-яшнатиши мумкин бўлган оила бекаси.

У нега реабилитация марказида? Эр-хотин муносабатларида жисмоний зўравонлик кузатилган (эридан мунтазам калтак еган), оғир, енгил тан жароҳатлари олган. Эрнинг зўравонлиги ва доимий жанжаллар натижасида аёлда тушкунлик, асабийлашиш, бош оғриқлари ва руҳий беқарорлик ҳолатлари кузатилган, руҳияти издан чиққан. Ҳолатини барқарорлаштириш, зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатиш зарурати сабабли у ҳозирги кунда руҳий, тиббий, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ёрдам олмоқда.

2025 йилнинг 9 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг очиқ суд мажлисида Л.нинг турмуш ўртоғига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилиб, унга ушбу модда билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Халқ тилида бу “хотини эрини қаматворган” деб айтилади ва, одатда, бундай вазиятларда оилани қайта тиклаш имконсиздек. Ростдан ҳам шундай. Мазкур оила ажрим ёқасида ва катта эҳтимол билан улар ажрашади. Айни кунларда эр ва хотин алоҳида яшамоқда.

Унинг қисмати якка ҳолат эмас. Бугун бу каби вазиятлар жамиятни жиддий ўйлантириши керак бўлган ижтимоий муаммога айланиб улгурди. Афсуски, аҳоли сони нисбатан кам бўлган Навоий вилояти республика бўйича ажримлар кўрсаткичида “яхши” ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Яъни вилоят демографик (аҳоли сони) жиҳатдан катта ҳудудлар қаторига кирмайди. Аммо нисбий ҳисобда, яъни ҳар минг никоҳга тўғри келадиган ажримлар миқдори бўйича вазият анча ташвишли.

Вилоятда 2025 йилнинг 12 ойи давомида жами қайд этилган ажримлар сони 1376 тани ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 118 тага ошган. Никоҳлар сони 7334 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 204 тага камайган. Оилавий ажримларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилганда, энг кўп сабаблар сифатида учинчи шахслар аралашуви, фарзандсизлик оқибатида, узоқ вақт бир оила бўлиб яшамаганлик (миграция), хиёнат, молиявий ва моддий қийинчиликлар, тазйиқ ва зўравонлик сабабли, никоҳланувчиларнинг оилага тайёр эмаслиги, спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли каби омиллар кўрсатиб ўтилган.

Мутахассислар бундай ҳолатни тасодиф эмас, балки яна бир нечта йирик омиллар йиғиндиси сифатида баҳолашмоқда.

Аввало, иқтисодий босим. Вилоят саноат ҳудуди ҳисобланса-да, ишнинг оғирлиги, сменали меҳнат, айрим ҳолларда эътиборсизлик оилавий муносабатларга салбий таъсир ўтказади. Ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, никоҳ олдидан психологик тайёргарлик, масъулият, муаммони мулоқот орқали ҳал қилиш кўникмалари етарли даражада шаклланмагани ажримларга олиб келаётган асосий сабаблар сифатида тилга олинади.

Аҳолининг бандлиги бўйича вилоятдаги вазиятни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ростакамига жуда яхши, дейиш ҳам мумкин. Навоий — саноат ҳудуди, ишлашни истаган одам албатта иш топади, дипломи бўлмаса ҳам!

Яқинда яна бир расмий статистика эълон қилинди. Аҳоли даромадлари ва ўртача ойлик маош бўйича Навоий вилояти республикамизда Тошкент шаҳридан кейин иккинчи ўринда тураркан. Буни оддий тилга “таржима” қилсак, навоийликлар республикада пойтахтликлардан кейин энг кўп маош олади, дегани. Ғалати парадокс! Бу тўқликка шўхлик эмасмикан?

Суд амалиёти: Ажрим охирги қарорми?

Судлар учун ажрим энг мураккаб тоифадаги иш ҳисобланади. Чунки ҳар бир қарор ортида инсон тақдири туради.

— Суд тарафларни никоҳдан ажратишга шошилмайди, — деди Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлар­аро суди судьяси Ғайрат Якубов, — яраштириш чоралари қўлланилади, томонларга вақт берилади. Аммо айрим ҳолларда муносабатлар шунчалик бузилганки, уларни ажратиб юборишдан бошқа чора бўлмайди.

Суд амалиёти шуни кўрсатадики, бунда болалар масаласи энг оғриқли нуқта. Ажрим низоларидан оиладаги болалар руҳиятига шикаст етади, бу ҳолат узоқ йиллар давомида тўғриланмаслиги мумкин. Яна ажрашишдан сўнг энг кўп зарар кўрадиган томон аёллар бўлишига қарамасдан, аксарият ҳолларда ташаббус улардан чиқади, яъни судга даъво аризалари киритадиганлар ҳам, афсуски, аёллардир. Миллий қонунчилигимизга ажримни мураккаблаштириши лозим бўлган ўзгартиришлар киритиш вақти келгандир, балки. Мисол учун, ажримдан кейин уй-жой, болалар таъминоти, мол-мулкни тақсимлаш ва ҳоказо масалаларда томонларнинг масъулиятини ошириш борасида янгича қонун нормалари амалиётга татбиқ этилиши зарур.

Юқоридаги вазиятда оилани сақлаб қолишнинг имкони бўлмаса, яна бир жуфтлик борасида мулоҳаза қилайлик.

Ёш эр-хотинлар. Турмуш қурганига бор-йўғи 2 йил бўлган, битта фарзанди бор. Аёл шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушган. Табиийки, қишлоқда шаҳардагидек шароит қилиш қийин, агар молиявий етишмовчилик бўлса. Ажримнинг сабаби шу. Хиёнат йўқ, зўравонлик йўқ ва бошқа сабаблар ҳам мавжуд эмас. Куёв ёлғиз ўғил, ота-онани ташлаб шаҳарга кетмайди, келин қишлоқда яшашни истамайди. Шугина…

Мақолада тақдири муҳокама этилган аёллар учун ажрашиш нафақат оиладан айрилиш, балки жамият билан юзма-юз қолиш ҳам бўлган. Уларнинг айтишича, энг оғири молиявий қийинчиликдан ҳам кўра, атрофдагиларнинг муносабати. Нима ҳам дердик, бу — менталитет. Тан олиш керак, жамиятимизда ажрашган аёлларга ҳар доим паст назар билан қаралган, камситилган. Психологларнинг таъкидлашича, “ажрашган” деган тамға инсоннинг ўз-ўзига бўлган ишончини ҳам синдиради. Аммо касб ўрганиш, иш бошлаш ва қўллаб-қувватловчи муҳит уни ҳаётга қайта олиб киради, жонлантиради.

Бу таҳлиллар нимани англатади — мутасадди ташкилотлар томонидан тўғри ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилса, ажрим аёлни синдирмайди, аксинча, уни янада кучли қилиши ҳам мумкин!

Жамият учун оқибатлар…

Демак, бу муаммо фақат икки инсон муносабатининг тугаши эмас. Бу жамият учун ҳам йўқотиш. Руҳан етим қолган бола, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл, масъулиятдан қочишга мойил шахслар — буларнинг барчаси ижтимоий барқарорликка таъсир қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, аёлни айблаш ёки унга нисбатан салбий муносабатни кучайтириш муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, қўллаб-қувватлаш, имконият яратиш ва ҳимоя қилиш орқали ЖАМИЯТ ўзини ҳимоя қилади.

Демак, ажримларни фақат шахсий қарор сифатида баҳолаш тўғри эмас. Бу — жамиятдаги маънавий, иқтисодий ва ҳуқуқий муҳитнинг кўзгуси. Муаммони бартараф этиш учун эрта профилактика, оилага тайёргарлик, психологик хизматлар ва ажримдан кейинги қўллаб-қувватлаш тизими мустаҳкам бўлиши шарт. Чунки аёлни тиклаш — бир инсонни эмас, бутун жамият келажагини асраш дегани.

Демак, муаммони ҳал этиш фақат Оила ва хотин-қизлар бошқармалари, суд ёки турли расмий идоралар зиммасига юкланмаслиги керак. Оилавий тарбия, психологик маданият ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими мунтазам кучайтирилиб борилмаса, рақамлар ҳам ортишда давом этаверади.

Зеро, бир оила бузилса, бутун борлиқ ларзага келади…

Нима дедингиз?

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 12 =