Мана шунақа бизнинг СОЛИЕВ

(Ярим ҳазил, ярим чин тўйхат)

Бу инсон ҳақида самимий ёзиш керак. Агар расмий ёки ясама сўзлар битилса, нафақат қоғоз ва қалам, балки қадрдонлари ҳам ранжийди. Қуйидаги битиклар кўча гаплари эмас, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бари чиппа-чин гаплар.

* * *

Шаҳрихонда сўлим бир боғ бор. Илгари бир техникумнинг оромгоҳи бўлган. Бундан йигирма йил аввал ҳамкасбимиз — “Андижоннома”нинг тиргакларидан бири, “Ўзбекистон овози” газетасининг вилоятдаги салкам ўттиз йиллик мухбири Аҳмадилло Солиевнинг 50 ёшини шу ерда нишонладик. Тўйга бу ёғи Сурхондарёдан, у ёғи Нукусдан собиқ курсдошлар келди.

Тўй ниҳоятда яхши ўтди. Эртасига иш куни эди. Таҳририят биносига кирсак, Аҳмадилло Солиев хонама-хона юрибди. Оғзидан бир гап тушмайди:

— Яхши ўтирдиларингизми? Камчиликлар бўлмадими?

Аслида буни биз ундан сўрашимиз керак эди. Хонада муҳаррир ўринбосари Илҳомжон Эгамназаров билан ўтирган эдик, у кириб келди:

— Илҳомжон, ҳамма нарса сиз айтгандай бўлдими, камчиликлар йўқми? Ростини айтсам, 50 ёшга биринчи марта киришим, роса шошиб қолдим.

Шунда Илҳомжон ака айтди:

— Янаги сафар 50 га кирганингизда ўзим рўйхат қилиб бераман, эсдан чиқмасин…

* * *

Таҳририятда ҳар ҳафта якунлар ва режаларга бағишланган йиғилиш бўларди. Бир куни кўпчилик эсанкираб қолай деди. Солиевнинг “Саратепанинг сара пойабзаллари” сарлавҳали ўн қаторлик хабари газетанинг иккита сонида кетма-кет чиқиб кетибди. Муҳаррир норози бўлди:

— Бу шунчалик оламшумул гапми, газетада икки марта берибсизлар? Айбдорни жазолаймиз!

Компьютерда бу хабар ўчирилмасдан, захира архивда қолиб кетган экан. Тунда қарашса, иккинчи бетда ўша хабар сиғадиган жой бўш турганмиш. Шартта қўйиб юборишибди.

Йиғилишда ҳажвчи ёзувчи, ҳамкасбимиз Ҳалимжон Тоҳиров вазиятни юмшатиш ва ҳазил билан чиқиб кетиш учун шундай деди:

— Аҳмадиллонинг бу хабари жуда яхши ёзилган. Мен таклиф қиламан: уни нафақат иккита сонда, балки ҳар куни бериш керак. Одамлар ўрганади. Газетани қўлига олиб, иккинчи саҳифага кўз югуртиради-да: “Мана, яна чиқибди!” дейишади. Газетамиз матбуот дўконларида қўлма-қўл бўлиб кетади.

Хонани кулги тутиб кетди.

* * *

Устозимиз — кўп ўқийдиган, кўп ёзадиган, ҳатто чигит экиш ёки пилла терими бошлангани ҳақидаги оддий хабарларга ҳам аз-Замахшарий, Конфуций каби буюклардан иқтибос келтириб қўшадиган дилкаш инсон эди. Бир куни йиғилишда у шундай деди:

— Алломаи даврон Суқрот: “Яхши одам яхшилик қилади”, деган. Бу гап юз фоиз Солиевга тегишли…

Шунда бир чеккада ўтирган Омадхон исмли компьютерчи қиз шеригига шивирлади:

— Қаранг-а, Солиевни Суқрот ҳам танир экан…

* * *

Дарҳақиқат, вилоятда қирқ йил ичида бизнинг Солиев кирмаган ташкилоту идора, у танимайдиган катта-кичик раҳбар қолмаган. Тан бериш керак. Биттага ўнтани қўшиб гапирадиган, шалдир-шулдур сураткаш мухбиримиз Азаматжон Тошматов бир куни суҳбатни илиб кетди:

— Солиевни бир куни йўлда “ДАН”-ЙПХ ходими тўхтатиб, обдан текширибди. Шунда акамиз: “Энди, ука, мен кетаверай, ҳамма ҳужжат жойида. Катта мухбирман, мени бошлиғинг ҳам танийди”, дебди. Ходим эса: “Шунақа-да, қоидабузарларнинг ҳаммаси бошлиғингни танийман, дейди”, дея туриб олибди.

Тортиша-тортиша, вилоят “ДАН” бошқармасига боришибди. Зинадан раҳбарнинг ўзи тушиб келаётган экан:

— Э-э-э, Аҳмадилло Солиев! Сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку! Бир суҳбатлашайлик. Кечга яқин Асаканинг “Чўнтаги”да кутаман, ош мендан! — дебди.

Раҳбар кетгач, Солиев виқор билан ходимга юзланибди:

— Қалай, мен ютдимми? Уни қўйинг, буни қўйинг, мени Рим папаси ҳам танийди!

— Энди ошиб кетди, ака. Рим папаси қайда-ю, сиз қайда?

— Олиб бор Римга! Танимаса, қилган ҳамма харажатингни икки баробар қилиб қайтараман!

Хуллас, Италияга боришибди. Катта майдон, ҳашаматли бино. Рим папаси ҳар куни улкан балконга чиқиб, икки-уч юз чоғли одамга ваъз айтар экан. Солиев ичкарига кириб кетибди ва… балконнинг ўзида пайдо бўлибди! Ҳайратдан ёқа ушлаган ходим ёнидан ўтаётган бир маҳаллий аҳоли вакилидан сўрабди:

— Менга қаранг, анави кулоҳ кийиб турган одам ҳақиқатан ҳам Рим папасими?

Ҳалиги одам:

— Ўн саккиз йилдан бери шу ерда арава ҳайдайман. Унинг папалигини билмадим-у, лекин ёнида турган одам андижонлик журналист Аҳмадилло Солиев бўлади, — дер эмиш…

* * *

Мен Солиевни 48 йилдан бери биламан. Шаҳрихоннинг Сегазақум қишлоғи ёнидаги Чўнтак маҳалласида туғилган. Акаси Тўйчибой Мамасолиев ҳам журналист бўлган, узоқ йиллар “Бўз ҳақиқати” газетасига муҳаррирлик қилган. Онаси ниҳоятда меҳнаткаш, хокисор аёл эди. Солиев қишлоқдан чиқиб, Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган бўлажак шифокор Ҳафизахонга кўнгил қўйган. Қиз ўша пайтлари онахоннинг ҳолидан хабар олиб турар экан. Шундай қилиб, Солиев саломатлик посбонига уйланди. Тўрт қиз кўрди, уларнинг орасида ҳам шифокорлар бор.

Қирқ йиллик меҳнат фаолияти давомида “Андижоннома”, “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газеталарида ижоди гуриллаб яшнади. У мақола сарлавҳаларига зўр эътибор берарди: “Йўлдан тойган Йўлчиев”, “Шундай жой вайронага айланди” (1-мақола), “Вайрона эди, кошона бўлди” (2-мақола)…

Бир куни ўзимча нимадандир аччиғим чиқиб: “Фалончи сиз ҳақингизда нотўғри гаплар гапирибди. Қараб турсин, пўстагини қоқаман!” десам, у вазминлик билан: “Қўйинг, ука, яхши гаплардан гаплашайлик”, деб турибди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида унинг акасидан қолган “Москвич” машинаси бўларди. Юкхонаси доимо тўла, у ёғи Қўрғонтепа, бу ёғи Улуғноргача ҳеч йўқ демай кетаверарди. Тўғри йўлда ҳам таъмирлаш учун икки-уч бор тўхташга тўғри келарди. Лекин бу “Москвич” тутқатор дейсизми, шолипоя дейсизми — шартта йўл солиб кетаверарди. Ёмғирли кунлари, агар тўпланган кўлмак сувдан ўтиш керак бўлса, ўриндиқда иккала оёқни ҳам шартта тепага кўтариб олиш керак эди. Акс ҳолда, ботинкаю шим тиззагача шалаббо бўлиши тайин эди.

Бир куни Шаҳрихонга қараб йўл олдик. Катта йўлдан кетаётганимизда орқага қарасам, йўлнинг ўртасида кетмон сопидек келадиган бир қувур тутаб ётибди.

— Ака, анави бурқсиётган қувурнинг чап томонидан ўтдикми ё ўнгидан? — десам, пешонасидаги кўзойнагидан орқага қараб:

— Ие, бу бизнинг глушитель-ку! Тушиб қолибди-да, — деди.

Ортга қайтдик. Тутун чиқарадиган мосламани ариқдаги сувда совитиб, мен тўғрилаб ушлаб турдим, Солиев эса бор кучи билан тепиб, жойига тушириб қўйди.

Кунлардан бир куни ҳамкасбларимиздан бири Шаҳрихонга борадиган бўлиб қолди. “Ўзим олиб кетаман!” деди Солиев. Йўлга тушдилар. Биз бу “Москвич”ни “Кўкқашқа” дер эдик. Дарҳақиқат, у чунонам тариллардики, йўлнинг ўнг тарафи қолиб, чапидан ҳам кетаверарди. Машиналар андак тирбанд бўлса, пиёдалар йўлакчаси асқатарди. Орқа ўриндиқда ўтирган ҳамкасбимизнинг қўрқувдан кўзлари чақнаб, чарм суянчиқни ғижим қилиб ташлабди. Шаҳрихонга етиб боришгач, Солиев сўрабди:

— Қалай, машинани зўр ҳайдар эканманми?

Ҳамкасбимиз аллақандай қўрқув аралаш, ранги қув ўчган кўйи:

— Машинангизда Шаҳрихонга етиб олиш — 1941 йилда Иккинчи жаҳон урушига кетиб, 1945 йилда соғ-саломат уйга қайтиб келиш билан баробар экан, — дебди.

* * *

Мана шунақа бизнинг Солиев. Кўнгли покиза, ниятлари оқ, қўлидан яхшилик қилишдан бошқа иш келмайдиган инсон — Аҳмадилло Солиев шу кунларда 70 ёшга тўлди.

Нима ҳам дердик, кўринишидан ҳали 60 ни ҳам урмаган Аҳмадилло Солиев “60 ёшни нишонламаган эдим, энди 70 ёшга бир тадбир қилсакмикан?” деб яхши ният қилиб юрибди.

Албатта-да. 200-300 кишилик ош билан кам бўлиб қолармиди? Энг муҳими, саломат бўлсинлар!

Ғолибжон АБДУЛЛАЕВ.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 13 =