Ёзёвон Янги Ўзбекистоннинг обод гўшасига айланмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил 27-28 апрель кунлари Фарғона вилоятига қилган сафари давомида Қўқон шаҳридаги Янги Ўзбекистон массивидаги бунёдкорлик ишлари, Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси, Қувасой шаҳридаги саноат корхоналари, Қува туманидаги Каркидон сув омбори атрофидаги барпо қилинган дам олиш масканлари, қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат ҳосил қилиш бўйича лойиҳалар фаолияти билан танишди. Айниқса, “Нефтчи” жамоаси аъзолари, футбол академияси тарбияланувчилари билан учрашуви тарихий бўлди.

Президентимиз вилоят фаоллари билан бўлган учрашувида Ёзёвон туманига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, туманнинг саноат, экспорт ва сервис, қишлоқ хўжалигида паст ўринларда эканлигини таъкидлаб, бу йил туманга тадбиркорлик инфратузилмаси учун бюджетдан 30 миллиард сўм берилаётгани, биринчи чоракда туманда яна 5,5 миллиард сўм қўшимча маблағ қолганини алоҳида таъкидлади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ёзёвондаги ўзгаришлар ва имкониятлар сунъий интеллект ёрдамида ўрганилганда, водий марказида жойлашган, хомашё ресурси чекланган мазкур туманда асосий эътиборни логистикага қаратиш кераклиги маълум бўлди.

А-373 магистраль йўлининг Ёзёвондан ўтган 35 километр қисмидан кунига 30 минг транспорт қатнайди. Туманда логистика марказлари ва йирик омборлар кўпайса, йўл бўйида меҳмонхона, ёқилғи шохобчаси ва овқатланиш жойларига талаб икки карра ошади.

Йиғилишда сўзга чиққан Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Джалиловга логистикани Ёзёвоннинг “драйвер”ига айлантириш орқали сервис, саноат ва қишлоқ хўжалигини ҳам ривожлантириш, туман иқтисодиётидаги айланмани яна 1 триллион сўмга ошириш вазифаси топширилди.

Президент топшириғи бўйича туманда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, А-373 халқаро йўли бўйида 24,7 гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш, сервис хизмат кўрсатиш бўйича кичик саноат зонаси ташкил этилди. Айни пайтда мазкур саноат зонасига хитойлик инвесторларни жалб қилган ҳолда балиқ ва чорва еми ишлаб чиқарувчи корхона, кабель, металлни қайта ишлаш, электробус машиналар заводлари қурилиши бошлаб юборилган.

Бу корхоналарнинг барчаси йил охиригача ишга туширилади ва камида мингта янги иш ўрни яратилади. Бу янги иш ўринлари ва бошқа ресурслар ҳисобига Ёзёвон туманини камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш режалаштирилмоқда.

Президентимиз томонидан Фарғона, Ёзёвон, Қува ва Ўзбекистон туманларида 7 минг 400 гектар пахта-ғалла майдонини қисқартириш таклифи қўллаб-қувватлангани катта имкониятлар эшигини очиб беряпти.

Шундан бу йил Ёзёвонда 1 минг 800 гектарда истеъмол ва уруғлик учун чўл шароитига мос юқори ҳосилли шоли плантацияларини барпо этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ёзёвонда шоличилик мактабини ишга тушириб, синов тарзида 100 гектар кўлнинг сув юзасида кассетали усулда органик шоли етиштиришни бошлаш топширилди.

Президентимизнинг бу топшириқлари бўйича ҳам кенг қамровли ишлар бошлаб юборилган.

Ёзёвон туманининг ташкил топганига 75 йил бўляпти. 70 йил туманда икки қаватдан юқори уй қурилмаган. Мана, бугун ёзёвонликлар шаҳарлардагидек 5-7 қаватли, замонавий уйларда яшашяпти.

Гўзал Фарғона вилоятининг эртаси янада ёруғ, нурли бўлажак. Шунингдек, Ёзёвонга ҳам Президентимизнинг эътибори тушди. Зеро, туманга бугунгидай эътибор ҳеч қачон бўлмаганини улуғ ёшли нуронийларимиз ҳам эътироф этишмоқда. Каминанинг кўп йиллик (37 йил) журналистик фаолиятим ана шу  туман газетасида ўтяпти. Бир пайтлар “чўл райони” дея аталган Ёзёвон бунёдкорлик, саноатлаштириш бўйича шаҳарлардан қолмайдиган, озод ва обод, Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманга айланмоқда.

Бундай эътибордан ёзёвонликларнинг ҳам қувончи чексиз. Ахир Юртбошимизнинг ғамхўрлиги, юксак эътибори туфайли Ёзёвон Янги Ўзбекистоннинг энг илғор, энг обод гўшасига айланиб бормоқда.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + seventeen =