Ахборот жангида

Медиасаводхонлик ва фактчекингнинг замонавий жамиятдаги ўрни

Бир неча сония… Бугунги кунда биргина шу вақтнинг ўзи миллионлаб ахборотларнинг дунё бўйлаб тарқалиши учун етарлидир. Эрталаб уйғонганимиздан бошлаб телефон экранидаги ўнлаб хабарлар, видеолар, суратлар ва овозли хабарлар бизни қарши олади. Кимдир улашади, кимдир изоҳ қолдиради, яна кимдир эса ўқиб ҳам ўтирмай, бошқаларга юборади. Ахборот ҳеч қачон бугунгидек тез тарқалмаган. Аммо бир савол туғилади: биз истеъмол қилаётган ахборотнинг қанчаси ҳақиқат?

Сўнгги йилларда “fake news” (ёлғон хабарлар), “дезинформация”, “дипфейк”, “манипулятив контент” каби тушунчалар ҳаётимизнинг одатий қисмига айланди. Бир вақтлар ёлғон хабарни тарқатиш учун катта маблағ ёки махсус имкониятлар керак бўлган бўлса, бугун оддий смартфон ва сунъий интеллект воситалари ёрдамида бир неча дақиқада миллионлаб инсонларни чалғитадиган материал тайёрлаш мумкин. Энг хавфлиси эса ёлғон ахборотнинг ўзи эмас, балки одамларнинг уни ҳақиқат деб қабул қилишидир. Шу сабабли бугунги дунёда инсоннинг энг муҳим компетенцияларидан бири медиасаводхонлик ҳисобланади.

Кўпчилик медиасаводхонликни интернетдан фойдаланишни билиш ёки ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш билан боғлайди. Аслида эса бу анча кенг тушунчадир. Медиасаводхонлик — ахборотни танқидий баҳолаш, унинг манбасини аниқлаш, манипуляцияни англаш ҳамда ҳиссиётга берилмай, далиллар асосида хулоса чиқариш маданиятидир. Бу кўникма нафақат журналист, балки ўқитувчи, шифокор, тадбиркор, талаба, ота-она ва умуман, ҳар бир фуқаро учун зарур. Бугун урушлар фақат қурол билан олиб борилмаяпти. Ахборот ҳам таъсир ўтказишнинг энг кучли воситаларидан бирига айланди.

Битта ёлғон хабар одамлар орасида ваҳима уйғотиши, жамиятда ишончсизликни кучайтириши ёки муайян қарорларга таъсир қилиши мумкин.

Шунинг учун ахборот хавфсизлиги эндиликда фақат давлат чегараларини қўриқлаш билангина эмас, балки фуқароларнинг ахборотни тўғри қабул қилиш маданияти билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

Ҳақиқатнинг энг яқин ҳамроҳи — фактчекинг

Медиасаводхонлик инсоннинг шахсий кўникмаси бўлса, фактчекинг унинг амалий механизмидир. Фактчекинг — бу фактларни текшириш, маълумотларни бир неча ишончли манба орқали тасдиқлаш, фото ва видеоларнинг асл манбасини аниқлаш ҳамда статистик маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш жараёнидир. Журналистиканинг олтин қоидаси шундай: “Биринчи бўлиш муҳим, аммо тўғри бўлиш ундан ҳам муҳим”. Афсуски, бугунги рақамли маконда тезкорлик кўпинча аниқликдан устун келмоқда. Ким биринчи бўлиб улашса, ўша кўпроқ аудитория йиғади. Натижада текширилмаган хабарлар сони ортиб бормоқда.

Сунъий интеллект ривожланаётган бугунги даврда эса вазият янада мураккаблашмоқда. Дипфейк технологиялари орқали мавжуд бўлмаган видеолар яратилмоқда, машҳур шахсларнинг овози нусхаланмоқда, сунъий суратлар ҳақиқий воқеа сифатида тарқатилмоқда. Энди оддий кўз билан ҳақиқатни ёлғондан ажратиш тобора қийинлашмоқда. Шундай шароитда фактчекинг шунчаки журналистик усул эмас, балки жамиятнинг ахборот иммунитетига айланмоқда. Аммо кўпчилик буни мураккаб, фақат журналистлар ёки мутахассислар бажарадиган жараён деб ўйлайди. Аслида эса унинг энг оддий усулларини ҳар бир интернет фойдаланувчиси бир неча дақиқа ичида қўллаши мумкин.

Масалан, Телеграмда “Эртадан барча мактаблар бир ҳафтага ёпилади” деган хабар келди. Уни дарҳол яқинларингизга юборишдан олдин ўзингизга учта оддий савол беринг.

Биринчидан, бу хабарни ким тарқатган? Муаллифи ёки расмий манбаси борми? Агар хабар “бир танишим айтди”, “ишончли манба” ёки “тезда тарқатинг” деган жумлалар билан бошланса, бу шубҳаланиш учун етарли асосдир.

Иккинчидан, шу хабар бошқа ишончли манбаларда ҳам борми? Расмий давлат идоралари, нуфузли оммавий ахборот воситалари ёки ташкилотларнинг саҳифаларида бу ҳақда маълумот берилганми? Агар муҳим воқеа фақат битта номаълум каналда учраса, унинг ростлигига шубҳа билан қараш керак.

Учинчидан, хабардаги фото ёки видео айнан шу воқеага тегишлими? Кўпинча эски ёки бошқа давлатда олинган суратлар янги воқеа сифатида тарқатилади.

Бундай ҳолатларни аниқлаш учун “Google Images” ёки “Google Lens” орқали тескари расм қидирувидан (“reverse image search”) фойдаланиш мумкин. Биргина қидирув баъзан суратнинг аслида бир неча йил олдин ёки бутунлай бошқа мамлакатда олинганини кўрсатиб беради. Агар видеога шубҳа туғилса, унинг айрим кадрларини сақлаб, тескари қидирув орқали текшириш ёки видеода кўринаётган бино, автомобиль рақами, йўл белгиси, об-ҳаво каби тафсилотларга эътибор бериш ҳам кўп нарсани ойдинлаштиради.

Бугунги кунда фактларни текширишда ёрдам берадиган кўплаб очиқ манбалар мавжуд. Масалан, “Google Fact Check Explorer” дунёнинг турли мамлакатларида текширилган даъволарни қидириш имконини беради. “Google Lens” ва “Google Images” суратларнинг асл манбасини топишда қўл келади. Халқаро миқёсда “Snopes”, “PolitiFact” ва “AFP Fact Check” каби платформалар кенг тарқалган ёлғон хабарларни мунтазам таҳлил қилиб боради. Ўзбекистонда ҳам айрим ОАВ ва мустақил медиа лойиҳалари муҳим даъволарни текшириб, жамоатчиликка тақдим этмоқда. Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, ёлғон хабарни текшириш учун кўпинча беш дақиқа кифоя қилади. Аммо текширилмаган хабарни улашиш оқибатларини бартараф этиш учун баъзан кунлар, ҳафталар, ҳатто ойлар керак бўлади.

Шунинг учун фактчекинг мураккаб технология эмас, балки оддий одатга айланиши лозим. Худди йўлни кесиб ўтишдан олдин чап ва ўнг томонга қараганимиз каби, ахборотни ҳам улашишдан олдин унинг манбасига, санасига ва ишончлилигига назар ташлаш кундалик маданиятимизнинг ажралмас қисмига айланиши керак. Чунки бугунги рақамли дунёда ҳар биримиз нафақат ахборот истеъмолчиси, балки унинг тарқатувчиси ҳамдирмиз. Демак, ҳар бир босилган “Улашиш” тугмаси ортида ҳам масъулият, ҳам жавобгарлик ётади.

Медиасаводхонлик — бугуннинг эмас, эртанинг ҳам эҳтиёжи

Кўпинча медиасаводхонлик ҳақида фақат журналистлар ёки блогерлар учун зарур кўникма сифатида гапирилади. Аслида эса бу масала ҳар бир оила, мактаб, олий таълим муассасаси ва ташкилотга дахлдордир. Фарзандларимизнинг интернет орқали олаётган ахборот ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аммо уларнинг барчаси ҳам ишончли эмас. Агар ёшлар ахборотни танқидий таҳлил қилишни ўрганмаса, улар манипуляция, ёлғон тарғибот ёки фирибгарлик қурбонига айланиши мумкин. Шу боис медиасаводхонликни фақат назарий фан сифатида эмас, балки ҳаётий кўникма сифатида шакллантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки медиасаводхонлик етишмайдиган жамиятда ёлғон ахборот шунчаки нотўғри тушунча эмас, балки реал иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто сиёсий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Сўнгги йилларда дунё бунга бир неча бор гувоҳ бўлди. Пандемия даврида ижтимоий тармоқларда тарқалган “мўъжизавий даволаш усуллари”, асоссиз тиббий тавсиялар ва фитна назариялари сабабли айрим одамлар шифокор тавсияларини рад этди, хавфли усулларни синаб кўрди ёки эмланишдан бош тортди. Натижада ёлғон ахборот соғлиқни сақлаш тизими учун қўшимча муаммоларни юзага келтирди. Ҳатто бу ҳолатни айрим халқаро ташкилотлар “инфодемия”, яъни ахборот эпидемияси деб атай бошлади.

Ёки табиий офатлар вақтида тарқаладиган ёлғон хабарларни олайлик. Зилзила, сув тошқини ёки бошқа фавқулодда вазиятлар юз берганида “яна кучли зилзила бўлармиш”, “фалон ҳудуд тўлиқ вайрон бўлибди”, “ҳукумат буни яширяпти” каби асоссиз хабарлар одамлар орасида ваҳимани янада кучайтиради. Фавқулодда вазиятнинг ўзидан ҳам кўра, нотўғри ахборот оқибатида юзага келган саросима қутқарув ишларини мураккаблаштириб юбориши мумкин.

Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда асоссиз хабарлар тарқалиб туради. Айрим ҳолларда банк тизими, валюта курси, таълим тизимидаги ўзгаришлар ёки давлат идоралари фаолиятига оид тасдиқланмаган маълумотлар одамлар орасида турли миш-мишларни келтириб чиқарган. Кейинчалик расмий идоралар бу хабарларни рад этган бўлса-да, улар қисқа вақт ичида минглаб фойдаланувчиларга етиб улгурган бўлади.

Алоҳида хавотир уйғотадиган жиҳатлардан бири — фирибгарликнинг янги кўринишларидир. Бугун сунъий интеллект ёрдамида яқин инсоннинг овозига тақлид қилиш, сохта видеоқўнғироқлар ташкил этиш ёки давлат ташкилоти номидан қалбаки хабарлар юбориш имконияти пайдо бўлди. Медиасаводхонлик ва танқидий фикрлаш кўникмасига эга бўлмаган одам бундай фирибгарликни вақтида англамаслиги мумкин. Ёлғон ахборотнинг хавфи фақат сиёсий ёки глобал воқеалар билангина чекланмайди, у кундалик ҳаётимизга ҳам тобора чуқур кириб бормоқда. Бунинг энг оддий мисолларини бугун “Youtube” ва бошқа ижтимоий тармоқларда кўриш мумкин.

Деярли ҳар куни “Бола пули ҳаммага берилади!”, “Пенсиялар икки баравар оширилади!”, “Давлат ҳар бир фуқарога фалон миқдорда пул ажратмоқда!”, “Электр ва газ бепул бўлади!”, “Эртадан янги қонун кучга киради!” каби баландпарвоз сарлавҳали видеолар пайдо бўлади. Кўпинча видеонинг сарлавҳаси билан мазмуни бир-бирига мос келмайди. Айрим ҳолларда эса унда эски қарорлар, нотўғри талқин қилинган ҳужжатлар ёки умуман тасдиқланмаган тахминлар факт сифатида тақдим этилади. Бундай контентнинг асосий мақсади одамларни хабардор қилиш эмас, балки уларнинг эътиборини тортишдир. Чунки ижтимоий тармоқларда кўришлар сони, обуначилар ва реклама даромадлари муҳим ўрин тутади. Натижада айрим контент яратувчилар ҳақиқатдан кўра шов-шувни устун қўядилар.

Энг ачинарлиси шундаки, бундай видеоларнинг асосий аудиторияси кўпинча ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари — нафақахўрлар, кўп болали оилалар, ишсиз фуқаролар ёки давлат томонидан бериладиган имтиёзларни кутаётган одамлардир. Улар янги ёрдам ёки нафақа ҳақидаги хабарни умид билан очадилар. Аммо аксарият ҳолларда видеони охиригача томоша қилгач ҳам, сарлавҳада ваъда қилинган янгилик мавжуд эмаслиги маълум бўлади. Бу нафақат одамларнинг вақтини ўғирлайди, балки давлат органларига нисбатан асоссиз эътирозлар, тушунмовчиликлар ва ишончсизликни ҳам кучайтириши мумкин. Масалан, “ҳамма бола пули оларкан” деган нотўғри хабарни кўрган фуқаро тегишли ташкилотга мурожаат қилади, рад жавобини олгач эса муаммони тизимдан кўради. Ваҳоланки, муаммо нотўғри ахборотдан бошланган бўлади.

Ёлғон ахборот яратувчилари одамларнинг айнан қайси мавзуларга бефарқ эмаслигини яхши билишади. Ижтимоий нафақалар, кредитлар, субсидиялар, иш ҳақи, пенсия, солиқ, валюта курси, имтиёзлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар доимо кўпчиликни қизиқтиради. Шунинг учун манипуляция ҳам кўпинча айнан шу мавзулар орқали амалга оширилади. Шу боис бундай хабарларни кўрганимизда уларни дарҳол ҳақиқат сифатида қабул қилиш эмас, балки расмий манбалардан текшириш одатга айланиши керак. Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари, вазирлик ва идораларнинг расмий саҳифалари ёки ишончли оммавий ахборот воситаларида тасдиқланмаган маълумотга эҳтиёткорлик билан ёндашиш медиасаводхон фуқаронинг энг муҳим белгиларидан биридир. Ахборот маконида ҳар бир шов-шувли сарлавҳа ортида ҳақиқат бўлавермайди. Баъзан у шунчаки кўпроқ кўришлар, кўпроқ изоҳлар ва кўпроқ даромад олиш учун қўйилган тузоқ бўлиши мумкин.

Биргина “Forward”нинг нархи

2019-2020 йиллардаги пандемия даврини эсланг. Телеграм гуруҳларида “фалон маҳсулот “COVID”ни даволайди”, “эртадан бутун шаҳар ёпилади”, “банклар ишламайди”, “картадаги пулларни нақд қилиб олинг” каби хабарлар сон-саноқсиз тарқалди. Кўпчилик бу хабарларни текширмасдан яқинларига юборди. Натижада дорихоналар олдида узун навбатлар пайдо бўлди, айрим маҳсулотлар сунъий равишда танқис бўлди, одамлар ваҳимага тушди. Ўшанда муаммо фақат вирус эмас эди, муаммо текширилмаган ахборот ҳам эди. Ёки бугунги кунда ҳам таниш ҳолат: бирор машҳур инсоннинг “вафот этди” деган хабари тарқалади. Орадан ярим соат ўтиб, унинг ўзи видео чиқариб, соғ-омон эканини айтади. Аммо шу ярим соат ичида минглаб одамлар ёлғон хабарни улашишга улгурган бўлади. Ёлғон ахборотнинг энг катта қуроли — унинг тезлигидир. Ҳақиқат эса, одатда, текширувни кутади.

Кўпчилигимиз хабарни улашаётган пайтда: “Барибир фойдаси тегиб қолар”, “Мен шунчаки юбордим”, “Рост ёки ёлғонлигини билмайман, ўзингиз текшириб кўринг”, дея ўзимизни оқлаймиз. Аслида эса айнан мана шу бепарволик дезинформация занжирининг энг муҳим бўғинига айланади. Тасаввур қилинг, сиз бирор хабарни ўн кишига юбордингиз. Уларнинг ҳар бири яна ўн кишига жўнатса, бир неча дақиқа ичида бу хабар юзлаб, кейин минглаб одамларга етиб боради. Ахборотнинг интернетдаги тезлиги геометрик прогрессия каби ишлайди. Шунинг учун ёлғон хабарни тўхтатиш уни тарқатишдан кўра анча қийин.

Медиа тадқиқотчилари ҳам айнан шуни таъкидлашади: инсонлар кўпинча ёлғон хабарни атайлаб эмас, аксинча, бошқаларга ёрдам бермоқчи бўлгани учун тарқатишади. Кимдир яқинларини огоҳлантиришни истайди, кимдир “фойдали маслаҳат” улашаётганига ишонади, яна кимдир шов-шувли янгиликни биринчи бўлиб етказишни хоҳлайди. Аммо яхши ният ҳар доим ҳам яхши натижа бермайди. Бунинг оқибатлари эса баъзан жиддий бўлиши мумкин. Текширилмаган тиббий тавсиялар одамларнинг соғлиғига зарар етказиши, сохта молиявий хабарлар фирибгарлик қурбонлари сонини ошириши, асоссиз ваҳимали хабарлар эса жамиятда ишончсизлик ва саросимани кучайтириши мумкин. Айрим ҳолларда эса битта ёлғон хабар инсоннинг обрўсига путур етказади ёки унинг шахсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда ахборот тарқатиш фақат журналистларнинг ваколати эмас. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида ҳам ўқувчи, ҳам муаллиф, ҳам ношир вазифасини бажаради. Демак, ҳар биримизнинг қўлимиздаги “Улашиш” тугмаси оддий техник функция эмас — у ахборот учун жавобгарлик тугмасидир. Шунинг учун хабарни улашишдан олдин бир неча сония тўхташ, унинг манбасини текшириш ва ўзимизга: “Агар бу ёлғон бўлса-чи?” деган саволни бериш бугунги медиасаводхонликнинг энг оддий, аммо энг муҳим қоидаларидан биридир. Баъзан биргина юборилмаган хабар юзлаб одамлар чалғишининг олдини олиши мумкин. Чунки ёлғон ахборот тарқалиши учун уни яратган битта одамнинг ўзи етарли эмас, уни текширмасдан улашадиган юзлаб, минглаб фойдаланувчилар ҳам керак бўлади.

Кўрганимизнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат эмас

Бир неча йил олдин сурат ёки видеони энг ишончли далиллардан бири деб қабул қилиш мумкин эди. “Кўзим билан кўрдим” деган ибора кўпинча баҳсга нуқта қўярди. Чунки тасвир ёлғон гапирмайди, деган қараш кенг тарқалган эди. Бугун эса бу тасаввур ўзгариб бормоқда. Сунъий интеллект бир неча сония ичида мавжуд бўлмаган инсонни яратиши, машҳур шахснинг юзини бошқа видеога жойлаштириши, ҳеч қачон айтилмаган гапни унинг овозида айттириши ёки тарихда содир бўлмаган воқеани гўёки реал лавҳа сифатида намойиш қилиши мумкин. Бундай технологиялар “дипфейк” деб аталади ва улар тобора мукаммаллашиб бормоқда.

Тасаввур қилинг, эрталаб телефонингизга яқин инсонингиз ҳалокатга учрагани ҳақидаги видео келади. Кадрлар ишонарли, овозлар табиий, юзлар аниқ. Юрагингиз орқага тортади. Аммо бир неча дақиқадан сўнг маълум бўладики, бу видео монтаж ёки сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта тасвир экан. Ёки ижтимоий тармоқларда машҳур санъаткор ёки давлат арбоби кескин баёнот бергани акс этган видео тарқалади. Минглаб одамлар уни муҳокама қилади, баҳам кўради, хулоса чиқаради. Орадан вақт ўтиб эса мутахассислар бу видео сунъий интеллект ёрдамида яратилганини аниқлашади. Аммо шу пайтгача у жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга улгурган бўлади.

Технология тараққиёти ҳаётни осонлаштиргани каби, ахборот хавфсизлиги олдига ҳам янги синовларни қўймоқда. Энди шунчаки “кўрдим” ёки “эшитдим” дегани маълумотнинг ростлигини англатмайди. Ҳар бир тасвир, ҳар бир видео ва ҳар бир аудиоёзув ортида унинг қачон, қаерда, ким томонидан ва қандай воситалар ёрдамида яратилгани ҳақидаги саволлар туриши керак.

Медиа экспертларининг таъкидлашича, келажакда энг катта муаммо ахборот етишмаслиги эмас, балки ҳақиқатни сунъий яратилган тасвирлардан ажрата олиш бўлади. Шу сабабли бугунги медиасаводхонлик энди фақат матнни таҳлил қилиш билан чекланмайди. У фото ва видеоларни текшириш, уларнинг асл манбасини излаш, метамаълумотларни ўрганиш, тескари расм қидируви каби кўникмаларни ҳам ўз ичига олади. Шу ўринда ўзимизга бир савол беришимиз керак: агар кўзимизни ҳам алдаш мумкин бўлса, унда ҳақиқатни қандай топамиз? Жавоб битта — шошилмаслик, текшириш ва биргина манбага таянмаслик. Чунки рақамли асрда ҳақиқат энди кўриниши билан эмас, ишончли далиллар ва мустақил манбалар билан исботланади. Энди “Кўрдим, демак, рост” деган қараш ўрнини “Текширдим, демак, ишонаман” деган тамойил эгаллаши керак. Ахборот маконида айнан мана шу тамойил ҳар бир фуқаронинг энг ишончли ҳимоясига айланади.

Нега биз ёлғон хабарга ишонамиз?

Психологлар бунинг сабабини оддий тушунтиришади: инсон аввало ҳиссиёт билан қарор қилади, кейин эса уни мантиқ билан оқлашга ҳаракат қилади. Шунинг учун қўрқув, ғазаб ёки ҳайрат уйғотадиган хабарлар тезроқ тарқалади. Чунки одамлар аввал “Улашиш” тугмасини босадилар, кейин эса “Бу ростми?” деган саволни берадилар. Аслида эса бунинг акси бўлиши керак. Психологияда бу ҳолат ҳиссиётларнинг танқидий фикрлашдан устун келиши билан изоҳланади. Инсон кучли эмоционал таъсир остида қолганида миянинг тезкор қарор қабул қилувчи қисми фаолроқ ишлайди, далилларни синчиклаб таҳлил қилиш эса иккинчи планга ўтади. Шу сабабли ваҳимали ёки сенсацион хабарлар одамни бир зумда ҳаракат қилишга ундайди.

Масалан, “Бугундан бошлаб барча банк карталари блокланади!”, “Машҳур санъаткор вафот этди!”, “Фалон маҳсулот саратонни даволайди!” каби сарлавҳалар одамни дарҳол эътибор қаратишга мажбур қилади. Бундай хабарни кўрган инсон аввало ўзини ва яқинларини ўйлайди, уларга фойдаси тегишини истаб, хабарни улашади. Афсуски, айнан шу яхши ният баъзан ёлғон ахборотнинг энг катта ташувчисига айланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, одамлар ўзининг аввалдан шаклланган қарашларига мос келадиган ахборотга осонроқ ишонишади. Агар хабар инсоннинг дунёқараши, сиёсий қараши ёки кундалик тажрибаси билан уйғун бўлса, у буни камроқ шубҳа остига олади. Аксинча, мавжуд тасаввурларига зид келадиган маълумотни эса кўпроқ рад этишга мойил бўлади. Шу сабабли бир хил хабар турли аудиториялар томонидан мутлақо бошқача қабул қилиниши мумкин.

Медиа экспертлари эса яна бир муҳим омилга эътибор қаратишади: такрорланиш. Бир ёлғон хабар турли саҳифаларда, турли каналларда ва турли одамлар томонидан қайта-қайта улашилса, у кўпчиликка ишончли кўрина бошлайди. Гўёки “ҳамма айтаётган бўлса, демак ростдир” деган тасаввур шаклланади. Ваҳоланки, ахборотнинг кўп такрорланиши умуман унинг ҳаққонийлигини эмас, фақатгина оммалашганини билдиради. Буни кундалик ҳаётимизда ҳам кўп кузатамиз. Телеграм гуруҳларида “тезда тарқатинг”, “ҳамма билсин”, “ўчириб юборишдан олдин улашинг” деган жумлалар билан бошланувчи хабарлар тез-тез учрайди. Бу иборалар шунчаки матн эмас — улар инсоннинг ҳиссиётига таъсир қилиш, уни шошилтириш ва текширишга вақт қолдирмаслик учун қўлланадиган психологик усуллардир.

Шу боис медиасаводхонлик фақат ахборотни ўқишни эмас, балки ўз ҳиссиётларини ҳам бошқаришни ўргатади. Ҳар қандай шов-шувли хабар олдида бир неча сония тўхтаб, “Бу маълумотнинг манбаси ким?”, “Бошқа ишончли манбалар ҳам буни тасдиқлаяптими?”, “Мен бу хабарни нега ишончли деб қабул қилдим?” деган саволларни бериш — бугунги ахборот маконида энг муҳим кўникмалардан биридир. Зеро, ёлғон хабарлар кўпинча ақлни эмас, ҳиссиётларни нишонга олади. Ҳақиқат эса шошилмайди — у текширувни талаб қилади.

Ахборот гигиенаси —  соғлом тафаккурнинг асоси

Биз ҳар куни қўлимизни ювамиз, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотни истеъмол қилмаймиз, сифатсиз овқатдан эҳтиёт бўламиз. Чунки соғлиғимизни асрашни биламиз. Аммо нега ахборот истеъмолида бунчалик бепарвомиз? Рақамли даврда ахборот ҳам озиқ-овқат кабидир. Сифатли ахборот тафаккурни бойитади, дунёқарашни кенгайтиради, тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради. Сифатсиз, текширилмаган ва манипулятив ахборот эса онгни заҳарлайди, инсонни чалғитади, қўрқув ва ишончсизликни кучайтиради. Демак, бугун нафақат жисмоний, балки ахборот гигиенаси ҳам ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши зарур.

Ахборот гигиенаси — бу қайси манбани ўқишни танлаш, шов-шувли сарлавҳаларга дарҳол ишонмаслик, бирор хабарни улашишдан аввал унинг манбаси ва ҳаққонийлигини текшириш маданиятидир. Чунки ҳар қандай ахборотни истеъмол қилиш ҳам, уни бошқаларга етказиш ҳам масъулият талаб қилади. Бугунги кунда яна бир ачинарли ҳолатни кузатиш мумкин. Фарзандига: “Интернетда эҳтиёт бўл, ҳар нарсага ишонаверма”, деб насиҳат қилаётган айрим ота-оналарнинг ўзи “Телеграм” ёки бошқа ижтимоий тармоқларда учраган ҳар қандай хабарни текширмасдан бошқаларга юбормоқда. Бола эса ота-онанинг гапидан кўра, унинг амалий хатти-ҳаракатидан кўпроқ ўрнак олади.

Шу боис медиасаводхонликни фақат ёшлар ёки мактаб ўқувчиларига ўргатиш билан чекланиб бўлмайди. Бу маданият оиладан бошланиши керак. Фарзанд ёлғон ахборотни ажрата олиши учун, аввало, ота-она ҳам ахборотга танқидий ёндашишни ўрганиши лозим. Зеро, бугунги кунда фарзандларга қолдирадиган энг катта меросларимиздан бири нафақат билим, балки ҳақиқатни ёлғондан ажрата олиш кўникмасидир. Чунки келажакда энг катта хавф ахборотнинг кўплигида эмас, уни тўғри саралай олмасликда бўлади. Ахборот гигиенаси эса ана шу хавфга қарши энг ишончли ҳимоя воситасидир.

Таклиф ортидаги масъулият

Медиасаводхонлик ва фактчекинг жамиятнинг бугуни ва эртаси билан чамбарчас боғлиқ масаладир. Шу боис бир воқеани ёдга олиб ўтмоқчиман: 2025 йил 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентига айнан шу йўналиш бўйича ўз таклифимни билдириш имконига эга бўлдим. Таклифимнинг асосида битта оддий ҳақиқат ётарди: бугунги кунда ёлғон ахборот ҳақиқатдан кўра тезроқ тарқалмоқда. Сунъий интеллект ривожланаётган, дезинформация ва дипфейклар тобора кўпаяётган бир даврда уларнинг олдини фақат тақиқлар ёки технологиялар билан олиб бўлмайди. Бунинг энг самарали йўли — медиасаводхон жамиятни шакллантиришдир.

Шу сабабли мен медиасаводхонликни фақат журналистика ёки медиа йўналишидаги олий таълим муассасалари доирасида эмас, балки умумтаълим мактабларидан, ҳатто бошланғич синфлардан бошлаб босқичма-босқич ўқитиш зарурлигини таклиф қилган эдим. Чунки ахборотни танқидий таҳлил қилиш маданияти қанчалик эрта шаклланса, ёшларнинг манипуляция ва дезинформацияга қарши иммунитети шунчалик кучли бўлади. Бундан ташқари, медиасаводхонлик ва фактчекинг бўйича мунтазам тренинглар сонини ошириш, амалий машғулотлар ва очиқ таълим платформаларини яратиш ҳам бугунги кун талабидир. Бундай платформалар орқали нафақат ўқувчи ва талабалар, балки ота-оналар, педагоглар, давлат хизматчилари ва кенг жамоатчилик ҳам ахборотни текшириш кўникмаларини эгаллаши мумкин.

Афсуски, бугунги кунда медиасаводхонлик ва фактчекинг бўйича олиб борилаётган ишлар, муаммонинг кўлами билан солиштирганда, ҳали етарли эмас. Натижада кўплаб фуқаролар, айниқса, ёшлар ёлғонни ҳақиқатдан ажратишда қийналмоқдалар. Ваҳоланки, бугунги ахборот маконида айнан шу кўникма ўқиш ва ёзишни билиш каби зарур ҳаётий компетенцияга айланиб бормоқда. Бугун ортга назар ташлар эканман, бу таклифнинг долзарблиги янада ортганини кўраман. Чунки технологиялар ривожланган сари ёлғон ахборот ҳам мураккаблашмоқда. Демак, унга қарши энг кучли қурол ҳам технология эмас, балки медиасаводхон, танқидий фикрлайдиган ва ҳақиқатни текширишни одат қилган жамиятдир.

Мутахассислар қандай ечимларни таклиф қилмоқда?

Хўш, дезинформация ва ёлғон ахборотлар оқимини қандай камайтириш мумкин? Бу савол бугун нафақат журналистлар, балки педагоглар, психологлар, ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассислар ва халқаро ташкилотларни ҳам ўйлантирмоқда. Уларнинг тавсиялари бир-биридан фарқ қилса-да, асосий ечимлар бир нуқтада туташади — жамиятнинг медиасаводхонлигини ошириш. Яна бир муҳим тавсия — фактчекинг маданиятини оммалаштиришдир. Ҳар бир фуқаро хабарни улашишдан олдин камида икки ёки учта ишончли манбадан текширишни одат қилиши керак. Бу оддий кўринса-да, дезинформация тарқалишининг олдини олишдаги энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Экспертлар рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар зиммасидаги масъулиятни ҳам алоҳида таъкидлашади. Алгоритмлар фақат кўп кўрилган контентни эмас, балки ишончли ва текширилган ахборотни ҳам устувор равишда кўрсатиши, сохта хабарлар ва манипулятив контентни аниқлаш механизмлари эса янада такомиллаштирилиши зарур. Бундан ташқари, мутахассислар ота-оналар ва педагогларнинг медиасаводхонлигини оширишни ҳам муҳим омил сифатида кўрсатишмоқда. Чунки фарзандларга ахборот маданиятини ўргатиш, аввало, оиладан бошланади. Медиасаводхон ота-она — медиасаводхон авлоднинг энг муҳим пойдеворидир.

Энг асосийси, экспертлар дезинформацияга қарши курашни фақат қонун ёки технологиялар билан ҳал этиб бўлмаслигини айтишади. Бу, аввало, тафаккур масаласидир. Танқидий фикрлайдиган, шошилмайдиган ва ҳар бир ахборотни текширишни одат қилган жамиятни алдаш анча мушкул. Шундай экан, медиасаводхонликни ривожлантириш бугунги куннинг шунчаки таълимга оид вазифаси эмас, балки жамиятнинг ахборот хавфсизлиги, фуқароларнинг онгли танлови ва давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган стратегик инвестициядир.

Фарангиз АБРУЕВА.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + ten =