Рақамли келажак

Сунъий интеллект нафақат АТ-компаниялар ёки замонавий стартапларнинг, балки оғир саноатнинг ҳам ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири айнан Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК)да ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Инновациялар амалда: ОКМК фаолиятида сунъий интеллект имкониятлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ мутахассислари корхонада рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш борасида эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мазкур йўналишдаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 март куни ОКМКга ташрифи давомида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида янги босқичга кўтарилди. Шу асосда комбинат таркибида Сунъий интеллектни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими ташкил этилди, шунингдек, корхона халқаро “AI Alliance” ташкилотига аъзо бўлди.

Бугунги кунда комбинатда фойдали қазилмаларни қазиб олишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларга рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимлари изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, 80 йиллик геологик ва маркшейдерлик маълумотлари рақамлаштирилиб, конларнинг уч ўлчамли модели яратилди ҳамда захиралар қайта баҳоланди. Бу эса қазиб олиш ишларини аниқ режалаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини берди. “Қалмоққир” ва “Ёшлик-I” конларида руда ҳажмини назорат қилиш, ҳайдовчиларнинг чарчоқ ҳолатини аниқлаш ҳамда меҳнат хавфсизлигини таъминловчи интеллектуал тизимлар ишга туширилди.

Анжуманда қайд этилганидек, комбинат мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган дастурлар бугунги кунда технологик жараёнларда муваффақиятли қўлланилмоқда. Интеллектуал диагностика тизимлари транспорт ва технологик ускуналарнинг ҳолатини таҳлил қилиб, эҳтимолий носозликларни олдиндан прогноз қилади. Шунингдек, лаборатория жараёнларини рақамлаштириш, техника ва агрегатлар бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш ҳамда мой, шина ва бошқа ресурсларни маълумотлар асосида бошқариш тизими йўлга қўйилган.

Рақамлаштириш корпоратив бошқарув тизимида ҳам ўз аксини топган. Ходимлар ҳисоби ва иш ҳақини ҳисоблаш жараёнлари “1С: ЗУП” платформаси орқали тўлиқ автоматлаштирилган. Ички ҳужжатлар бўйича тезкор маълумот берувчи корпоратив “AI”-ёрдамчи фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, номзодларнинг “резюме”ларини автоматик таҳлил қилиб, саралаш имконини берувчи интеллектуал “HR”-тизими ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Корхонада яратилган “виртуал завод” технологияси ҳам рақамли трансформациянинг муҳим намуналаридан биридир. Бугунги кунда 1-, 2-, 3-мис бойитиш фабрикалари ҳамда мис эритиш заводидаги барча технологик жараёнларни ситуацион марказ экранлари орқали реал вақт режимида кузатиш мумкин. Мазкур тизим ускуналардаги носозликларни тезкор аниқлаш, ишлаб чиқаришдаги тўхталишларнинг олдини олиш ва технологик жараёнларни самарали бошқаришга хизмат қилмоқда.

Маълум қилинишича, айни пайтда комбинатда 30 га яқин сунъий интеллект лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, геологик маълумотларни таҳлил қилиш асосида бурғилаш ва портлатиш ишларини оптималлаштириш, портловчи материаллар сарфини камайтириш, темир йўл инфратузилмасидаги носозликларни автоматик аниқлаш ва аварияларни олдиндан тахмин қилиш, шунингдек, бойитиш фабрикаларида “Машинавий кўриш” (“Flotation AI”) технологияси ёрдамида реагентлар сарфини автоматик бошқариш каби инновацион ечимлар ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоқда.

Тадбирда “Олмалиқ КМК” АЖ Инвестицион таклифлар ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлаш бўйича лойиҳа офиси етакчи муҳандиси Малика Тураханова, 3-мис бойитиш фабрикаси директорининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Одил Файзуллаев ҳамда бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — Ахборот хизмати бошлиғи Умида Қаршибоева амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг самарадорлиги ва истиқболдаги вазифалар юзасидан батафсил маълумот бердилар ҳамда ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтардилар.

Шунингдек, комбинат томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган 16 та рақамли тизим учун Адлия вазирлигининг муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномалари олингани маълум қилинди. Бу эса корхонада яратилаётган инновацион ишланмалар нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга, балки миллий интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилаётганини кўрсатади.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, келгусида ОКМКнинг ягона рақамли экотизимини шакллантириш ҳамда сунъий интеллектни бошқарув ва ишлаб чиқаришнинг барча босқичларига кенг жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. Бугун сунъий интеллект ОКМК фаолиятида шунчаки истиқбол режаси эмас, балки ишлаб чиқариш самарадорлиги, хавфсизлик ва бошқарув сифатини ошираётган амалий воситага айланган.

Фарангиз АБРУЕВА,

“Hurriyat” мухбири.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − one =