“Тошкентим — дунёлар бешиги”: тарих, фалсафа ва шеърият туташган кўприк

Замонамизнинг забардаст олими, йирик шоир ва таҳлилчи-публицист, “Дўстлик” ордени соҳиби, азиз устозимиз Хушбоқ Раҳимнинг “Тошкентим — дунёлар бешиги” номли янги шеърий китоби нашрдан чиқди. Устозимиз жуда сермаҳсул адиб, юксак матонат ва жасорат соҳиби сифатида кўпчиликка ўрнак бўла олади.

Файласуф шоир Хушбоқ Раҳимнинг ушбу китоби тарих, фалсафа ва шеърият уйғунлиги асосида яратилган бўлиб, ўзининг кўламдорлиги билан алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбек мумтоз ва замонавий шеърияти тарихида она юрт, унинг қадимий ва навқирон қиёфаси мавзуси доимо етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келган. Бироқ бирон-бир ҳудуднинг табиати, тарихи, маънавияти ва бугунги тараққиётини бир бутун фалсафий тизим сифатида — миллионлаб йиллик геологик жараёнлардан тортиб, бугунги кун воқелигигача чўзилган занжир каби тасвирлаш камдан-кам ижодкорга насиб этади.

Китоб ЎзФА академиги Аҳмадали Асқаровнинг сўзбошиси ва техника фанлари доктори, профессор Фарҳод Раҳимовнинг сўнгги сўзи билан якунланган мукаммал бадиий-илмий мажмуа сифатида шаклланган. Асарнинг таркибий тузилиши ўзига хос: тўплам “Дунё” шеъри билан бошланиб, кетма-кет табиий-фалсафий тушунчалар (“Тупроқ”, “Сув”, “Ҳаво”, “Тафт”, “Биоҳаёт”), сўнгра диалектиканинг мумтоз категориялари — “Миқдор”, “Сифат”, “Меъёр” шеърларига ўтади. Бу тизимлилик тасодифий эмас: муаллиф аввал борлиқнинг умумфалсафий асосларини белгилаб, сўнгра шу асос устига Тошкент ва Тошкент воҳасининг конкрет тарихини қуради.

Асарнинг марказий қисми Тошкент воҳасининг қадимий тарихига бағишланган: “Обираҳмат ғори”, “Турон — тарихий диёр”, “Қанғ давлати”, “Тошкент атамаси”, “Илоқ давлати” каби шеърлар орқали шоир минг йиллар оша чўзилган этногенез жараёнларини бадиий тафаккур призмасидан ўтказади. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, шоир бу тарихий воқеаларни шунчаки ихтиёрий тасаввур асосида эмас, балки К.Шониёзовнинг “Қанғ давлати ва қанғлилар” каби илмий монографиясига таяниб, изчил илмий-тарихий манбашунослик асосида ёзади. Шу тариқа асар оддий лирик тўплам доирасидан чиқиб, бадиийлаштирилган тарихий-фалсафий рисола мақомига кўтарилади.

Тўпламнинг яна бир қатлами Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий тарихини — Юнусхўжа ҳукмронлиги давридан то Чор Россияси босқини, мустамлакачилик даври ва мустақиллик йилларигача бўлган воқеаларни қамраб олади. Шоир бу мураккаб жараёнларни бир томонлама мадҳ этиш ёки инкор қилиш йўли билан эмас, балки холис тарихий баҳо асосида тасвирлашга интилади. “Шумқадам” ва “Нодўстнинг жунбиши” каби шеърларда мустамлакачилик даврининг фожиали моҳияти рамзий-фалсафий йўл билан очиб берилган бўлиб, бу асарга публицистик кескинлик ва фуқаролик пафоси бахш этади.

Асарнинг алоҳида қатламини Тошкентда яшаб ижод этган ёки Тошкент тарихи билан боғлиқ бўлган буюк сиймоларга бағишланган шеърий тимсоллар ташкил этади. Улар қаторида Хожа Аҳрори Валий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳазрат Навоий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Яссавий каби сиймолар бор. Шунингдек, жаҳон ва ўзбек адабиёти классиклари — Низомий, Фирдавсий, Рудакий, Шота Руставели, Ойбек, Ғафур Ғулом, Зулфия, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор каби шоир ва ёзувчиларга бағишланган шеърлар туркуми тўпламга қиёсий-адабий аҳамият бахш этади. Бу туркум орқали шоир Тошкентни нафақат маҳаллий, балки жаҳон маданияти контекстида ҳам кўрсата олган.

Тўпламнинг сўнгги қисми замонавий Тошкентнинг моддий-маънавий қиёфасини — метро, телеминора, миллий кутубхона, Адиблар хиёбони, Темурийлар тарихи давлат музейи каби объектларни, шунингдек, Бектемир туманига оид шахсий-лирик туркумни ўз ичига олади. Бу қисм асарга интим, самимий оҳанг бахш этиб, кўламдор фалсафий-тарихий мазмунни инсоний, кундалик ҳаёт билан боғлайди.

Академик Аҳмадали Асқаров сўзбошисида таъкидлаганидек, Хушбоқ Раҳим — математик тафаккурга эга шоир бўлиб, унинг ижодида миқдор ва сифат категориялари алоҳида ўрин тутади. Дарҳақиқат, тўпламни ўқир эканмиз, шоирнинг ҳар бир тарихий далилни рақамлар, саналар, аниқ манбалар билан мустаҳкамлашга интилиши, изоҳ ва ҳошиялардан фаол фойдаланиши кўзга ташланади. Бу — асарнинг илмий-публицистик қимматини оширувчи муҳим хусусиятдир, зеро китобхон ундан нафақат бадиий завқ, балки тарихий-маърифий билим ҳам олади.

Тилшунослик нуқтаи назаридан ҳам тўплам диққатга сазовор. Шоир кўплаб шеърларида архаик ва диалектал сўзларни (“корсон”, “Ҳастимом”, “Обираҳмат”), шунингдек, тарихий-этнографик атамаларни фаол қўллаб, уларга илмий изоҳлар бериб боради. Бундай ёндашув асарнинг бир вақтнинг ўзида ҳам бадиий, ҳам маърифий-луғавий манба сифатида қиймат касб этишига хизмат қилади.

Асарнинг шахсий-биографик қатлами ҳам эътиборга лойиқ: китоб муаллифнинг устози, фалсафа фанлари доктори, профессор Абдураҳмон Ортиқов хотирасига бағишланган бўлиб, бу ҳолат асарга илиқ инсоний эҳтиром оҳангини бахш этади. Шунингдек, тўплам сўнггида берилган Тошкентнинг тарихий ва замонавий обидалари, ёдгорликлари ҳамда давлат рамзларининг фотосуратлари матннинг тарихий-ҳужжатли қимматини янада оширган.

Бир сўз билан айтганда, “Тошкентим — дунёлар бешиги” бугунги ўзбек шеъриятида камдан-кам учрайдиган, тарих, фалсафа ва бадиий сўзни уйғунлаштирган йирик миқёсли асардир. У нафақат адабиётшунос ва тарихчилар, балки Тошкент воҳаси ўтмиши ва бугунги куни билан қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси, шунингдек, олий таълим муассасаларида ўзбек адабиёти ва маҳаллий тарих фанларини ўқитувчи педагоглар учун ҳам қимматли қўлланма вазифасини ўташи мумкин. Асарни Тошкент шаҳри ва вилояти тарихига бағишланган бадиий-публицистик асарлар қаторида муносиб ўрин эгаллашга лойиқ деб ҳисоблаймиз ва устозимизни ана шу муҳташам асар билан чин дилдан табриклаймиз.

Гуландом ТОҒАЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

филология фанлари номзоди.

Ижод уммонидан сара гавҳар

ёзувчи Иззат Аҳмедовнинг “Устун қучоқлаган йигит” китоби ҳақида

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида адабий жамоатчилик ва китобхонлар яна бир маънавий туҳфадан баҳраманд бўлишди. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, тажрибали ижодкор Иззат Аҳмедовнинг “Устун қучоқлаган йигит” номли янги тўплами “Турон-Иқбол” нашриётида чоп этилди.

Муаллифнинг ижодий йўлига назар ташласак, унинг қирқ йилдан зиёд умри матбуот ва нашриёт соҳаси билан чамбарчас боғланиб кетганига гувоҳ бўламиз. Ана шу шарафли ва машаққатли йўлнинг чорак асри бевосита газета ва журналлар таҳририятларида кечди. Бу давр мобайнида ижодкор нафақат долзарб мақолалари билан элга танилди, балки жаҳон адабиётининг нодир дурдоналарини ўзбек тилига ўгириб, таржимонлик салоҳиятини ҳам намоён этди. Хусусан, грузин адиби Нодар Думбадзе ҳамда инглиз ёзувчиси Агата Кристининг ҳикоя ва романлари Иззат Аҳмедов таржимасида ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой олди. Ушбу асарларнинг қайта-қайта нашр этилаётгани ҳам уларнинг нечоғлиқ муваффақиятли ва халқчил чиққанидан далолатдир.

Ижодкор бугунги кунда нуфузли нашриётда фаолият юритаётган бўлса-да, даврий матбуот билан алоқани узмаган. Сергак ва тиниб-тинчимас бу қаламкашнинг турли йилларда газета ва журналларда эълон қилинган, ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган сара мақолалари айнан “Устун қучоқлаган йигит” тўпламида жамланди. Китобни варақлар эканмиз, унинг мундарижаси мантиқий изчиллик асосида тўртта йирик қисмга бўлинганига гувоҳ бўламиз:

Биринчи қисм — “Маънавият инсонни тарбиялайди”. Унда инсонийликнинг энг олий мезонлари қаламга олинади. Ота-онага эҳтиром, устоз қадри, чин дўстлик, оила муқаддаслиги ва муҳаббатнинг илоҳий қудрати каби умрбоқий мавзулар муаллифнинг теран мушоҳадалари орқали ёритилган. Мақолаларни ўқиркансиз, беихтиёр чуқур ўйга толасиз. Масалан, отанинг оиладаги ўрни ҳақидаги фикрларни олайлик: ота — хонадоннинг устуни, қалқони. Агар бу миқёсни кенгайтириб, бутун бир мамлакатга қиёсласак, етакчининг ўрни нақадар муҳимлиги, усиз юртда тартиб ва тараққиёт бўлмаслиги ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилади. Шунингдек, бу бўлимда янгиланаётган Ўзбекистондаги бунёдкорлик ишлари ва мустақилликнинг қадри ҳақидаги салмоқли мақолалар ҳам жой олган бўлиб, улар ўқувчини Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайди. Муаллиф бугунги ислоҳотлар ўз-ўзидан бўлмаётгани, уларнинг ортида қанча машаққат ва меҳнат ётганини таъсирчан сўзлар билан тушунтириб беради.

Иккинчи қисм — “Сирли хилқатлар”. Бу бўлим ўқувчини диёримизнинг гўзал ва бетакрор табиати қўйнига етаклайди. Жаннатмонанд юртимиздаги биз баъзан эътибор бермайдиган, аммо кўзни қамаштирадиган ғаройиб масканлар тасвири кишини ҳайратга солади. Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сайёҳлари учун ўз эшикларини кенг очаётган, туризм жадал ривожланаётган бир пайтда мазкур мақолалар нафақат маърифий, балки Ватан табиатини тарғиб қилишдек муҳим аҳамиятга ҳам эгадир.

Учинчи қисмда тарихий сиймолар ва мозий садоси акс этган. Бу ерда дунёни лол қолдирган буюк аждодларимиз — Султон Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳамда фаолиятига доир қизиқарли тафсилотлар ўртага ташланади. Тарихнинг буюк саҳифаларини варақлаш асносида муаллиф бугунги авлодни улуғ боболаримизга муносиб ворис бўлишга чорлайди.

Тўпламнинг сўнгги қисмидан эса муаллифнинг моҳир таржимон сифатидаги меҳнатлари маҳсули ўрин олган бўлиб, хориж адабиётининг сара намуналарига оид маълумотлар ўқувчиларнинг дунёқарашини янада бойитишга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, “Устун қучоқлаган йигит” — шунчаки мақолалар тўплами эмас, балки узоқ йиллик ижодий тажриба, ҳаёт мактаби ва теран тафаккур мевасидир. Ишонамизки, бу китоб ҳар бир маърифатпарвар инсоннинг жавонидан муносиб жой эгаллайди ва ўқувчиларнинг энг яқин ҳамроҳига айланади.

Лобар ҚАНДАҲОРОВА,

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи

муҳаррири.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − sixteen =